Қайднома

Қидирув

Дортмундни ранжитган – «кераксиз»

Дортмундни ранжитган – «кераксиз»

  14.03.2019 07:51
  0
  552
Дортмундни ранжитган – «кераксиз»

Олтин медалларни «Боруссия» Дортмунд футболчилари бўйнига илишга бироз шошдик, чоғи! Бундеслиганинг 24-турида Люсьен Фавр шогирдлари Аугсбургга ютқазишди ва йўқотилган очколар бўйича энди амалдаги чемпион - «Бавария»дан катта устунликка эга эмаслар. Шов-шувли натижа, айниқса, «Аугсбург»нинг турли турнирлардаги сўнгги 14 ўйиндан 10тасида мағлубиятга учраганини инобатга олсак.

Орадан тўрт кун ўтиб, «Боруссия» ўз уйида «Тоттенхэм»га қарши ЕЧЛ 1|8 финал жавоб учрашувида майдонга тушди, лекин дортмундликлар учун куч тежаш шарт эмасди. Лондондаги мағлубият (0:3)дан ке-йин Фавр жамоасининг асосий мақсади Германия чемпионлиги бўлиши керак эди. Умуман, «шпорлар» сафарда ҳам ўзларига керакли натижага (1:0) эришдилар. Бу эса дортмундликларнинг режаси амалга ошмаганига яна бир ишора.

«Боруссия»нинг асосий таркибига жароҳатидан фориғ бўлган Марко Ройс қайтди. У жорий мавсум жамоанинг энг яхши тўпурари (17та гол), ассистентлик бўйича эса (10та самарали узатма), Жейдон Санчодан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Аугсбургдаги ўйинда Дортмунд юлдузларидан бири эмас, мезбонлар форварди Жи Донг Вон қаҳрамонлик кўрсатди. Қизиғи, кореялик футболчи 2014 йилнинг ёзида «Аугсбург»дан айнан «Боруссия» сафига қўшилган, аммо «қизил-сариқлар» асосий таркибида бирорта ўйин ўтказмай, ярим йилдан сўнг ортга қайтганди. Эҳтимол, Жи Донг Вон ушбу «дубл»и билан собиқ клубини олтин медаллардан мосуво қилгандир?!

«Боруссия» шундоқ ҳам ўртамиёна ўйин кўрсатди, тезкорликни оширмади, голли вазиятларда эса ўз ҳимоячилари хатоларидан жабр кўрди. Дастлаб Дан-Аксель Загаду «қовун туширди», сўнгра Ашраф Ҳакими рақибга «совға» тайёрлади. Эътиборлиси, марокашлик ҳимоячи «Уэмбли»да ўтган ЕЧЛ баҳсида ҳам мағлубиятнинг асосий сабабчиларидан бири бўлганди. Айниқса, Жи Донг Воннинг иккинчи голи чиройли чиқди: тўпни дарвозабоннинг устидан енгил ошириб қўйди.

Ройс ва Санчо дарвоза томон иккитадан зарба йўллаб, биттадан чиройли узатмани амалга оширишди. Whoscored.com эса уларга жуда паст баҳо қўйди - мос равишда 6,40 ва 6,42. Умуман, англиялик футболчи дортмундликларнинг голида иштирок этди. Ниҳоят, захирадан ўйинга қўшилган Пако Алькасер тўп киритди, бунга қадар ушбу ҳужумчи деярли барча турнирлардаги учрашувлар пайтида қайсидир шеригининг ўрнига майдонга тушиб, дарвозани ишғол қилаётганди. Испаниялик форвард Аугсбургда ҳам иккинчи уринишидан унумли фойдаланди. Бунга қадар майдон эгалари посбони Грегор Кобель Алькасернинг зарбасидан сўнг қойилмақом «сейв»ни амалга оширганди. Мазкур жамоаларнинг биринчи даврадаги ажойиб ўйинини («Аугсбург» ва «Боруссия» сўнгги 20 дақиқада бештадан тўп киритишганди) инобатга олсак, якун ёрқин кечишини тахмин қилиш мумкин эди. Бинобарин «Аугсбург» совуққонлик билан устунлигини сақлаб турди, Бундеслига етакчиси эса куздаги иштирокидан фарқли равишда, жуда зерикарли ўйин кўрсатмоқда.

Мана шунақа гаплар! Бавариянинг бир клуби бошқасига ёрдам берди - «Боруссия» Германия чемпионатидаги иккинчи мағлубиятини тан олди. «Бавария» эса ушбу турда Менхен-гладбахда ғалаба қозониб, жамғарилган очколар бўйича дортмундликларга етиб олди. Демак, бош сов-рин учун кураш нолдан бошланди.

Навбатдаги турда 9 март куни «Бавария» ўз майдонида «Вольфсбург» билан ўйнади, «Боруссия Д» эса «Штутгарт»га мезбонлик қилди. Мазкур учрашувлар жараёнга қанчалик таъсир ўтказди? Бу мавзуга ке-йинроқ алоҳида тўхталамиз.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz