Қайднома

Қидирув

Александр КРЕСТИНИН: «ФУТБОЛ - ҚЎНҒИРОҚДАН ҚЎНҒИРОҚҚАЧА БЎЛГАН ҲАЁТ»

Александр КРЕСТИНИН: «ФУТБОЛ - ҚЎНҒИРОҚДАН ҚЎНҒИРОҚҚАЧА БЎЛГАН ҲАЁТ»

  05.03.2019 01:27
  0
  332
Александр КРЕСТИНИН: «ФУТБОЛ - ҚЎНҒИРОҚДАН ҚЎНҒИРОҚҚАЧА БЎЛГАН ҲАЁТ»

Таъбир жоиз бўлса, Қир­ғизистон терма жамоасининг Осиё кубоги-2019даги иштироки мамлакат футболини ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқди. Албатта, бунда терма жамоа устози, россиялик мутахассис Александр Крестининнинг ҳиссаси катта. Шу боис, bombardir.ru сайти ходимлари чемпионат якунидан сўнг ёш мутахассис билан боғланиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

- Қирғизистон терма жамоаси Осиё кубогида 1|8 финалгача етиб борди. Ҳамма ҳайратда. Хўш, сизнинг таассуротларингиз қандай?

- Шахсан мени ҳаммадан ҳам чемпионатга тайёргарлик ишлари ҳайрон қолдирди: меҳмонхоналардаги олий шароит, майдонлар, машғулот базалари - бари ажойиб. Тўғри, аслида ҳам шундай бўлиши керак, лекин фикримча, амирликлар худди Қатар сингари, жаҳон чемпионатига даъвогарлик қилса бўлавераркан. Натижаларга келсак, биз дебютант учун чакки бўлмаган ўйин кўрсатдик. Аммо бошқа томондан, фақат биргина вазифани - гуруҳдан чиқишни уддаладик, холос. Ҳолбуки, бу қўлимиздан келишини ҳали турнир бошланмасидан олдиноқ таъкидлагандим. Жамоамизнинг ўйини яхши эди ва аслида бундан ҳам узоқроққа бора олардик. Фақат, қайсидир лаҳзаларда бироз омад етишмади. Шуни инобатга олсак, натижадан 50 фоизга қониқдим.

Айтганча, қувонч учун сабаб ҳам бор - биз кучли термаларга қарши тенгма-тенг кураша олишимизни ҳаммага исботладик. Дейлик, Хитой, Жанубий Корея каби кучли рақибларга қарши ўйинларда жуда кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Уйга қайт­ганимиздан сўнг ҳамма мени табриклай бошлади. Зеро, ҳеч ким юришимиз бундай муваффақиятли чиқишига ишонмаганди.

- Қирғизлар натижангизни «тарихий» дея баҳолашмоқда.

- Ҳа, буни эшитдим. Мухлислар бизни кутиб олиш учун аэропортга келишгани ҳам жамоани мамнун қилди. Журналистларнинг айтишича, у ерга беш юздан ортиқ одам йиғилган экан. Худди ўша куннинг ўзида Бишкекдаги бош майдон одамларга тўлиб кетди. Ҳатто Янги йил байрамида ҳам бунча оломонни учратмагандим. Умуман олганда, мамлакат шу куни футбол туфайли қандайдир жипс­лашгандек туюлди ва менимча, энг муҳими - шу. Шунингдек, бизни мамлакат президенти ҳам табриклади. Турнир давомида эса менга президентдан қўнғироқ ҳам бўлди. Уйга қатганимиздан сўнг давлат раҳбарининг қабулида бўлдик. Тадбирда йигитлар эсдалик соатлари ва орденлар билан тақдирланишди. Мени эса Қирғизистоннинг энг юксак мукофоти - «Данакер» орденига лойиқ топишди. Маълумот учун айтиб ўтаман, бу орден билан аввалроқ Лавров, Медведев, Эрдоған ва Блаттер каби инсонлар мукофотланган. Худди шу ҳолат мен учун сира кутилмаган бўлди.

- Кичкинагина мамлакат термасини шундай катта мусобақага тайёрлашда энг қийини нима эди?

- Футболчиларнинг дунёқарашини ўзгартириш. Уларга Осиёнинг кучли термаларига қарши бемалол ўйнай олишимиз мумкинлигини уқтириш қийин бўлди. Мен-ку, бунга ишонардим, аммо футболчилар... Бир томондан, шогирдларимни ҳам тўғри тушунаман, чунки улар шу пайтгача ўзларини фақат аутсайдер деб ҳисоблаб келишган. Шу боис, футболчилар тушунчасини ўзгартиришга анча вақт сарфладим.

- Мен эса юқоридаги саволга тактик муаммолар бўйича жавоб берасиз, деб тахмин қилгандим. Чунки бу томондан ҳам муаммолар етарли эди. Дейлик, аксарият миллий чемпионатлар учун оддий ҳол бўлган InStat дастури Қирғизистонда яқиндагина ишга тушди...

- Очиғини айтсам, мен терма жамоада иш бошлаган илк кунларданоқ маҳаллий федерациядан шунга ўхшаш таҳлилий дастурлар борасида ёрдам сўрагандим.

- Унда келинг, тактика борасида суҳбатлашамиз. Айни пайт кичикроқ жамоаларни бошқараётган мураббийлар топ даражадаги ҳамкасбларидан тактика ўғирлашлари урфга айланган. Сиз ҳам шундай қилдингизми?

- Кўпчилик таъкидлайдики, «нусха - ёмон ҳолатдаги оригинал». Мен ҳам албатта, шундай ўйлайдиган кишилар сирасиданман. Гвардиола эса яқиндагина мураббийлар ҳар доим бир-биридан ниманидир, албатта ўғирлашларини айтди.

- Яхши, хўш, сиз-чи?

- Ҳа, энди, ўғирлайсизми-йўқми, барибир, қўл остингиздаги футболчиларнинг савиясидан келиб иш тутишга мажбурсиз. Бошланғич таркиб - ўта муҳим лаҳза эмас. Бу ҳақда аллақачонлар Лобановский ҳам айтиб кетганди. Бошқача айтсак, футболчиларни майдонда жойлаштириш - муаммонинг ярми, холос. Улар олдига қўйиладиган вазифа эса - мана бу ҳақиқий синов. Шундай экан, мен ҳам вазиятдан келиб чиқиб режа туздим. Ҳа, қайсидир ҳамкасбимнинг қайсидир усулидан фойдаланган бўлишим мумкин, аммо бу - кўр-кўрона ўғрилик эмасди. Қолаверса, қўл остимдаги футболчилар жаҳон даражасидаги юлдузлар эмаски, дейлик, Гвардиола усулини ўзимники қилиб олсам...

- Қирғизистон термаси турнир давомида Хитой ҳамда Жанубий Кореяга ютқазди. Аммо таҳлилларга назар солсак, сиз ҳужумкор тактикадан фойдаланибсиз?

- Ҳа, албатта. Биз деярли барча учрашувларда қисқа ва ўрта масофаларга узатиладиган «пас»лар орқали ўйнадик. Негаки, футболчиларимнинг жисмоний ҳолати узун «пас»лар билан ўйнашга имкон бермасди. Бошқа томондан, йигитларим тезкор, тўп билан жуда чаққон ҳаракат қилишади. Демак, мен учун энг тўғри йўл шу эди.

- Барибир, шогидларингиз савияси унчалик юқори эмасди. Шу боис, уларга тактикангизни уқтириш қийин бўлгандир?

- Ҳа, чиндан ҳам футболчиларнинг маҳорати у қадар юксак эмасди. Лекин биргаликда қилинган меҳнатлар эвазига уларнинг савияси сезиларли даражада ошди. Умуман олганда эса, қирғизистонлик футболчилар тактика борасида ФНЛнинг айрим жамоаларидан кўра анча мақтовга лойиқлар.

- Илтимос, ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун Қирғизистон термаси ва Россия биринчи лигаси ўйинчилари ўртасидаги фарқни тушунтириб берсангиз.

- Биринчидан, терма жамоа футболчилари меҳнаткаш ва мақсад сари охиригача курашадиган йигитлардан тузилган. Иккинчидан, шогирдларим руҳият томонидан анча кучлилар. Яъни, улар ўйин вақтидаги ҳар қандай ҳолатга доим шай туришади. Клубларга келсак, Қирғизистоннинг икки-учта жамоаси аъзолари бемалол ФНЛ талабларига жавоб бера олишади, менимча. Дейлик, биз ўтган йили «Дордой»нинг йиғинида «Авангард» (Курск)га қарши ўйин ўтказдик. 1:1 ҳисобида тугаган ўйиннинг иккинчи бўлимида рақибимиз атиги икки марта майдоннинг бизга тегишли қисмига ўтди. Қисқаси, «Дордой» рақибни ўз жарима майдонига «қамаб қўйди». Ваҳоланки, ўша вақтда «Авангард» Россия кубоги финалчиси эди...

- Адашмасак, терманинг муваффақиятига хорижда ўйнаётган футболчилар ҳам ҳисса қўшишди, чоғи?

- Дарҳақиқат, легионерларимиз жамоага катта ёрдам беришди. Нима қилганда ҳам, немис футболининг даражаси баландроқ. Эътиборлиси, бу ўринда маҳаллийлаштириш деган тушунча йўқ: легионерларимиз чиндан ҳам Қирғизистонда туғилишган.

- Футболчилик фаолиятини Россияда ўтказгансиз. Мураббийлик ишини эса Қирғизистонда бошладингиз. Бунинг сабаби нимада?

- Аслида ҳали катта футбол билан хайрлашмасимдан олдин келганман бу ерга. Озгина ўйнаганимдан кейин мендек тажрибасиз одамга ишонч билдириб, мураббийликни таклиф қилишди. Хуллас, биринчи йилиёқ «Нефтчи» билан мамлакат чемпиони бўлдик. Бу чинакам фантастика эди. Эҳ-ҳе, у пайт­лари худди қарғиш теккандек ишлардим: ҳаммани ҳамма нарсага ўргатардим. Хайриятки, раҳбарлар доим қўллаб-қувватлаб туришди.

- Суҳбатларнинг бирида айтгандингизки, Қирғизистон футболи - ривожланмаган масала. Бундай шароитда қандай қилиб маҳорат оширяпсиз?

- Ҳаммаси оддий: ҳар бир спортчи каби, ўзлигимни намоён қилишга интиляпман. Айни пайтларда ҳам соҳадаги янгиликларни ўқиб, ўрганяпман. Дарвоқе, мени илҳомлантирадиган масъулиятли омиллар ҳам йўқ эмас. Дейлик, халқаро ареналарда иккита мамлакат шаъни учун курашишим лозим: Россия ва Қирғизистон. Биринчи ҳолатда мен россиялик мураббийлар даражасида иш тутишим керак. Иккинчи ҳолатда эса Қирғизистон термасини рақобатбардош жамоага айлантирмоқчиман.

- Қирғизистондаги қизиқарли воқеалар ҳақида кўп ҳикояларингиз бор. Дейлик, Бишкек стадионидаги қўйлар подаси, «шартнома» деб аталган А4 форматдаги топ-тоза қоғоз...

- Шу жойда аниқлик киритиб кетай: аслида қўйга боғлиқ воқеа Бишкек эмас, Қўчқор-Ота шаҳрида бўлган. Чиндан ҳам, ўйинга борсак, стадион директори майдон чимини қўйлар подаси билан «калталатиш»ни буюрган экан... Бундай ҳодиса бошқа кузатилгани йўқ, ҳар ҳолда. Оппоқ қоғоздаги «шартнома»га келсак, бу ҳолат ҳам илгарилари учраб турарди.

- Айтишларича, Қирғизистондаги стадионлар ва базалар шароити ҳавасга арзимас экан...

- Жойларга қараб, турлича. Айтайлик, одам зич яшайдиган туманларда стадионлар ҳолати бирмунча яхшироқ. Лекин «аъло» деб бўлмайди, барибир. Негаки, деярли 70 йилдан буён мамлакатда футболга атаб ҳеч нарса қурилмаган. Шунинг учун ареналар аҳволи ўта хароб.

- Нима деб ўйлайсиз, қирғиз футболчиларининг савияси, дейлик, ФНЛ даражасига чиқармикан, қачондир?

- Қачондир деганингиз нимаси?! Бундайлар ҳозирнинг ўзидаёқ бор: Коченков, Ахметов ва «Енисей»даги Кичин... Тўғри, Коченков ва Ахметовлар ҳалиям Россия термасида тўп суриш имкони борлиги учун иккиланишяпти, аммо улар билан мунтазам алоқада бўлиб турибмиз.

- Аммо шулар холос-да...

- Ишонинг, рус клублари қирғиз футболчисини таркибга қўшиб оладиган кунлар, албатта, келади. Айниқса, Осиё кубогидан кейин. Аслида қирғиз йигитлари Россияда ўйнаб кетишлари мумкин, бироқ энг ёмони шундаки, Россияда агентларнинг роли жуда кучли.

- Қирғизистонда ҳам шунақа-ку?! Масалан, кўплаб қирғиз футболчилари айнан агентлар фаолияти туфайли Ҳиндистон ёки Таиланд чемпионатларида юришибди.

- Ҳечам бундай эмас. Гап шундаки, таниқли футбол агентлари қирғизистонлик футболчиларга эътибор қаратишмайди. Бу ердаги агентлар эса ўз мижозларига Ҳиндистон ёки Таиланд чемпионатларидан юқорироқ лигани шунчаки, таклиф қила олишмайди.

- 10 йилдан бери Қирғизистондасиз. Мамлакат ҳақидаги бир нечта фактларни қисқача баён қилинг-чи?!

- Биринчиси - оқкўнгил ва меҳмондўст, ватандошларининг ютуғидан астойдил севинадиган содда халқ. Иккинчиси - мазали ва хилма-хил таомлар. Учинчиси - кўпфарзанд­лилик. Айтайлик, Россияда 5 нафар фарзанд кўрганлар «қаҳрамон-она» дейилади. Бу ерда эса - 7 нафар!

- Нима кўпроқ ҳайратлантиради?

- Байрамларда таомларнинг кўплиги. Яна асосан, гўштли овқатлар. Дейлик, одатий байрамларда камида 6 хил иссиқ таом тановвул қилишга тўғри келади.

- Миллий спорт - эчки жасадини отда тортқилаш сизни ҳайрон қолдирмадими?

- О, бу йўналишда қирғизлар чемпион. Спортнинг ўта қўпол турини илк бор томоша қилганимда, чиндан ҳам, ҳайрон бўлгандим. Энди эса кўникиб кетдим. Ҳатто, от минишни ўрганиб олдим.

- Мамлакатдаги 10 йиллик фаолиятдан сўнг бошқа жойга кетиш осон бўлмаса керак. Лекин айтинг-чи, ниманинг эвазига Қирғизистонни тарк этишингиз мумкин?

- Футбол - қўнғироқдан қўнғироққача бўлган ҳаёт. Айтайлик, сиз бугун шу ердасиз. Қўнғироқ бўлади ва нарсаларни йиғиштиришга тушасиз. Айни пайтдаги барча режаларим Қирғизистон термаси билан боғлиқ. Лекин ҳозирча ушалмаган орзуларга келсак, қачондир «Краснодар»да ишлашни истардим. Бу менинг мураббийликдаги илк ва ҳаётимдаги энг асосий орзуларимдан бири.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz