Қайднома

Қидирув

Элдор ШОМУРОДОВ: «ЕВРОПА ФУТБОЛИДА ЎСИШНИ ИСТАЙМАН»

Элдор ШОМУРОДОВ: «ЕВРОПА ФУТБОЛИДА ЎСИШНИ ИСТАЙМАН»

  21.03.2019 21:55
  0
  602
Элдор ШОМУРОДОВ: «ЕВРОПА ФУТБОЛИДА ЎСИШНИ ИСТАЙМАН»

«Ростов»ни жорий мавсумда ҳимоявий ўйин кўрсатишда айблашмоқда. Бироқ жамоанинг ҳужум чизиғидаги рақобат анча кучли. Таркибда Исландия термаси ҳужумчиси Бьорн Сигурдарсон бўлишига қарамай, ростовликлар устози Валерий Карпин 23 ёшли Элдор Шомуродовга кўпроқ ишонч билдирмоқда. Яқинда Sport24 нашри ҳамюртимиз билан суҳбат уюштирди.

— Осиё кубогининг 1|8 финали Ўзбекистон термаси учун юқори натижами?

— Албатта, жамоамиз бундан юқорисига қодир. Бунинг учун имкониятимиз ҳам бор эди. Айни пайт Ўзбекистон термасида ажойиб футболчилар жамланган. Лекин бироз омад етишмади. Гуруҳда ишончли ўйин намойиш қилдик. Австралияга қарши ҳам ёмон ўйнамадик, аммо пенальтилар сериясида имкониятни бой бердик. Австралия кучли терма, бироқ мағлуб этиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Тўғри, «яшил қитъа» вакилларини ҳозиргача мағлуб эта олмаганмиз. Лекин қачондир бу серияга барҳам берилади.

— Осиё кубоги баҳсларида 4та ўйинда 4та гол урдингиз...

— Бу яхши. Аммо мен учун асосийси - жамоамиз натижаси. Агар гол урмасам-у, термамиз ғалаба қозонганида, асло хафа бўлмасдим.

— Япония дарвозасига урган голингиз ажойиб чиқди. Уни қандай ижро этдингиз?

— Ўйин пайтида бу ҳақда ўйламадим. Тўпни қабул қилиб олганимда, рўпарамда икки ҳимоячи турганди. Бизникилардан ҳеч ким йўқ эди. Агар ўзимизникилар бўлишганида пас берардим. Шу боис ҳам тепишга қарор қилдим. Тўп ўнг оёғимга «ўтирганда», ҳимоячи зарбамга қарши чиқишини тушундим ва тўпни чап томонга олдим. Ўша вазиятда дарвозабоннинг бироз олдинга чиқиб қолганини сездим ва ўнг оёқда тепишга қарор қилдим. Агар чапда тепганимда, зарба кўнгилдагидек чиқмасди.

— Австралияга қарши ўйиннинг қўшимча вақтида ўрнингизга Марат Бикмаев туширилди. У эса пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани йўллашда адашди. Россияда Фёдор Смолов шундай ҳолатга тушиб, танқидлар остида қолиб кетганди.

— Агар ҳал қилувчи паллада гол уролмасангиз, одамлар ҳамиша тан­қид қилишади. Бунга шубҳа йўқ. Лекин ўша вазиятда Маратнинг айби йўқ. Ўйиндан сўнг анча сиқилди. Бутун жамоа бўлиб уни қўлладик. Ахир даҳшатли нарса юз бермади-ку.

— Австралия ва Япония ҳамиша Осиё кубогининг фаворитларидир. Турнирда нима учун Қатар ғалаба қозонди?

— Мен учун ҳам бу кутилмаган бўлди. ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида Қатарга қарши икки марта ўйнагандик. Кейин Осиё кубогидан олдин ҳам ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Ҳамма ўйинда ғалаба қозонганмиз — 1:0, 1:0, 2:0. Ўшанда ҳам қатарликлар яхши ўйнашганди. Аммо нимадир етишмаганди. Айни пайт ушбу термани испаниялик мутахассис бошқармоқда. У қачонлардир кучли жамоаларда ишлаган. Шунингдек, Осиё кубогида уларнинг омадлари келди.

— Қитъа биринчилиги арафасида Ўзбекистон термасини Эктор Купер қабул қилиб олди. У нималарни ўзгартирди?

— Ҳаммасини. Лекин энг муҳими, биз билан жуда кўп мулоқот уюштирди. Купер — мотиватор. Бор кучимиз билан ўйнашимизни талаб қилди ва «Осиё кубогида ғалаба қозонасизлар», деб руҳлантирди. Мақсадимиз ҳам шу эди. Эктор Купернинг ёрдамчилари кўп. Лекин ҳамма машғулотларни унинг ўзи олиб боради. Эктор футболчилик даврида ҳимоячи бўлган. Шу боисми, Осиё кубоги олдидан кўпроқ мудофаага эътибор қаратдик. Аммо барибир, чемпионатга борганимизда, Купер биз ҳимояга ётиб олиш учун келмаганмизни таъкидлади.

— Осиё кубогининг гуруҳ босқичидан сўнг машҳур карикатурачи Омар Момани сиз билан терма жамоа дарвозабони Игнатий Нес­теровнинг суратини чизди.

— Менимча, ўхшатган. Айтганча, Нестеровни «Осиё Буффони» деб аташади. Қитъанинг энг яхши дарвозабонларидан бири. Яқинда Саудия Арабистони чемпионатига кўчиб ўтди.

— Демак, Ўзбекистон терма жамоасида Буффон билан Месси бор экан-да?

— Билмасам. Мени «ўзбек Мессиси» дейишларини «Ростов»га ўтганимдан кейин билганман. Умуман олганда, Мессига умуман ўхшамайман. Болалигимда Фернандо Торрес ва Дидье Дрогба иштирокидаги ­ўйинларни зўр қизиқиш билан кузатардим.

— Жозе Моуриньо-чи? Уни қаердан топдингиз?

— Осиё кубогидан кейиноқ «Ростов»га келдим ва турнирда қатнашдим. «Локомотив»га қарши ўйинда 69 дақиқа тўп сурдим. Шундан кейин мураббийлар штаби менга бироз таътил беришди. Москвада кутилмаганда Моуриньони учратиб қолдим. У хоккей кўриш учун келганини айтди. Жозе агентим Герман Ткаченконинг таниши экан, у билан учрашгани ресторанга бордим. Бу Балашихада музга йиқилишидан олдин юз берганди. Уни жаҳоннинг энг яхши мураббийларидан бири, деб ҳисоблайман. Шунга «Юнайтед»га эмас, «Челси»га мухлислик қилсам керак.

— Февраль ойининг охирида «Краснодар»ни Россия кубогидан чиқариб юбордингиз. Ушбу мусобақада «Ростов» узоққа бора оладими?

— Танаффусдан кейинги биринчи расмий ўйин бўлгани учун анча қийин кечди. Лекин ўз мухлисларимиз қаршисида кучли рақибни мағлуб этдик. Олдинда «Локомотив»га қарши ўйин бор.

— Кубок баҳсларида битта ўйин ўтказган яхшими ёки иккита?

— Менга иккита ўйин маъқул. Ўшанда бутун учрашув давомида ҳимояга ётиб олиб, пенальтилар сериясини кутишга ҳожат қолмайди. Агар биринчи баҳс кўнгилдагидек ўтмаса, хатоларни иккинчисида тўғрилаш имконияти бўлади. Ўтган мавсум кубокдан бизни «Амкар» чиқариб юборганди. Ўшанда ҳаётимда илк бор пенальтилар сериясида икки марта зарбани амалга оширгандим. Дарвозабонимиз Серёга Песьяков тепаётган пайтда тайёргарлик ҳам кўрмагандим. Сериянинг иккинчи давраси бўлишини хаёлимга ҳам кетирмагандим. Шу боис имкониятдан фойдаланолмаган бўлсам керак. Шунингдек, ҳаво жуда совуқ эди. Ўзбекистонда ўйинлар асосан иссиқ пайтларда бўлади.

— Кўпчилик «Ростов»ни «автобус» дейди. Жамоа етакчилардан очко олади. Бироқ аутсайдерларга қарши ўйинларда қийналади.

— Ҳимояга эътибор қаратиш бугунги кунда оддий ҳолга айланган. Лекин биз худди Ўзбекистон терма жамоасидаги каби ҳужум қиламиз, прессинг уюштирамиз. «Автобус» дейишса хафа бўлмайман. Муҳими, ўйин услубимиз натижа беряпти. Турли гап-сўзлар учун уч очко беришмайди.

— Карпин қандай мураббий?

— Валерий Георгиевични туғилган куни билан табриклаганимизда, видеода унинг қувноқлигини айтгандим. Лекин Карпин мураббий сифатида моҳир - тактик жиҳатдан ҳам, жисмоний таёргарлик бўйича ҳам. Назарий машғулотларда топ клубларнинг қандай ўйнашлари ҳақида кўп сўзлайди. Осиё кубогидан кейин жамоа билан кўришганимизда, голлар урганим билан табриклади. Валерий Георгиевич ҳам ўйиним ёққанини айтди.

— Қишда «Ростов» Гулиев ва Юсуповлар ўрнига Попов ва Ерёменкони таклиф қилди.

— Футболчиларнинг кетишига чидаш керак. Лекин майдон марказидаги сифатли ўйинимизни йўқотмадик. Масалан, ўша Ерёменкони икки йил футбол ўйнамаган, дея олмайсиз. Попов билан янада қизиқарли. Йиғин пайтида у нафақат дарвозабонларни, балки мени ҳам «отжимания» қилишга мажбур этганди. Икки томонлама ўйинда мағлуб бўлган жамоа ҳамиша жазони ўтайди. Мен ҳам 50 марта «отжимания» қилгандим. Хайриятки, буни машғулотдан кейиноқ эмас, балки сал вақт ўтгач бажарганмиз.

— ОАВда қишки трансферлар пайти «Ростов»дан кетишингиз мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқаганди. Ҳақиқатан ҳам таклифлар бўлганми?

— Бу ҳақда фақат интернетда ўқидим. Агентим ва клуб раҳбарияти ушбу масала юзасидан ҳеч нима де­йишмади. «Ростов» билан 2,5 йиллик шартномам бор. Рақобатдан чўчимайман. Шу ерда қолиб, ўйнашга ҳақли эканлигимни исботламоқчиман. «Рос­тов»га ўтишимдан олдин Қатар клубидан бўлган таклиф ҳақида эшитгандим. Аммо Россияни танладим. Кўпчилик пул учун Осиёни танлайди. Лекин мен Европа футболида ўсишни истайман. Тўғри, Одил Аҳмедов Хитойда футбол жиддий тарзда ривожланаётгани ҳақида айтиб берди. У ўйнаётган «Шанхай СИПГ» жаҳоннинг энг яхши академияларидан бирини қурибди.

— Мавсум аввалида майдон марказида ва ҳимоянинг ўнг қанотида ўйнадингиз. Позиция алмаштириш жараёнида қийналмадингизми?

— Бунга қадар чап қанот ҳужумчиси сифатида тўп сурганман. Аммо 4-2-3-1 схемаси остида. «Ростов»да беш ҳимоячи ўйнайди. Шу боис ҳам қанотлардаги футболчиларнинг функциялари бироз бошқачароқ. Муҳими, кўпроқ югуришга тўғри келади. Лекин мен учун бу муаммо эмас.

— Қайси шаҳарда туғилганингиз ҳақида ҳеч қаерда маълумот йўқ.

— Термизда таваллуд топганман. Ўзбекистоннинг энг жанубий шаҳри. Сурхондарё вилоятида. Футбол билан ҳам ўша ерда шуғулланишни бошлаганман. Чунки оиламизда ҳамма футболчи. Отам Азамат Шомуродов қуйи лигаларда ўйнаган. Амаким Илҳом эса терма жамоада ҳам тўп сурган. «Насаф» билан ОФК кубогида, «Бунёдкор» билан Ўзбекистон кубогида зафар қучган. Уларни Ўзбекистонда яхши танишади. 6 ёшимдан машғулотларга боришни хоҳлаганман, аммо мени қабул қилишмаган. Шу боис ҳам биринчи синфдан қатнаганман. Аввалига Термиздаги футбол тўгарагида қатнашганман. 11 ёшимда отамнинг дўсти, «Машъал» академияси селекционери мени кўриб қолган. У акам иккимизни кўрикка боришга кўндирган. Биринчи ўйиндан кейиноқ мени олиб қолишган.

— Акангиз-чи?

— Санжар 1991 йилда туғилган. Уйга қайтиб, Термиздаги маҳаллий жамоада ўйнаган. Фаолиятини якунлаб, филолог бўлишга қарор қилган. Айни пайт рус тили ва адабиётини ўрганмоқда. «Машъал» академиясида аввалига қийин бўлган. Уйни жуда соғинардим. Баъзида кетгим келарди. Лекин футболчи бўлиш мақсадим ҳаммасидан устун чиққан. Боз устига, мен ўқиган пайтда «Машъал» академияси Ўзбекистондаги энг яхшиси ҳисобланарди. У ерда таҳсил олган кўплаб футболчилар мамлакатимизнинг турли термаларида ўйнашган. Биз бу таълим масканида рус ва инглиз тилларини қўшимча тарзда ўрганардик.

— Натижада мақсадингизга эришдингизми?

— «Машъал»нинг катталар жамоасида 10та ўйин ўтказганман, холос. «Бунёдкор»нинг собиқ мураббийи Сергей Лушан ўсмирлар термасидаги ўйинларим орқали яхши танирди. Айнан у туфайли «Бунёдкор»дан жой олганман.

— 2000 йиллар охирида «Бунёдкор»да Ривалдо ўйнаган. Эслайсизми?

— Тошкентликлар «Машъал» билан ўйнагани боришганида, мен Ривалдонинг қўлидан ушлаб, майдонга тушганман. Бундан қувончим ичимга сиғмаганди.

Жаъфархон БОБОХОНОВ таржимаси, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz