Қайднома

Қидирув

Барчаси марокашлик "жавоҳир" Ҳаким Зиеш ҳақидa

Барчаси марокашлик "жавоҳир" Ҳаким Зиеш ҳақидa

  16.03.2019 05:27
  0
  273
Барчаси марокашлик

«Аякс» ярим ҳимоячиси Ҳаким Зиеш ЕЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган иккита учрашувда «Реал» дарвозасига иккита гол уриб, кўпчиликнинг эътиборини қозонди. Марокашлик 25 ёшли футболчини мутахассислар кўпдан буён билишади. Европа футболини диққат билан кузатадиганлар ҳам ушбу ярим ҳимоячини яхши танишади.

У 2017 йилнинг май ойида Амстердамда бўлиб ўтган Европа Лигасининг финалида ўйнаган. Ўтган йили Марокаш терма жамоаси сафида Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди.

2016 йилнинг ёзида Зиешни осонлик билан харид қилиш мумкин эди. Аслида ўшандаёқ унинг етук футболчи эканлиги ойдинлашганди. «Твенте»даги икки мавсумида 66та ўйинда 30та гол уриб, деярли шунча голга ассистентлик қилганди. Зиеш асосан майдон марказида ўйнарди. Қанотларда камроқ ҳаракат қилган. Ўшанда «Твенте» молиявий муаммоларга дуч келганди. Шу боис ҳам клуб раҳбарияти билан музокара ўтказиш осонроқ эди. Якунда марокашлик футболчини «Аякс»га 11 миллион еврога сотиб юборишди. Шу ўринда айтиш жоиз, ўшандан икки йил олдин Москванинг «Спартак» клуби худди ўша «Твенте»дан Квинси Промесни 11,5 миллион еврога сотиб олганди.

Шубҳасиз, Зиешни Голландиядан ташқарида ҳам кузатишаётганди. Унга даъвогарлар орасида «Зенит» ҳам бор эди. Голландия матбуотининг хабар беришича, Халкка ўринбосар қидираётган питерликлар марокашлик футболчи учун 7 миллион евро таклиф қилишган. Тўғри, «Зенит» футболчини харид қилишга жиддий мақсад қилганида «Твенте» раҳбарияти сўраган 10 миллионни индамай берган бўларди. Лекин бошқа жамоалар сингари «Зенит»дагилар ҳам футболчининг бу даражада ривожланиб кетишига ишонишмаган.

Айтишларича, Зиешнинг характери жуда оғир бўлиб, уни бошқариш қийин экан. Бундан ташқари, унинг жамоа учун ўйнашига шубҳа қилишган. Чунки «Твенте»нинг ўйини айнан унинг атрофида қурилганди.

«Аякс» ва Зиеш бир-бирига жуда мос тушди. Ҳакимнинг ўйнаши учун характери умуман халақит қилмади. Айни пайт «Байер»ни бошқараётган «Аякс»нинг собиқ устози Петер Бош Зиешни жамоанинг асосий ўйинчисига айлантирди. Ўша мавсум голландияликлар Европа Лигасининг финалига чиқишди ва ҳал қилувчи ўйинда «Манчестер Юнайтед»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Марокашлик футболчи «Лион»га қарши ярим финалда учта голга ассистентлик қилганди. Умуман олганда, Ҳаким жамоадошларига қандай тўп етказиб беришни яхши билади. Бежизга Голландия чемпионатида қаторасига икки мавсум энг яхши ассистент бўлмади. Бунинг устига, 2018 йилда Голландиянинг энг яхши футболчиси, деб топилди.

Марокашлик учун Европанинг топ-5 чемпионатларидан бирига ўтиб, олдинга қадам ташлаш вақти келди. Қолаверса, у «Аякс»нинг ҳозирги устози Эрик тен Хагга ўзининг универсаллигини кўрсатиб улгурди. Ўнг қанот, умуман, ҳамма нуқтада ўйнайверади. Зиешни сотиб олишга астойдил киришганлар ҳам учради. Июлда Амстердам клубининг «Рома» билан 30 миллион евролик трансфер ҳақида келишиб олгани тўғрисида хабарлар тарқади. Бироқ сўнгги дақиқаларда римликлар спорт директори Мончи келишувдан воз кечди (ўтган ҳафта «Рома» Мончини истеъфога чиқарди). Энди римликлар мавсумни бўш ўтказаётган бир пайтда мухлислар Мончига ана шу трансферни эслатиб туришди. Боз устига, Мончи марокашлик жавоҳир ўрнига жароҳатлар гирдобида қолган Хавьер Пасторени олган.

Ҳақиқатан ҳам қизиқ воқеа. Ҳаттоки, тен Хаг ҳам шогирдининг бошқа клуб билан шартнома имзолаганини хабар қилишга улгурганди. «Биринчи ўринда у менга инсон сифатида етишмайди. Ҳаким ишлаш учун муносиб бўлган ажойиб йигит. Албатта, футболчи сифатида ҳам керакли. Унинг даражасидаги футболчи Эредивизияда қолишни истамаслигини яхши тушунаман. Бу ерда унинг энг яхшилигига шубҳа қилмагандим. Хорижда ҳам шундай бўлади, деган умиддаман», - деганди мураббий. Албатта, «Рома» билан келишув бузилганига энг кўп тен Хаг хурсанд бўлган.

Айни кунда Transfermarkt Зиешни 35 миллион еврога баҳоламоқда. «Аякс»нинг Чемпионлар Лигасидаги ажойиб ўйинлари ва «Реал»нинг мусобақадан чиқариб юборилиши Ҳакимнинг баҳосини ошириб юбориши тайин. Демак, Амстердам клуби уни 40-45 миллион евродан камига сотмайди.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz