Қайднома

Қидирув

Гаиска Мендьета: «Буқалар жангида қатнашганимиз ёдимда»

Гаиска Мендьета: «Буқалар жангида қатнашганимиз ёдимда»

  13.03.2019 02:11
  0
  546
Гаиска Мендьета: «Буқалар жангида қатнашганимиз ёдимда»

Москвада ташкил этилган «Афсоналар кубоги» турнири Европанинг кўплаб юлдузларини бир ерга жам қилди. Championat.com сайти улардан бирини суҳбатга тортди. Мендьета ўзининг асрлар алмашуви давридаги ўйинлари орқали танилган. Касбдошларимиз Гаиска билан яқин ўтмишни хотирлаб, фаолиятидаги қизиқарли воқеалар хусусида суҳбатлашишди.

- Аввало, бизни ажаблантирган саволга жавоб берсангиз: футболчи қандай қилиб мусиқа шайдосига айланди?

- Мусиқага ўсмирлик давридан қизиқаман. 60-йиллар асарларидан тортиб, замонавий тароналар пластинкаларини харид қилганман. Лекин ҳеч қачон DJ бўлишни хаёлимга келтирган эмасман. Футболчилик давримда тез-тез Валенсиядаги дўстимнинг уйига бориб, тунги клубда у билан ўйнаб турардим. Фаолиятим якунлангач, ўша дўстим мени фестивалга таклиф этди. Ҳамкорликдаги иштирок маъқул бўлди. Чиқишларимда телефон ва ноутбукдан фойдаланмас, фақат винил пластинкаларга мурожаат этардим.

- Россия терма жамоасининг собиқ аъзоси ҳам DJ эканини биласизми?

- Ким?

- Руслан Нигматуллин.

- Ие, шунақами? Биз у билан «Афсоналар кубоги»да бирга ўйнагандик.

- Унинг услуби сизга ёқадими?

- Услуби, ҳа. Лекин мусиқаси эмас (кулади). Чунки у асосан тижоратга мўлжалланган. Бир неча йил аввал Руслан менга ўз мусиқалари дискини совға қилганди. Бироқ тинглаб кўришга улгурмадим.

- Россияга илк ташрифингиз ёдингиздами?

- «Валенсия» Ярославлда «Шинник»ка қарши майдонга тушганди. Эҳ-ҳе, ажойиб саёҳат бўлганди. Лекин йилини эслай олмаяпман...

- 1998.

- Тўппа-тўғри, ўша дастлабки ташрифим эди.

- Йўқ. Сиз 1996 йилда «Валенсия» билан Президент кубоги турнирига келгансиз.

- Бўлди-бўлди, бу Арагонес даври эди. Ўшанда озиқ-овқат масаласида муаммо юзага келганди. Керакли маҳсулотларни топиш учун ошпазимиз анча тер тўкканди. Чунки биз режимга амал қилишни истагандик.

- «Шинник»ка қарши баҳс бундан ҳам қийинроқ кечган бўлса керак?

- Майдондаги сув шунчалик кўп эдики, тўп зўрға думаларди. Менда бурчак тўпини амалга ошираётган пайтимдаги видеолавҳа бор. Ўша ўйин фаолиятимдаги энг оғир беллашув бўлганди.

- Тўпни иложи борича юқорида олиб юришга урингандирсиз?

- Ҳа, тўпни аввал кўтариб, тушаётганда зарба йўллаш керак эди. Худди пляж футболидаги каби. Тўғри, биз узун тишли бутсаларда тушгандик, аммо бу фойда бермади.

- Ярославлга қишда бормаганингизга шукр қилинг. Акс ҳолда, вазият янада оғирроқ бўларди...

- Қишда Москвада ўйнаганман!

- Бу фаолиятингиздаги энг совуқ ўйин бўлганми?

- Ҳа, 90 дақиқа тамом бўлгунча оёқларим музлаб қолган.

- Танаффус пайтида «Энди бу ерни елкамнинг чуқури кўрсин», деган фикр кўнглингиздан ўтган бўлса керак?

- Ҳа. Кофе ҳамда чой ичиб, ўзимизга келдик, бутсаларни ечиб, оёқларни қайноқ сув билан иситдик. Лекин майдонга тушишимиз билан яна музлаб қолдик, панжаларимиз сезгирликни йўқотиб бўлганди.

- 1996|1997 йиллар мавсумида Валерий Карпин билан ёнма-ён тўп сурдингиз. Жамоадошингизнинг қайси хислати сизда кучлироқ таассурот қолдирган?

- Унинг табиати. Ўта тажовузкор ўйнарди. Ўта бақироқ ва фаол, лекин албатта, самимий ва яхши инсон.

- Сизга ҳам бақириб турармиди?

- У ҳаммага бақирарди (кулади). Менимча, ҳозир ҳам ўзгармаган. Валера мураббий бўлишни орзу қиларди. Яқинда мусобақалардан бирида учрашиб қолдик, ўша-ўша, ўзгармаган.

- «Валенсия»да ғайритабиий жамоавий тадбирлар ҳам бўлганми?

- Менимча, ҳозир бу мавзуда гапирсам бўлаверади. Биз бир марта буқалар жангида иштирок этганмиз. Тўғри, буқалар эмас, буқачалар билан беллашганмиз. Карпин ҳам унда қатнашганди. Менда унинг ўша пайтдаги сурати бор. Бироқ уни сизга кўрсатишим учун Валеранинг рухсати керак.

- Карпин ҳеч қачон ўз билганидан қолмайди. «Валенсия»да ҳам шунақа ўжармиди?

- Ҳа, бизда ҳам айнан шунақа эди. Агар Карпин ноаниқ узатмани амалга оширган бўлса, у эмас, биз айбдор бўлардик. Чунки керакли жойда турмагандик...

- Интервьюларнинг бирида Карпин Арагонеснинг машғулотларидан шикоят қилганди. Машқлар чиндан ҳам оғирмиди?

- Футболчилар вақти-вақти билан машғулотлар услуби, савияси ва бошқа жиҳатлардан нолиб туришади. Карпин улардан бири. Арагонес даврида тўпсиз кўп югурардик. Бу - ёқимсиз машғулот. Ромарио можароси ҳам шу туфайли келиб чиққанди.

- Ўшанда нима бўлганди?

- Бир ой шуғулланмай юрдик. Мавсумолди тайёргарликнинг илк кунида мураббий 10 марта 1км.дан югуришимизни маълум қилди. Ҳаммамиз бирданига бақириб юбордик: «Нима-а?». Биринчи айланада Ромарио биздан орқада қола бошлади, кейингисида янада кўпроқ, учинчисида шунчаки югурмай қўя қолди. Бу борада мен муаммога дуч келмадим: 13 ёшгача енгил атлетика билан шуғулланиб, Испания чемпиони бўлганман, рекордлар ўрнатганман. Ихтисосим 1км.га шунчаки ва тўсиқлар оша югуриш эди.

- Карпин асосий таркиб ўйинчиси бўлган. Нима учун бир мавсумдан кейин жамоани тарк этди?

- Чунки у Карпин-да! Яхши ўйнаганидан хабардорсиз. Аммо нимадандир норози бўлса, ҳеч кимга қулоқ солмайди. Менимча, у клуб соҳиби билан келиша олмай қолганди.

- 2002|2003 йиллар мавсумини «Барселона»да ўтказдингиз. У ердаги таассуротлар қандай?

- Мен Италиядаги 2 йиллик оғир фаолиятдан сўнг қайтгандим. Шу давр ичида 6 нафар мураббий ва 4 нафар президентни кўргандим. Ўзгаришлар кўп бўлганди. «Барселона» ўзининг фалсафаси билан жалб этганди.

- Яъни, «тики-така», шундайми?

- «Барса» ўйини ҳамиша «тики-така»га асосланган. Фақат турли даврлари билан фарқ қилади. Каталонияга хос ДНК эса ўзгаришсиз қолаверади.

- Ўша даврда сиз «Камп-Ноу»да «Барса» дарвозасига ажойиб гол ургандингиз. Трансферингизга шу гол сабаб бўлганми?

- Шу тарзда фикр юритадиган бўлсак, «Барса» мендан кўра кўпроқ гол урган Виолани танлаган бўларди. Аслида, Луи ван Галга менинг услубим ёқиб қолганди. У жамоага таклиф этди, мен рози бўлдим. Тўғри, баъзан қайсидир жамоа дарвозасига урилган гол ўша жамоа таркибидан жой олишга сабаб бўлади.

- «Камп-Ноу»даги ўша голни фаолиятингиздаги энг жозибалиси дея оласизми?

- Йўқ. Ўзимга ёқадиган энг чиройли голимни «Сан-Мамес» стадионида, Испания кубоги турнири финалида «Атлетико» дарвозасига урганман.

- Ёш Хави билан Иньесталар сизнинг даврингизда «Барса»га келишганди. Улардаги ноёб иқтидор ўша пайтдаёқ маълум эдими?

- Нечта соврин олишларини тахмин қилиш қийин эди, аммо юксак савия соҳиблари эканлиги сезилиб турарди.

- Бу футболчиларнинг қайси бири кучлироқ таассурот қолдирган?

- Хави билан анчадан бери ёнма-ён тўп сурганмиз, Иньеста эса энди сафимизга қўшилганди. Аввалига у ориққина йигитча эди. Мен унга, аввало, асабийлашмасликни, ишни оддий узатмалардан бошлашни маслаҳат берганман. Шу тариқа тажриба тўплаб, етакчилар сафидан жой олишини тушунтирганман. Очиғи, уларнинг фаолиятини таққослаш осон эмас.

- Испания терма жамоасининг ЖЧ-2018 нимчорак финалида мусобақадан чиқиб кетишини қандай баҳолайсиз?

- Бу испан халқи учун даҳшатли зарба бўлди. Жамоага яқин кишилар ҳолатига ҳавас қилиб бўлмасди. Биз Бразилиядаги омадсизлик тасодиф эканини исботлашимиз керак эди. Мундиални яхши бошладик, Португалияга қарши рисоладагидек тўп сурдик, лекин Россия билан...

- Лопетегининг кутилмаган истеъфоси кўпчиликни ажаблантирди.

- Ҳа, лекин биласизми, у федерациядан рухсат олмаган тарзда «Реал» билан келишиб олганди. Ваҳоланки, раҳбарият мундиал якунига қадар ундан сабр қилишни сўраганди. Охир-оқибат, федерация Лопетегини хоинликда айблади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz