Қайднома

Қидирув

Stadium of the year ёки энг яхши стадионлар ҳақида...

Stadium of the year ёки энг яхши стадионлар ҳақида...

  17.03.2019 08:51
  0
  265
Stadium of the year ёки энг яхши стадионлар ҳақида...

2018 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ 10та СТАДИОНИ. Stadiumdb.com сайти 2012 йилдан эътиборан янги қурилган ареналардан энг яхшисини танлаб, унга Stadium of the Year мукофотини топшириб келмоқда. Soccer.ru ижодкорларининг маълум қилишларича, 2018 йили фойдаланишга топширилган ва ушбу совринга номзоди кўрсатилган 10та стадионнинг нақ 4таси Россияда жойлашган. Демак, қуйидаги фотожамланма воситасида махсус сўровнинг финал раундига чиққан 10та арена ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

1. «Тимса-Арена» (Бурса, Туркия). Timsah - бу тимсоҳ демакдир. Хуллас, гап салобати номига мос стадион ҳақида кетяпти. 43 минг томошабинга мўлжалланган аренанинг умумий кўриниши чиндан ҳам, тимсоҳни эслатади. Эҳтимолки, бу мукофот учун бош даъвогар аренадир.
2. «ДВТК Стэдиум» (Мишкольц, Венгрия). Қарангки, сўров натижасига кўра, Венгриянинг мўъжаз шаҳрида қад ростлаган мўъжазгина арена (сиғими - 15000) ҳам финал раундига чиқди. «ДВТК Стэдиум» тепадан худди яшил экранли плазма телевизорига ўхшайди, ердан қараганингизда эса, савдо марказини эсга солади.
3. «МОЛ Арена Состой» (Секешфехервар, Венгрия). Яна Шарқий Европа, яна Венгрия, яна «митти чақалоқ». Буниси ўз бағрига атиги 14 мингдан кўпроқ мухлисни сиғдиради. Тўғри, «МОЛ Арена Состой» мутлақо янги эмас, шунчаки, навбатдаги реконструкциядан кейин ўз қиёфасини буткул ўзгартирди. Дарвоқе, «Видеотон» клуби жорий мавсум «Челси»ни айнан янгиланган аренасида қабул қилди.
4. «Мордовия Арена» (Саранск, Россия). Мордовия республикаси раҳбари Саранскдаги стадион жаҳон жамоатчилиги эътиборига тушганидан алоҳида ғурурланмоқда. Маълумот учун айтиш керак, «Мордовия Арена» ЖЧ-2018 доирасидаги 4та ўйинни қабул қилганди.
5. «Оптус Стэдиум» (Перт, Австралия). Ниҳоят, улкан ва муҳташам стадион. Австралияликлар 60 минг томошабинга мўлжалланган арена лойиҳасига 1,6 миллиард доллар сарфлаб, уни мамлакатдаги энг замонавий спорт мажмуалари қаторига олиб киришди. Мухлислар учун идеал қулайликлар яратилган. Дейлик, қия трибуналар ва деярли юмалоқ шакл майдондаги воқеаларни хоҳлаган нуқтадан тўлиқ кўриш имконини беради. «Оптус» дарҳақиқат, жуда гўзал!
6. «Цзаочжуан Спортс» (Цзаочжуан, Хитой). 30 минг мухлисга мўлжалланган арена - Цзаочжуанда қурилган спорт ва маданият марказининг ҳақиқий жавоҳири. Ҳозирча янги стадион бирор клубга бириктирилгани йўқ, ваҳоланки, даъвогарлар кўп.
7. «Ростов Арена» (Ростов, Россия). Бу стадион жаҳон чемпионатида кўпчиликда ёқимли хотиралар қолдирган бўлса, ажабмас. Мисол учун, турнир доирасидаги энг ёрқин тўқнашувлардан бири - Япония - Бельгия ўйини Дон дарёсининг чап соҳилига ўзгача кўрк бағишлаган «Ростов Арена»да бўлиб ўтди.
8. «Сучжоу Олимпик Стэдиум» (Сучжоу, Хитой). Чин юртида фойдаланишга топширилган яна бир арена. «Сучжоу Стэдиум» сиғими - 41000. Бу ҳам «ёлғиз» эмас, балки улкан спорт маркази ичидаги энг салобатли объектдир.
9. «Самара Арена» (Самара, Россия). «Крилья Советов»нинг уй стадиони гўзаллигидан тўлиқ баҳра олишни истаган киши юқоридан қараши керак - ноодатий шакл, худдики, катта учар ликопчадек...
10. «Волгоград Арена» (Волгоград, Россия). «Ротор» клуби элит даврадан тушиб қолган бўлсада, «Волгоград Арена» юқори даражали ўйинларни қабул қилмоқда. Мисол учун, Россия кубоги финали ва ЖЧ ўйинларига бағрини очди. Битта ачинарли томони бор: шундай чиройли «уй» ҳам «Ротор»ни илҳомлантиролмаяпти.

Stadium of the Year қандай мукофот? Соврин лауреати йил давомида спорт мусобақалари ва мухлисларга бағрини очган янги ареналар орасидан танлаб олинади. Айтиш мумкинки, Stadium of the Year «янги туғилган» стадионлар учун ўзига хос «Оскар» ёки «Олтин тўп» саналади. Мукофот илк марта 2012 йили топширилган.
Stadium of the Year: барча лауреатлар
2012 йил - «Арена Гремио» (Порту-Аллегри, Бразилия)
2013 йил - «Геламко Арена» (Генк, Бельгия)
2014 йил - «Альянс Парк» (Сан-Паулу, Бразилия), очиқ сўров натижаси; «Ҳазза бин Зайд» (Ал-Айн, БАА), ҳайъат хулосаси
2015 йил - «Эстадио ББВА Банкомер» (Гваделупе, Мексика), очиқ сўров натижаси; «Матмют Атлантик» (Бордо, Франция), ҳайъат хулосаси
2016 йил - «Водафон Парк Арена» (Истанбул, Туркия), очиқ сўров натижаси; «Водафон Парк Арена» (Истанбул, Туркия), ҳайъат хулосаси
2017 йил - «Генерал Пабло Рохас» (Асунсьон, Парагвай), очиқ сўров натижаси; «Лужники» (Москва, Россия), ҳайъат хулосаси
«Лужники» ўтган йили stadiumdb.com ҳайъати томонидан фойдаланишга топширилган энг яхши стадион сифатида эътироф этилган бўлса, «Санкт-Петербург» (ҳозирги номи - «Газпром-Арена») кучли 10таликка кирганди. «Спартак»нинг уй стадиони - «Откритие Арена» 2014 йили мухлислар сўровига кўра, 3-ўринга қўйилган, «Краснодар» эса 2016 йили ҳар икки йўналишда фақат «Водафон Арена»дан ортда қолган. Энг яхши арена қандай танланади? Ҳайъат аввалига даъвогарларни аниқлайди. Мисол учун, 2018 йили жами 27та арена умумий рўйхатга олинди. Шундан сўнг очиқ сўров ёрдамида 10та финалчи аниқланади. Якунда обрўли ҳакамлар ҳайъати ареналарнинг устунликлари ва камчиликларини баҳолаш асносида мукофот соҳибини танлайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz