Қайднома

Қидирув

Питер ОДЕМВИНЖИ: «Ҳозирги ёшларнинг хаёли машина ва уй Билан банд»

Питер ОДЕМВИНЖИ: «Ҳозирги ёшларнинг хаёли машина ва уй Билан банд»

  28.02.2019 04:11
  0
  319
Питер ОДЕМВИНЖИ: «Ҳозирги ёшларнинг хаёли  машина ва уй Билан банд»

Тошкентда туғилган бу футболчи ўтган йили бутсаларини михга илди. Ҳозир Бирмингемда яшамоқда, тез-тез саёҳатга чиқади, агентлик бизнеси ва журналистика билан шуғулланади. Аввалги ҳафта онасини йўқлаш мақсадида Россияга ташриф буюрган Питер Одемвинжи шу баҳона «Чемпионат» таҳририяти меҳмони бўлди. Ҳамкасбларимиз фурсатдан фойдаланиб, ундан интервью олишди.

- Бир гал ўзингизни «Локомотив»нинг энг яхши футболчиси деб атагандингиз. Ҳозир ҳам шундай дея оласизми?

- Ҳеч қачон бундай демаганман. Журналист савол бераётганда шундай деганди: «Сен энг яхшисан, жуда ажойиб!» У билан тортишмайман-ку (кулади). Ўша интервьюда гаплар ўзгартирилган. Бундай дейишдан менга нима наф? Аҳмоқлик-ку.

- Ўша интервьюдан сўнг жамоада муаммоларга йўлиққандирсиз?

- Албатта, ўзимни ноқулай сезгандим. Аммо ушбу воқеага кўп ҳам тўхталмаганмиз.

- Кимдир эътироз билдирганми?

- Биринчи бўлиб мураббий мендан нега бундай интервью берганимни сўраганда, вазиятни тушунтирганман. «Локо»да ҳамма билан муносабатларим яхши эди. Қандайдир интригалар бўлган, аммо натижалар ижобий эмаслигида шундай ҳолат кузатилиши табиий. Ҳамма сабаб ахтаришга тушади. Стивен Жеррард - «Ливерпул»нинг кўп йиллик юлдузи. У бир марта қоқилиб тушганида (2014 йили «Челси»га қарши баҳсда), ҳамма уни клубини совриндан қуруқ қолдирганликда айблаган.

- Сизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганми?

- Ҳа. «МЮ» дарвозасини ишғол қилишим мумкин эди, аммо пенальтидан фойдаланолмаганман. Ортиқча олақарашлар бўлмаган, шунчаки, шеригим «Ўзим тепганимда яхши эди», деган.

- Фаолиятингиздаги энг аламли хато қайси?

- Африка кубоги ярим финалида пенальтидан зарба йўллашда адашганман. Ўша ўйин Тунисда, маҳаллий термага қарши ўтган, шу боис бутун стадионга қарши тўп суришга тўғри келганди. Бу мен учун Африка кубогидаги дастлабки иштирок эди. 11 метрли жаримани амалга оширишни сўрамагандим, аммо мураббий мени танлаган. Натижада таркибимизда гол урмаган ягона футболчи бўлганман - дарвозабон тўпни қайтарганди.

- Нега «Локо»дан айнан «Вест Бромвич»га кетдингиз?

- Омадим келганди, «Вест Бромвич» спорт директорининг қадрдон укаси уч йил Нигерияда ишлаган экан. Шу вақт мобайнида термамизнинг барча ўйинларини кузатиб, мени акасига тавсия қилган. Ўшанда «Локо»да президент алмашган, шартномам тугашига бир йил қолганди. Москва клуби мени сотиш орқали яхшигина даромад олиши мумкинлигини англаган.

- Англияда сизнинг иштирокингиздаги энг қизиқарли видеолардан бири - ўйиндан аввал Яя Туре билан учрашувингиз бўлганди. Ўша вазиятда сиз «Яна нима керак - пул бор, соғлиқ жойида», дегандингиз.

- (Кулади) Худди шундай! Тўғри, ҳаётда бошқа ёқимли ва муҳим нарсалар ҳам кўп. Аммо шу ҳаётда тўғри яшаш учун иш, касб жуда муҳим. Умуман, «Манчестер Сити»нинг қандай стадионда ўйнаётганини кўряпсизми? Топ-клуб, топ-стадион - ҳаяжонланганимдан, миямга келган фикрни шартта айтгандим.

- Бирор марта одамлар ҳазилингизни тушунмай, оқибатда муаммо вужудга келганми?

- Шунақаси бўлганди. Ҳазил аралаш гапирсангиз, сизни ўзингизга бино қўйганликда айблашади. Аммо бу катта спорт, унда ёрқинликка интилиш, ўзингиз учун астойдил ҳаракат қилишингиз зарур. Акс ҳолда, сизни менсимай қўйишади. Ҳамиша футболчиларнинг тарафини олганман, ҳаттоки, уларнинг қилиқлари кишининг ғашини келтирадиган бўлса ҳам. Криштиану Роналду етук футболчи экан, унга ортиқча савол бериш ноўрин-ку! Бирор ёш йигит қимматбаҳо машина сотиб олса - у билан ишим бўлмайди, чунки менинг ҳаётим бошқа. Бинобарин, пул ёшларни бузганини кўп кўрганман.

- Масалан?

- Молдавиялик бир йигит бўлган, терма жамоа ихтиёрига лимузинда келган. Бундан ташқари, эгнидаги пиджагининг орқасига фамилияси ёзилган экан. Фаолияти унчалик ўхшамаган, аммо иқтидорли эди.

- Муваффақиятга эришиш йўлида ёш футболчиларга нима халал бермоқда?

- Октябрда айни пайт Тошкентнинг «Пахтакор» клубини бошқараётган Шота Арвеладзе билан гаплашгандим. У ёшларнинг хаёли нима билан банд экани ҳақида гапирганди. Арвеладзе «Ҳаётдан нима кутяпсан?» деб сўраса, улар «Машинани!» деб жавоб қайтаришар экан. Уларнинг ўрнида бўлсам, «Милан»да ўйнашни хоҳлашимни айтардим. Ҳозирги ёшлар учун машина ва квартира бўлса, ҳаётлари кўнгилдагидек кечаётганини айтишади. Бундай фикрларни миядан чиқариб ташлаш керак. Яхшиямки, мен камтар бўлганман.

- 17 ёшингизда Нигерияга кўчиб ўтгансиз. Ўшанда нималарга дуч келгансиз?

- Машғулотларда ўзимизнинг йигитлардан бири икки оёғи билан «подкат» ишлатганди, ундан қочишга улгурдим, аммо йиқилганда елкам шикастланди, қўлим синди. Онамга айтишдан қўрққаним учун мени шаманлар олдига юборишган. Улар мушакларни юмшатиш мақсадида иссиқ сув қуйишди. Мен оғриқдан инграётганимда, йўлини қилиб қўлимни ўрнига қайтариб, тахтачаларни боғлаб қўйишди. Суяк тезроқ тикланиши учун қандайдир афсунларни ўқишди.

- Шаман дедингизми?

- Ҳа, ўз одатларига кўра нималардир қилишди. Товуқ билан боғлиқ маросим уюштиришди. Уйга келганимда, онам қўлимни кўриб сўради: «Синдими?». Мен «Ҳа» деб жавоб қайтардим. Оддий шифохонага олиб боришди, наркоз қилишди, гипс қў-йишди. Якунда ҳаммаси яхши тугади.

- Африка жамоаларида шаманлар шифокорлардан устун туришадими?

- Йўқ, шунчаки, камида 70 фоиз футболчилар уларга ишонишади. Қандайдир суртма уларни қутқаришидан умидвор бўлишади. Бошқача айтганда, уларга ихлос қўйишган. Мияни тозалаш керак. Аммо Нигерияда ўтказган уч йилим мен учун фойдали бўлди. Катта лигага чақиришди, у ерда эса фаолиятим тезроқ ривожлана бошлади.

- Россияга онангизни йўқлагани келдингизми?

- Ҳа, лекин бошқа бир мақсадим ҳам бор: Алексей Смертин мени махсус дастурга чақирди. Мактабларга боряпмиз, болаларни спортга жалб этяпмиз, ноёб хислатлар шу ёшдан уларнинг қалбига жо бўлишини таъминламоқчимиз. Фаолиятимни якунлаганимдан сўнг вақтим кўпроқ бўлади. Тошкент, Қозон, Челна каби шаҳарларга бормоқчиман. Албатта, Нигерияга ҳам сафар уюштираман. Европадаги фаолиятимга ибтидо ясаган Бельгияни ҳам унутмаганман. У ерда илк мухлисларим, бутун бошли оила бор.

- Ҳар ерда ирқий камситишларга учраётган Яя Туренинг позициясига қандай қарайсиз? У Англияда қора танли мураббийларнинг йўқлиги, келиб чиқиши африкалик бўлган футболчиларга «Олтин тўп» берилмаслигини айтмоқда.

- Шу тариқа ёрдам беришга интилмоқда (кулади). Яя ўзи шунақа... Бир сафар туғилган куни билан бутун жамоа табрикламагани учун «Сити»дан норози бўлганди. Биргина унинг сўзига қараб, ҳамма африкаликларга баҳо бермаймиз-ку. Бошқа томондан, шамол бўлмаса, дарахатнинг учи қимирламайди. Гап нафақат африкаликлар, балки покистонликлар, ҳиндлар ва шу кабилар ҳақида бормоқда. Улар ҳам фахрий лавозимларга номзодлари қўйилмаётганидан тез-тез шикоят қилишади.

- Баъзан муаммо бўрттирилаётгандек туюлади.

- Крис Хьютонни олайлик - у қора танли ва АПЛда мураббий бўлган. Шунингдек, Сол Кэмпбелл бор, унга Англия ёшлар терма жамоасини шуғуллантириш вазифаси юклатилган. Тьерри Анри англиялик эмас, бироқ унга ҳам яхшигина иш беришлари мумкин. Мисоллар етарли. Шундай экан, муайян ирққа мансублик ҳеч кимга халал бермайди. Агар сен етук мутахассис бўлсанг, футболнинг энг кичик деталларини ҳам тушунсанг, психологияни билсанг - сенга албатта, имконият беришади.

- Психологияни ўрганяпсизми?

- Ҳа, бошлаганимга кўп бўлмади - фарзандларим туғилганидан кейин киришдим. Рафиқам англиялик, болаларни қандай тарбиялашни биргаликда ҳал қиламиз. Бизнинг болалик пайтларимизда ҳаммаси бошқача эди. Психология эса қизиқ мавзуга айланди. Ҳам ҳаёт, ҳам иш учун. Одамларнинг руҳий ҳолати бузилса - бу уларнинг танлови ёки айби эмас, бу касаллик. Шундай экан, ўз вақтида даволаш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ.

- Аввал-бошдан бирор-бир мураббийингиз бўлганми?

- Йўқ, ўзим ўрганганман - YouTube орқали кўрганман. Тунлари ухламасдан турли роликларни томоша қилардим. Ҳозир тушуняпман: дарҳақиқат, четдан қараганда ақлдан озгандек кўриниш мумкин.

- Гольф майдонида қайси машҳур шахсларга дуч келгансиз?

- Жуда кўпчиликни кўрганман. Икки йил аввал Англия термаси жаҳон термасига қарши ўйнаганди. Инс, Фаулер, Шерингем, Гиггз, Жагелка, Кэррик бир томонда. Ва биз - футбол элитаси вакиллари, ҳатто Гвардиола ҳам қатнашган. Битта ўрин бўш эди. Ўшанда Дель Пьеро келмаганди, йўқ, адашибман, Шевченко экан. Шу боис мени чақиришган. Таъбир жоиз бўлса, Шеванинг ўрнига захирадан қўшилганман.

- ЖЧ-2018 пайтида Россияга келдингиз.

- ВВС билан шартномам бор эди. Уларнинг радиоси учун ишладим. Шунингдек, CNN билан ҳамкорлик қилдим. Бир-икки марта «Матч ТВ»га ташриф буюрдим. Афсуски, студиядаги ишлар сабаб Нигерия термасининг бирорта ўйинини стадиондан кузатиш насиб қилмади.

- Журналистикага кўп вақт ажратасизми?

- Ростини айтсам, сўнгги паллада тайёрланаман. Фарзандларим ёки гольф билан банд бўлганимда, ўйинлар натижасидан ҳам бехабар қоламан. Съёмкага кетаётганда «Ким ютди? Ким гол урди?» деб сўрардим. Ишончли дўстларим бор - студияга ўзимга ишонган ҳолда ташриф буюраман: «Бошладик, мен тайёрман». Ҳозир умуман, кўп ўйинлар «Инстаграм» орқали шарҳланяпти. Келажакда ижтимоий тармоқларнинг роли янада ошади.

- Агентлик фаолиятингиз қандай кечмоқда?

- Амалиёт ўтаяпман. Россия, Нигерия, Гана, Франция ва Европанинг бошқа мамлакатларида танишларим бор. Дўстларим етарли. Сўнгги икки ойдан буён шу бўйича ишлаяпман.

- Журналистика, агентлик бизнеси... Келгусида яна қандай режалар бор?

- Испан ва шунга ўхшаш тилларни ўрганиб, мураббийлик лицензияси олмоқчиман.

- Софдил кўринасиз, мураббийлар эса қаттиққўл бўлишлари керак.

- Албатта. Ҳамиша ўйинни яхши кўрганман. Футболчилардан ҳам айнан шуни талаб қиламан. Буюк мураббийларнинг таржимаи ҳоллари ёзилган китобларни сотиб олдим - Анчелоттидан тортиб, Рой Кингача. Улардан нималарнидир ўрганиш мумкин, аммо биринчи навбатда, ўз тажрибамга таянаман.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz