Қайднома

Қидирув

«Ливерпуль»нинг соя ортидаги етакчиси

«Ливерпуль»нинг соя ортидаги етакчиси

  01.03.2019 01:55
  0
  309
«Ливерпуль»нинг соя ортидаги етакчиси

Бу мавсум «Ливерпуль» нимаси билан эътиборни тортмоқда? Ҳар тарафлама! Клопп ажойиб ҳужум, мустаҳкам ярим ҳимоя ва кучли мудофаа чизиғига эга идеал жамоа шакллантирди.

АПЛнинг жорий мавсумида «Ливерпуль» атиги 15та гол ўтказиб юборди - бу Премьер-лигадаги энг яхши кўрсаткич. Уларга ҳаттоки, Гвардиола ҳам ҳавас кўзи билан қарамоқда. Январь ойи бошида «Манчестер Сити» Клопп жамоасини енгди (2:1), аммо учрашувдан сўнг Пеп шундай деди: «Биз ҳар қачонгидан кўпроқ қийналдик. Юрген қойилмақом ҳимоя­ни шакллантирибди. Бизнинг жамоада кучли футболчилар бисёр, аммо ўйлашимча, бу ўйинда урилган икки гол - мўъжизанинг ўзгинаси».

Ўша учрашувда Эндрю Робертсон «Ливерпуль» сафидаги қаҳрамонлардан бири бўлди. Бутун ўйин давомида у Стерлингни яхши қўриқлади, гарчи Раҳим шеригига голли пас узатган бўлсада. Тезкор рақибларга қарши муносиб ўйин кўрсатиш Робертсонни Клопп тузган мудофаа чизиғининг алмаштириб бўлмас қисмига айлантирди.

Келинг, Эндрюга тааллуқли айрим диққатга молик фактларга назар ташлаймиз.

• У болалигидан «Селтик»ка иш­қибозлик қилган, фаолиятини айнан шу клуб мактабида бошлаган. Бироқ бўйи пастлиги сабабли мазкур жамоа­ни тарк этишга мажбур бўлган. Уни Глазгонинг бошқа бир клуби - «Куинз Парк» ўз сафига жалб этди.

• Робертсон «Куинз Парк»да ҳам дарҳол майдонга туширилмаган. Унинг ота-онаси фарзандларининг филология факультетида ўқишини хоҳлашган: «Ёшим 15да эди. «Куинз» асосий таркибига киролмаётгандим, ота-онам эса менга келажагим борасида тез-тез тавсия беришарди. Улар лингвист бўлишимни хоҳлашди, мени эса футбол ўзига тортарди.

Улардан ўзимни спортда яна бир бор синаб кўриш учун бир йил муддат беришларини сўрадим. Агар ўшанда кўнишмаганда, тилшуносликни ўрганаётган бўлардим. Хайриятки, футболда ишим ўнгидан келди».

• Робертсон 16 ёшга тўлганида «Куинз Парк»нинг катталар жамоасида дебютини ўтказди. Интервьюларининг бирида у шундай деганди: «Вақтимни тўлиқлигича «Куинз Парк»ка ажратолмасдим. Бу учинчи лигадаги ярим профессионал клуб бўлиб, у ерда деярли маош тўлашмасди. Натижада қўшимча иш топишга тўғри келарди». Робертсоннинг дастлабки расмий иши «Селтик»нинг уй стадиони «Хэмпден Парк»да жойлашган колл-маркази билан боғлиқ. Ўшанда Эндрю меҳнатига яраша тузуккина маош олар, раҳбарият эса баъзан асосий жамоа машғулотларини томоша қилишига рухсат берарди.

• Робертсон жуда фахрланадиган яна бир даромад манбаи «Хэмпден Парк»даги тадбирлар ташкилотчилиги билан боғлиқ. Иттифоқо, у ҳаттоки, Робби Уильямснинг концертини уюштиришда ҳам ёрдамлашганди.

• Робертсоннинг айтишича, ҳозир нимага эришган бўлса, барчаси оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши самарасидир. У «Селтик»даги илк маошига ота-онасига уй сотиб олганди. «Халл»дан таклиф тушганда, Англияга қаллиғи билан кўчиб ўтганди. Уч йилдан сўнг улар фарзандли бўлишган.

• Робертсонни Шотландияда жуда яхши кўришади. Биринчидан, у мунтазам равишда Глазгога ташриф буюриб, «Куинз Парк» ва «Селтик» академияларидаги ёшларни йўқлайди. Иккинчидан, хайрия ишларида фаол. Эндрю тез-тез озиқ-овқат банкларига пул ажратади (маблағни ташкилотчиларга жўнатади, улар эса егулик харид қилиб, муҳтожларга тарқатишади).

21 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган байрам кечасида Робертсон маросимни бир неча дақиқага тўхтатиб, дўстларидан озиқ-овқат банкларига пул жўнатишларини сўради. Яқинлари учун бу қийинчилик туғдирмасди.

• Робертсоннинг Юрген Клопп билан танишуви телефон орқали амалга ошганди. 2016|2017 йиллар мавсумида, гарчи «Халл» Чемпионшипга тушиб кетган бўлсада, Эндрюнинг чап қанот ҳимоясидаги ажойиб ўйини мураббийнинг эътиборини тортганди. Клопп унга қўнғироқ қилиб, ўзини таништирганда, футболчи дарҳол қизил тугмани босди.

Кейинроқ Робертсон бу ҳаракатини қуйидагича изоҳлаганди: «Шерикларим ҳазиллашишаётган бўлса керак, деб ўйлагандим. Бундай эмаслигини билгач, дарҳол қайта қўнғироқ қилиб, учрашув вақтини келишиб олдим». У эртасигаёқ Клопп билан кўришди ва мураббий унга дарҳол «Ливерпуль» билан шартнома тузишни таклиф этди. Германиялик мутахассис уни ўз томонига оғдиришни уддалаганди: Эндрюга қанчалик эҳтиёж сезаётганини таъкидлаб, футболчининг «Селтик»даги ўйини ҳақида гапирди.

• Ҳаётда оилапарвар, намунали фуқаро бўлган бу йигит майдонда мутлақо ўзгаради. Жорий мавсум Робертсон АПЛнинг ҳар ўйинида ўртача 2,31 марта фол ишлатяпти - бу «Ливерпул»нинг ҳар қайси футболчисининг кўрсаткичидан кўпроқ.

• Робертсоннинг Юрген Клопп билан муносабатлари аъло даражада. Эндрю таътилга чиқса ёки терма ихтиёрига кетганда, улар хат ёзишиб туришади. «Клоппга мактуб йўлладим: «Шунчаки, билиб қўйишингизни хоҳладим. Менга сардорлик боғичини беришди». У эса катта ҳарфлар билан шундай ёзди: «Айни пайт сен шотландиялик шерюраксан». Бу - ажойиб!»

• Робертсон «Ливерпуль» билан шартномаси муддатини узайтирганида, Liverpool Echo нашрида жамоанинг собиқ чап қанот ҳимоячилари тўғрисида мақола чиқди. Унда мазкур чизиқ вакилларига «қарғиш» теккани (авваллари бу позицияда Пол Кончески, Фабио Аурелио, Альберто Морено, Йон-Арне Риисе ва бош-қалар тўп суришган) ҳақида гапирилганди. Эндрюни бошқалардан ажратиб турадиган хислат - аввалги амплуадошларидан фарқли равишда у барчасини бинойидек уддаламоқда.

• Робертсон айнан Клопп хоҳлаган футболчи бўлиб чиқди. Юрген унинг тез-тез ҳужумга қўшилиб туриши тарафдори эди - Эндрю майдондаги вақтининг 14 фоизини ярим позицияда ўтказмоқда, қолган 50 фоизи ҳимояга, 36 фоизи ҳужумга тўғри келмоқда.

• CIES маълумотларига кўра, дунёнинг энг қиммат қанот ҳимоячилари кучли учлигига киради. Унинг нархи - 82 млн. евро. Энг қиммати эса Трент Александер-Арнольд ҳисобланади (117 млн.).

• Робертсоннинг «Ливерпуль» учун нечоғли муҳим экани ҳақида Юрген Клопп шундай деганди: «У Глазгода туғилган, бироқ ундаги кўп жиҳатлар Ливерпулга тааллуқли. Унинг ўсишини кузатиш ёқимли бўлди, Эндрюдаги ривожланиш жараёни сафимизга қўшиладиган ҳар қайси футболчи учун намуна бўлса арзийди. Ишқибозларимиз уни яхши кўришади, Робертсон эса уларни севади. Эндрю ва оиласи Ливерпулда ўзларини уйларидагидек ҳис қилишмоқда. Бу ҳол келгусида ҳам давом этиши кишини қувонтиради».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz