Қайднома

Қидирув

НАТИЖА САРФ ХАРАЖАТГА ЯРАШАМИ?

НАТИЖА САРФ ХАРАЖАТГА ЯРАШАМИ?

  03.03.2019 05:22
  0
  353
НАТИЖА САРФ ХАРАЖАТГА ЯРАШАМИ?

«Ливерпуль», «Бавария», «Атлетико» ҳамда «Ювентус» мисолида клубларнинг сарфланган ҳар бир евро эвазига қандай натижа қайд этишаётганини ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз.

Чемпионлар Лигасининг жорий мавсуми 1|8 финалида иккита жуфтлик Зидан ва Роналду давридаги «Реал»дан жабр кўрган клублардан ҳосил бўлди - «Ливерпуль», «Бавария», «Атлетико» ва «Ювентус». «Ливерпуль» 2018 йилги финалда «Реал»га ютқазди, «Ювентус» - 2017 йилда, «Атлетико» - 2016 йилда. «Бавария»ни эса «қаймоқранглилар» сўнгги икки турнир (2017, 2018)нинг чорак ва ярим финалларида мағлубиятга учратишган.

Лекин барибир, бу тўрт жамоа Европа футболи элитасидан жой олган. Улардан учтаси Чемпионлар кубогини қўлга киритиб улгурган, яна бири («Атлетико») уч марта финалга чиққан. Ўз ўрнида, айнан «Атлетико» - бу тўртликдаги энг эффект­ли клуб: «Советский спорт» ҳисоб-китобига кўра, «матрасчилар» ҳар бир сарфланган евро учун еврокубокларда «Ливерпул»дан икки марта кўп натижага эришмоқдалар.

«Қизиллар» Чемпионлар Лигаси нимчорак финалига чиққунга қадар гуруҳ босқичида уч марта мағлубият аламини тотиб кўришди, «плей-офф»га иккинчи ўрин эгаси сифатида йўл олишди, биринчи поғонани Франциянинг «ПСЖ» клубига бой беришди. ЕЧЛнинг ўтган мавсуми «Ливерпуль» учун нисбатан муваффақиятли кечганди - англияликлар финалгача етиб бориб, «Реал»га ютқазишганди. Шунга қарамай, мавсум-2017|2018 финали мерсисайдликларга молиявий рекорд ўрнатиш имкониятини тақдим этди - клубнинг даромади бирданига 90,5 млн. фунтгача ошди ва якунда 455 млн. фунтни (518,8 млн. евро) ташкил этди.

«Ливерпуль» ҳисоб-китобларига кўра, клуб энг кўп медиа ҳуқуқи ва телетрансляциялар сотувидан фойда кўрди - 251 млн. евро, бир йил аввал бу кўрсаткич 176 млн. евро бўлганди. Даромад олишнинг бошқа жабҳалари бўйича катта ўзгаришлар кузатилмади: тижорий фаолиятдан - 175,9 млн. евро, ўйинлар ўтказиладиган кунлари - 92 млн. евро. Бундай ўсиш «Ливерпул»нинг ўтган молиявий йилни 121 млн. евро соф фойда билан тугатишини таъминлади, бир йил аввал бу кўрсаткич уч марта кам бўлганди. Умуман, сўнгги беш йил ичида «Ливерпуль» кўрган соф фойда 100 млн. евродан ошмаганди.

«Қизиллар»нинг Чемпионлар Лигасидаги рақиби - Германиянинг «Бавария» клуби. Худди Англия жамоаси сингари, ўтган мавсум мюнхенликларда ҳам молиявий рекорд кузатилди. Жамоанинг даромади 624,3 млн. еврони ташкил этди, бир йил аввал бу кўрсаткич 603,1 млн. евро бўлганди. Ваҳоланки, «Бавария» еврокубокларнинг сўнгги бир нечта мавсумини у қадар барқарор ўтказолмади: 2016|2017 йиллар мавсумида немислар чорак финалдаёқ турнирни тарк этишган бўлса, 2017|2018 йиллар мавсумида ярим финалгача етиб боришди (ҳар икки сафар ҳам «Реал»га ютқазишган).

Шунга қарамай, «Бавария»нинг даромадлари сўнгги ўн йил мобайнида икки марта ошди. Буни Мюнхен жамоасининг молиявий кўрсаткичлари қайд этилган жадвал ҳам исботлаши мумкин.

«Бавария»нинг даромади «Ливерпул»никидан кўпроқ, аммо соф фойда бўйича (яъни, якуний ҳисоб-китоб­да) Англия клуби яхшироқ натижа қайд этди. 2017|2018 йиллар мавсуми якунларига кўра, «Бавария»нинг даромади атиги 22 млн. еврони ташкил этди. Лекин немис клуби ғазнасидаги тушум «тўртлик» орасида энг кўпидир. Ҳаттоки, «Ювентус»нинг ўтган мавсум якунлари бўйича даромади ҳам озроқ бўлди - 504,7 млн. евро. Ўз навбатида, «Ювентус» мазкур тўрт жамоа орасида зиён кўрган ягона клуб бўлди. Ўтган йил ҳисоб-китобларига назар солсак, туринликларнинг 19,2 млн. евро зарар кўришгани ойдинлашади. «Ювентус» даромадининг пасайиши, афтидан, спортдаги натижалар билан боғлиқ: «кекса синьора» ўз мамлакатида етакчи, аммо еврокубокларда барқарорлик бўйича муаммолар мавжуд - Италия клуби 2016|2017 йиллар мавсумида Чемпионлар Лигаси финалига чиққан бўлса, ўтган мавсум чорак финалдаёқ иштирокини тўхтатди.

Туринликларнинг бу мавсум нимчорак финалдаги рақиблари - «Атлетико». Даромадлар бўйича испан клуби «тўртлик»даги энг камтари: ўтган йил якунларига кўра «матрасчилар»даги тушум атиги 347 млн. еврони, соф фойда эса 12 млн. еврони ташкил этди. Шундай бўлсада, «Ливерпуль», «Бавария» ҳамда «Ювентус» билан солиштирганда, «Атлетико»даги самарадорлик юқори. УЕФА клублар коэффициентини (Европа рейтингидаги балларни) клубларнинг харажатларига солиштирсак, «матрасчилар»нинг бошқаларга нисбатан максимум натижага эришаётгани ойдинлашади. Ўтган мавсум якунларига кўра, «Атлетико» амалга оширган сарф УЕФАнинг бир балли учун 2,4 млн. долларга тўғри келди. Бу борада Мадрид жамоасига «Ювентус» яқинроқ, аммо туринликларнинг харажатлари бир баллга 4 млн. евро миқдорида баҳоланган.

2016|2017 йиллар мавсумида «Атлетико» Чемпионлар Лигаси ярим финалигача чиқди, 2017|2018 йиллар мавсумида Европа Лигаси бош совринини қўлга киритди. Ўртача даромадлар бўйича (топ-клублар ичида) «Атлетико» еврокубокларда барқарорликни сақлаб турибди. Мавсум-2015|2016да ҳам бу клуб ЕЧЛ финалигача чиққан, 2014|2015 йиллар мавсумида эса чорак финалда қатнашган.

Натижалар қанчалик салмоқли кўринмасин, «Атлетико» бирор марта Европанинг клублар ўртасидаги бош совринини қўлга киритмади. Британиянинг FourFourTwo нашри Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқмаган энг яхши мураббийлар рейтингини тузиб чиқди. Унда биринчи ўринни «Атлетико» устози Диего Симеоне эгаллади.

Абдулаҳад ХЎЖА тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz