Қайднома

Қидирув

Рақибларимиз: Гуруҳдан чиқиш орзусидаги клуб

Рақибларимиз: Гуруҳдан чиқиш орзусидаги клуб

  11.03.2019 02:15
  0
  552
Рақибларимиз: Гуруҳдан чиқиш орзусидаги клуб

«Ал-Райян» - Қатарнинг иккинчи рақамли жамоаси, десак кўпчилик фикримизга қарши чиқиши мумкин. Лекин ОЧЛда «Ал-Садд»дан кейин энг кўп қатнашган клуб айнан «Ал-Райян» бўлади. Тўғри, бу жамоа омадсиздек туюлиши мумкин, лекин рақобатбардошлиги, курашга тўймаслиги билан ҳам ажралиб туради. ОЧЛга ҳам Эроннинг «Сайпа»сини енгиб йўл олди. Аммо биринчи турда ўзига ўхшамади.

Ал-Райян шаҳрининг шу ном билан аталувчи клуби нафақат футбол, балки футзал, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси ва сузиш бўйича ўз жамоларига эга ва уларни молиялаштириб келади. 1967 йилда жамоа ташкил топганда, унга қизил ва қора ранглар билан расмий герб чизилганди. Бу ранглар орадан 52 йил ўтса ҳамки, ўзгармади. Ўз принципларига эга классик жамоа! Клуб тарихини мутахассислар 5 даврга - ташкил топиш (1967-1973), эрта тарих (1973-1988), шараф йўли (1988-2000), қурғоқчилик йиллари (2000-2013), омад сари қайтиш (2014 йилдан бошлаб) бўлишади. Жамоанинг сўнгги уйғониши 2014 йилга тўғри келади. Ўшанда иккинчи дивизионда ғолиб чиққан «Ал-Райян» кейинги мавсум (2016 йил 5 март) Юлдузлар лигасида ҳам зафар қучди. Қўшимчасига, бу клуб ўша мавсум 11та ўйинда кетма-кет ғалаба қозониб, лига рекордини ўрнатди.

«Ал-Райян» тарихида Мансур Муфтаҳ (324 ўйин), Абдулраҳмон Месбеҳ (204 ўйин), Салмон Месбеҳ (187 ўйин) каби футболчилар ажралиб туришади.

Жорий мавсум (2018|2019) чемпионатдаги ҳолати: 18 ўйин, 8 ғалаба, 6 дуранг, 4 мағлубият, тўплар нисбати: 25-22. 4-ўрин. Жорий мавсум чемпионатда энг кўп гол урган футболчиси: Родриго Барбоса Табата (6та гол). Айни пайт 1-ўриндаги «Ал-Садд» жамоасидан 17 очко ортда қолган ва 3-ўринни олиш учунгина назарий ва амалий имконияти бор.

Бош мураббий. Туркиялик мутахассис Бюлент Уйғун 2018 йил окт­ябрида «Ал-Райян»ни қабул қилиб олгандан сўнг жамоа ўйинида марказни кучайтириш ишларини амалга оширди. Лекин кетма-кет икки йирик мағлубият туфайли клуб раҳбарияти бу мураббийни истеъфога чиқарди.

Сўнгги 8 йил ичида жамоада 7 нафар бош мураббий ишлади. Улар орасида Пауло Аутори ва Микаэль Лаудруплар анча муваффаққиятли фаолият юритдилар. Жамоада сўнгги 22 йилда маҳаллий мураббий ишламаган.

Легионерлари:

Гонсало Виейра Давит (ҳимоячи, Уругвай). 1987 йил 8 февралда туғилган. Сўнгги 4 мавсумни ушбу клубда ўтказган, бўйи 185 см. бўлган ўнг қанот ҳимоячиси ҳар мавсум 2тадан тўп киритади. «Ал-Иттиҳод»га қарши баҳсда урилган ягона гол - унинг жорий мавсумдаги иккинчи голидир. Огоҳлантириш олишга бўлган ғайратини пасайтирган кўринади. Қатарга келгунига қадар «Пеньярол» (Монтевидео) клубида ўйнаган.

Ко Мёнг Жин (ярим ҳимоячи, Жанубий Корея) 1988 йил 9 январда туғилган. 2008-2015 йилларда «Сеул ФК» сафида тўп сурган бу футболчи 2013 йили ОЧЛ финалида ўйнаган. Ушбу жамоага 2015|2016 йиллар мавсуми бошида қўшилган Мёнг Жин ярим ҳимояда «об-ҳавони белгилайдиган»лар тоифасига киради.

Гельмин Хавьер Ривас Боада (ҳужумчи, Венесуэла) 1989 йил 23 мартда туғилган. Бундан 4 мавсум олдин Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоасига келиб қўшилган. «Ал-Райян» сафига 2019 йил 5 февралда ўтди. «Сайпа» ва «Ал-Араби» клубларига қарши ўйинларда гол урди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, араб футболи учун у жами 44та тўп киритган.

Лукка Борхес де Брито (ҳужумчи, Бразилия). 1990 йил 14 февралда туғилган. Бразилиянинг «Коринтианс» клубидан «Ал-Райян»га 1 йилга ижарага берилган футболчи 11 ўйинда 5та гол урди. 12 февралда «Ал-Дуҳайл»га қарши баҳсда янги жамоасидаги голлари ҳисобини очди.

Клуб юлдузи. Себастьян Сория Куинтана. 1983 йил 8 ноябрда туғилган. «Ал-Райян» сафида жами 31та гол урган. Бундан олдин «Ал-Гарафа», «Қатар СК» ва «Ал-Дуҳайл» жамоаларида тўп сурган. Фахрий футболчи ҳамон асосий таркибдаги ўрнини ёшларга бўшатиш ниятида эмас. Қатар клублари билан 8та миллий совринни қўлга киритган.

 

Ташкил топган вақти: 1967 йил

Клубнинг тўлиқ номи: «Ал-Райян спорт клуби»

Клуб эгаси: Шайх Саид бин Холид ал Тани

Стадиони: «Аҳмад бин Али» (27000 томошабин сиғади)

Совринлари:

Қатар чемпионлиги|ЮлдузларЛигаси ғолиблиги (8 марта): 1975-1976, 1977-1978, 1981-1982, 1983-1984, 1985-1986, 1989-1990, 1994-1995, 2015-2016

Валиаҳд Шаҳзода кубоги (4 марта): 1995, 1996, 2001, 2012

Қатар амири кубоги (6 марта): 1999, 2004, 2006, 2010, 2011, 2013.

Қатар Суперкубоги|Шайх Жассим кубоги (5 марта): 1992, 2000, 2012, 2013, 2018

 

«Ал-Райян»нинг ОЧЛдаги иштироки

Ушбу жамоа 8 марта турнир гуруҳ босқичида қатнашган бўлса, бирор марта гуруҳдан чиқолмаган. Жами 12 ғалаба, 7 дуранг, 30та мағлубият қайд этган. «Ал-Райян» жорий мавсумни ҳам мағлубият билан бошлади:

2005 йил: гуруҳ босқичи (2 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият)

2007 йил: гуруҳ босқичи (2 дуранг, 4 мағлубият)

2011 йил: гуруҳ босқичи (1 ғалаба, 1 дуранг, 4 мағлубият)

2012 йил: гуруҳ босқичи (2 ғалаба, 4 мағлубият)

2013 йил: гуруҳ босқичи (1 ғалаба, 1 дуранг, 4 мағлубият)

2014 йил: гуруҳ босқичи (1 ғалаба, 5 мағлубият)

2017 йил: гуруҳ босқичи (2 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият)

2018 йил: гуруҳ босқичи (1 ғалаба, 3 дуранг, 2 мағлубият)

2018 йил: гуруҳ босқичи (1 мағлубият)
***
Айтганча, "Темирйўлчилар" Доҳада "Ал Райан" меҳмони бўлишади. Кеча маҳаллий вақт билан 14:00да ўйин олдидан митинг, сўнгра матбуот анжумани ташкил этилди. Учрашув комиссари олиб борган митингда ўйинга алоқадор ташкилий масалалар келишиб олинди, шунингдек эртанги беллашувда жамоаларнинг қайси либосларда тўп тепишига ойдинлик киритилди. 

Демак, меҳмон жамоа "Локомотив" эртага оқ либосда ҳаракат қилади. Майдон эгалари "Ал Райан" эса ўзининг йўл-йўл қизил-қора рангли футболкаларида ўйнайди. Бугунги баҳс "Жассим бин Ҳамад" стадионида бўлиб ўтади ва маҳаллий вақт билан 18:35 (Тошкент вақти билан 20:35)да старт олади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz