Қайднома

Қидирув

Нурилло ТЎХТАСИНОВ: «ТАЖРИБАЛИ ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ ЙЎҚЛИГИ БИЛИНДИ»

Нурилло ТЎХТАСИНОВ: «ТАЖРИБАЛИ ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ ЙЎҚЛИГИ БИЛИНДИ»

  20.03.2019 12:02
  0
  568
Нурилло ТЎХТАСИНОВ: «ТАЖРИБАЛИ ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ ЙЎҚЛИГИ БИЛИНДИ»

Вадим Абрамов «қалдирғочлар» бош мураббийига айлангач, ишқибозлар ундан кўп нарса кутаётгани рост. Ҳар ҳолда, ушбу мутахассис ёшлар билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга. Ўз вақтида ОТЖ ва «Трактор»да ишлаган кезлари ўзбек футболига иқтидорли ёшларни етказиб беришда фаол бўлган. «Бунёдкор» раҳбарияти ҳам шу омилларга таянган ҳолда, уни мураббийликка таклиф этди. Тўғри, илк турда жамоа оғир ва тушунарсиз ўйин намойиш этди, лекин бу вақтинчалик ҳолат. Боз устига, тажрибали футболчилар хизматидан фойдалана олмагани ҳам панд берди. Шундай паллада майдонда етакчиликни ўз зиммасига олиш, марказда ўйинни назорат қилиш масъулияти ўтган мавсум ижарадан қайтган Нурилло Тўхтасинов чекига тушди. Иқтидорли футболчидан интервью олганимизда, у жорий мавсумнинг биринчи тур ўйинидан қандай таассурот олгани ҳақида гапирди.

- Дастлабки ўйинда қийинчиликка дуч келдинглар...

- Дарҳақиқат, чемпионат старти биз учун оғир келди. Биласиз, жамоамиз тайёргарликни бир маромда ўтказмади. Турли муаммолар ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Устига-устак, мен ва олимпия термасига аъзо жамоадошларим йиғинга кейинроқ келиб қўшилдик. Шунинг учун «Суғдиёна»га қарши баҳсда бироз қийналдик. Бу ўтиб кетадиган ҳолат. Худо хоҳласа, маълум муддат ўтгач, барчаси изига тушиб кетади.

- Тажрибали футболчиларнинг йўқлиги билиндими?

- Ҳа, албатта, сезилди. Анвар Ғофуров, Лутфулла Тўраев майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаришади. Бизга яқиндан ёрдам беришади. Кейинги ўйинларда улар сафга қайтишса, ўйинимиз ҳам ижобий томонга ўзгаришига ишончим комил.

- Абрамовнинг ғоясини тезда илғаб олдингларми?

- Гарчи таркибга кеч қўшилган бўлсакда, яхши тайёргарлик кўриб, мураббий услубига тезда мослашишга ҳаракат қилдик. Унинг қарашлари биз ўйлаганчалик мураккаб эмас экан. Асосийси, содда ва тушунарли. Вадим Карленович билмаганларимизни машғулотлар пайти астойдил тушунтириб, босқичма-босқич ўргатмоқда. У ҳақиқий профессионал, ўз ишининг устаси.

- Ўтган мавсум «Суғдиёна» сафида тўп сурдингиз. Шундан келиб чиқсак, жорий йилги чемпионатни ҳам Жиззахда бошлашингиз мумкинмиди?

- Қонунан «Бунёдкор»га тегишлиман. Аввалги мавсум ижарада ўйнадим. Умуман, ҳозирча қайси жамоада ўйнашимни шу клуб вакиллари ҳал қилишади. Қолаверса, ўзим ҳам «Бунёдкор»га қайтишга қарши эмасдим. Зеро, Абрамов билан ишлаш қизиқ туюлмоқда.

- Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

- Биринчи навбатда, олимпия термаси билан саралаш ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, ишқибозлар меҳрини қозониш. Ишончим комилки, пойтахтимизда ўтказиладиган мусобақада мухлислар бизни ёлғизлатиб қўйишмайди. Энг асосийси ҳам шу. Кўрдик, Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги баҳсда «Пахтакор» минглаб мухлислар қаршисида жуда чиройли ва шиддатли ўйин кўрсатди. Кўриниб турибдики, футболда фидойи ишқибозларнинг ўрни бўлакча.

- Майдонлар сифатсизлиги чиройли футбол кўрсатишга халақит берадими?

- Сифатсиз майдонда нафақат биз, балки рақиб ҳам қийналади. Футболчилар ўз даражаларида ўйнай олишмайди. Натижада кутилмаган жароҳатлар вужудга келади. Айни вақтда пойтахтимиздаги «Пахтакор» ва Қашқадарёдаги «Насаф» стадионлари майдони аъло ҳолатда. Барча талабларга жавоб беради. Бундай стадионда футбол ўйнаш кишига ўзгача завқ беради.

- Яқинлашаётган учрашувларда Сиз ва олимпия терма жамоамизга омад тилаб қоламиз.

- Раҳмат! Насиб қилса, ота-оналаримиз ва яқинларимиз кўз ўнгида ижобий натижа қайд этишга астойдил ҳаракат қиламиз.

 Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz