Ниҳоят, узоқ кутилган Coca Cola Суперлига баҳслари старт олди - илк турни «Қизилқум» ва «Андижон» ўртасидаги ўйин бошлаб берди. Таъбир жоиз бўлса, ҳар икки жамоа аъзолари майдонда кучли иштиёқ билан тўп суришди. Бу албатта, клублар ўз олдига жиддий мақсадларни қўйганидан далолат. Кескин курашлар остида кечган ўйинда дастлаб «бургутлар» етакчиси Ойбек Қиличев ҳисобни очган бўлсада, андижонликлар устунликни сақлаб қололмадилар ва якунда томонлар 1 очкодан олишди. Шу куни «Андижон» сафида ҳаракатланган косонсойлик ёш ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Шуни ҳисобга олиб, ўйиндан сўнг уни суҳбатга тортдик.
- Шаҳзод, суҳбат аввалида бир масалага ойдинлик киритиб олсак: сизни жамоага ким таклиф қилди?
- Албатта, клуб бош мураббийи Элдор Сакаев ҳамда унинг ёрдамчиси Диёр Мирзабоев.
- Айтингчи, дастлабки тур ўйини шунчалик қийин кечишини тахмин қилганмидингиз?
- Очиғи, буни жамоамизнинг барча аъзолари билан ҳис қилиб тургандик. Ахир «Андижон» маълум танаффусдан сўнг юқори дивизионга қайтди. Дебютант учун илк ўйин оғир кечиши ўз-ўзидан тайин. Лекин шунга яраша тайёргарлик кўрдик, майдонга кучли иштиёқ билан тушдик. Юқорида айтганимдек, «Андижон» 2 йил давомида элитадан четда қолди. «Қизилқум» эса анчадан буён кучлилар қаторида муносиб ўйнамоқда. Шу нуқтаи назардан рақиб устунликка эга эди. Муҳими, фаол ўйинимиз билан бу устунликни йўққа чиқардик, деб ўйлайман. Стадионга ташриф буюрган мухлислар ҳам зерикиб қолишмади, назаримда. Чунки ҳар икки жамоа ғалаба учун тўп сурди.
- Ёш бўлишингизга қарамай, Элдор Сакаев сизни асосий таркибга киритди. Бунга тайёрмидингиз?
- Албатта. Мураббийнинг қарорини ҳар бир футболчи ҳурмат билан қабул қилиши лозим. Менга бошланғич таркибда жой ажратилганини билиб, фақат хурсанд бўлдим. Асосийси, кейинги учрашувларда ҳам ўз ўйиним билан ишончни оқласам, бас.
- Лекин ҳаяжон сезилгани табиий...
- Йўқ, бу фикрингизга қўшилмайман. Чунки асосий таркибга киритилганимдан сўнг ҳаяжон ва ҳиссиётни бир четга суриб, бор эътиборни ўйинга қаратдим. Умуман олганда, руҳан тайёр эдим.
- «Андижон» 3 очко олиши ҳам мумкин эди. Айтингчи, ғалаба қозонишингларга нима тўсқинлик қилди?
- Бу - футбол: кимдир ютади ёки ютқазади. Албатта, бугун ғалаба қозонишни кўзлагандик. Аммо ўйин равишидан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, меҳмондан бир очко билан қайтиш унчалик ёмон эмас.
- Жамоа устози танаффусда сизларга қандай кўрсатмалар берди?
- Вазифамиз тушунарли эди - иложи борича тўпга эгалик қилиш ва ғалабани сақлаб қолиш. Бироқ афсуски, рақиб биттагина хатомиздан унумли фойдаланди.
- Аввалги мавсумда «Машъал» таркибида Про-лига ўйинларида иштирок этгансиз. Қуйи ва Суперлига ўртасида қандай фарқни сезяпсиз?
- Суперлигада юқори савияли футболчилар кўп ва шунга яраша рақобат даражаси баланд. Шунингдек, майдонлар ҳолати ҳам нисбатан яхшироқ. Мана, 1-турданоқ барча клублар юқори ўринлар учун курашиши сезилди. Демакки, аксарият жамоалар кучи тенг ва бу шубҳасиз, футболимиз ривожига хизмат қилади.
- Ойбек Қиличев голни аралаш жанглар устаси Коннор Макгрегор усулида нишонлади ва бу айрим эътирозларга сабаб бўлди...
- Очиғи, ҳар бир футболчи голни ўзига хос тарзда нишонлашни хоҳлайди. Қолаверса, замонавий футболда гол уриш борган сари қийинлашиб кетяпти ва хурсандчиликни қандай баён қилиш футболчининг ўз хоҳиши, менимча. Мана, чет эл жамоаларида ҳам голни турли тарзда нишонлашади. Кимдир бармоқларини юрак шаклига солади, бошқа футболчи яна нимадир ўйлаб топади...
- Майдонда қайси футболчи билан яхши тандем ҳосил қиласиз?
- Рўзимбой Аҳмедов билан бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Майдон ичида ва ташқарисида ҳам ака-укадекмиз. Ундан ўрганадиган жиҳатлар талайгина.
- Айни вақтда ўз позициянгиз бўйича кимни энг яхши футболчи сифатида эътироф этасиз?
- Элдор Шомуродов ва Сардор Рашидовни. Ўз жамоамда эса шубҳасиз, Рўзимбой Аҳмедов кучли.
- Сизнингча, 20дан ошган футболчига ёш ўйинчи сифатида қараш ўринлими? Ахир европалик футболчилар бу ёшда катта жамоаларда ҳам ўз ўринларини топишади...
- Фикримча, Европа ва бизнинг муҳитни ўзаро таққосламаган маъқул. Еврофутбол - умуман бошқа масала. Агар савол асносида Килиан Мбаппени назарда тутаётган бўлсангиз, ўйлашимча, унинг асосий ютуғи - тезлик. Бизда ҳам ёш ва маҳоратли футболчилар бор, фақат дадиллик бироз паст.
- Илк турда аксар ўйинларда дуранг натижа қайд этилди. Бунақаси авваллари кузатилмаганди.
- Тан олиш керак, Суперлига клублари йилдан-йилга савия ва таркиб жиҳатдан тенглашиб бормоқда. Шунингдек, илк турда бир-бирига муносиб жамоалар рўбарў бўлганини ҳам унутмайлик.
- «Андижон»нинг жонкуяр мухлисларига айтар гапингиз борми?
- Бизни қўллаб-қувватлашдан тўхташмасин! Ўз навбатида, уларни ижобий натижалар билан руҳлантириш учун боримизни берамиз.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20