Қайднома

Қидирув

Клубларимизда тараддуднинг сўнгги палласи ҳам якунланди...

Клубларимизда тараддуднинг сўнгги палласи ҳам якунланди...

  07.03.2019 21:03
  0
  458
Клубларимизда тараддуднинг сўнгги палласи ҳам якунланди...

Суперлиганинг амалдаги чемпиони - Тошкентнинг «Локомотив» клуби ҳамкорлари сонини оширди. «Темирйўлчилар» юртимизнинг машҳур компанияларидан бири - UZTELECOM билан ўзаро ҳамкорликка имзо чекишди. Бундан буён UZTELECOM худди «Orient Finans Bank» сингари клубнинг титул ҳомийси ҳисобланади ҳамда жамоа киядиган футболкаларнинг орқа қисмидаги рақам остига компания ёзуви туширилади. Маълумки, «Локомотив» шу пайтга қадар «Orient Finans Bank» (OFB), «Joma» спорт кийимлари, «Alskom» суғурта компанияси, «Sayhun» ичимлик суви, «Sarkor Telecom» интернет провайдери, «O`zbegim Taronasi» радиоси, «Osiyo» колбаса маҳсулотлари каби ташкилотлар билан ҳамкорликда иш юритиб келаётганди.

***

«НАВБАҲОР»

«Навбаҳор»нинг янги мавсумдаги етакчиларидан бири бўлиши кутилаётган Остон Ўрунов «лочинлар»нинг ўқув-машғулотларида деярли қатнашмади. У ОТЖнинг учта хориж йиғинида иштирок этди. Айни пайт Ўрунов «Навбаҳор»нинг пойтахтдаги машғулотларида иштирок этмоқда. Аввалроқ «Насаф» вакили саналган футболчи Ислом Рашидхоновнинг «лочинлар» сафига ўтиши ҳақида хабарлар тарқаганди. Футболчининг ўзи ҳам «Нав­баҳор»га ўтишни хоҳлаётганини яширмаганди. Бироқ унинг трансфери Қарши жамоасидан сотиб олинмади ва Рашидхонов «Насаф»да қоладиган бўлмоқда. У «аждарлар» билан 1-тур ўйинига тайёргарлик кўради. Куни кеча «Навбаҳор» марказий стадионида мухлислар билан учрашув бўлиб ўтди ва унга 523 нафар ишқибоз ташриф буюрди. Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, тажрибали ҳужумчи Азиз Ибрагимов «Навбаҳор» билан 1}1 кўринишида шартнома имзолади. Шунингдек, ярим ҳимоячи Зафар Тўраев ҳам «лочинлар» билан 2 йиллик битимга қўл қўйди. Зафар Тўраев 1990 йил 1 июлда туғилган. Фаолияти давомида «Олмалиқ» (Олмалиқ), «Машъал» (Муборак) клубларида тўп сурган. Футболчи ўтган мавсумни Бекободнинг «Металлург» жамоасида ўтказган.

***

«БУНЁДКОР»

«Бунёдкор» 2019 йилги мавсумдан бошлаб техник ҳамкорини ўзгартирди. Олти мавсумдан буён JAKO формаларидан фойдаланиб келган «қалдирғочлар» бу йилдан бошлаб собиқ ҳамкор - Nike либосларида тўп суришади. Маълумот учун, 2005-2011 йиллар давомида «Бунёдкор» ушбу фирмада тайёрланган формалардан фойдаланганди.

«Қалдирғочлар» 5 март куни «Янгиер»га қарши назорат учрашуви ўтказишди.

Бош мураббий Вадим Абрамов мазкур баҳсда майдонга ёшартирилган таркибни туширди. Дастлаб «Бунёдкор» икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Аммо «Янгиер» футболчилари ирода кўрсатиб, вазиятни ўнглашди ва ҳисоб тенглашди. Бироқ қолган дақиқаларда ташаббус яна тошкентликлар томонига ўтди ва якунда ғалаба уларга насиб этди - 4:2. «Бунёдкор» сафида Санжар Рихсибоев «хет-трик» расмийлаштирган бўлса, яна бир гол Сардор Азимов ҳисобига ёзилди.

«Янгиер» билан ўйинни «Бунёдкор» қуйидаги таркибда ўтказди:

«Бунёдкор»: Элдор Адҳамов, Бурхон Усмонов (Муҳаммадодил Қаҳрамонов), Нодир Мавлонов, Бобур Фарҳодов, Абубакр Мўйдинов, Фаррух Икромов, Суҳроб Иззатов, Камрон Нажафалиев, Сардор Азимов, Санжар Рихсибоев, Жаҳонгир Абдусаломов (Владислав Нуриев).

Кеча «Бунёдкор» навбатдаги назорат ўйинида «Оқ-тепа» билан куч синашди.

***

«БУХОРО»

Россиялик Артём Кулеша янги мавсумни «Бухоро»да ўтказади. У Санкт-Петербург футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Маҳоратли ҳимоячи «Зенит», «Ростов», «Рубин», «Динамо» (СПБ), «Знамя Труда» (Орехово-Зуево), «Океан» (Керчь), «Юниор» (СПБ), «Култсу» (Финляндия) каби жамоларда тўп сурган. Кулеша февраль ойида жамоада кўрикдан ўтиб, бир нечта назорат учрашувларида майдонга тушганди. Мураббийлар штабида илиқ таассурот қолдирган Кулеша «Бухоро» билан шартнома имзолади.

***

«ҚЎҚОН-1912»

«Қўқон-1912» мавсумолди йиғинларнинг катта қисмини Тошкент шаҳрида ўтказди. Суперлига 1-тури доирасидаги «Навбаҳор»га қарши кечадиган баҳсга тайёргарлик ҳам пойтахтда бошланганди. Сабаби, бунгача «Водий дербиси»нинг қаерда ўтиши номаълум эди. Мазкур учрашув «Истиқлол» стадионида ўтказилиши ойдинлашгач, машғулотлар Фарғонага кўчирилди. Аниқроғи, куни кеча жамоа аъзолари Фарғонада тўпланиб, муҳим ўйинга тайёргарликни бошлаб юборишди.

***

«ДИНАМО»

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошланаётган янги мавсум олдидан «Динамо» стадиони ва қароргоҳида қилинаётган ишларнинг бориши билан танишди. 9 март куни ўтадиган Суперлига 1-тури доирасидаги «Динамо» - «Насаф» учрашувигача клуб қароргоҳи ва «Динамо» стадиони барча талабларга жавоб бериши, мухлисларнинг стадионга келиб, ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилиши лозимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва таклифлар берилди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz