Қайднома

Қидирув

МАРТА: «МЕНИ ОНАМ ИЛҲОМЛАНТИРГАН»

МАРТА: «МЕНИ ОНАМ ИЛҲОМЛАНТИРГАН»

  10.03.2019 03:19
  0
  155
МАРТА: «МЕНИ ОНАМ ИЛҲОМЛАНТИРГАН»

Жаҳон бўйлаб 30 миллионга яқин қиз ва аёллар футбол ўйнашади. Лекин энг юқори чўққига чиқиш айнан унга насиб қилган. Унинг исми Марта Виейра да Силва. Бир неча бор жаҳоннинг энг яхши аёл футболчиси бўлган. У 1986 йили туғилган, яъни Бразилияда аёлларнинг футбол ўйнашини тақиқловчи қонун бекор қилинганидан етти йил ўтиб. 1979 йили қонун бекор қилинганидан сўнг афсонавий Пеле маҳаллий газеталардан бирига берган интервьюсида «Футбол аёллар учун хобби бўлиши мумкин, аммо улар ҳеч қачон спортнинг бу тури билан профессионал тарзда шуғулланишмайди», деганди. Ўшанда футбол қироли йиллар ўтиб ватандошини «юбкали Пеле» деб аташларини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Яқинда Марта ФИФАнинг расмий сайтига интервью бериб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

 

- Марта, бир неча бор жаҳоннинг энг яхши аёл футболчиси бўлгансиз. Таассуротлар қандай?

- Жуда хурсандман. Лекин бу сов­рин мен учун қаналик масъулиятли эканлигини ҳам тушунаман. Футболда изланишда давом этишим керак.

- Коллекциянгизда совринлар учун яна жой борми?

- Албатта! Кубоклар ва бошқа сов­ринлар учун ҳамиша жой топилади. Коллеж жамоаси сафида қўлга киритган биринчи медалимни ҳозиргача кўринадиган жойда сақлайман. Кубоклар учун эса алоҳида «полка» қилишимга тўғри келади.

- Сиз жиддий рақибалар - Аду Хегерберг ва Женнифер Марожанларни ортда қолдирдингиз...

- Ҳа, Ада ва Женнифер ажойиб футболчилар, ўз клублари учун кўп ишларни қилишган. Улар бирга ўйнашади. Айнан шу жиҳат ҳам ривожланишларида қўл келади. Шундай футболчиларни ортда қолдирганим билан фахрланаман.

- Футбол жонга тегадиган вақтлар ҳам бўладими?

- Агар шундай ҳолат кузатилса, фаолиятимни якунлайман. Ҳозирча ундай эмас. Акс ҳолда, ушбу интервьюни бераётиб қалтирамасдим. Энг яхши бўлишни истамасдим, жамоамнинг 10-рақамли либосини киймасдим, кўп голлар урмасдим. Футбол ҳаётимга айланган. Бу олти ёшимда бошланган умр йўлимдир.

- Айнан ўшанда профессионал футболчи бўлишни мақсад қилганмисиз?

- Унчалик эмас. Шунчаки, қариндошларим билан вақтимни бирга ўтказардим ва кўчада тўп тепардик.

- Риога биринчи келганингизда қандай қийинчиликларни бошдан кечиргансиз?

- Эндигина 14 ёшда эдим. «Васко да Гама» кўригида бўлганман. Ўшанда бу клубда фақатгина U-19 жамоаси бор эди. Агар синовдан ўта олмаганимда, биринчи автобус билан ўз юртим - Алагоасга йўл олардим. Лекин омадим келиб, имтиҳонлардан ўтганман ва мени қабул қилишган. Ўшанда Маркос исмли дўстим ёрдам берган. Умуман олганда, яхши шаклланган аёллар жамоасида ўйнаш ва ажо­йиб шаҳарда яшашдан хурсанд эдим.

- Сизни ким илҳомлантирган?

- Болалигимда қийинчиликлар бўлган. Шаҳримизда яшаш оғир эди. Бунинг устига, ота-онам ажрашиб кетишган. Ўшанда ҳали бир ёшга ҳам тўлмагандим. Онам тўрт фарзанд билан қолган. У бизни қўлидан келганича боққан. Шундай экан, мени илҳомлантирган шахс сифатида бемалол онамни кўрсата оламан. У мен ҳавас қиладиган ягона инсон!

- Ҳозирда футболдан ташқари жамоат ишлари билан ҳам шуғулланасиз...

- Ҳа, лекциялар ўтказаман ва қашшоқликка, генлер тенгликка қарши курашаман. Айнан ўзим жинсий камситишларни бошимдан ўтказганман. Шу боис ҳам иложи борича кўпроқ инсонларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

- Қийинчиликлар? Нимани назарда тутяпсиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, 14 ёшимдан буён профессионал футболдаман. Лекин ўшандан бир йил олдин ўз шаҳримда ташкил этилган турнирда қатнашмоқчи бўлганман. Бироқ бунга имкон беришмаган. Нима учунлигини биласизми? Чунки мен қиз бола эдим. Шунчаки, бунга тушуна олмаганман.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz