Қайднома

Қидирув

Альфредо ди Стефано: «Гол уриш учун туғилганман»

Альфредо ди Стефано: «Гол уриш учун туғилганман»

  06.03.2019 07:01
  0
  251
Альфредо ди Стефано: «Гол уриш учун туғилганман»

У - «Реал» сафида «Олтин тўп»ни қўлга киритган биринчи футболчи (1956 йили). Умумий ҳисобда ушбу совринни фақат икки марта ўзиники қилган - бу борада Роналдудан анча орқада. Аммо ди Стефанонинг бир кўрсаткичи борки, уни яқин орада кимдир такрорлаши амримаҳол: қаторасига беш марта (!) «Реал» билан Чемпионлар Кубоги (Лигаси)да зафар қучган... Ўз даврининг етук футболчиси бугун орамизда йўқ, бироқ унинг «Қироллик клуби» муваффақиятига қўшган улушини мадридликлар асло унутишмайди. Яқинда россиялик ҳамкасбларимиз Альфредо ди Стефанони яна ёдга олиш асносида, унинг сўнгги интервьюларидан бирини мухлислар эътиборига ҳавола этишди.

 

- Мадриднинг «Реал» клубига 1953 йили кўчиб ўтгансиз. Европадаги ўйинингизда қандайдир ўзгариш кузатилдими?

- Йўқ. Ҳамон ўша услубда ўйнадим - «Ривер Плейт» ёки «Мильонариос»да қандай бўлса, «Реал»да ҳам шундай эди. Балки, Мадридда кўпроқ тактик жиҳатларга эътибор қаратгандирмиз.

- Томошабоп футбол тарафдори бўлганмисиз, мухлислар қаршисида ўзингизни кўрсатишга интилармидингиз?

- Асло, ҳамиша самарадорликни устун қўяганман. Трибуналар диққатини тортиш учун қандайдир трюклар қилишга уринмасдим. Асосийси, техник футбол кўрсатардим. Мухлисларга қувонч улашиш учун ноодатий ҳаракатларни бажариш шартмас. Керакли паллада қилинган ҳаракатларнинг ҳаммаси чиройли чиқаверади.

- Испанияга илк ташриф сизда қандай таассурот уйғотган?

- Шаҳардаги ғамгин муҳит ҳайрон қолдирганди. Одамлар эътиборсиз. Қашшоқлар кўп эди. Ҳамма қора либос кийган. Ўзимни ноқулай сезгандим... Гўёки, 1820 йилга тушиб қолгандек эдим. Эски русумдаги таксилар, абгор ҳолдаги кўчалар... Худди Испания ривожланиш бўйича Аргентинадан 50 йил орқада қолгандек. Шунга қарамай, қолдим. «Майли, буларнинг барига кўз юмиб, фақат футбол ҳақида ўйлайман», дедим ўзимга ўзим.

- «Реал»га ўтишингиздан аввал «Барса» варианти ҳам бўлганди...

- Буэнос-Айресдаги уйимнинг тўсиқларини бўяётганимда, «Барселона» раҳбариятидан икки киши мени йўқлаб келди. Улар мен ҳақимда Аргентина ва Колумбияда яшайдиган каталонияликлар орқали хабар топишган экан. Улар мени деярли сотиб олишгани, барча масалалар бўйича «Ривер Плейт» раҳбарияти билан гаплашишганини айтишди. Бунинг рост ёки ёлғонлигини билмасдим, боз устига, Боготанинг «Мильонариос» клуби билан шартномам тугамаганди. Лекин барибир, биргаликда Барселонага бордик, чунки улар ҳужжатлар ўша ерда расмийлаштирилишини айтишганди. Лекин келишув амалга ошмади.

- Нега?

- Чунки «Реал» ҳам ишга киришиб, «Мильонариос» билан келишиб қўйганди. Улар «Қироллик клуби»нинг эллик йиллиги муносабати билан ўтказилган турнирда ўйинимни кўришган (мусобақада «Мильонариос» ғолиб чиққан) ва дарҳол колумбияликлар билан алоқага чиқишган экан. Шу тариқа «Ривер»нинг «Барса» билан келишуви барбод бўлган. Тўрт ой ишсиз қолдим - менинг масаламни ҳал қилишларини кутганман.

- Шу тўрт ой нима билан шуғуллангансиз?

- Барселонада яшадим, бекорчи эдим. «Барса» ва «Реал» ўзаро келишиб олмагунча, Испания федерацияси ўйнашимга рухсат бермади. Ўша кезлари «Барселона» юлдузи бўлган Кубала формамни сақлаб туришим учун ўртоқлик ўйинлари ташкил этишга ҳаракат қилганди.

- Жараёнга таъсир ўтказишга интилмаганмисиз?

- Бир марта ҳар икки клуб раҳбарларига қўнғироқ қилиб, улар олдига ультиматум қўйдим: «Бир ҳафта мухлат бераман, агар масала ҳал этилмаса, Буэнос-Айресга қайтаман!».

- Пўписамиди бу?

- Йўқ, шунчаки, буларнинг баридан зериккандим, ҳақиқатан ҳам уйга кетишни хоҳлаётгандим. Ҳаттоки, кемага чипта буюрттиргандим. Барселонада яна қанча ўтиришим керак эди? Бекорчи бўлсам, яхшиси, буни уйда қилганим маъқул.

- Испан клубига ўтишингиз сиёсий воқеа бўлганди...

- Испанияда нимадир рўй берса, одамлар буни сиёсатчилар атайин қилган, деб ўйлашади, ҳамма ерда фитна бордек туюлади! Аммо менинг ҳолатимга сиёсатнинг алоқаси бўлмаган. Ахир оддий футболчи эдим, сиёсатчиларда қизиқиш уйғотмасдим...

- Лекин айтишларича, Франко хоҳлагани учун Мадридга борган экансиз...

- Йўқ! Испанияга келишимнинг сиёсатга мутлақо алоқаси йўқ. Шунчаки, ўртада катта пул турарди. У ерга борганимда, ҳаттоки, Франконинг кимлигини ҳам билмасдим. Умуман, Испания ҳам Аргентинага ўхшаш республика бўлса керак деб ўйлагандим. Фақатгина тореадор Манолетенинг 1947 йили вафот этгани, «Реал» ҳашаматли янги стадион қураётганидан хабардор эдим... Шу, холос. Испанияга умуман қизиқмагандим. Ишим - футбол ўйнаш, ижтимоий-иқтисодий доклад ўқиш эмас. Тўп суриш учун майдон бўлса кифоя эди...

- Сантьяго Бернабеу («Реал»нинг 1943-1978 йиллардаги президенти) билан қачон танишгансиз?

- 1951 йили, радиостудияда, жамоамиз «Реал»нинг 50 йиллиги муносабати билан ўзига хос реклама акциясида қатнашганди. Бунга қадар бир-биримизни танимасдик. Ўйинимни кўргач, алоқа ўрнатдик, кейинчалик эса муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Ахир ўша пайтга қадар «Реал» 21 йил мобайнида чемпионатда ғолиб чиқолмаётган эди, мен келдим ва биз дарҳол олтин медалларга эга бўлдик. Унинг қувончи ичига сиғмасди.

- «Реал»га мослашишда қийналмаганмисиз?

- Қаерда ўйнаган бўлсам, бу борада муаммога дуч келмаганман. Бутсаларим ипини боғлаб, майдонга чиқиб, голлар урардим. Шунчаки, ўз ишимни қилардим.

- Мадридда қисқа муддатда юлдузга айландингиз...

- Шу боис 1963 йили Каракасда мени ўғирлаб кетишган.

- Ўша воқеани гапириб беринг-чи!

- «Реал» Венесуэла бўйлаб турне уюштирганди. Сантамария билан битта хонада турардик, бирдан тонгги соат олтида телефон қўнғироғи чалинди. Дастлаб кимдир ҳазиллашяпти деб ўйладик, аммо кўп ўтмай эшик тақиллади. Очсак, остонада икки киши турибди, ўзларини полициячи деб таништиришди. Мени қамоққа олишларини айтиб, сабабини полиция маҳкамасида билиб олишим мумкинлигини таъкидлашди. Тишимни тозаладим, сочимни тараб, уларга эргашдим. Машинага чиққанимизда эса «Альфредо, сен - бизнинг асиримизсан, биз полициячи эмасмиз», деб, кўзларимни боғлашди.

- Сизга қандай муносабатда бўлишди?

- Ёмон эмас. Вақтни мароқли ўтказиш учун китоб беришди. Аммо мен ваҳимага тушгандим! Даҳшатнинг ўзгинаси, ўлдириб қўйишса-чи! Ўша йигитлар мени нефть нархи тушиб кетаётгани учун норозилик билдириш мақсадида ўғирлашганини айтишди. Лекин бунга менинг нима алоқам бор? Футболнинг нима алоқаси бор? «Айтишларича, сиз жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси экансиз, бутун дунё бизни эшитади!» Бу гаплардан енгил тортмадим.

- Хўш, ўша воқеа қандай якунланди?

- Иккинчи кун оқшомда ваъда беришганидек қўйиб юборишди. Машинадан тушиб, югурдим, ортимдан чанг солиб қолишларидан чўчидим. Сўнгра такси тўхтатиб, Испания элчихонасига бордим - яна қаерга учрашим мумкин эди? Аммо у ер ёпиқ экан. Ақлдан озиш ҳеч гап эмасди! Эшикни кетма-кет тақиллатганимдан кейин, ниҳоят, очишди. Қутулдим! Ёки деярли қутулдим...

- Нега «деярли»?

- Дарҳол журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Саволларга жавоб бераётиб, ён томонда мени ўғирлаганлардан бири ўтирганини кўриб қолдим! Ўша ерга ҳам боришибди! (Кулади)

- Дарҳол полицияга айтиш керак эди!

- Нега? Ахир қўйиб юборишди, зиён етказишмади. Ким билади дейсиз, ўшанда айтганимда нима бўларди...

- 1956 йили Европа Чемпионлар Кубоги мусобақаси бошланганда, «Реал» билан ушбу турнирда қаторасига беш марта зафар қучгандингиз! Ўшанда эришилган ютуқнинг нечоғли катта эканлигини тасаввур қилганмидингиз?

- Йўқ! Ортиқча ҳаяжон сезилмаган! Ахир ўшанда бу кубокнинг нуфузи кейинчалик ошиб кетишини билмаганмиз-ку. Аввалига турнир ғалатидек туюлган. Ҳеч қандай маълумот йўқ - қайси клублар қатнашади, кимларга қарши ўйнаш керак, рақиб сафида қандай футболчилар бор, қайси стадионларда ўйналади... Ташкилотчилик кўнгилдагидек эмасди. Хайриятки, «Реал»да бу борада ҳаммаси яхши эди.

- Яъни...

- Ҳимоя - бетон, ажойиб ҳужумчилар, техникаси юқори, меҳнаткаш ярим ҳимоячилар. Барча максимал даражада самарали ўйнашга уринарди. Ўйин шунга асосан қурилганди. Биз намойиш этган футбол томошабопми ёки йўқми, унчалик муҳим эмасди.

- 1962 йили «Бенфика»га қарши баҳсда Кубок финалида мусобақадаги илк мағлубиятингизни қабул қилиб олганингизда, кўпчилик ҳайрон қолганмиди?

- Ҳа, бу финиш эди! «Бенфика» билан ўйинни ўн киши тугатганмиз. Ҳисобда олдинда бораётгандик, аммо кейинчалик вазият ўзгарди. Ўйиндан сўнг йиғлаб юборишимизга оз қолган. 1964 йили «Интер»га қарши баҳсдан кейин ҳам айни ҳолат кузатилган. 70 дақиқа мобайнида ғалабани сақлаб тургандик, лекин ҳаммасини Факетти ўз қанотидаги ўйини билан бузган. Ҳамон тинчланолмайман - шундай бепарволик ҳам бўладими? Ўнг қанот ҳимоячисининг шунча муаммо туғдириши мумкинлиги хаёлимизга келмаганди! Ўзига ишонч шунчалик юқори бўладими? Ўзимизни ақлли санардик, аслида эса аҳмоқ эканмиз.

- Жуда қўпол гапирмаяпсизми?

- «Интер»нинг ўйинини ўргангандик, бўш жиҳатларини қидиргандик - бу эса хато эди. Рақибнинг кучсиз томонлари ҳақида ўйламай, ўзимизнинг кучли жиҳатларимиздан фойдаланишга интилсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

- Ўшанда «Реал»даги сўнгги ўйинингизни ўтказаётганингизни билармидингиз?

- Ҳали бехабар эдим. Учрашувдан сўнг Сантьяго Бернабеунинг ёнига бориб, келажагимни муҳокама қилдим. У клуб тизимида қолишим мумкинлиги, қандай иш билан шуғулланишни ўзим танлашимни айтганди. Ўшанда шартномани узайтиришга хоҳиши йўқлигини сездим... Аммо бутсаларимни михга илишга шошилмаётгандим, шу боис унинг таклифига рози эмаслигимни билдирдим. Бир неча кундан сўнг Барселонанинг «Эспаньол» клуби билан шартнома имзоладим. Ўшанда 37 ёшда эдим.

- Футболдаги қайси жиҳат сизга кўпроқ ёқади?

- Голлар! Мен дарвозаларни иш-ғол қилиш ва голли вазиятлар яратиш учун туғилганман. Ҳеч қачон ҳимояда ўйнолмасдим, ҳамиша яккакурашлардан ўзимни олиб қочардим.

- Альфредо Ди Стефано кимлигини билмайдиганлар уни ким билан солиштиришлари мумкин?

- Бу вольердаги буқа, уни бегона қафасга солиб кўринг - ваҳшийлашади.

- Шеърий ўхшатиш. Бу қайсидир асардан олинганми?

- Ҳа, муаллифи - Ди Стефано! (Кулади).

Уткирбек УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz