Ортда қолган футбол ҳафтасида Европанинг номдор клублари бир қатор тарихий марраларни забт этишди. Таниқли футболчилар ўз вазифаларини рисоладагидек уддалашга ҳаракат қилишди.
Англия. «Сити» яна етакчи
АПЛ 29-тури доирасидаги «Тоттенхэм» - «Арсенал» баҳсини «тўпчилар» фаолроқ бошлашди ва тез орада ҳисобни очишди. Мезбонлар ҳимоячиси Дэвинсон Санчеснинг хатосидан унумли фойдаланган Аарон Рэмзи Уго Льорис билан яккама-якка вазиятга чиқди ва дарвозани забт этди. Почеттино шогирдлари мувозанатни тиклаш учун олдинга ташланишди ва кўплаб хавфли вазиятларга эга бўлишди. Уларнинг бирида Шкодран Мустафи Гарри Кейнни қўполлик билан тўхтатишга мажбур бўлди. Гарчи ўша лаҳзада ҳужумчи «офсайд»да бўлсада, ҳакам «нуқта»га ишора қилди. Жабрланувчи пенальтини аниқ бажариб, ҳисобни тенглаштирди. Бу Кейннинг дербидаги 9-голи эди. Шу тариқа ҳужумчи Эммануэль Адебайорни қувиб ўтиб, дерби тарихида 1-ўринга чиқиб олди. Ўйиннинг қолган қисми шиддатли ҳужумлар остида ўтган бўлсада, гол уриш ҳеч кимга насиб этмади. Ҳатто асосий вақтнинг охирги дақиқасида белгиланган пенальтини Пьер-Эмерик Обамейянг голга айлантира олмади. Габонлик ҳужумчининг бурчакка йўллаган тўпини Льорис қайтаришга муваффақ бўлди. Натижада томонлар 1 очко билан кифояланишди.
Оле-Гуннар Сульшер раҳбарлигида чемпионатни мағлубиятсиз ўтказаётган «МЮ» бу турда иродали ғалабага эришди. Ваҳоланки, жамоа «Олд Траффорд»да «Саутгемптон»ни қабул қилганди. Шунга қарамасдан, «қизил иблислар» жиддий қаршиликка дуч келишди. Очиғи, элитада «жон» сақлаб қолиш учун ҳар қандай мўъжизага шай бўлган «авлиёлар» ажойиб ўйин кўрсатишди, ҳисоб ҳам Янн Валерининг замбарак зарбаси билан очилди. Мезбонлар эса танаффусдан кейин жавоб тўпини киритишди. Кейин Ромелу Лукаку ажойиб комбинациядан кейин жамоасини олдинга олиб чиқди, Жеймс Уорд-Праус мувозанатни тиклади. Аммо сўнгги дақиқалар мезбонлар устунлигида ўтди. Жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаган бельгиялик ҳужумчи иккинчи марта «иблислар»ни олдинга олиб чиқди. Поль Погба қўшимча вақтдаги пенальтини голга айлантира олмаган бўлсада, жамоаси қимматли 3 очкога эга бўлди.
«Борнмут»да меҳмон бўлган Гвардиола шогирдлари сафардан кичик ҳисобдаги ғалаба билан қайтишди ва турнир етакчиси бўлиб олишди. Чунки «Ливерпуль» Мерсисайд дербисида «Эвертон» билан нурсиз дурангга имзо чекишга мажбур бўлди.
Яна бир Лондон дербисида кучли квартетдан жой олиш учун аёвсиз кураш олиб бораётган «Челси» «Фулхэм» устидан камтарона (2:1) зафар қучди.
Испания. 1 ҳафтада 2 Ғалаба
Яқинда «Реал»ни «Қироллик кубоги» ярим финалида маҳв этган «Барселона» шанба оқшомида навбатдаги «класико»ни ҳам Мадридда ўтказди. Азалий рақиблар баҳси доимо муросасиз тарзда ўтишини яхши биламиз. Бироқ бу галги қарама-қаршилик ўта кескин бўлди. Аксарият мутахассислар мазкур учрашув натижаси пойтахт жамоаси бош мураббийи Сантьяго Соларининг келажаги учун муҳим аҳамият касб этишини тахмин қилишди. Қисқаси, ўйин томонларнинг эҳтиёткорона ҳаракатлари билан бошланди, «Қироллик клуби» рақибидан қолишмайдиган даражада тўп сурди. Лекин ҳисобни барибир меҳмонлар очишди. Ҳужумчиларга ёрдамга ошиққан Серхио Рамос ортга қайтишга бироз кечикиб, Иван Ракитични ўтказиб юборди. Жарима майдончасига кирган хорватиялик футболчи тўпни Тибо Куртуа устидан дарвозага йўллади. Ассистентлик вазифасини адо этган Серхио Роберто бу борада афсонавий Хавига тенглашиб олди. Улар «класико» баҳсларида 6тадан самарали узатмаларни амалга оширишган.
Ўйин тақдирини ўзгартириш, ҳеч бўлмаганда мағлубиятдан қутулиб қолиш учун мезбонлар бор имкониятларини ишга солишди, хавфли вазиятларни яратишди. Бироқ гол уришнинг иложи бўлмади. Сўнгги дақиқаларда кескинлик шу қадар ошдики, Рамос билан Месси муштлашиб кетишларига сал қолди. Тўп учун курашда ҳимоячи ҳужумчининг юзига қўл билан зарба берган, ҳакам бунга эътибор бермаганди. Шу боис, сардорлар ўзаро баҳслашиб олишди, аммо жамоадошлари уларни ажратишди. Хуллас, мазкур ғалабадан кейин «Барса»нинг «класико»даги мағлубиятсиз серияси 6тага етди. Машҳур қарама-қаршиликда қаторасига 3 марта Каталония гранди «Сантьяго Бернабеу»да зафар қучди. «Реал» азалий рақибини охирги марта 2017 йилнинг июлида таслим этганди. Ўшанда Испания Суперкубоги доирасида «Қироллик клуби»нинг қўли баланд келганди.
Иккинчи поғонага мустаҳкамроқ ўрнашиб бораётган «Атлетико» Сан-Себастьян сафаридан ишончли (2:0) ғалаба билан қайтиб, очколари сонини кўпайтириб олди. Диего Симеоне жамоасида ижара асосида тўп сураётган Альваро Мората «дубль» муаллифи бўлди. Эътиборлиси, ҳужумчи «Сосьедад» дарвозасини 2 бор забт этиши учун 4 дақиқа етарли бўлди. Бундан аввалги «дубл»ини Альваро 2017 йилда «Реал» таркибида қайд этиб, «Леганес»ни маҳв этишга ҳисса қўшганди.
Совринли ўринларнинг асосий даъвогарларидан яна бири «Севилья» навбатдаги мағлубиятини тан олди. Бу гал жамоа «Уэска» майдонидан қуруқ (1:2) қайтди. Таъкидлаш жоизки, ғалаба ҳидини унутиб улгурган мезбонлар қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларида қимматли 3 очкони келтирган голни уришди.
Аввалги турда етакчи квартетга кўтарилиб олган «Хетафе» «Бетис»га қарши сафар учрашувида жанговар (1:1) дурангга эришди.
Германия. «Бавария»нинг 4000-голи
Асосий таъқибчиси майдонига йўл олган «Бавария» нафақат қимматли 3 очко, балки тарихий маррани забт этган илк жамоа унвони билан қайтди. Менхенгладбахда Нико Ковач шогирдлари «Боруссия М» дарвозасини 5 марта ишғол этишди. Серж Гнабри ҳисобига ёзилган охирги гол эса немис грандининг Бундеслигадаги 4000-голи сифатида тарихга кирди. Эътиборлиси, ўйиннинг 11-дақиқасида меҳмонлар икки тўп фарқи билан олдинга ўтиб олишганди. Аввалига Хави Мартинес ва Томас Мюллер ўз номларини таблога ёздириб қўйишди. Ларс Штиндлнинг жавоб тўпидан кейин Левандовски «дубл»ни амалга оширди. Натижада польшалик мерган мюнхенликлар тарихидаги учинчи тўпурарга айланди. Фақат Хайнц Румменигге (162) ва Герд Мюллер (365) ундан яхшироқ натижа қайд этишган. Штиндл ҳам ўзига хос юбилей - 50-голини расмийлаштирди.
Шу турга қадар якка пешқадам бўлиб турган «Боруссия Д» сафарда «Аугсбург»га имкониятни бой берди - 1:2. Натижада «Бавария» очколар бўйича дортмундликларга етиб олди. Яққол аутсайдер уйига сафар қилган «РБ Лейпциг» «Нюрнберг»нинг жиддий қаршилигига дуч келган бўлсада, ягона гол эвазига совриндорлар сафига кўтарилиб олди.
Турнинг энг қизиқарли баҳсларидан бири Франкфуртда кузатилди. Маҳаллий «Айнтрахт» ва «Хоффенхайм» ўртасидаги беллашувнинг 65-дақиқасига қадар меҳмонлар 2:1 ҳисобида олдинда эдилар. Айни шу паллада марказий ҳимоячи Қосим Нуху қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шундан кейин устунлик майдон эгалари томонига ўтди ва улар мувозанатни тиклашди. Қўшимча вақтнинг 6-дақиқасида эса ғалаба тўпини киритишди. Мазкур зафардан кейин «Айнтрахт» «Вольфсбург» билан ўрин алмашди - «бўрилар» ўз майдонларида «Вердер»ни енга олмадилар - 1:1.
Италия. Миланча рокировка
Кўпчилик мухлислар якшанба оқшомидаги марказий беллашув тараддудида бўлган паллада пойтахтликлар Рим дербиси гувоҳига айланишди. Азалий рақиблар ўртасидаги охирги 3 учрашувнинг 2таси «бўрилар» фойдасига ҳал бўлган, бир ўйинда дуранг қайд этилганди. Бироқ бу сафар «Лациале» ёқимсиз анъанага чек қўйди. 11-дақиқада Фелипе Кайседо жарима майдончасига кириш билан чекланиб қолмай, дарвозабонни ҳам алдаб ўтди ва тўпни бўш қолган дарвозага йўллади. Кейинги 1 соатга яқин вақт «Рома»нинг ҳужумлари билан ўтди. Аммо Томас Стракоша бехато ҳаракат қилиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади.
Ана шу омадсизлик Ди Франческо шогирдларига салбий таъсирини ўтказиб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Аввалига Чиро Иммобиле пенальти зарбаси бўйича сабоқ берди. Кейин Данилонинг олис масофадан йўллаган кучли зарбаси мўлжалга аниқ етиб борди.
Турни очиб берган «Кальяри» - «Интер» беллашуви мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Оқибатда «нерадзурри» ўз ўрнини ҳамшаҳри - «Милан»га бўшатиб берди. Қизиғи шундаки, голларнинг барчаси танаффусга қадар амалга оширилди. Иккинчи бўлимда ҳисоб ўзгармади.
«Россонери» шанба оқшомида «Сассуоло»дан катта қийинчилик билан 3 очкони тортиб олди. Лекин меҳмонлар дарвозасига урилган ягона гол жамоага қўшниси «Интер» билан ўзига хос рокировкани амалга ошириш имконини берди.
Ниҳоят, Неаполда турнинг охирги беллашувини ўтказиш учун «Наполи» ва «Ювентус» жамоалари майдонга тушишди. Пешқадам ва асосий даъвогар ўртасидаги баҳс ўта муросасиз тарзда ўтиши аввалдан маълум эди. Ўйин бошида кутилганидек, жамоалар имкон қадар хатоликларга йўл қўймасликка интилишди. Лекин чемпион икки марта стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, олдинга чиқиб олди. Миралем Пьяничнинг кучли жарима зарбасидан сўнг ҳисоб очилди, Эмре Жан эса бурчакдан узатилган тўпни дарвозага тўғрилаб қўйди. Майдон эгалари танаффусдан кейин Кальехоннинг голи билан фарқни қисқартиришди. Бироқ мағлубиятдан қутула олишмади.
Франция. «Дубл»га «дубль» жавоб
Ажабланарли, лекин факт фактлигича қолаверади. Леонарду Жардим қайтгач, «Монако» мағлубият нима эканини унутишга улгурди. «Анже»га қарши беллашувга князлик клуби 4та мағлубиятсиз учрашувдан кейин йўл олган, аввалги турда «Лион»ни ишончли тарзда маҳв этганди. Шу боис, мухлислар ундан навбатдаги ғалабани кутишганди. Бироқ чемпионатнинг ўртамиёна жамоаси меҳмонларга жиддий қаршилик кўрсатди. Натижада жамоалар танаффусга мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги устунлиги билан чиқиб кетишди. «Анже» Флавьен Тэтнинг «дубл»и эвазига олдинга чиқиб олганди. Табиийки, 2- бўлимни меҳмонлар мураббийдан тегишли кўрсатмаларни олган ҳолда бошлашди ва вазиятни ўзгартириш учун олдинга интилишди. Тез орада ҳужумкорлик ўз самарасини берди - марказдан олға интилган Александр Головин тўпни Радамель Фалькаога узатди. Тажрибали ҳужумчи эса ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Голдан руҳланган князлик клуби яна шиддатни оширди ва пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Радамель эса хотиржамлик билан ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа «Монако» «дубл»га «дубль» билан жавоб қайтарган ҳолда 1 очкони қўлга киритди.
Тэт ҳамда Фалькаонинг намунасини Килиан Мбаппе давом эттириб, пешқадамнинг иродали ғалабасини таъминлади. Ажойиб маҳсулдорликни намойиш этаётган франциялик тўпурар «ПСЖ»нинг охирги 6та голи муаллифидир. Унинг чемпионатдаги голлари 24тага етди, жамоа эса 26 учрашувда 71 очко тўплади. Шу пайтгача ҳеч қайси жамоага бундай сермаҳсуллик насиб этмаган.
Аввалги турда «Монако»дан енгилган «Лион» ўз майдонида «Тулуза»дан бор аламини олиб, 5:1 ҳисобидаги йирик ғалабага эришди. Қизиғи, бу баҳсда ҳам «дубль» қайд этилди, уни Мусса Дембеле ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Набиль Фақир эса самарали узатмалар бўйича «дубль» ва битта голни амалга оширди.
2-ўринни эгаллаб турган «Лилль» ҳам навбатдаги 3 очкони қўлга киритди, лекин кичик устунлик эвазига. Қизиғи, бу голни мезбонлар ўйинчиси эмас, балки «Дижон» вакили Веслей Лаутоа амалга оширганди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20