Мавҳумлик, аросат - тараққиёт эгови. Ноаёнлик инсон руҳиятини эзади, издан чиқаради. Қуръа маросимидан бир кун аввал ҳам қайси лигада иштирок этишини билмай қийналган жамоа ва унинг мураббийлари, футболчилари ҳолини мавҳумлик азобини тортган кишилар жуда яхши ҳис қилишади, бизнингча.
Мавҳумликлар ичра мавҳумдир футбол,
Не тонг, мавҳумликка маҳкумдир футбол.
Қачонгача ахир бундай аросат,
Ойдинликка юз бур, журъат, жасорат...
Айрим мухлисларимизга ёқмаса-да, онгу шууримиздаги тўлқин яна тўрт мисра шеър бўлиб қоғозга тўкилди. Зеро, мавҳумлик ҳаддан ошиб, чидам ва тоқат марралари тугаган чоғда кўнгил шеърият сарҳадларини босиб ўтади. Бир ўйлаб кўринг, қуръага бир кун қолганида ҳам, қора чопонига бурканган мавҳумлик бу жараён тугагач, уни ечиб ташлаши мумкинми? Одамнинг ишонгиси келмайди.
Мана, бир неча йилдирки, футболимиз осмонида мавҳумлик булутлари тўп-тўп бўлиб кезиб юрибди. Порлаш истагидаги тараққиёт қуёши шу булутларни узоқ-узоқларга ҳайдаб сололмаяпти. Футболимиз муҳити анча муддат миллий терма жамоамизга тайинланажак бош мураббий масаласида бош қотирди. Ниҳоят, бунга барҳам берилгач, Эктор Купер Осиё кубоги-2019га олиб борадиган асосий таркиб қандай бўлишини кутди. Мавҳумликларнинг ниҳояси мағлубият билан тугагач, ўртага Азиз Турғунбоев масаласи тушди ва футболчи икки жамоа томонидан талаш-талаш бўлди. Тортишувнинг якуни яна мавҳумлик ва икки ўртада ёш футболчи сарсон...
Тўғри, газетамизнинг қўлингиздаги сонини ўқиётганингизда, Суперлига-2019 қуръа маросими ўтиб улгуради ва иштирокчи жамоалар рўйхатини барча мухлислар билиб олишади. Ҳа, билиб олишади. Шу, холос. Мавҳумлик тугайдими? Назаримизда, бу саволга ижобий жавоб беришга ҳали эрта. ПФЛ тутаётган йўл савол устига савол туғдираверади.
Хўш, Суперлига стартини ортга суриш мумкинми? Бу муддатни ҳаттоки, апрель, май ойига суриш ҳақидаги баёнотлар қай даражада ўзини оқлайди? Очиғи, Суперлига стартини жамоалардаги муаммолар сабаб қолдириш - ҳар қандай ҳолатда ҳам ПФЛ бошқарувидаги заифликдан далолат. Вазиятни ўзгартиришга таъсир ўтказолмайдиган принципиаллик кимга ёки нимага керак? Бошқарув маҳорати ва талабчанлик дипломатияси етишмаган жойда ўчакишиш маъносидаги шартлар қўйилади мутасаддилар томонидан қўл остидагиларга. Шундай вазиятда ижрочилар ҳам тўнларини тескари кийиб, ўчакишиш йўлига ўтишлари мумкинми? Мумкин, албатта. Балки шунинг учун баъзи клублар ПФЛ талабларини вақтида бажаришни истамагандир. Бошқача айтганда, муаммоларга қарамай, ПФЛ қуръа маросимини мажбуран ўтказди, чоғи. Йўқ, ташкилот стартни апрель ёки майга суролмасди. Мутасаддиларнинг ҳавойи дўқ-пўписалари Тўйтепадан нарига ўтмаслигини кўпчилик билиб турди.
Хуллас, ортиқча эҳтирос, вазиятга мос бўлмаган баъзи талаблар ПФЛ мутасаддиларини ноқулай аҳволга солди. Қўполроқ бўлса-да, бу ҳол туянинг ҳаммомни орзу қилишига ўхшаб кетди. Талаблар ва уларни бажариш билан боғлиқ муаммолар сабаб мавҳумлик пардаси қуюқлашаверди. Вазиятни ўнглаш учун ПФЛ қуръа маросимини ўтказишга қарор қилди. Ҳолбуки, қуръа Суперлига юзига тортилган мавҳумлик пардасини бутунлай улоқтириб ташлолмайди. ПФЛдаги беқарорликка шу даражада кўникма пайдо бўлдики, эрта-индин Суперлига тақвими ва иштирокчи жамоалар таркибида ўзгариш кузатилса, мухлислар сира ажабланишмайди. 24 февраль оқшомида қуръа маросимида иштирок этадиган ва расман таклиф юборилган жамоалар рўйхати эълон қилинди. Жамоалар қаторида «Бунёдкор» ҳам бор. Бироқ расмий хабар, барибир, мавҳумлаштирилди, яъни 12та жамоа номи фақат қуръа маросимидан аввал ЎФА комиссияси хулосасига кўра, айтилиши қистириб ўтилди. Ол-а, мавҳумликни шу қадар яхши кўришадими ПФЛ мутасаддилари ёки ҳақиқатан ҳам, қуюқ пардага ўралиб, ундан қутулиш йўлини топишолмайдими?
Ўша оқшом бир қатор мухлислар бизга шундай савол йўллашди: «Дейлик, ЎФА комиссияси қуръада «Бунёдкор» эмас, балки «Сурхон»нинг иштирокини маъқулласа, ПФЛ қандай йўл тутади? Қуръани кечиктириб, зудлик билан «Сурхон»га таклифнома юборадими?» Биз уларни тинчлантирдик, айни чоғда содда бўлмасликка чақирдик ва Суперлига совғаси билан қулоғи қиздирилган «Сурхон» Тошкентдан кетолмай юрганини таъкидладик. Улар эса «Шунча вақт аниқлик киритилмаган масалага бир кунда ечим топиладими?» дейишди ҳайратларини яширолмай. «Демак, футболимиз мутасаддиларида шундай иқтидор мавжуд», дедик уларга жавобан.
Сиз нима деб ўйлайсиз, азиз мухлис?!
P.S. Мазкур мақолани ёзилаётган паллада ҳамма нарса мавҳум эди. Шуни туғрои тлунасизлар деган умиддамиз.
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20