Қайднома

Қидирув

«Эль-класико» ҳисоб китоби

«Эль-класико» ҳисоб китоби

  08.03.2019 10:13
  0
  590
«Эль-класико» ҳисоб китоби

Ким нима деса-десину, аммо жаҳон футболида икки буюк клуб - «Реал» ва «Барселона» қарама-қаршилиги, соддагина айтганда, «Эль-класико» бош­қа тўқнашувлардан кўра, кўпроқ диққатга арзийди, барибир. Аргентинадаги эҳтиросга бой дербилар ҳам, Англиядаги «МЮ» - «Ливерпуль» жанги ҳам жозибали «Эль-класико» олдига тушолмайди. Бунинг устига, сизу-биз шундай бир даврда яшаб турибмизки, азбаройи 100та ғалаба маррасини биринчи бўлиб забт этиш учун «Реал» ва «Барселона» бир-бирини «ғажиш»га тайёр. Тўғри, Криштиану Роналду ва Зайниддин Зиданнинг кетиши «Мадрид»ни сезиларли даражада заифлаштирди. Аммо гап азалий тўқнашувга келганда, жамоалар оқсоқланиб бўлсада, ғалабани ўз томонига оғдиришни ўйлайди, ҳар қандай ҳолатда. «Эль-класико» тарихига назар солсак, шу кунгача «Реал» 95 марта, «Барса» эса 96 марта ғалаба қозонган. Яна 51та беллашув муроса билан якунланган. Голлар нисбати 403га 399 - «Реал» фойдасига. Хўш, бундай кўрсаткич билан яна қайси клублар мақтана олади?! Хуллас, soccer.ru охирги «Эль-класико» натижасида «Барса»нинг умумий ҳисоб-китоб бўйича илк марта олдинга чиқиб олганини назарда тутиб, «титанлар ўртасидаги буюк жанг»нинг бошланиши ва шу кунгача юзага келган маълумотлар ҳақида қизиқарли мақола тайёрлади.

 

Испания лигаси йўлга қўйилгунича (1916-1928 йиллар) - 6та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 2:3 (1та дуранг)

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, «Реал» ва «Барселона» клублари ўртасидаги ҳисоб-китобда фақат расмий ўйинларгина инобатга олинган. Ла-лига ташкил қилинишидан олдин эса, икки клуб фақат Қирол кубоги мусобақасида тўқнаш келган, холос. Қизиғи шундаки, мусобақанинг 1916 йилги ярим финалида ғолиб номини аниқлаш учун икки эмас, нақ 4та ўйин ўтказишга тўғри келган. Зеро, ўша пайтлар сафарда урилган голлар ҳисобга олинмасди. Шу боис, дастлабки ўйинларда томонлар биттадан ғалабага эришгач («Барса» - 2:1, «Мадрид» - 4:1), нейтрал майдонда учинчи учрашув ташкиллаштирилади ва унда 6:6 (!) шаклидаги даҳшатли ҳисоб юзага келади. Натижада яна бир ўйинга эҳтиёж сезилади ва унда «Мадрид» рақибини 4:2 ҳисобида енгади. Шундай қилиб, мадридликлар илк «Эль-класико» сериясидан сўнг кубок финалида Бильбаонинг «Атлетик» клубини осонгина мағлуб этишади. Орадан 10 йил ўтгач, Каталония ва Мадриднинг бош жамоалари яна шу мусобақа чорак финалида учрашишади ва бу гал «Барса» «Реал»га ҳеч қандай имконият қолдирмайди - 5:1 ҳамда 3:0.

Урушдан олдин (1928-1939 йиллар) - 15та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 12:3 (4та дуранг). Умумий ҳисоб - 14:6 (5та дуранг)

Бу даврни бемалол «Реал»нинг «ҳокимлик вақти» сифатида тилга олиш мумкин. Чунончи, мадридликлар ғалабалар сони бўйича «Барса»дан 4 баравар илгарилаб кетишганди. Хуллас, 12 йил ичида Каталония клуби рақибини атиги 3 марта енгади. Ҳаттоки, бир гал «Реал» 5:0 ҳисобида ўта ишончли тарзда мағлуб этилади, асосан Марти Вентольранинг «покер»га эришиши эвазига. Бироқ «Барселона»нинг ўзи ҳам олдинроқ 2:8 ҳисобида шармандали мағлубиятни тан олганди. Айтганча, «Реал» 1936 йили Испания кубоги финалида «Барселона»дан устун келиб, 10 йил аввалги ярим финал аламини ҳам олади.

Уруш даври ва ундан кейин (1940-1949 йиллар) - 22та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 10:10 (2та дуранг). Умумий ҳисоб - 24:16 (7та дуранг)

ХХ асрнинг 40-йиллари «Эль-класико»да тенглик ва муросасизлик руҳи ортади. Бунга натижа ҳам гувоҳлик бермоқда: жами 22та ўйиннинг атиги 2тасида дуранг қайд этилган ва ҳар бир жамоа 10 мартадан ғалаба нашидасини сурган. Эътиборлиси, ҳар икки клуб шу даврдан бошлаб, ўз уйидаги ўйинларда кўпроқ ғалаба қозона бошлайди. Дарвоқе, бу учрашувларнинг бирида, аниқроғи, Мадридда кечган Қирол кубоги ўйинида «Реал» ашаддий рақибини 11:1 ҳисоби (!)да тор-мор қилади. Мазкур натижа ҳалигача Мадридда фахр билан, Каталонияда эса алам билан ёдга олинади. Қайд этилган икки дурангнинг бири 5:5 кўринишида якунлангани эса кураш қанчалик қизғин кечганидан далолат...

Тараққиёт даври (1950-1959 йиллар) -22та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 14:12 (2та дуранг). Умумий ҳисоб - 38:28 (9та дуранг)

Кураш яна қизғин, аммо «Реал» устунликни 2та ғалаба кўринишида мустаҳкамлайди. «Қироллик клуби» шунингдек, янги ташкил қилинган ва «Кўҳна қитъа»нинг энг яхши жамоаларини ўз ичига олган Чемпионлар кубогида ҳам ғолиб чиқа бошлайди. Лекин мадридлар шунинг баробарида «Барселона»га 2:7, 0:4 ва 1:5 ҳисобида ютқазиб  ҳам қўйишди. Шунга қарамай, «Реал» «Барса»ни Чемпионлар кубоги-1959|1960дан чиқариб юбориш асносида бу «қарз»­ни узади. Хуллас, айнан шу босқичда испан гранд­лари халқаро турнирларда ҳам рақобатга киришишганди. Ўша даврда рақиблар дарҳақиқат, бир-бирига жуда мос эди!

Европа Чемпионлар кубоги таъсири (1960-1969 йиллар) - 21та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 13:8 (6та дуранг). Умумий ҳисоб - 51:36 (15та дуранг)

Навбатдаги ўн йилликнинг бошида энди «Барселона»нинг омади юришиб кетади. Каталонияликлар аввалига «Реал»ни Чемпионлар кубогидан «ҳайдаб» солишади ва шу тариқа «Мадрид»нинг Европадаги «гегемон»лигига путур етади. Бироқ «Реал»ни тўхтатган «Барселона» мусобақа финалида «Бенфика»дан енгилиб, мадридлик ишқибозлар калакаси остида қолганди. Бундан «қони қайнаган» каталонияликлар Қирол кубоги финалида «Мадрид»дан чинакамига алам олишади. Ўз навбатида, «Реал» Ла-лига доирасида кетма-кет 6та учрашувда «Барса»дан устун келади. Тасаввур қиляпсизми, «Барса» 3 йил бадалига бирор «Эль-класико»ни ўз фойдасига ҳал қилолмаганди-я...

Кучлар тенглашган вақт (1970-1979 йиллар) - 21та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 8:8 (5та дуранг). Умумий ҳисоб - 59:44 (20та дуранг)

1970-1980 йиллар оралиғида кучлар яна тенглашади. Шу даражадаки, «Реал»нинг 15та ғалабага тенг устунлиги 10 йиллик давр ёхуд 21та ўйиндан кейин ҳам ўзгаришсиз қолаверади. 1974 йил февралида «Барса» «Сантьяго Берна­беу»да мезбонларни жавобсиз 5та гол билан «сийлагани»ни алоҳида айтиш керак. Ўшанда голлардан бирини Йохан Кройфф ўз номига расмийлаштирганди. Шу йилнинг июнига келиб, жамоалар Генералиссимус кубоги (Қирол кубоги шундай аталган) финалида тўқнаш келади ва «Реал» дарҳол ўша аламли мағлубият учун ўч олади - 4:0.

Тарози палласининг оғиши (1980-1989 йиллар) - 32та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 9:16 (7та дуранг). Умумий ҳисоб - 68:60 (27та дуранг)

1980 йилдан буёғига «Эль-класико»лар сони кескин ортди. Чунки Испания Лига кубоги турнири ҳам пайдо бўлди, мамлакат суперкубоги мунтазам равишда ўтказила бошланди. Қолаверса, Қирол кубогидаги тўқнашувлар давом этди. Энг муҳими, каталонияликлар энди «Мадрид» устидан яққол устунлик қилишни ўрганиб олишди. Албатта, «Хуанито руҳи» Мадрид томонида эди. Лекин «Барселона» ҳам бўш келмай, Диего Армандо Марадонани ўзига оғдирди. Айни шу юлдузнинг чақнашидан сўнг «кўк-анорранглилар» майдони «Реал» учун «совуқ душ»га айланди: «Барса» ўз майдонида рақибини 13та ўйинда енгиб, атиги бир марта «синди», холос.

Янада шиддатлироқ (1990-1999 йиллар) - 30та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 10:12 (8та дуранг). Умумий ҳисоб - 78:72 (35та дуранг)

Ўн йилликнинг ўрталарига келиб, ҳар икки жамоа ўз майдонидаги ўйинни 5:0 ҳисобида якунлади. Қизиғи шундаки, ҳар икки ғолиб таркибида даниялик Микаэль Лаудруп ҳаракат қилганди. «Барселона» Примеродаги ўйинларда бутунлай устунликка эриша бошлади («Реал» 10та ўйиннинг фақат биттасида ғолиб чиққан), мадридликлар эса кубок учрашувларида кучлироқ чиқиб, сўнгги 32 йилликда илк бора Чемпионлар Лигаси (Чемпионлар кубоги) бош совринини ўзларига бўйсундиришди. Лекин умуман олиб қаралса, 90-йиллардаги «Эль-класико»ларда «Барселона» рақибидан устунроқ эди, барибир.

Янги аср боши (2000-2009 йиллар) - 22та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 7:8 (7та дуранг). Умумий ҳисоб - 85:80 (42та дуранг)

ХХI аср аввалида «Барса» ва «Реал» қарама-қаршилиги ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Энди «Эль- класико»ларда кимнидир яққол фаворит сифатида кўрсатишнинг иложи йўқ эди. Аммо шунга қарамай, «Барселона» рақибидан 1та кўпроқ ғалабага эришди. Бироқ «Қироллик клуби» вакиллари ЧЛ-2001|2002 ярим финалида каталонияликларни енгиб, якунда яна «шалпангқулоқ»ни ўзлаштиришди. Ўз навбатида, «Барселона» футболчилари Примеро баҳсларида 5та чемпионликдан иборат серия яратишди. Жумладан, «Сантьяго Бернабеу»даги 6:2 ҳали кўпчилик ёдида, шунингдек, Моуриньонинг 0:5 ҳисобидаги илк «класико»сини ҳам Мадрид клуби мухлислари анча пайтгача хазм қилолмаганлари рост.

Ҳозирги замон (2010-2019 йиллар) - 35та ўйин

«Реал» - «Барселона» - 10:16 (9та дуранг). Умумий ҳисоб - 95:96 (51та дуранг)

Охирги ўн йиллик давр ҳали якунлангани йўқ, аммо «Эль- класико»лар тиғизлиги бўйича рекорд аллақачон ўрнатилди. Дейлик, жамоалар 2010 йилдан шу кунгача 35 марта тўқнаш келишди. «Барселона» ЕЧЛнинг 2010|2011 йиллар мавсуми ярим финалида «Реал»ни мусобақадан чиқариб юбориб, 10 йил олдинги аламидан чиқди. Шуниси қизиқ, «Барса» ҳам худди «Реал» сингари, асосий рақибини енгганидан сўнг мусобақа ғолибига айланди. Роналду ва Месси даврида «Эль-класико» футбол оламида энг кўп кутиладиган учрашувга айлангани айни ҳақиқат. Аммо «Барса» «Сантьяго Бернабеу»да ғолиб чиқишнинг анчагина ҳадиси олгани ҳам рост. Хуллас, «Реал» сўнгги пайтларда ўз майдонидаги ўйинларда устунликни бой бермоқда - 10та ғалаба, 15та мағлубият.

100та ғалаба марраси қайси томонники?

Табиийки, ҳар икки жамоа ҳам 100та ғалаба маррасини биринчи бўлиб забт этишни астойдил хоҳлайди. 50талик тантанани «Реал» нишонлаганини ҳисобга олсак, бу гал омад «Барса»га кулиши керакдек, гўё. Боз устига, 3 март куни бўлиб ўтган ўйин ҳам шунга ишора қилаётгандек. Лекин футболда ҳар қандай ҳодиса рўй бериши эҳтимоли катта. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, ўтган асрнинг 60-йилларигача устунлик мудом «Реал» тарафида бўлганди. Кейинчалик «Барселона» далиллашди. Агар эҳтимоллар назариясига таянсак, шу йилнинг ўзида биз яна 5 марта «Эль-класико»дан баҳра олишимиз мумкин. Шундай экан, юбилейни тантана қилиш имкони ҳар икки клубда ҳам сақланиб турибди. Бироқ факт шуки, «Барселона» илк бор умумий ҳисобда азалий ва ашаддий рақибидан ўзиб кетди. Каталонияликлар энди бу статистика бузилишига осонгина йўл қў­йишмаса керак-ов...

С.Раҳмонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz