Қайднома

Қидирув

Жошуа КИММИХ: «Лам билан ўзимни тенглаштиришга ёшлик қиламан»

Жошуа КИММИХ: «Лам билан ўзимни тенглаштиришга ёшлик қиламан»

  17.03.2019 02:33
  0
  228
Жошуа КИММИХ: «Лам билан ўзимни тенглаштиришга ёшлик қиламан»

Германия қуйи дивизионидан бирданига «Бавария» клуби ва Германия терма жамоасиги йўл олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо Жошуа Киммихнинг бу борада омади келган. Яқинда ҳимоячи France Football нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Сизни Филипп Ламга ўхшатишади...

- Қайсидир жиҳатларимиз ўхшайди. Бир чизиқда ўйнаймиз, унчалик кўп жароҳат олмаймиз. Аслида эса, биз бошқа-бошқа инсонлармиз. Унинг эҳтиросга берилганини ҳеч кўрмаганман. Ўзини тута олишни яхши билади. Менда эса бунинг акси. Баъзида оддий нотўғри пас туфайли ҳам эҳтиросга берилиб кетишим мумкин. Филипп мен учун ҳақиқий профессионализм тимсоли. У «Бавария» ва немис футболининг рамзи. У билан ўзимни тенглаштиришга ҳали ёшлик қиламан.

- Унинг қайси жиҳатларидан ўрнак олишга ҳаракат қиласиз?

- Стабиллигидан. Муваффақиятсиз ўйинларини санаш учун бармоқлар ҳам етарли. У деярли хатосиз ўйнаган. Яъни, ақлли футбол намо­йиш қилган.

- Қачондир унингдек «Бавария» ва терма жамоа сардори бўласизми? Шундай хаёллар борми?

- Аниқ бир мақсадим бор, деб айта олмайман. Аммо ҳозирданоқ жамоа­дагиларга буйруқ беришим мумкин. Айтайлик, ўйин ёки машғулот пайтида Арьен Роббен ёки Жером Боатенгга қичқиришим мумкин. Бу борада муаммо йўқ. Лекин бирданига сардор бўла олмайсиз. Бунинг учун шундай характерга эга эканлигингизни исботлашингиз керак. Ҳозир бу ҳақда ўйламаяпман. Асосий мақсадим - ўйнаб, тажриба тўплаш.

- 24 ёшда «Бавария» клуби ва терма жамоа етакчиси бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди...

- Билсангиз, менинг бир яхши жиҳатим бор - ўзимга бўлган ишонч юқори. Футболда айнан шу хислат қўл келади.

- 2015 йили «Бавария»га сизни Пеп Гвардиола таклиф қилганди. Бунинг учун ундан миннатдор бўлишингиз керак. У билан бир йил бирга ишлаш сиз учун фойдали бўлдими?

- Ҳар бир машғулоти бир совға эди. У шундай мураббийки, ҳамиша норози, доимий изланишда. Ўта эътиборли. Машғулотлар ўта тезкор ҳолда ўтарди. У мени турли чизиқларда синаб кўрган. Универсал футболчи бўлишимни истаган. Деярли бир ой марказий ҳимояда ҳам ўйнаганман. Унинг асосий талабларидан бири - ҳар қандай футболчи ўзгаришларга тайёр туриши керак. Унинг қўл остида анча ўсдим, дея оламан.

- Иккинчи лигадан («Лейпциг») бирданига Германиянинг энг яхши клубига ўтгансиз. Қандайдир хавотир бормиди?

- Албатта. «Лейпциг» мураббийларидан бири «Бавария» қизиқаётганини айтганида ишонмаганман. Буни ҳазил деб ўйлагандим. Қанақасига уларга керак бўлишим мумкин, деб ўйлаганман. Ахир мюнхенликлар истаган футболчиларини таклиф қилиш имкониятига эга бўлсалар. Лекин бундай имкониятни қўлдан бой бериб бўлмасди. Шунга қарамай, мураббийдан унга нима учун кераклигимни билмай туриб шартнома тузишни истамаганман.

- Яъни, Гвардиола билан учрашмай туриб? Қизиқ...

- Албатта, таклиф қилишдан олдин у мени яхшилаб ўрганиб чиққан. Буни ўйинимни шу ондаёқ таҳлил қилишидан билганман. У мени захира ўриндиғи учун эмас, кераклигим учун харид қилаётганини айтган. Агар Пеп билан суҳбат бўлмаганида, «Бавария» билан шартнома имзоламаган бўлардим.

- Ўтган уч ярим йил ичида «Бавария»да уч марта мураббий ўзгарди: Пеп Гвардиола, Карло Анчелотти, Юпп Хайнкес. Нико Ковач эса тўртинчиси...

- Албатта, мураббийнинг ишдан олиниши жамоа аъзолари учун зарба бўлади. Анчелотти билан шундай бўлганди. Шу боис ҳам биринчи даврада қандайдир камчиликлар бўлган. Кейин эса одатдагидек ўйнаб кетдик. Гарчи қаторасига олти марта чемпион бўлсакда, мотивацияни йўқотмаганмиз. Нико Ковач ҳақида гапирадиган бўлсам, у кўп йиллар «Бавария»да қолиши мумкин.

- Жамоадошларингиздан кимни энг кучли футболчи, деб ҳисоблайсиз?

- Хаби Алонсони («Бавария»дан 2017 йили кетган). Ажойиб футболчи. Пасларни ўта аниқлик билан амалга оширарди. У ҳам мен каби таянч нуқтасида ўйнаган. Шу боис ҳам Алонсодан ўрганадиган жиҳатларим кўп деб ҳисоблайман. Ҳамиша у ва Андрес Иньеста билан бир жамоада ўйнашни орзу қилардим.

- Ҳозир «Бавария»да Кингсли Коман билан яхши чиқишасиз...

- Ўта иқтидорли футболчи. Техникаси юқори, жуда тезкор. Хайриятки, у рақиб эмас, балки жамоадошим. «Бавария»га деярли бир хил вақтда келганмиз ва тезда дўстлашиб кетганмиз.

- Франк Рибери ва Арьен Роббенлар фаолиятларини якунлаш арафасидалар. Уларнинг бунчалик кўп фаолият олиб борганлари борасида қандай фикрдасиз?

- Уларнинг машғулотларда қандай ишлашларини кўринг. Ҳар ҳолда, деярли барча совринларни қўлга киритишган. Шунга қарамай, тўхташни исташмайди. Бизнинг ёш футболчиларимиз учун ҳақиқий ўрнак бўлишяпти.

- 2012 йилдан бери, 2017 йилни ҳисобламаганда, «Бавария» ҳамиша ЕЧЛда ҳеч бўлмаса ярим финалда ўйнаган. Энди вазият қи­йинлашди. «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» каби рақобатчилар пайдо бўлди.

- Бизнинг асосий кучимиз бирдамлигимизда. Ҳар ёзда янгилар пайдо бўлади ва ҳар доимгидек вазият ўша-ўша.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz