Қайднома

Қидирув

БАРБОД БЎЛГАН ФАОЛИЯТ

БАРБОД БЎЛГАН ФАОЛИЯТ

  24.03.2019 07:03
  0
  663
БАРБОД БЎЛГАН ФАОЛИЯТ

Бундан уч ярим йил муқаддам «Тоттенхэм» Сайдо Берахино учун 30 миллион евро таклиф этганди. Ваҳоланки, бу клубда Даниэль Леви ҳар бир центни қадрлайди. Аммо мазкур сумма АПЛ бозори учун жуда мос эди - Берахино англияликлар учун муҳим футболчилардан бири саналарди. Ушбу форвард камтарона «Вест Бромвич»да кўплаб голлар урар, Бурундида синовдан ўтган техникаси эса уни туманли ўлкадаги бошқа ҳужумчилардан ажратиб турарди.

Унинг Англия ёшлар термасидаги қойилмақом ўйинлари (11та ўйинда 10та гол) ҳам инобатга олинган ҳолда, Гарри Кейндан ҳам кўпроқ фойда келтирадиган ўйинчи бўлиши кутилганди. Умуман, Сайдо Гарри билан шерикликда тўп суриши ҳам мумкин эди - 2015 йилнинг ёзида 21 ёшли форвард «Уайт Харт Лейн»га кўчиб ўтишга тараддудланганди. Леви эса унинг учун ўттиз миллион ажратишга тайёр бўлган. Бироқ «Вест Бром» ўзининг энг яхши футболчиларидан бирини сотишни истамади. Сайдо эса шу заҳоти «Альбион» учун бошқа ўйнамаслигини таъкидлади.

Бир ойдан сўнг, у барибир, «Вест Бромвич» таркибида майдонга тушди. 2016 йилнинг 27 февралида Берахино АПЛдаги сўнгги голини урди. Шундан кейин деярли 3 йил мобайнида тўп сурганига қарамай, «Вест Бромвич» ва «Сток Сити»да тўп киритолмади. Яъни 40та ўйинни «қуруқ» ўтказди. Ҳақиқий зулмат. Бинобарин, гап 2014|2015 йиллар мавсумида 14та гол урган форвард ҳақида бормоқда. Буни АПЛда амалга оширганига нима дейсиз?

2017 йилнинг февралида Берахинонинг допинг истеъмол қилгани аниқланди. Тикланиш учун мўлжалланган, аммо номи ошкор этилмаган модда FA томонидан тақиқланганди. Расмий манбаларда Сайдо 8 ҳафтани жароҳатлар сабаб ўтказиб юборгани айтилган. Аслида эса, Англия футбол федерацияси уни дисквалификация қилганди - махфий тарзда, оммавий танбеҳларсиз, умуман, эълонларсиз. Берахинога расмий мусобақаларда қатнашиш тақиқланди.

«Нега «Вест Бром» мени ўша вазиятда ҳимоя қилмади? Шок ҳолатида эдим, руҳий тушкунликка тушдим. Тақиқланган модда истеъмол қилмагандим, ҳойнаҳой, допингни тунги клубда коктейлимга қўшиб беришган», - Берахинонинг расмий изоҳи ҳам шу тарзда ўзгача чиқди.

Кейинчалик Сайдо голлар эмас, можаролар коллекциясини маъқул кўрди. Бир қарасангиз, Англия матбуоти «Берахино уч фарзанднинг отаси бўлгани», ҳар учала боланинг онаси бошқа-бошқа экани, аёлларнинг олти ой ичида кўзи ёригани ҳақида ёзди. Ваҳоланки, уч нафар хонимнинг ҳеч бири унинг рафиқаси ҳам, доимий қаллиғи ҳам эмасди.

2019 йилнинг 18 февралида Берахинонинг хурмача қилиқлари давом этди -маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун қамоққа олинди. Сайдонинг бу борадаги фикрлари ҳам бироз кулгили чиқди: «Айбим йўқ. Мен кечки тановул қилаётган ресторанда ўғрилар қимматбаҳо соатимни ўғирлашди. Сўнгра машинамни олиб қўйишга уринишди - мен шунчаки, улардан қочишга ҳаракат қилдим». Гувоҳлар эса воқеанинг бироз бошқача тус олганини таъкидлашди: «Берахино кўп ичиб, маст бўлиб қолганди, ўзини тутолмай, ахлоқсизлик қилди. Ресторадна икки қиз ва икки дўсти билан чиқаётганда, ким биландир муштлашди. Афтидан, унинг соати ўша паллада синган».

Чемпионшипда қатнашаётган «Сток Сити» исёнчини машғулотлардан ҳайдади - суд иши ёпилмагунча шундай бўлиши таъкидланди. Яқинда Берахинонинг иши судда футболчининг иштирокида кўриб чиқилди. Сайдо - ноёб иқтидор соҳиби, бу ерда ҳам қилиқ чиқарди. Йиғилиш арафасида бир неч­та сурат олишга уринган фотомухбирларни ҳақорат қилди. «Жин урсин, ўтказиб юборсангиз-чи. Аҳмоқлар!» - футболчи шундай дея ўшқирди.

Сайдонинг бу каби қилиқлари кишининг кулгисини келтиради. Судга кетаётганингда сени суратга олишса, бу ёқимсиз, албатта. Лекин ҳар қайси машҳур шахс бунга тайёр туриши керак. Берахино - Англияда таниқли, демак, уни суд зали остонасида журналистлар кутиб тургани табиий ҳол. Энг қизиғи, Сайдо йиғилишдан сўнг автомобилини нотўғри жойда тўхтатгани учун жарима солингани устидан чиқди. Судга кирганди, нима дейишни ҳам билмайди.

Йиғилишда Берахинонинг адвокатлари, кутилганидек, айбсиз эканини исботлашга уринишди. Гўёки, «футболчи атиги 15 сония маст ҳолатда машина ҳайдаган, мазкур ҳолатда айнан Сайдонинг ўзи жабрдийда» экан. Ҳозирча Берахинога нисбатан қандай жазо қўлланиши номаълум, вариантлар кўп - жаримадан тортиб, қамоқ жазосигача. Шунга қарамай, Кокорин ва Мамаевлар воқеаси Англияда такрорланишига ишониш мушкул.

Эҳтимол, Берахино каттагина жарима тўлаш билан қутулар - аммо можаролар гирдобида путур етган обрўсини тиклаши амримаҳол. Ҳа, Сайдо эндигина 25 ёшда, бироқ футбол уни анчадан буён қизиқтирмай қўйган кўринади. Англиядаги энг иқтидорли форвардлардан бирининг сўнгги 3,5 йил ичида нималар қилганига бир эътибор қаратинг:

АПЛда 40та ўйин ўтказиб, бирорта гол уролмади. Берахинонинг «қуруқ» серияси 913 кун давом этди;

6 ҳафта ичида уч марта оталик бахтига муяссар бўлди;

Допинг истеъмол қилгани учун дисквалификация қилинди. Айбига иқрор бўлмаяпти;

2018 йили Англия термаси асосий таркибига кириши кутилган форвард ўз ватани - Бурунди миллий жамоасида ўйнашни маъқул кўрди;

Чемпионшип даражасигача тушди. Мазкур лигада «Сток Сити» таркибида 24та ўйин ўтказиб, атиги 3та гол урди;

Кўплаб можаролар сабабчисига айланди;

«Сток Сити» машғулотларидан ҳайдалди. Қилмиши бўйича суднинг қарорини кутмоқда.

Сайдо Берахино топ даражадаги моҳир ёки ўртамиёна футболчи бўлиб етишиши керак эди. Бироқ можаролар устасига айланиб, аҳмоқона вазиятларга тушиб қолди.

А.Абдувалихўжаев тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz