Қайднома

Қидирув

ЧИН ТОПҚИР ВА КАШФИЁТЧИ ёки Клод Пюэлда 23 йиллик мураббийлик тажриба...

ЧИН ТОПҚИР ВА КАШФИЁТЧИ ёки Клод Пюэлда 23 йиллик мураббийлик тажриба...

  10.03.2019 01:08
  0
  814
 ЧИН ТОПҚИР ВА КАШФИЁТЧИ ёки Клод Пюэлда 23 йиллик мураббийлик тажриба...

Эден Азар, Тьерри Анри, Давид Трезеге ва Уго Льорис каби турли давр юлдузларини бир жиҳат ўзаро боғлаб туришини биласизми? Диққат қилинг, уларни бир мураббий кашф этган (тўғрироғи, топган) ва у ҳозир ҳам топ-клубда эмас. Ҳа, шу факт нуқтаи назаридан Клод Пюэлни чин юлдуз сифатида эътирооф этиш мумкин. Бироқ... Мураббийликда 23 йиллик тажриба.  2та олий соврин. Ҳар иккиси нақ 17 йил олдин қўлга киритилган. Меҳнат дафтарчасида бирор топ-клуб йўқ. Охирги пайтда ҳам чемпионат турнир жадвали бўйича ўртамиёна саналган жамоадаги иш фаолияти. Бу фактларга қарасак, Пюэль топ-мураббийлар қаторига кирмайди, асло. Қолаверса, у асосан Францияда танилган, АПЛда эса фақат камтаринроқ жамоаларда ишлаган. Ҳа, Клод Пюэль дейлик, совринларга кўмилаётган Хосеп Гвардиола ҳам, кўмилган Жозе Моуриньо ҳам эмас.

Совринлар сони ва мақом бўйича шундай: Пюэль ўша омадли ва омадсиз Моуриньо ва прагматик Гвардиолани қўя турайлик, бошқа номдор касбдошлари олдига ҳам тушолмайди, албатта. Ликин мураббийликнинг асл моҳиятини назарда тутсак, Пюэль — чинакам даҳо. Энг сараларнинг сараси! Шунчаки, унинг асосий хусусияти ғалабалар ҳам эмас, тайёр супер-кжамоаларни бошқариш санъани ҳам эмас. Клод рейтингини оширадиган бошқа муҳим «қурол» бор - иқтидорларни топиш. Бемалол ва ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Пюэль бу борада ҳаттоки, топқирлиги билан донг таратган ҳамюрти Арсен Венгердан ҳам устун. Франциялик мутахассис жорий мавсум «Лестер»ни шуғуллантираётганди ва яқинда натижалар пастлиги боис, истеъфога чиқди. Бинобарин, «тулкилар» унинг раҳбарлигида АПЛда чемпионлик ёки совринли ўринлар тугул, евроарена йўлланмасига ҳам даъвогарлик қилолмадилар. Лекин Пюэль ҳар жойдаги одатига содиқ қолиб, фаол тарзда «Лестер» асосий таркибига бирин-кетин ёшларни тортди. Мисол учун, муҳташам «Уэмбли» стадионида «Тоттенхэм»га қарши кечган ўйинни олайлик: «тулкилар» сафида 22 ёшдан кичик нақ 8 нафар футболчи (!) майдонга тушди - шунчаки, нодир рақам. Ҳа, «Лестер» якунда кучли рақибга 1:3 ҳисобида ютқазди, аммо ўйин бобида жуда яхши кўринди, ҳаттоки, хотиржам ҳолда, «тақачилар»ни қимматли очколардан мосуво этиши ҳеч гап эмасди. Ҳар ҳолда, «Уэмбли»да меҳмонлар мезбонларга нисбатан кўпроқ хавфли вазиятлар яратишди, фақат уларга фойдаланиш коэффициентининг пастлиги панд берди. Бен Чилуэлл, Вилфред Ндиди, Жеймс Мэдиссон, Демарай Грэй, Юри Тилеманс ва Харви Барнс бошланғич таркибдан жой олган бўлсалар, яна икки ёш иқтидор - Калечи Ихеаначо ва Ҳамза Чоутхури ўйинга захирадан қўшилишди. Хуллас, Пюэль «Лестер» қиёфасини мутлақо ўзгартирмоқда.

«Тулкилар» сафидаги ҳозирги йигитлардан кимлардир яқин келажакда ҳақиқий юлдуз даражасига кўтарилса, асло ҳайрон қолманг. Эҳмимолки, улардан айримлари суперюлдуз мақомини ҳам олишар. Чунончи, Пюэль фаолияти давомида ёшларни катта саҳнага чиқариш сюжетини кўп бора такрорлаган. У айниқса, Франция чемпионатидаги ишида деярли ҳар йили лоақал 1-2 нафар мега-иқтидорни кучли клубларга ўтишини таъминлай олган. Энг қизиғи, мураббий ҳамиша трансфери нисбатан арзон футболчилар билан ишлайди. Тўғри, Пюэль номдор ўйинчиларни ҳам ўз жамоасига жалб қилади, фақат бунда ёш факторига бирламчи қоида сифатида қарайди. Оддий айтганда, унинг фахрийлар билан ишлашга унча тоқати йўқ. Умуман, француз мутахассиси кўпинча ҳали танилмаган «ғўр» йигитларга эътибор қаратиб, уларни аста-секин асосий жамоага қўшиб, юқори савияга олиб чиқиш ҳадисини яхши ўзлаштирган.

Энди аниқ асосларга ўтамиз. Очиғи, Пюэль томонидан кашф этилган машҳур футболчилар рўйхатига қараб, шунчаки, қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Биргина мураббий шунча топ-футболчиларни катта саҳнага олиб чиқиши мумкинми? Боз устига, ҳеч қачон йирик клубларда ишламаган ҳолда-я... Ҳа, мумкин, бунга Клод Пюэль фаолияти ёрқин мисол. У чиндан ҳам, ёшларда футболча истеъдодни вақтида илғай олади. Демак, эътибор қилинг, топқир француз топган энг сара юлдузлардан бемалол ўзига хос мукаммал рамзий терма жамоа шакллантириш мумкин.

Уго Льорис. 2008 йили Пюэль 22 ёшли голкиперни «Лион» сафига чорлади. Ўшанда «тўқувчилар» Франция миллий жамоасининг бўлажак биринчи рақамли дарвозабони учун «Ницца»га 7 миллион фунт стерлинг тўлашганди, албатта, Клоднинг қистови билан. Льорис ҳозир қандай мақомга эга? У жаҳон чемпиони, Франция терма жамоаси ва Англияда ўз ўрнига эга клуб - «Тоттенхэм»нинг ишонган кипери.

Вилли Саньоль. Германиянинг 5 карра чемпиони ва ЧЛ ғолиби. Саньоль бундай ютуқларга «Бавария»да эришди ва барчасига Пюэль сабабчидир. Диққат қилинг, француз мураббийи ҳимоянинг бўлажак «девори»ни «Монако»га чақирганида, у атиги 22 ёшли нотаниш йигитча эди. Франция термасида ҳам ёрқин из қолдирган Вилли айнан князлик клубидаги тартибли ҳаракатлари ортидан Бундеслигага йўл олитб. кейинчалик чемпионат афсоналаридан бирига айланди.

Одил Рами. Буниси янада салмоқли топқирлик: Пюэль 21 ёшли ҳимоячини Франция чемпионати тўртинчи дивизионида иштирок этувчи ...ҳаваскорлар жамоасидан олиб чиққан. Қаранг-а, «Лилль» Рами трансфери учун «нақ» 8 минг фунт стерлинг тўлаган. Хуллас, Одил кейинчалик Пюэль кашфиётлари рамзий жамоасини жаҳон чемпиони сифатида тўлдирди.

Данте. Таниш сценарий: Пюэль «Лилл»даги фаолияти давомида ўткир нигоҳларини 20 ёшли нотаниш йигитча томон буради ва кўп ўтмай, у «Бавария»дек гранд назарига тушади. Дарвоқе, Данте ҳам Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби - бу ҳам мураббий рейтингига қўшимча балл.

Рафаэль Маркес. Мексика терма жамоаси муҳофаза ишлари вазири «Барселона» билан шартнома тузишига қадар Францияда тўп сурди. Хуллас, Пюэль 21 ёшли йигитчани «Атлас» (Гвадалахара)дан таклиф этиб, «Монако»да бош ролга кўтарди. Лига 1даги амалиётдан кейин эса,  Маркес ЧЛда 2 марта бош соврин соҳиби бўлди, қолаверса, нақ 5та ЖЧда иштирок этди. Қойил, Рафа, тасанно, Клод.

Эрик Абидаль. Француз кашфиётчиси Абидални икки бора сотиб олган. Биринчи уриниши унча ўхшамади - 21 ёшли Эрик «Лилл»да ўзини кўрсатолмади. Лекин Пюэль чекинмади ва яна бир йилдан кейин «Лион»да Абидаль борасида адашмаганини тўла исботлади. Тўғри, биринчи уринишига нисбатан «сотиб олди» бирикмасини ишлатиш ноўрин. Зеро, Эрикни «Лилль» сафига ҳаваскорлар лигасидан жалб этган ва клуб айтарли харажат қилмаганди. Иккинчи уринишида эса, «Лион» раҳбарларини 300 минг евро тўлашга бир амаллаб кўндирди. Чунки клуб раҳбарияти «Лилл»да ўйнолмаган футболчини сотиб олишга қарши чиққанди. Лекин мураббий ўз қарашида мустаҳкам турди ва нишонни яна тўғри олганини кўрсатиб қўйди.

Йон-Арне Риисе. Норвегия футболига совға. 19 ёшли бақувватгина норвегиялик йигит ҳам Европа футболи билан айнан Пюэль туфайли танишди. Тўғри, Риисе «Монако» тизимига Клоднинг аралашувисиз қўшилган, лекин айнан унинг ташаббуси билан ёшлар таркибидан асосий жамоага сакраган. 2005 йили эса Йон-Арне «Ливерпуль» билан Европа клуб футболи тахтига кўтарилиб, норвегияликларга чинакам ғурур улашди.

Людовик Жюли. Франциялик собиқ ҳужумчи катта аренага юзланишига қадар Пюэль бошқарувида маҳаллий лига чемпиони бўлди. Кейин «Барселона» сафини тўлдириб, ЧЛ бош совринига қўл узатди. Фақат бу сафар Пюэль ёнида эмасди. Чунки унинг иши соврин ютиш эмас, балки Франция инкубаторларида иқтидорларни топиш.

Эден Азар. Бунисига нима дейсиз? Бельгиялик 16 ёшли тинейжер (иқтидор) ҳам катта футбол йўлига айнан Пюэль раҳбарлигида қадам ташлади. Яъни Азар «Лилл»даги эрта дебюти учун французга алоҳида миннатдорчилик билдириши керак. Асосийси, Клод тезда бельгияликни «анча узоққа» боришига ишонтира олди. Якунда худди шундай бўлди — Азарни ортиқча таърифлаш ўринсиз. Гап замонамизнинг энг яхши футболчиларидан бири ҳақида кетмоқда, шубҳасиз. Бошқача айтганда, у Клод Пюэль имзоси остидаги энг сара кашфиётлар қаторида.

Давид Трезеге. 21 ёшида Пюэль эътиборига тушган Трезеге «Монако»даёқ суперҳужумчи мақомига эришди. Натижада «Ювентус» бўлажак жаҳон ва Европа чемпиони трансфери учун ўша вақт ўлчови билан катта харажат қилди - 30 млн. евро.

Тьерри Анри. Франциялик ёш ҳужумчи ўз юртида дуч келган ҳимоячини қийнай бошлаган вақтда Пюэль «Монако» бош мураббийи ассистенти сифатида ишларди. Клод клуб бошқарувини ўз қўлига олгач, Тьерри ўйинига янада сайқал бериб, уни «Арсенал»га кузатиб қўйди. Воқеаларнинг кейинги ривожи кўпчиликка маълум...

Захира. Клод Пюэль кашфиётлари рамзий терма жамоаси захираси учун ҳам юлдузлар етарли. Ҳар ҳолда, айнан француз топқири ташаббуси билан сотиб олинган ёки асосий жамоага жалб этилган футболчилар қаторида Карим Бензема, Александр Лаказетт, Миралем Пьянич, Деян Ловрен, Стефан Лихштайнер, Сидней Гову, Матьё Дебюши каби юлдузлар ҳам бор. Тан олайлик, шунча машҳур фамилия гоҳида ўнлаб совринлардан ҳам муҳимроқ кўринади.

         Клод Пюэлнинг мураббийлик статистикаси

Жамоа

Мамлакат

Иш давомийлиги

Натижа

Ў

Ғ

Д

М

Ғалаба фоизи

«Монако»

 Франция

1999 йил 13 январь - 2001 йил 30 июнь

91

44

16

31

48,35

«Лилль»

Франция

2002 йил 1 июль - 2008 йил 17 июнь

298

119

94

85

39,93

«Лион»

 Франция

2008 18 июнь - 2011 йил 20 июнь

154

74

44

36

48,05

«Ницца»

Франция

2012 йил 23 май - 2016 йил 24 май

167

68

37

62

40,72

«Саутгемптон»

 Англия

2016 йил - 2017 йил 14 июнь

53

20

13

20

37,74

«Лестер Сити»

 Англия

2017 йил 25 октябрь - 2019 йил 24 февраль

70

26

18

26

37,14

Жами:

833

351

222

260

42,14

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz