Қайднома

Қидирув

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: «ФРАНЦУЗЛАР ОЛИФТАГАРЧИЛИК «ҚУРБОНИ» БЎЛИШДИ»

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: «ФРАНЦУЗЛАР ОЛИФТАГАРЧИЛИК «ҚУРБОНИ» БЎЛИШДИ»

  16.03.2019 07:46
  0
  308
Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: «ФРАНЦУЗЛАР ОЛИФТАГАРЧИЛИК «ҚУРБОНИ» БЎЛИШДИ»

"МЮ"нинг собиқ ярим ҳимоячиси, ҳозирда "Навбаҳор" бош мураббийи бўлган Андрей Кончелскис ЕЧЛ нимчорак финали доирасидаги "ПСЖ"-"МЮ"(1:3) учрашувидан сўнг, журналистларга интервью берди...

- Ростини айтинг, ўйингача ва учрашув давомида «Манчестер Юнайтед» «ПСЖ» тўсиғидан ўта олишига ишонганмидингиз?

- «Юнайтед» - азамат клуб, жамоа учун жудаям хурсандман. Кўриниб турибдики, «қизил иблислар»да енгилмас руҳ бор, улар охиригача курашишмоқда. Бунинг  исботи - кечаги ўйин (суҳбат 7 март куни бўлган). Ўз майдонидаги умидсиз 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг «ПСЖ»ни Парижда икки тўп фарқи билан мағлуб этиш - кучли иродадан далолат. Аслини олганда-ку, омадсизлик учун парижликларнинг ўзлари айбдор. Чунки улар рақибни менсишмади. Бу ўйин менга икки йил олдин «ПСЖ»нинг «Барселона»га қарши баҳсини эслатиб юборди. Ҳа, қайсидир маънода Неймарнинг жароҳати, Каванининг тўлиқ тикланмагани ҳам уларга панд берди. Аммо «МЮ»нинг ҳолати бундан ҳам баттарроқ эди. Демак, французлар катта устунликка эга бўлишса-да, бундан фойдалана олишмади, дейиш тўғрироқ бўлади.

- «ПСЖ» аъзолари қайсидир лаҳзаларда омма учун ўйнаётгандек туюлишмадими? Масхаромуз финтлар, товондаги узатмалар?..

- Биласизми, «ПСЖ» ўзидан талаб қилинганидек эмас, умуман бош­қача ўйин кўрсатди. Французлар қатъий ва мақсадли тўп суриш ўрнига, орзу-хаёлларга берилиб кетишди, менимча. Футболни ўз имкониятинг даражасида ўйнашинг керак. Товон билан фақат Стрельцовгина ўйнай оларди, қолганларнинг бари - шунчаки, олифталар. Мана, французлар ҳам олифталик учун жазоланишди. Футбол эса бундай нарсаларни кечирмайди.

- Парижликларнинг ҳимоядаги хатолари нимада эди? Дейлик, «МЮ» яратган ҳар бир хавфли вазият гол билан якунланди. Голлар эса «ПСЖ» аъзоларининг хатоларидан сўнг юзага келди.

- Ўз тажрибамдан яхши биламанки, агар жамоа ўйин бошланмасидан олдин курашга тайёр бўлмаса, кейин буни уддалаш қийин. «ПСЖ» футболчилари ўйиндан олдинги машғулотлар пайтида эринчоқ кўринишди, кулишди, худдики, бироздан сўнг «Юнайтед»ни осонликда мағлуб этишадигандек. Жиддий ўйинга нисбатан мана шундай ёндашув тезкор голга, кейинроқ эса умуман, жамоанинг инқирозига олиб келди. Ҳа, чиндан ҳам, Керер худди болалардек кулгули хато қилди, аммо айни шу хатодан сўнг «ПСЖ»нинг режасига путур етди. Буффон масаласига келсак, бундай ҳолат ҳаммадаям учрайди, боз устига, ўша куни кучли ёмғир ёғаётганди. Шунингдек, Жанлуижи футбол учун анча «кексайиб» қолганини ҳам унутмаслик лозим.

- Скоминанинг белгилаган пенальтисига қандай қарайсиз?

- Футболга VAR тизимини бекорга жорий қилишмади. Такрорий лавҳа бўлмаганида, катта эҳтимол билан ҳакам пенальти бермасди. Аммо ҳар қандай қолатда ҳам тўп Кимпембенинг қўлига тегди, у эса жарима майдончасида эди. Ҳакам вазиятни батафсил ўрганиб, пенальти белгиладими, демак чиндан ҳам қоида бузилган эди.

- Гарчи Скомина видеотакрорни кўрган бўлса-да, вазият баҳсли экани ҳақида фикрлар янграмоқда...

- Кўряпмизки, VAR тизими - баъзида яхши, баъзида эса ўйинни «ўлдириб» қўйяпти. Ишончим комил, бу ўйиндан кейин тизимнинг муаммолари ҳақида гап-сўзлар бошланади. Нега энди бу ҳақда олдинроқ ҳеч ким ўйлаб кўрмади?! Жаҳон футболида бу тизимни ишлатишга қарор қилиндими, бўлди, энди реалликка кўникиш керак.

- «Юнайтед» ниҳоят, ўз мураббийини топгандек. Бундай стартдан кейин Сульшер билан узоқ муддатли шартнома тузилишига ишонасизми?

- Менимча, ҳа. Бошқа томондан, «МЮ» раҳбарлари мавсум якунланишини кутаётгандек таассуротлар ҳам йўқ эмас. Чунки гап Сульшернинг қандай бошлаганида эмас, мавсумни қандай якунлашига боғлиқ. Чунончи, манкунианлар айни пайтда учта фронтда кураш олиб боришяпти.

- Сульшер билан Фергюсоннинг ўхшаш томонлари нима деб ўйлайсиз?

- Менга қолса, уларни таққосламаган бўлардим. Зеро сэр Алекс - худди Бесков, Лобановский ва бош­қа таниқли мураббийлар каби ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос шахс. Қисқаси, «биринчи Сульшер» пайдо бўлиши мумкину, аммо «иккинчи Фергюсон» бошқа туғилмайди. Муҳими шуки, норвегиялик мутахассис ўзи бевосита «МЮ»да тўп сургани учун жамоа руҳи, менталитети ва мухлислар билан тил топишишни билади. Бу эса ҳозирча унга наф келтиряпти.

- «МЮ»нинг ЕЧЛ кейинги босқичидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Жамоа айни пайтда Моуриньонинг кетишидан сўнг ўзига келиб, юксалиш даврини бошдан ўтказяпти. Энг муҳими, «Манчестер Юнайтед»да «Ливерпуль» ёхуд «Манчестер Сити»дек матбуот босими йўқ, ҳисоби. Дейлик, «МЮ» яқин келажакдаги ўйинларнинг бирида мағлубиятга учраса, бунинг учун футболчи ёки мураббийни ҳеч ким айбламайди. Чунки улар шу пайтгача ажойиб серияларни қайд этиб, рекордларни янгилаб бўлишди. Боз устига, ЧЛ чорак финалигача жароҳатланган футболчилар ва дисквалификация қилинган Погба ҳам сафга қайтади. Хуллас, Сульшер ва унинг шогирдларидан мухлислар ҳам, раҳбарлар ҳам хурсанд. Зеро, «МЮ» қисқа вақт ичида муаммоларни йўққа чиқариб, Чемпионлар Лигасида курашяпти, АПЛда медалга даъвогарлик қилмоқда, Англия кубогидаги иштирокини ҳам тўхтатмаган. Бир сўз билан айтганда, клуб олдинга катта қадам ташлади.

- «МЮ»нинг ижобий натижаларига тиғиз график халал бермасмикан?

- Фикримча, инглиз клублари 50 йилдан бери ҳар мавсум уч фронтда курашишмоқда ва бунга ҳамма ўрганиб бўлди. АПЛнинг аксарият футболчилари йил-ўн икки ой давомида ўзларини «тонус»да ушлаб туришга одатланишган. Ҳа, орада кимдир жароҳатланади, бошқа биров юкламаларга кўника олмай қийналиши ҳам рост. Лекин умумий олиб қаралса, учта фронт - Англия учун одатий ҳолат.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz