Қайднома

Қидирув

Болалар футболи – оғриқли нуқта ва клублар қачон боқимандаликдан холос бўлишади

Болалар футболи – оғриқли нуқта ва клублар қачон боқимандаликдан холос бўлишади

  07.03.2019 11:23
  0
  370
Болалар футболи – оғриқли нуқта ва клублар қачон боқимандаликдан холос бўлишади

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати: ютуқ ва муаммолар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.   Унда Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров, ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти директори Маъмур Саидқосимов, ЎФА Футболни ривожлантириш департаменти директори Ўнгар Жамилов, ЎФА Тренерлар таълими департаменти директори Шавкат Имомов, ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.   – Юртимизда спорт, хусусан футболга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни пайтда асосий эътибор болалар спортига қаратилган. ПФЛ 2019 йилда ўз олдига катта режалар қўйган. Бунга клубларни лицензиялашни мисол қилиш мумкин. Клубларимиз яқин 3-4 йил ичида ўзини ўзи боқадиган даражага чиқишини мақсад қилганмиз ва шунга ҳаракат қиламиз, – деди анжуман аввалида ПФЛ бош директори Омон Ғофуров.   9cb972ad-0495-4f97-8f59-d34dc556cc1b.jpg   Муаммо: клубларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қарашида   ПФЛ узоқ вақт давомида янги мавсумда Суперлига иштирокчиларининг сони қанча бўлиши масаласига аниқлик киритолмади ва фақат сўнгги паллада чемпионат қатнашчилари сони 12тадан 14тага оширилганлиги маълум бўлди. Хўш, бу ҳолатга ПФЛ мутасаддилари қандай муносабат билдиришди?   – Биз Суперлига иштирокчилари сонини оширишга кескин қарши эдик, – деди ПФЛ бош директори Омон Ғофуров. – Аммо, ЎФАнинг лицензиялаш қўмитаси сўнгги паллада Суперлига жамоалари сонини 14тага оширишга қарор қилди. Бундан кўзланган мақсад – жойларда футболнинг оммалашувини таъминлаш бўлиб, ЎФА мамлакатимизнинг муҳим стратегик ҳудудлари бўлмиш Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларига катта футболни қайтаришга қарор қилди. Ҳозир ушбу жамоаларнинг стадионларида сўнгги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда ва умид қиламизки, чемпионат бошлангунича улар керакли талабларни бажаради. Биз чемпионатни 12та жамоа билан ўтказишга тайёр эдик ва барча ҳаракатлар шунга қаратилганди. Бироқ, ҳамиша ҳам сиз ўйлагандек бўлавермас экан. Яна бир муаммо: клубларнинг ўз зиммасидаги вазифаларга ўта совуққонлик билан қарашида. Ҳалигача бир қатор клубларнинг стадионлари мавсумга тайёр эмас. Агар биз қаттиқ турмаганимизда улар бу йил ҳам чемпионатга аввалгидек сифатсиз майдонлар билан кириб келган бўлишарди. ПФЛнинг талаблари билан Наманган, Андижон ва Қўқон шаҳарларидаги стадионларда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Бу йил ўз олдимизга шундай мақсад қўйдик: Суперлига клубларини лицензиялаш жараёнини октябрь ойига қадар якунлаб, декабрь ойидаёқ янги мавсум тақвимини ишлаб чиқишга ҳаракат қиламиз.   1e8e6675-d680-4977-b77e-c25a83024036.jpg   ПФЛ клублар манфаатини ҳимоя қилади   Маълумки, мамлакатимиз Олимпия терма жамоаси анча вақтдан бери ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Шу сабабли “Насаф” клубининг нақд 10 (!) нафар аъзоси декабрь ойидан бери асосий жамоа билан машғулотларда иштирок этгани йўқ. Албатта, терма жамоа манфаати ҳамма нарсадан устун. Бироқ, терма жамоанинг манфаатини кўзлаб клуб ва унинг мухлислари жабр чекиши мақсадга мувофиқми? Терма жамоаларнинг узоқ муддатли ўқув-йиғинлари клубларга баъзида зарар келтирмоқда. Уларни бундан ким ҳимоя қилади? Бу саволга ПФЛ раҳбари Омон Ғофуров шундай жавоб берди:   – Албатта, ПФЛ аввало клублар манфаатини кўзлайди, ЎФА учун эса терма жамоалар муҳим. “Насаф” клуби билан боғлиқ вазиятни ҳам тушуниб турибмиз. Айнан ПФЛнинг аралашуви билан Олимпия терма жамоасининг йиғини муддати қисқарди. Агарда ЎФА ва ОТЖ мураббийлар штабига қўйиб берсак, улар йил давомида йиғин ўтказишлари мумкин. Аммо, футболчининг клуб билан шартномаси бор. Қолаверса, терма жамоа ва клуб мураббийининг қараши, тактикаси мос тушавермайди. Натижада футболчи клубдаги ўрнини йўқотиб қўйиши, ўйин амалиётисиз қолиб кетиши муқаррар. Бундай футболчи на клубга, на терма жамоага керак. Айнан ПФЛнинг аралашуви билан “Пахтакор”нинг ОТЖга номзод уч нафар футболчиси клуб йиғинига қўшилди. Биз ОТЖ мураббийларига тўғри тушунтирдик, футболчилар йиғинда юргандан ўз клубида расмий ўйинларда майдонга тушсин, халқаро ўйинларда тажриба оширсин, деб.   “Cоcа-Colа” ҳомийлик учун “Pepsi”дан икки баравар манфаатли таклиф берди   Яқинда 2019 йилги мавсум учун қуръа ташланган эди. Ўшанда чемпионатнинг расмий ҳомийси бу йил ҳам “Pepsi” компанияси бўлиши ҳақида маълум қилинганди. Бироқ, янги мавсум стартига яқин қолганда ПФЛ Суперлига-2019нинг расмий ҳомийси ўзгаргани ва энди ички чемпионатимиз дунёга машҳур “Cоcа-Colа” компанияси ҳомийлигида ўтишини эълон қилди. Кутилмаган бу янгилик табиийки ОАВ ходимларининг эътиборидан четда қолмади.   – “Cоcа-Colа” компанияси мавсум аввалида “Pepsi”нинг таклифига нисбатан бироз манфаатли бўлган шартнома таклиф қилди, аммо арзимас пул учун эски ва ишончли ҳамкордан воз кечиш ниятимиз йўқ эди. 5 март куни “Pepsi” билан янги шартнома тузилиши керак эди. Бироқ “Coca-Cola” компанияси 4 март куни янги таклиф билан чиқди ва уларнинг бу сафарги таклифини рад этиб бўлмасди. Шуни айтишим мумкин, янги ҳамкоримиз “Pepsi” компаниясидан икки баробар манфаатлироқ шартномани таклиф қилди. Келишувнинг аниқ суммасини “Coca-Cola” компаниясининг розилигисиз ошкор этолмайман. “Coca Cola” компанияси билан келишувга кўра, улар нафақат Суперлига, балки Ўзбекистон кубоги мусобақасига ҳам ҳомийлик қилади. Жорий мавсумда ПФЛ Суперлига клублари учун бадал пулларини оширмади. Қўшимчасига, ҳакамлар, инспекторлар ҳамда комиссарлар учун барча сарф-ҳаражатларни ўз бўйнига олди. Шунингдек, Суперлига клублари футболчиларига ўз ёнидан 10 миллион сўмлик суғурта полислари олиш имкониятини яратиб берди, – деди ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев.   e25562e1-3334-4ffd-a478-dc8556435725.jpg   Болалар футболи – оғриқли нуқта   Матбуот анжуманида болалар футболи ва ундаги муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Бу борада ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев қуйидагиларни айтиб ўтди.   – Болалар футболида муаммолар кўп. Улардан энг ёмони – бу футболчиларнинг ёшини кичрайтириш. Биз бунга қарши ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда қаттиқ курашамиз. Тўғри, юртимизда болалар футболини ривожлантириш учун Испания ва Сербиядан мутахассислар келди. Қолаверса ПФЛ яна бошқа футбол мактаблари, жумладан, Бельгия, Голландия мактабларини ҳам ўрганди ва якунда иккита вариантга тўхталдик. Булар – Европада Германия ва Осиёда Япония йўли. Болалар футболини ривожлантириш учун ФИФА томонидан ишлаб чиқилган аниқ тизим бор. Яъни, профессионал футболчи клубини ўзгартирган тақдирда, уни болаликдан тарбиялаган мураббий ҳар сафарги трансфердан маълум улушга эга бўлади. Бизда эса бу тизим умуман ишламайди. Мақсадимиз – ушбу тизимни ўзбек футболига ҳам татбиқ этиш. Ҳозирда болалар мураббийи шогирдининг ёшини кичрайтириб, бирор мусобақада ғолиб чиқишдан манфаатдор. У профессионал футболда қай даражада ўйнаб кетиши эса иккинчи масала. Агар ФИФА тизимини йўлга қўя олсак, мураббий шогирдининг ёшини кичрайтиргандан кўра уни профессионал футболчи қилиб тарбиялаш ҳақида кўпроқ ўйлайди.   b02392b3-6cf4-4df1-945c-fde6d1fec77d.jpg   Клублар қачон боқимандаликдан халос бўлади?   Анжуманда клубларнинг боқимандалиги масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Афсуски клубларимиз менежмент ва маркетинг соҳасида деярли ишламаяпти.   – Бугун Ўзбекистонда футбол клубини бошқариш учун футболни тушуниш шарт эмас. Клуб раҳбари менежмент ва бошқарувни уддаласа бўлгани. Аммо, ҳозир клубларга 30 миллион сўм берадиган бўлсак, улар шунинг 29 миллионини маош қилиб тарқатиб юборади. Клубларимиз фақат пул сарфлашни билади. Шундай клубларимиз борки, меҳмонхона учун йилига 3 миллиардлаб сўмни сарфлаб юборади. Холбуки, ана шу маблағнинг атиги учдан бир қисмига база қуриб, бунинг ортидан катта маблағ тежалишига эришиш мумкин. Ўзбек футболида капитализмга ўтиш вақти келди. Лицензиялашнинг асосий талаби ҳам шу. Тайёр пулни еб кетиш билан иш битмайди. Энди ПФЛ бу жиҳатга ҳам эътибор қаратади. Клуб қайсидир давлат ташкилоти томонидан тақдим этиладиган ҳомийлик маблағини аниқ мақсадларда ишлатиши назорат қилинади. Агар клуб футболчисини трансфер қилса ёки қўшимча маблағ ишлаб топса, марҳамат ўз билганича сарфласин. Бироқ, давлат ташкилотлари томонидан ажратилган маблағни ҳисоб-китоб билан, аниқ мақсадларга сарф этилиши назоратга олинади, - деди Диёр Имомхўжаев   Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, анжуман дўстона ва ошкоралик руҳида ўтди. Энг муҳими, ПФЛ мамлакатда футболни янада ривожлантириш учун матбуотга, унинг таъсир кучига таянишини билдирди ва бу йўлда ОАВни ҳамкорликка чорлади. Ажабмас, келгусида бу ҳамкорлик ўзбек футболини янги даражага олиб чиқишга хизмат қилса.


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz