Қайднома

Қидирув

Футболдаги 7 муҳим ўзгаришни биласизми?

Футболдаги 7 муҳим ўзгаришни биласизми?

  15.03.2019 05:29
  0
  745
Футболдаги 7 муҳим ўзгаришни биласизми?

Ўйин қоидаларига киритилган навбатдаги 7та ўзгариш пенальти, жарима зарбаси ва ҳакамликка боғлиқдир - икки қаторли «жонли девор», қўл билан ўйнаш ва вақт чўзиш ҳолатларига. Хуллас, футбол қоидаларига масъул саналган IFAB кенгаши 3 март куни бир неча муҳим ўзгаришларни расман тасдиқлади. Аниқроқ айтсак, Абердин (Шотландия)даги йиғилишда ўйин қоидаларига 7та тузатиш киритилди. Тўғри, улар ўта жиддий эмас, лекин июнь ойидан амалга кирадиган янгиликлар билан танишиб чиқиш керак, барибир. Шунда футбол томошаси пайти ҳакамлик юзасидан ортиқча саволлар ёки тушунарсизлик туғилмайди.

 

1. Марказий чизиқ ёнидан чиқиб кетиш шарт эмас. Ўйин вақтини «ўлдириш»га қаратилган ҳаракатларга қарши курашнинг яққол намунаси. Сир эмас, мураббийлар охирги йилларда футболчини захирага олиш воситасида вақтдан ютиш ҳадисини жуда пухта ўзлаштириб олишди. Улар айниқса, сўнгги дақиқаларда майдоннинг энг узоқ бурчагида турган ўйинчини алмаштиришга қарор қилишади. Натижада ўша футболчи марказий чизиқ томон бамайлихотир қадам ташлаганча рақиб учун ўта қимматли 0,5-1 дақиқани «ўлдиради». Янги қоидага кўра, энди бу усулда вақт чўзиш имкони йўқ. Чунки захирага олинган футболчи майдондан чиқиб кетишда марказий чизиқ томон юриши ва ўз ўрнига тушаётган жамоадошини қучоқлашиши шарт эмас. У шунчаки, ўзига энг яқин ён чизиқдан чиқиб кетаверади.

2. Пенальти: дарвозабон тўп тепилишидан олдин чизиқ устига бир оёғини қўйса, бас. Баҳсли ҳолатни камайтиришга қаратилган янгилик. Эҳтимолки, таъсири унча билинмайдиган ўзгариш. Пенальти тепиш ҳолатида барча голкиперлар одатда «Икки оёқ билан чизиқни босиш» қоидасини бузишади. Яъни улар тўп тепилишидан олдин сакрашади ёки олдинга қадам ташлашади. Ҳакамлар эса бундай ҳолатга ҳар доим ҳам эътибор қаратавермайдилар. Хуллас, энди асосан қоғозда қолаётган қоидани олиб ташлаб, дарвозабон оёғини «занжир»дан халос қилишди.

3. Голга тортадиган вазиятда тўпнинг қўлга тегиши - соф қоидабузарлик. Хавфли ҳужум жараёнида тўп футболчининг қўлига қўққисдан тегса, ҳакам ушбу ҳолатдан кўз юмади. Яъни рефери фақат ўйинчи тўп қасддан тегсагина ҳуштак чалади. Тасдиқланган янги қоидага кўра, голга тортадиган ҳужум вақтида тўп қўлга тегса, бас, ҳакам ўйинни тўхтади. Қисқаси, бунда «атайин» ёхуд «тасодифан» фактори ўз аҳамиятини йўқотди. Тўп ва қўлга боғлиқ бошқа вазиятлар масаласида ўзгариш йўқ.

4. «Жонли девор»: рақиблар қаторида жой йўқ. Эндиликлар ҳужум қилаётган томон жарима зарбасини амалга оширишда, рақиб томонидан қўйилган «жонли девор»ни «узайтиролмайди». Яъни қандайдир айёрлик ишлатиш қоида билан тақиқлаб қўйилди. Оддий айтганда, жарима зарбасини тепаётган футболчининг жамоадошлари рақиб «жонли девор»и олди ёки ёнида тизилиб туролмайдилар. Улар ва «девор» ўртасидаги масофа камида 1 метр бўлиши шарт. Бу қоида моҳияти ҳам тушунарли, албатта - ортиқча тортишувлар, тўқнашувлар, туртишлар оқибатида ўйин вақти зое кетишига йўл қўймаслик. Ҳар ҳолда, ҳакам ўйинчилар билан 20 марталаб тушунтириш ишлари олиб боришдан қутулади.

5. Карточкалар: мураббийларга ҳам «сариқ» ва «қизил» бор. Маълумки, ҳакамлар қоидадан четга чиққан мураббийларни трибунага оддий ишора билан четлатишади. Энди эса улар ўзини ёмон тутган жамоа устозига нафақат қизил, балки сариқ карточка ҳам кўрсатишлари мумкин. Қизил карточка ўз-ўзидан тушунарли, «сариқ» эса муҳим ўйинда қизишиб кетган мураббийни тинчлантириш учун ўйлаб топилган яхшигина янгилик.

6. Тўпнинг ҳакамга тегиши - баҳсли вазият. Ҳозирги қоидага кўра, тўп ҳакамга тегиб кетса, ўйин тўхтатилмасди. Лекин бундай ҳолат баъзида кутилмаган хаафли вазиятларни келтириб чиқаради. Яъни ҳакам воситасида қайсидир жамоа жабр чекиши, аксинча, иккинчи томон имкониятга эга бўлиши ҳеч гап эмас. Энди тўп ҳакамга тегса, ўйин дарҳол тўхтатилади ва баҳсли вазият белгиланади. Бунда тўпнинг йўналиши ўзгаргани ёки ўзгармагани эътиборга олинмайди. Бироқ зерикарли, аммо адолатли қоида.

7. Дарвозадан берилган узатмани жарима майдони ичида қабул қилиш мумкин. Айни қоидага мувофиқ, тўп ўйинга дарвоза олдидан киритилса, футболчилар жарима майдони ичида унга тегинолмайдилар. Ўзгаришга мувофиқ, бу шарт аҳамиятини йўқотди. Демакки, жамоалар ўз дарвозаси олдидан қисқа узатмалар орқали ҳам ҳужум бошлаш имкониятига эга.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz