Тошкентнинг «Локомотив» клуби ҳар мавсум таркибини янги футболчилар билан сезиларли даражада кучайтиради. Шунинг баробарида ўринбосарлар жамоасидан етишиб чиқаётган умидли футболчиларга ҳам эътибор қаратиб, мавсум давомида уларга имконият беради. Ўзини кўрсатганлар, албатта, якунда асосий таркибда кўриниш берадилар. Ривожланишда давом этишса, кўп ўтмай терма жамоаларимиздан ҳам таклиф оладилар. Шундай истеъдодли футболчилардан бири Азиз Омонов 2017 йили «темир-йўлчилар» асосий жамоасида дебютини нишонлаганди. Ҳозирги кунда Темурхўжа Абдухолиқов ва Филип Райевацга муносиб рақобат туғдириши кутилаётган форвард Ўзбекистон олимпия термасининг муҳим ўйинчиларидан бири ҳисобланади. Яқинда Азиз Омоновни(Суратда 24-рақам) суҳбатга тортиб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.
- Азиз, ОТЖ таркибида ўқув-машғулот йиғинида қатнашдингиз. Аввалгиларига нисбатан машғулотлар ўртасида қандай фарқ сездингиз?
- Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша принциплари бўлади, Друлович ҳам бундан мустасно эмас. Ушбу мутахассиснинг машғулотлар бўйича ўз қарашлари, услуби бор. Таъкидлаш жоизки, қайсидир жиҳатлари билан Равшан аканинг услубига ўхшаш: рақибга босим уюштириб, тўпни тезда олиб қўйиш ва тўпга эгалик қилиш. Фақат машғулотлар жараёнида айрим фарқлар бор, холос.
- Бу йиғиндан кўнглингиз тўлдими? Ҳаракатларингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Ҳозирча мураббийимиз машғулотлар ва назорат ўйинларида бор кучимизни сарфлаётганимиз, иложи борича айтганларини бажаришга ҳаракат қилаётганимиздан қониқаётганини айтди. Ўйиним масаласига келсак, буни мураббийдан сўраганингиз маъқул. Муҳими, олдиндаги беллашувларда халқимизни хурсанд қилсам, бас.
- Саралаш босқичи баҳсларининг юртимизда ўтказилиши қандай устунлик беради?
- Мухлислар, ўзимиз таниган инсонлар, ота-оналаримиз яқиндан қўллаб-қувватлашади. Худо хоҳласа, ўз ўйинимиз билан пойтахтимизда ўтадиган мусобақада барчанинг кўнглини хушнуд этишни мақсад қилганмиз.
- Мураббий майдонда ва майдон ташқарисида нималарни талаб қилмоқда?
- Ҳамма ўз жойида ўйнаши, тактикага, режага амал қилиши кераклигини, ҳар бир футболчи вазифасини сидқидил бажариши лозимлигини онгимизга сингдирмоқда. Шунингдек, қисқа паслар орқали рақибни тўпсиз қолдиришни ва ҳаводаги яккакурашларда ютқазмасликни уқтиради.
- Стандарт вазиятлар устида ишладингларми?
- Албатта! Бурчак зарбалари ва жарима тўпларини мукаммал ижро этишга эътибор бердик. Руҳий жиҳатдан мураббийимиз профессионал. Рақиб тўпсиз қанча кўп югурса, биз ўйинни шунча кўп бошқарамиз. Бундай ҳолларда уларда толиқиш кузатилади, олдинга ўтишга мадор қолмайди.
- Ҳужум чизиғи вакиллари билан қай йўсинда ишлар олиб борилди?
- Ҳужумчилар билан алоҳида ишланди. Друлович машғулотлардан сўнг бизни олиб қолиб, ўзи иш олиб борди. Унинг меҳнатлари самарасини келгуси ўйинларда амалда кўрсатишга интиламиз.
- Сўнгги пайтларда ўзбек футболида кузатилаётган ҳужумчилар танқислигини нима билан изоҳлайсиз?
- Бу фикрингизга қўшилмайман. Бизда ҳужумчилар кўп. Ҳаммаси ўзига хос устунликка эга. Масалан, Элдор Шомуродов Осиё кубогида ажо-йиб ўйин кўрсатди. Игорь Сергеев ёмон ўйинчи эмас, шунчаки, мухлислар унинг ёмон тарафини кўришади. Ахир танганинг икки томони бор-ку!
- «Сурхон» клубидан тушган таклифни ўйлаб кўрдингизми?
- Умуман, қишки трансферлар вақтида кўплаб жамоалардан таклиф тушди. Биргина «Сурхон» эмас, «Бунёдкор»дан ҳам чорлов бўлди. «Локомотив» билан шартномам бор, бу ерда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мазкур клубда тўп суриш - мен учун шараф.
- Жорий мавсум ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз?
- Кўпроқ гол уриш ва жамоамга ёрдам бериш.
- Рақобатдан чўчимайсизми?
- Йўқ. Ҳамиша ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш керак. Ўз устингизда кўпроқ ишлаб, мураббийлар ишончини оқласангиз, таркибдаги ўрнингиз кафолатланади. Умуман, рақобат бор жойда ўсиш, ривожланиш бўлади. Менга кучли футболчилар билан ёнма-ён тўп суриш ёқади.
А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20