Қайднома

Қидирув

Эдин ЖЕКО: «ТОТТИ ЁШРОҚ БЎЛГАНДА…»

Эдин ЖЕКО: «ТОТТИ ЁШРОҚ БЎЛГАНДА…»

  26.02.2019 00:41
  0
  547
Эдин ЖЕКО: «ТОТТИ ЁШРОҚ БЎЛГАНДА…»

«Рома»нинг босниялик ҳужумчиси Эдин Жеко яқинда Италия матбуотига интервью берди. Суҳбат чоғида у бир қатор мавзулар юзасидан фикрларини билдириб ўтди.

- Эдин, «Рома»даги ишларингиз қандай кетяпти?

- Бу ерда жуда бахтлиман. Вақт ҳам бир зумда ўтиб кетибди. Бу йил Римдаги тўртинчи мавсумимни ўтказяпман. Янги мамлакат, урф-одат, чемпионатга мослашиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Италияга кўникиш жараёни Германия ёки Англия­дагига нисбатан қийинроқ кечди. Лекин айни пайт ўзимни жуда яхши сезяпман. Рим иккинчи уйимга айланиб қолди. Шунингдек, менга «А» сериянинг савияси ҳам маъқул келади.

- Болалигингизда ҳақиқатан ҳам Италия чемпионатини кузатиб борармидингиз? Кимга мухлислик қилгансиз?

- Албатта. Менга «Милан» ёқарди. Андрей Шевченко эса севимли футболчим бўлган. Унинг ўйинларидан роҳатланардим. Тўғри, услубимиз ўхшаш эмас. Шунга қарамай, Шева мен учун идеал ҳужумчи ҳисобланади.

- «Рома»нинг энг яхши тўпурарлари рўйхатидан жой олгансиз. Нима деб ўйлайсиз, фаолиятингизнинг энг юқори чўққисига чиқдингизми?

- Қайсидир маънода шундай. Айнан «Рома» сафида кўп ўйнаяпман ва ЕЧЛда гол уряпман. Тўғри, «Манчестер Сити» ва «Вольфсбург» сафида ҳам ушбу турнирда қатнашганман. Аммо айнан римликлар билан ярим финалга қадар етиб бордим. Бу фаолиятимдаги энг юқори натижамдир.

- «Рома» афсонаси Франческо Тоттига етиб олиш учун Чемпионлар Лигасида яна иккита тўп киритишингиз керак. Унинг турнирдаги голлари сони 17тани ташкил қилади. Ўтган 3,5 йил мобайнида шундай натижага қай тарзда эришдингиз?

- Ҳаммаси оддий. Мунтазам равишда асосий таркибда майдонга тушаман ва ажойиб жамоадошларга эгаман. Мисол учун, биз ўтган мавсум ярим финалга қадар етиб бордик. Шу боис ҳам ўйинларим сони кўпайди. Умуман олганда, ўтган мавсум мен учун фантастик тарзда кечди. Охирги тўрт йилда ЕЧЛда уч марта иштирок этдик. Бу «Рома» учун яхши натижа. Фақатгина бир марта - саралашда «Порту»га имкониятни бой бериб, гуруҳ босқичига чиқолмадик. Ўшанда ўтказилган иккита ўйинда уч нафар футболчимиз қизил карточка олганди.

- «Рома» бош мураббийи Ди Франческонинг айтишича, сизга оқшом пайти ўйнаш ёқаркан. Шу тўғрими?

- Ҳа, албатта. Бу фақат менга эмас, балки бошқаларга ҳам маъқул келади. Улардан «Соат 15:00да, 25-30 даража иссиқда ўйнаш ёқадими ёки 21:00дами?» деб сўраб кўринг. Ўйлайманки, жавоби тайин.

- Сиз билан «Сити»да бирга ишлаган Роберто Манчинининг айтишича, кўп йиллардан буён Европанинг энг яхши ҳужумчиларидан бири экансиз. Ўзингизни қадрланмаган деб ҳисобламайсизми?

- Бундай деб ўйламайман. Жаҳон футболидаги машҳурлигим мени қизиқтирмайди. Шунчаки, ўз ишимни яхши бажаришга ҳаракат қиламан. Роберто нималарга қодир эканлигимни яхши билади.

- Манчини билан мулоқот қилиб турасизми?

- Ҳа, бир-икки марта Римда кўришдик. У ҳамиша ўз мамлакати терма жамоасини бошқаришни орзу қиларди. Умид қиламанки, Италия термаси билан муваффақият қозонади. Тўғри, баъзан асосий таркибда майдонга туширмаганида хафа бўлардим. Аммо барибир, унга бўлган муносабатим илиқ.

- ЕЧЛ доирасидаги «Барселона»га қарши учрашувда кўрсатган қаҳрамонликларингиз ҳақида гаплашсак. Бу қарама-қаршилик фао­лиятингизнинг энг юқори чўққиси бўлганми?

- Шубҳасиз. Нафақат мен, балки бошқа футболчилар учун ҳам. Чунки биринчи ўйинда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлганимиздан сўнг кейинги босқичга чиқишимизга ҳеч ким ишонмаганди. Жавоб баҳсида учта гол уришдан ташқари, дарвозамиз дахл­сизлигини сақлаб қолишимиз ҳам талаб этиларди. Ўйин бошида ҳисобни очдим. Айнан шу гол бизни бироз руҳлантирди. Каталонияликларнинг бундай қийин ўтказишганига олдин гувоҳ бўлмагандим. 15 дақиқалик танаффусдан сўнг иккинчи тўпни киритдик ва мўъжизага ишона бошладик.

- Яъни, 58-дақиқада Де Росси урган гол ҳал қилувчи бўлдими?

- Мен шундай деб ўйлайман. Ҳисоб 1:0 бўлиб турганида ярим финалга чиқа олишимизга ишонмасдим. Иккинчи голдан кейин эса кучимизга куч қўшилди. Натижада Манолас ҳаммасига нуқта қўйди.

- Тўғрисини айтинг, биринчи ўйин­дан сўнг муваффақият қозона олишингларга ишонганмидингиз?

- Йўқ. Испанияликлардан ўтишимизни 1 фоизга баҳолаганман, ўшанда.

- «Ливерпул»га қарши кечган ярим финал учрашувларидаги натижадан афсусдамисиз?

- Албатта. Худди «Барселона» билан бўлгани каби, биринчи ўйинни сафарда ўтказгандик. Тасаввур қилинг, ярим финал босқичида олтита гол урган бўлсакда, мусобақани тарк этдик.

- Шу олти голнинг иккитаси сизнинг ҳисобингизга ёзилган.

- Ўз голларимни финалга алмаштирган бўлардим.

- Жамоангиз бунданда яхшироқ ўйнаши мумкинмиди?

- Рақибни Римда 4:2 ҳисобида мағлуб этдик. «Энфилд»да ҳам иккита тўп киритдик. Шахсан мен ярим финалда олтита гол уриб, турнирдан чиқиб кетган жамоани эслай олмайман. Энг катта хатоимиз - Ливерпулдаги баҳсда жавоб ўйини ҳақида ўйламаганмиз.

- Франческо Тотти фаолиятини якунлаганидан сўнг клуб раҳбариятида лавозимга эга бўлди. Унинг йўқлиги билиняптими?

- Ҳа. Уни ҳар куни кўрамиз. Тоттининг ёшроқ бўлишини истардим. У билан жуфтликда ўйнаганимизда, янада кўпроқ гол урармидим...

- Манчестердаги фаолиятингизга қандай баҳо берасиз?

- «Сити» сафида 4,5 йил ўйнадим. Биз мухлислар 44 йил кутган совринларни ютганмиз. Шу боис ҳам фаолиятимнинг ушбу босқичини қадрлайман. Бўш вақт топсам, «шаҳарликлар»нинг ўйинларини кузатиб бораман.

- АПЛни Европанинг энг кучли чемпионати деб ҳисоблайсизми?

- Ҳа. Англияда жаҳоннинг энг кучли футболчилари жамланган. Ҳар йили чемпионлик учун олтита жамоа кураш олиб боради.

- Ўзингизни «Сити»нинг мухлиси дедингиз. Умуман олганда, олдин ўйнаган клубларингизни кузатиб борасизми?

- Ҳа. «Вольфсбург»нинг ўйинларини томоша қиламан. Бу жамоа билан ҳам тарих яратганмиз, унинг таркибида уч ярим йил ўйнадим. Шу вақт мобайнида клуб тарихида ягона бўлиб турган чемпионликни қўлга киритганмиз.

- Қачондир АПЛга қайтиш ниятингиз борми?

- Билмайман, бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Эртага нима бўлишини билмайсиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Рома» билан шартномам бор. У 2020 йилда ниҳоясига етади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz