Қайднома

Қидирув

Статистика: Евромайдонда ишлар қандай

Статистика: Евромайдонда ишлар қандай

  09.03.2019 08:06
  0
  648
Статистика: Евромайдонда ишлар қандай

Газетамиз орқали Осиёда тўп сураётган футболчилар ва уларнинг топ-5 чемпионатларда кўрсатаётган ажойиб ўйинлари ҳақида маълумот беришни бошлаганимизга ҳам салкам 4 йил бўлиб қолди. Сардор Рашидовнинг Португалия чемпионати вакили «Насьонал»да илк ўйинлардаёқ асосий таркибга кириб олгани ва «хет-трик» қайд этгани бу сафарги мақоламиз учун сабаб топиб берди.

2018|2019 йиллар мавсуми иккинчи ярмида Европанинг етакчи чемпионатларида (9та) тўп сурувчи футболчилар 63 нафарга етди. Қўшилганлар эса 13 нафарни ташкил этади. Қатарнинг Осиё кубоги-2019да ғолиб чиққани бу юрт футболчиларининг Европага тез орада ўтишини англатмайди. Бунинг ўзига хос сабаблари кўп. Япония ва Жанубий Корея каби терма жамоаларнинг Европа сари футболчиларни «экспорт» қилиши арифметик прогресс қоидаси бўйича амалга ошаверади. Бу сафар чемпионатлар географиясини янада кенгайтирамиз. Осиё терма жамоаларидаги етакчи футболчиларнинг Европадаги иштироки қай тарзда кечиши ҳақидаги тахминлар билан ҳам ўртоқлашамиз.

 

Умумий картина

Мавсум аввалида Англия Премьер-лигасига 5 йиллик шартнома билан Алиризо Жаҳонбахш келди. Унинг гарданида катта босим бор. Дастлабки мавсумда ундан асосий таркибдан жой олмаса ҳам, камида 4-5та гол уриш талаб этилади. Унда еврокубокларда ўйнаш тажрибаси бўлмаганлиги боис, АПЛда мунтазам гол уриш даражасига чиқиш учун вақт керак. Ҳозирча у Англия чемпионатида 11та ўйинда иштирок этган бўлсада, гол уролмади.

Германияда эса ҳали-ҳамон Австралия, Жанубий Корея ва Япониядан келган футболчилар тўп суришмоқда. Бошқа Осиё жамоалари бу чемпионатга кела олишмаяпти. Мазкур лигада ўйнаб кетиш учун немис футболи муҳитига тезлик билан мослашиш ҳам талаб этилади. Яқинда «Боруссия» (Дортмунд)дан «Бешиктош»га ўтган Нури Шаҳин мисолида бу ерда ўйинида пасайиш сезилган футболчиларнинг баҳридан ўтиш у қадар қийин эмаслигини англаш мумкин.

Тез орада Сурия ва Ироқ футболчилари ушбу чемпионатга кириб келиши керак. Чунки улар рақобатбардош футбол учун анча идеал вариантдир. Аслида Вьетнам, Таиланд ва Хитой каби мамлакатларга Бундеслига шуҳратини ёйиш мақсади бу давлатлардан кўплаб футболчилар таклиф этилишини талаб қилади. Амалиётда эса немислар ўртамиёна футболчиларга кўнишмаса керак.

Испания Ла Лигаси ҳамон қитъадаошларимиз учун бегонадек. Сўнгги пайтларда бу чемпионатда ўртамиёна африкаликлар ва жанубий америкаликлар кўпайиб кетгани боис, осиёлик футболчиларга нон топилмаяпти. Устига-устак, тил муаммоси ҳам бор. Саудия ФФ яхшигина маблағ эвазига ўтан йили худди шу пайт­да 3 футболчисини Ла Лигага жойлаганди. Мундиалдаги вазифа бажарилмагач, уларнинг Пиреней ярим оролидаги саргузаштлари ўз якунига етди.

Янги қўшилганлар. Португалия чемпионати биз учун очилди. Transfermarkt маълумотларига таянадиган бўлсак, Сардор Рашидовнинг агенти сифатида Markovic&Binder агентлик гуруҳи кўрсатилган. 2019 йил 16 январда бу футболчининг «Локомотив» (Тошкент) клубидан «Насьонал» клубига трансфери 1,35 млн. фунт эвазига амалга оширилган.

«Валенсия» сафида 16-рақамда тўп сураётган Ли Канг Ин Жанубий Корея футболида янги юлдузлардан бири сифатида баҳоланмоқда. 2019 йил 12 январь куни Денис Черишев ўрнига майдонга тушган бу футболчи Ла Лига тарихида майдонга тушган энг ёш легионер (17 ёш 10 ой 24 кун) футболчи бўлди. «Валенсия» асосий таркибидан 30 январь куни жой олди. Бу клуб учун жами 9та ўйинда майдонга тушишга улгурди.

Терма жамоалар бўйича

Март ойидаги ФИФА кунларида терма жамоалар яна янги марралар учун таркибни синашни бошлаб юборишади. Осиё кубоги-2019 турнири ЖЧ-2022 учун янги схемалар ва футболчиларни синаб олиш учун асосий майдон бўлиб хизмат қилди.

Мисол учун, Япония терма жамоаси легионерлари Англия («Ньюкасл» «Саутгемптон»), Испания («Алавес», «Хетафе»), Германия («Ганновер 96», «Вердер»), Франция («Марсель»), Португалия («Портимоненсе»), Голландия («Гронинген»), Россия (ЦСКА М), Бельгия («Сент-Труйден», «Генк»), Туркия («Бешиктош»), Австрия («Ред Булл» З), БАА («Ал-Айн») чемпионатларида тўп суришади. Таркибга жалб этилмаганлар орасида Қатар ва Австралия чемпионатларида ўйновчи футболчилар ҳам бор. Айнан шу хорижий легионерлар сабаб японлар яна олдин эгаллаган позицияни қайтара олишди. Улар етакчи юлдузлар билан бир тарзда машғулот ўтказишади, уларга қарши тўп суришади, малакали мураббийлар тактик схемаларига мослашишади.

Япония термаси бош мураббийи Хажиме Мориясу Осиё кубоги-2019да Бельгия ва Голландия клубларида тўп сураётган футболчиларга имкон берди. Бу футболчилар терма жамоа учун атиги 7-12та ўйинда майдонга тушгандилар, холос. Япония авлодлар алмашинувини анча муваффақиятли ўтказмоқда.

Пауло Бенту устозлигидаги Жанубий Корея терма жамоаси асосан Германия Бундеслигаси (биринчи ва 2-дивизион), Англия, Италия, шунингдек, Япония, Хитой ва Қатар чемпионатларида тўп сурувчи футболчиларга таянди.

Бу сафарги ўйинлар орқали терма жамоа вакиллари ўзларининг энг яхши жиҳатларини кўрсатиш орқали ўз клубидаги ўрнига эга бўлишга интилишди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz