Қайднома

Қидирув

Шерзод Аъзамов: «Кераксиз ўйинлар булмаса, суперлига кучаяди»

Шерзод Аъзамов: «Кераксиз ўйинлар булмаса, суперлига кучаяди»

  01.03.2019 12:35
  0
  716
Шерзод Аъзамов: «Кераксиз ўйинлар булмаса, суперлига кучаяди»

ОЧЛ-2019 «плей-офф»ида БААнинг «Ал-Наср» жамоасини мағлуб (2:1) этган «Пахтакор» мусобақанинг гуруҳ босқич йўлланмасини қўлга киритди. Энди «шерлар» «D» гуруҳида Эроннинг «Персеполис», Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» ҳамда Қатарнинг «Ал-Садд» клубларига қарши баҳс олиб боришади. Жуда кучли квартет вужудга келди. Ўзбекистоннинг амалдаги вице-чемпиони гуруҳнинг илк учрашувини 5 март куни Теҳронда «Персеполис»га қарши ўтказса, 12 мартда ўз майдонида «Ал-Аҳли»ни қабул қилади. ОЧЛ гуруҳ босқич ўйинлари баҳона Тошкентга Хави, Габи, Ҳасан ал Ҳайдос, Буалем Хухи, Акрам Афиф (барчаси «Ал-Садд»), Омар ал Сома («Ал-Аҳли») сингари юлдузлар ташриф буюришлари мумкин. Бу, ўз ўрнида, мухлисларнинг стадионга қайтишига замин яратиши керак. Биз «Пахтакор» клуби марказий ҳимоячиси Шерзод Аъзамовдан Дубайдаги ўйиндан сўнг интервью олдик.

 

- Кўпчилик АГМКга қараганда, «Пахтакор»дан ижобий натижа кутганди. Амалда шундай ҳам бўлди. Айтинг-чи, жамоангиз сафарда ниманинг эвазига ғалаба қозонди?

- Энг асосийси, иштиёқнинг кучлилиги бўлса керак. Қолаверса, мавсумлар оралиғида сафимизга келиб қўшилган янги футболчилар жамоамиз ўйинини сезиларли даражада кучайтира олишди. Ғалабанинг муҳим омиллари шулар.

- Ўйин олдидан «Ютқазиб қўймасмиканмиз?», деган ҳадик бормиди? Ёки ғалабага юз фоиз ишонганмидинглар?

- Ҳеч ким майдонга ютқазиш учун тушмайди. Иккала жамоа ҳам фақат ғалаба илинжида ўйнади. Биз бу муҳим учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнида «Ал-Наср»ни етарлича ўрганиб чиққандик. Шахсан мен мазкур баҳсда зафар қучишимизга ишонгандим.

- Кўпроқ нимадан хавфсирагандинглар?

- Дубайликларнинг энг катта устунлиги - уларнинг ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнаганида. Қолаверса, бу жамоанинг қанотлардан уюштирадиган ҳужумлари бизга бошоғриғи бўлишини билгандик. Ҳужумчиларининг бўйи баландлиги учун «Ал-Наср» футболчилари тўпни жарима майдончасига ҳаволатиб етказиб беришга эътибор қаратишди.

- Ўйиндан олдин Шота Арвеладзе сизларга нима деганди?

- Рақибдан кучли эканимизни айтганди. Бош мураббийнинг сўзлари жамоани руҳлантирди, футболчиларга янада ишонч берди.

- Янги футболчиларнинг жамоа ўйинига мослашишлари қандай кечяпти?

- Бу саволга ОЧЛдаги икки ўйинимиз жавоб берди, деб ўйлайман.

- «Пахтакор» кучли гуруҳга тушди. Илк рақиб «Персеполис» бўлади. Эрон клубига қандай таъриф берасиз?

- Жисмонан бақувват жамоа. Яккакурашларда ютқазишни ёқтирмайди. Асосий устунлиги шунда.

- Йўлланмалар йўлидаги асосий рақиб қайси жамоа бўлади?

- Гуруҳимиздан тенг кучли жамоалар жой олган. Уларнинг барида кейинги босқичга чиқиш имконияти бор. Фикрингизга тўлиқ қўшиламан, жуда кучли гуруҳга тушдик. Бизга осон бўлмайди. Ўз ўрнида, рақибларимиз ҳам биз билан бўладиган ўйинларда қийналишади.

- Барча чизиқлар кучайтирилдими ёки яна «таъмирталаб» позициялар борми?

- Ҳар бир чизиқда бир хилда рақобат юзага келса, зарар қилмайди.

- Суперлиганинг янги мавсумидан нималар кутяпсиз?

- Мухлислар «Пахтакор»дан фақат чемпионлик кутишади. Биз ҳам шу мақсадда курашга киришамиз.

- Суперлиганинг қандай кўринишда ўтказилиши тарафдорисиз? Ўтган йилдагидекми ёки аввалги стандарт кўриниш, яъни икки даврали чемпионат маъқулми?

- Ҳеч қачон биз хоҳлагандек бўлмайди. Ҳар йили ҳар хил форматда ўйнаяпмиз. Бу масалани ПФЛ ҳал қилади. Сиз ва бизнинг истагимиз инобатга олинмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Суперлигага кучли тайёргарлик кўрамиз.

- Лекин шахсан сизга икки даврали чемпионат маъқулроқ. Ҳар ҳолда, меҳнат эвазига қўлга киритилган очколар олиб ташланмайди. Тўғрими?

- Кераксиз ўйинлар бўлмаса, Суперлига кучаяди. Очколарнинг олиб ташланишига қаршиман. Ҳеч кимга керак бўлмаган, ўткинчи ўйинлар ўтказилмаслиги лозим. Ўтган йили шундай ўйинлар кўп кузатилди. Айниқса, иккинчи босқичда жамоалар қандай мақсадда майдонга тушганини билишмади. Ҳеч кимга керак бўлмаган очколар учун ўйинлар бўлди. Бу эса, ўз ўрнида, чемпионатимизни зерикарли қилиб қўйди.

- Чемпионлик йўлидаги асосий рақибларнинг мавсумга тайёргарлигидан бохабар бўлиб боряпсизларми?

- Бундан хабарим йўқ. Ҳар бир клуб ўз олдига қўйилган мақсад асосида тайёргарлик кўряпти. Қолаверса, ҳали чемпионатда қайси жамоаларнинг иштирок этиши ҳам маълум эмас. Шу сабабдан ҳозир бор эътиборимизни ОЧЛга қаратганмиз. Гуруҳ босқичидаги илк учрашувимиз 5 март куни Теҳронда «Персеполис»га қарши бўлиб ўтади. Бор эътиборимиз шу ўйиндан ижобий натижа билан қайтишга қаратилган.

- Бизда ҳали Суперлига бошланмади. ОЧЛдаги рақибларимизда эса чемпионат айни қизиган пайт. Шу маънода, «Пахтакор»нинг мавсумолди тайёргарлиги кўнгилдагидек бўлдими?

- ОЧЛ мавсуми ҳеч қачон ёзда бошланмаган. Демакки, биз ҳам шуни инобатга олган ҳолда тайёргарлик кўришимиз керак. Бошқа иложимиз йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz