Қайднома

Қидирув

Евротур: Кимда тежамкорлигу, кимларда...

Евротур: Кимда тежамкорлигу, кимларда...

  14.03.2019 01:21
  0
  283
Евротур: Кимда тежамкорлигу, кимларда...

ЕЧЛ чорак финали йўлланмаси тақдирини ҳал қиладиган жавоб учрашувлари арафасидаги ҳафтада айрим иштирокчилар асосий кучларни ўзига хос мини-финалга қаратишни лозим топишди. Қолганлар эса чемпионатдаги мавқеларини мустаҳкамлаш аҳамияти нуфузли турнирникидан кам эмас, деган қарорга келишди. Қизиғи шундаки, Диего Симеоне ва Массимилиано Аллегри худди ўзаро келишиб олгандек йўл тутишди.

Англия. Агуэро урмаса, Стерлинг бор!

Пешқадамликка кўтарилиб олган «Манчестер Сити» бу турда кутилганидек «Уотфорд»га имконият қолдирмади - 3:1. Тўғри, учрашув майдон эгаларининг тўлиқ устунлиги остида ўтган бўлсада, танаффусга қадар дарвозалар дахлсиз қолди. Лекин иккинчи бўлимдаги дастлабки ҳужумдаёқ Раҳим Стерлинг Серхио Агуэронинг узатмасини голга айлантириб, ҳисобни очди. Ана шу паллада қанот ҳаками байроқчасини кўтаргани боис, рефери бироз ўйланишдан кейин голни инобатга олди. Ҳакамнинг ўз ёрдамчисига эмас, кўпсонли мухлислар фикрига ишонч билдиргани Раҳимни шунчалик илҳомлантирдики, кейинги 13 дақиқа ичида у яна 2 марта меҳмонларни ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Ўйин тақдири ҳал бўлганидан кейин мезбонлар суръатни бироз пасайтиришди. Оқибатда «Уотфорд» жавоб тўпини киритиб, йирик мағлубиятдан қутулиб қолди. Стерлингнинг ўз фаолиятидаги иккинчи «хет-триги» «шаҳарликлар»га муҳим 3 очкони келтирди.

Ўз ўрнини чемпионга бўшатиб берган «Ливерпул»ни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмаслиги аввалдан маълум эди. Шу боис, Юрген Клопп «Бавария»ни бир четга сурган ҳолда «Бёрнли»ни жанговар таркиб билан қарши олди. Бироқ «қора гуруҳ»га қўшни бўлган рақиб ҳам шунга яраша тайёргарлик кўргани ойдинлашди. Ҳисобни меҳмонлар тезкор гол билан очишди. Шундан кейин «қизиллар» шиддатни оширдилар ва Фирмино ва Маненинг голлари эвазига олдинга чиқиб олишди. Янада муросасиз ўтган иккинчи бўлимнинг ўрталарида ҳисобдаги фарқ йириклашди, яна Фирмино ўзини кўрсатди. Қўшимча дақиқалар бошланганида ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди. Бироқ Гудмундссоннинг голи вазиятни кескинлаштирди. Натижада меҳмонлар 1 очко илинжида олдинга ташланишди ва... ўз дарвозаларидан 4-тўпни ўтказиб юборишди, Салоҳнинг узатмасини голга айлантирган Мане ҳам «дубль» муаллифига айланди.

ЕЧЛнинг чорак финал йўлланмасини нақд қилган «Тоттенхэм» эса сафарда «Саутгемптон»га имкониятни бой берди. Ваҳоланки, лондонликлар Кейннинг аниқ зарбаси эвазига 26-дақиқада олдинга чиқиб олишганди. Бироқ элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга солаётган «авлиёлар» чинакам жасорат кўрсатишди ва 4 дақиқада икки марта Уго Льорисни доғда қолдиришди.

ЕЧЛ йўлланмасига асосий даъвогарлардан яна бири - «Челси» кутилмаганда «Вулверхэмптон» билан дурангга рози бўлди. Аниқроғи, қўшимча вақтда Азарнинг олисдан йўллаган кучли зарбаси «кўклар»ни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Турнинг якунлаб берган «Арсенал» - «МЮ» қарама-қаршилиги ҳам муросасиз тарзда ўтди. Чунки ғалаба 4-поғона тақдирини ҳал қиларди. Беллашувда томонлар деярли бир хил кўрсаткичларни қайд этишди. Фақат «Арсенал» ҳар бўлимда бир мартадан де Хеа дарвозасини забт этди - аввалига Гранит Жака олис масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди, кейин Обамейянг пенальтини голга айлантирди. Сульшер шогирдлари мағлубиятсиз серияни узайтириш учун кўплаб ҳужумлар уюштиришди, лекин Бернд Ленони алдай олишмади. Шу тариқа «тўпчилар» квартет аъзосига айланишди.

 

Испания. Майдонда «Леганес», хаёлда «Ювентус»

«Атлетико»нинг ўз майдонидаги ўртамиёна «Леганес»­га қарши беллашувида Диего Симеоне иложи борича етакчи ўйинчиларга дам беришга интилди. Боиси, бор-йўғи икки кундан кейин унинг жамоасини Туринда муҳим учрашув кутиб турарди. Натижада «матрасчилар» биринчи бўлимда рақиб дарвозасига йўл топа олмадилар. Танаффусдан кейин эса захирадан тушган Сауль пенальтини голга айлантириб, ҳисобни очди. Тўғри, буни такрорий зарба эвазига уддалади. Ана шу гол баҳс ғолибини аниқлаб берди.

Турнир жадвалини ишончли бошқараётган «Барселона» «Камп-Ноу»да «Райо Вальекано»ни қабул қилиб, аввалига ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Лекин танаффусга мувозанатни тиклаган ҳолда йўл олди. Иккинчи бўлимдаги устунлик майдон эгаларига яна 2та гол уриш имкониятини берди. 50-дақиқада Месси пенальтини қийинчиликсиз муваффақиятли амалга оширди. Ярим соатдан кейин Суарес аниқ зарбаси билан якуний ҳисобни ўрнатди.

ЕЧЛни барвақт тарк этган «Реал» тобора жадвал тубига яқинлашаётган «Вальядолид» майдонига ташриф буюриб, сафардан йирик (4:1) ғалаба билан қайтди. Бироқ аввалига жиддий қаршиликка дуч келди - мезбонлар Куртуа дарвозасига нақ 3 марта йўл топишди. Лекин ҳакам фақат битта голни инобатга олди. Бунгача мезбонлар пенальтидан унумли фойдалана олишмаганди - Рубен Алькараснинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устидан ўтиб кетганди. «Қироллик клуби» эса танаффусга қадар мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди.

Иккинчи бўлимда устунлик меҳмонлар томонига ўтди ва Карим Бенземанинг «дубл»и мезбонлар қаршилигини бутунлай синдирди. Ниҳоят, Лука Модрич зафарга йирик кўриниш бахш этди.

«Реал»нинг энг яқин таъқибчиси - «Хетафе» ўз уйида аутсайдер - «Уэска» билан бўлган баҳсда иродали ғалабага эришди. Меҳмонлар Кальехонинг голи эвазига 1-бўлимда олдинга чиқиб олишганди. Мезбонлар фақат танаффусдан кейингина учрашув тақдирини ўз фойдаларига ҳал қилишди - Матанинг «дубл»и муҳим 3 очкони тақдим этди.

 

Италия. Аллегрининг Симеонега жавоби

27-турни бошлаб берган «Удинезе»га қарши учрашувда «Ювентус» устози Массимилиано Аллегри «Кекса синьора»га хос донолик билан Роналду, Манжукич ва Дибалани майдонга туширмади. Чунки жамоа икки кундан кейин «Атлетико»ни қабул қилиб, Мадриддаги 2 тўп фарқини бартараф этиши лозим эди. Бу вазиятда жамоанинг 19 ёшли иқтидор соҳиби Мойзе Кин катта саҳнага чиқди ва ўз имкониятидан самарали фойдаланди. Аввалига ёш ҳужумчи тезкор гол билан ҳисобни очди, кейин уни «дубл»га айлантирди. Танаффусдан кейин эса жамоаси учун пенальти ишлади. Эмре Жан пенальтини голга айлантиргач, ўйин тақдири ҳал бўлганди. Бироқ Матюиди ҳам юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб тўртинчи голни урди. Фақат шундан кейин меҳмонлар жавоб тўпини киритишди.

Чемпионнинг энг яқин таъқибчиси бўлган «Наполи» яна очко йўқотди. Тўғри, неаполликлар 3 кун муқаддам ўз майдонларида «Зальцбург» билан ЕЛ доирасида куч синашишган ва 3:0 ҳисобида зафар қучишганди. Балки ўша учрашувдан кейинги чарчоқ аломати халал бергандир, нима бўлганда ҳам, меҳмонлар сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди - 1:1.

Милан жамоалари учун тур омадли келди. Гаттузо шогирдлари Веронада «Кьево»ни таслим этишди (2:1), «Интер» эса ўз майдонида СПАЛ дарвозасига 2та жавобсиз гол урди.

Пойтахт жамоаларидан «Лацио» Флоренцияда дуранг­га (1:1) имзо чекди, «Рома» эса ўз майдонида «Эмполи» устидан камтарона (2:1) ғалабага эришди ва «Аталанта»ни қувиб ўтди.

 

Германия. Дуэт узоҚлашмоҚда

Бундеслигадаги қўшҳокимлик бу турдан кейин ҳам сақланиб қолди. Тўплар нисбатига кўра пешқадам бўлиб турган «Бавария» «Вольфсбург» дарвозасига 6та жавобсиз гол уриб, фарқни янада йириклаштирди. Роберт Левандовски «дубл»га эришиб, тўпурарлар баҳсида якка пешқадам бўлиб олди.

Дортмунднинг «Боруссия»си «Штутгарт»ни 3:1 ҳисобида маҳв этди.

3-ўринда бораётган «РБ Лейпциг» «Аугсбург» дарвозасига йўл топа олмади ва нурсиз дурангга рози бўлди. Бундан унумли фойдаланган «Боруссия М» «Майнц» дарвозасига урган голи эвазига очколар бўйича «Лейпциг» билан тенглашиб олди.

 

Франция. Балотелли собиҚ жамоасини жазолади

Яқинда Марио Балотеллини ўз таркибига қўшиб олган «Марсель» бу турда ҳужумчининг собиқ жамоаси - «Ницца»га қарши майдонга тушди. Тақдирнинг қалтис ҳазилига кўра, айнан Марио томонидан амалга оширилган ягона гол жамоага қимматли 3 очкони тақдим этди. Турнир карвонбошисининг «Нант»га қарши ўйини бош­қа кунга кўчирилди. Агар «ПСЖ» кечиктирилган икки учрашувни ўз фойдасига ҳал қилса, энг яқин таъқибчисидан 20 очкога илгарилаб кетади.

Иккинчи ўринни банд этган «Лилль» бу турда Сент-Этьендан камтарин (1:0) ғалаба билан қайтди. Совриндорлар сафида бораётган «Лион» эса Страсбургда нақд ғалабани қўлдан чиқарди. 3-дақиқада ҳисобни очган меҳмонлар 69-дақиқагача 2:0 ҳисобида олдинда эдилар. Бироқ мезбонлар вакили Ажоркю бир дақиқа ичида «дубл»га эришди. Шу тариқа «Лион» қимматли 2 очкодан жудо бўлди.

Леонарду Жардим жамоага қайтганидан бери мағлубиятдан мосуво бўлган «Монако» ижобий серияни давом эттириб, «Бордо» билан жанговар (1:1) дурангга эришди. Навбатдаги турда князлик клубини жиддий синов кутмоқда: 15 март оқшомида Жардим шогирдлари сафарда «Лилль» билан куч синашадилар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz