Қайднома

Қидирув

Фантастик тасодиф...

Фантастик тасодиф...

  15.03.2019 03:29
  0
  777
Фантастик тасодиф...

Англияда шундай эртак бор: агар Аарон Рэмзи гол урса, бирор машҳур шахс ҳаётдан кўз юмади. Албатта, бунда заррача мантиқ йўқ, лекин The Prodigy гуруҳи солистининг ўлимидан кейин яна шу бўлмағур тасодифий ҳолат ҳақида гапира бошлашди. Чунончи, «Арсенал»нинг уэльслик футболчиси 2 март куни «Уэмбли»да «Тоттенхэм» дарвозасини ишғол қилди. Орадан 2 кун ўтиб, ОАВда The Prodigy гуруҳи вокалчиси Кит Флинтнинг ҳаёт билан видолашгани маълум қилинди. Гап аввалги асрнинг 90-йиллари афсона даражасига чиққан ва бугунги кунда ҳам муваффақиятли гастролларни амалга ошираётган машҳур мусиқий жамоанинг илғор вакилларидан бири ҳақида кетмоқда.

Рэмзининг голи ва машҳур шахсларнинг ўлими... Ушбу ғалати «вобасталик» тарихи анчадан буён муҳокама қилинади. Гап шундаки, бечора Рэмзининг голи кўпинча қайсидир машҳур кишининг ҳаётдан кўз юмиш вақтига тўғри келар эмиш. Мана, жорий мавсум якунида «Ювентус» сафига қўшиладиган уэльслик «шпорлар»га қарши муҳим ўйинда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди ва Англия медиаси бу сафар унинг омадли зарбасини таниқли солист Кит Флинт ўлими билан «боғлади». Хусусан, Express нашри замирида заррача ҳақиқат парчаси йўқ гап-сўзларни яна бир бора эсга олди. Бўлмағур афсона айниқса, ижтимоий тармоқларда фаол тарзда муҳокама қилинмоқда. Ҳаммаси 2009 йили бошланган: ўшанда Уэльс футболи юлдузи «Портсмут» дарвозасини нишонга олган ва 3 кундан кейин АҚШда катта обрўга эга сенатордан бири Тед Кеннеди (собиқ президент Жон Кеннедининг укаси) ҳаёт билан видолашганди. Орадан 2 йил ўтиб, «Арсенал» айнан Рэмзининг ягона голи эвазига «МЮ»ни «тиз чўктирди» - 1:0. Эртасига сайёрамизнинг бош террорчиси Усама Бен Ладен ўлдирилгани эълон қилинди. Кейин футболчи «Тоттенхэм»га гол «тортиқ» этди ва 3 кундан сўнг Apple компанияси асосчиси Стив Жобс ҳаётдан кўз юмди. Ўша йили Рэмзи ЧЛда «Марсел»га қарши кечган учрашувда ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди, эртасига машҳур сиёсатчи Муаммар Каддафи ўлдирилди. 2012 йили эса Уитни Хьюстоннинг ўлими ва Рэмзининг «Сандерленд» дарвозасини нишонга олиши бир кунга тўғри келди. Қарангки, фантастик тасодиф Аароннинг Уэльс терма жамоаси либосида урган голига ҳам дахлдор. Дейлик, футболчи 2013 йили Шотландия термаси дарвозабонини ранжитди, айни ўша куни баскетбол юлдузи Рэй Уильямс ёруғ олам билан хайрлашди, шунингдек, миллиардер Борис Березовский ўз жонига қасд қилди. 

Қолган «қурбонлар» - машҳур мусиқачилар ва актёрлар: Дэвид Боуи, Пол Уокер, Робин Уильямс, Алан Рикман, Брюс Форсайт, Кен Додд ва Юрий Яковлев. Яна АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган беваси Нэнси, аргентиналик диктатор Хорхе Видела, дартс бўйича афсонавий ўйинчи Эрик Бристоу ва олим Стивен Хокинг ҳам бор. Қолаверса, сайёрамиздаги энг кекса кишининг ўлими ҳам Рэмзи гол урган кунга тўғри келган. Хуллас, Кит Флинтни қўшсак, «қора рўйхат»даги фамилиялар 20тага етди.

Йўқ, буни қандайдир лаънатга боғлаш бемаънилик. Оддий айтганда, Рэмзи голи атрофида шаклланган афсона - оддий вазият тақозоси. Ҳар ҳолда, Рэмзи гол урса, қайсидир машҳур шахснинг ўлиши ҳақидаги гап-сўзларни инкор этувчи далиллар ҳам жуда кўп. Улардан атиги 2таси аслида афсона реал картинага мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турибди. Оддийгина 2та факт:

1). Рэмзи футболчилик фаолияти давомида 20та эмас, анча кўп гол урган. Дейлик, «Тоттенхэм»га қарши кечган «Лондон дербиси»да клуб миқёсидаги 79-голини нишонлади. Терма жамоа сафидаги 4та голидан 3таси эса ҳеч қандай ўлим ҳолатига «уланмаган».

2). Сайёра даражасидаги машҳурлар ўлими Рэмзи гол уришидан анча кўп қайд этилади. Ҳар ҳолда, таниқли кишилар Рэмзи рақиб дарвозасини ишғол қилмаган, майдонга тушмаган ва мавсумлар оралиғида таътилга чиққан кунларда ҳам ҳаёт билан видолашадилар.

Энг элементар ва соддагина фактча ҳам бор: Рэмзи «Тотенхэм» дарвозасини нишонга олишига қадар охирги марта жорий йилнинг 1 январь куни гол урганди. Агарда йилнинг биринчи санаси ҳаётдан кўз юмган машҳурлар рўйхатига қарасак, улар орасида бутун дунёга танилган бирор киши йўқ. Бу фактчани бошқача талқин қилиш ҳам мумкин: январь ойининг кейинги 30 кунининг деярли ҳар бирида қайсидир соҳада танилган бирор машҳур шахс омонатини топширган, Рэмзи эса бу орада гол урмади. Шундай экан, фантастик тасодиф ўз йўлига, эртакнамо гаплар - соф сафсата.

Муносабат

Тушунарлики, Аарон Рэмзининг ўзи бу каби эртакнамо гап-сўзлардан жуда-жуда зериккан. У 2 йилча олдин ESPNга берган интервьюсида эътироз билдириш баробарида барчасини ҳазилга йўйганди: «Бу ҳаётим давомида қулоғимга чалинган энг кулгули гап. Ахир гол урганимда, ҳар сафар қайсидир машҳур киши ўлмаган-ку. Тўхтанг, бу борада бироз мақтанишим ҳам мумкин. Қаранг, бир неча ёвуз одамларни ҳам «ўлдирган» эканман. Улардан энг асосийси - Бен Ладен...».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz