Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: ЭКТОР КУПЕРНИНГ «ВАЛЕНСИЯ»СИ

Мураббийлар: ЭКТОР КУПЕРНИНГ «ВАЛЕНСИЯ»СИ

  25.03.2019 01:33
  0
  868
Мураббийлар: ЭКТОР КУПЕРНИНГ «ВАЛЕНСИЯ»СИ

Ёдингизда бўлса, газетамизнинг аввалги сонларида айни пайт терма жамоамизга устозлик қилаётган аргентиналик мутахассис Эктор Купернинг танилишига сабаб бўлган клуб - «Ланус» ҳақидаги қизиқарли мақола чоп этилганди. Бугун ҳикоянинг иккинчи қисми - Купернинг «Валенсия» клубидаги саргузаштларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Бунда бизга soccer.ru порталидаги маълумотлар қўл келди. 

 Ривожланиш учун янгиланиш

1999|2000 йиллар мавсуми арафасида Испаниянинг «Валенсия» клуби раҳбарларининг боши қотди: Раньерининг жамоадаги «миссияси» якунига етди ва юқорига интилиш учун энди янада кучлироқ мутахассис керак эди. Охир-оқибат, танлов аргентиналик Эктор Купер номзодида тўхтади. Бу вақтга келиб Купер ўз ватанида камтарингина «Ланус» билан КОНМЕБОЛ кубоги соҳиби бўлган, кейин эса яна бир камсуқум жамоа - (албатта, испан ўлчовлари билан айтганда) «Мальорка»ни Кубок эгалари кубоги ва Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиққанди. «Валенсия» раҳбарларида бир савол пайдо бўлганди: дейлик, Купер ҳеч ким танимаган футболчилар билан арзирли ютуқларга эришди. Агар унинг ихтиёрига анчагина шаклланган, жипслашган жамоа берилса, нима бўлади? Бу савол «Валенсия» президенти Педро Кортес Гарсияни узоқ қийнади-ю, аммо у қарори тўғрилигига ишончи комил бўлмасада, барибир, жамоани Купер қўлига топширди.

Бунгача эса жамоа таркибида бир нечта жиддий ўзгаришлар содир бўлганди. Айтайлик, Раньери даврида ҳам ишонч билдирилмаган айрим футболчилар - Кристиан Лукарелли, Стефан Шварц ва Илие Сабин бошқа клублардан қўним топишди. Руминия­лик Габриэль Попеску «Нумансия»га ўтди. Ўз навбатида, Хуанфран «Сельта» сафини тўлдирди. Фаолиятини айнан «Месталья»да бошлаган ҳужумчи Хуан Санчес яна жамоага қайтди. Шунингдек, «Алавес»даги бир йиллик муддатдан кейин ярим ҳимоячи Херард Лопес ҳам «кўршапалаклар» сафини тўлдирди. Жамоа Ла Лигадан тушиб кетган «Вильярреал»дан дарвозабон Андрес Палоп, ўнг қанот ҳимоячиси Херардо ва таянч ярим ҳимоячиси Давид Альбельдаларни харид қилди. Бу футболчилар узоқ чўзиладиган мавсумда захира ўриндиғи кенг бўлишига имкон берарди. Таркибга Купернинг икки ватандоши - марказий ҳимоячи Маурисио Пеллегрино («Барселона») ва чап қанот вингери Кристиан «Кили» Гонсалес («Сарагоса»)лар ҳам жалб этилди.

Аммо дарвозада ҳамон Испания термаси посбони Сантьяго Канисарес мустаҳкам турарди. Андрес Палоп эса тушунарлики, унга ўринбосар эди. Ҳимоянинг чап қанотида Жослен Анг­лома, ўнгида - Амедео Карбонилар ҳаракат қилишса, марказ Мирослав Жукич ва Маурисио Пеллегринога ишониб топширилганди. Хавьер Фаринос таянч нуқтага, Гаиска Мендьета ўнг қанот ярим ҳимоясига жавоб берарди. Чап томон эса бутунлигича Кили Гонсалес ихтиёрига берилганди. Ҳужумкорликни Херард таъминлар, икки асосий ҳужумчилар жуфтлиги - Клаудио Лопес ва Мигель Ангулолар рақиб дарвозасига хавф солиши кўзга тутилганди. Шунингдек, захирадаги Хуан Санчес, Адриан Илие ҳамда Горан Влаовичлар доим ўйинни кучайтиришга шай эдилар.

Эрта старт ва тўртта «0»

Ўша йили Испания чемпионати 21 август куни старт олди. Лекин «Валенсия» учун бу давр жуда тиғиз келганди: жамоа Испания Суперкубоги учун «Барселона»га қарши курашиши, ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун Хайфанинг «Хапоэл»идан ўтиб олиши керак эди. Шу тариқа, «Месталья»даги «Барса»га қарши ўтган ўйинда «Бурга» лақабли Клаудио Лопеснинг голи ўйинда ягоналигича қолади. «Камп Ноу»да эса мезбонлар нақ уч марта ҳисобда олдинга чиқиб олишади-ю, аммо Los Ches («Валенсия»нинг лақаби) ҳар гал «Барса» устунлигини йўққа чиқараверади. Хуллас, жавоб ўйинидаги 3:3 ҳисоби Куперга «Валенсия»даги фаолиятини соврин билан бошлаш имконини туҳфа қилди. Исроилликлар билан эса муаммо бўлмади - ҳар икки ўйинда ҳам «кўршапалаклар» 2:0 ҳисобида ғолиб чиқишди. Бироқ ички чемпионат «Валенсия» учун ўта омадсиз бошланди: тўрт ўйин ва тўрт мағлубият. Бундай натижадан кейин жамоа турнир жадвалининг қайси ўрнида бўлганини айтиш шартмикан?! Бешинчи турда «кўршапалаклар» «Вальядолид» устидан ғолиб чиқишлари мумкин эди, аммо бу ўйин ҳам дуранг билан тугади. Биринчи ғалаба ниҳоят, 6-турга келибгина Эктор Купер шогирдларига насиб қилди. Бу шундай ғалаба эди-ки... Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ.

Буни қарангки, жамоанинг Испания чемпионатидаги ишлари нечоғли омадсиз бўлса, Европа майдонларидаги зафари давом этаверарди. Кили Гонсалеснинг «дубли» «Месталья»да «Рейнжерс»нинг мағлубиятига сабаб бўлди. Кейин эса ПСВ ва «Бавария»га қарши сафар ўйинларида 1:1 ҳисобидаги дуранг натижалар қайд этилди. Шундай қилиб, ЧЛдаги учта турдан кейин «Валенсия» гуруҳ пешқадамига айланди. Бу эса табиийки, аргентиналик мутахассисни Испаниядаги танқидлардан асраб қолди.

Мана энди, юқорироқда айтилган шов-шувли ғалаба ҳақида гапирсак бўлади. Гап шундаки, «Валенсия»нинг узоқ кутилган мазкур ғалабаси «Сантьяго Бернабеу»да рўй берди ва бу стадионда кимлар тўп суришини ҳаммамиз яхши биламиз. Адолат юзасидан айтиш керак, ўша вақтлари «Реал» ҳам жуда оғир мавсумни бошидан ўтказаётганди. Аммо жамоа устози Жон Тошак хотиржам тарзда унинг истеъфога чиқишидан кўра, Мадрид устидан эчкининг парвоз қилиб ўтиши ҳақиқатга яқинроқ эканлигини таъкидлаганди. Оқибат шу бўлдики, Мадридда ҳеч ким осмонда чарх уриб юрган эчкини учратмади, уэльслик мураббий эса кутилганидек, ўз вазифасидан озод қилинди. Қисқаси, «Валенсия»га қарши ўйин кўп томондан британия­лик мутахассиснинг ҳайдалишига сабаб бўлди. Зеро бу баҳснинг биринчи бўлимидаёқ Эктор Купер шогирдлари Мендьета, Херард ва Лопесларнинг голлари эвазига 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Танаффусдан кейин Фернандо Морьентес иккита гол уриб, учинчисига ҳам ҳаракат қилди, аммо «кўршапалаклар» бунга имкон беришмади. Қизиғи шундаки, ҳатто шу антиқа ғалаба ҳам «Валенсия»ни хавфли ҳудуддан олиб чиқолмади. Бироқ табиийки, жамоа кайфияти бутунлай ўзгарган эди. Шу боис, «Нумансия» осонлик билан таслим этилди. Аммо афсуски, Бильбаодаги ёқимсиз мағлубият Купер ва унинг жамоасини яна жадвалнинг қуйи қисмига тушириб қўйди.

ЧЛдаги ишлар ҳамон чакки эмасди. «Валенсия» «Бавария» билан яна 1:1 кўринишида дурангга эришди. «Рейнжерс» ҳамда ПСВ эса мағлубиятга учратилди. Шу тариқа, «Валенсия» «F» гуруҳида ишонч билан карвонбошилик қилиб, кейинги босқичга йўл олди. Қизиғи шундаки, евроареналардаги «Бордо»га қарши ўйиндан олдин Купер шогирдлари ўз майдонларида «Барселона»ни 3:1 ҳисобида енгишди. Кейин эса худди шундай натижа билан Франция чемпиони тиз чўктирилди.

Бу орада ички чемпионатдаги ишлар ҳам анча мўътадиллашди. Тўғри, кучли ўнликдан пастда туриш ҳеч кимга ёқмасди, аммо «Валенсия» хавф­ли ҳудудда эмасди, ҳарқалай.

«Бордо»дан шоҳона совға

Кўпчиликда шундай тасаввур уй­ғондики, худди Купер ўзи учун асосий «нишон»ни белгилаб олгандек - Чемпионлар Лигасида имкон борича узоқроққа бориш. Табиийки, Испания чемпионати тўхтаб қолмаганди, аммо барибир, жамоа негадир ички мусобақага нисбатан камроқ эътибор берарди. Бу орада ЧЛда гуруҳ босқичининг учинчи тур ўйинлари етиб келди ва унда «Валенсия» Флоренцияга сафар қилиб, «Фиорентина»га 0:1 ҳисобида енгилди. Лекин орадан бир ҳафта ўтгач, реванш олинди - 2:0. Жамоа 4 турдан сўнг 6 очко тўплаб, гуруҳда «Манчестер Юнайтед» (9 очко) ва «Фиорентина» (7)дан кейин 3-ўринга жойлашди. Бироқ бешинчи турда Los Ches иккинчи марта «Бордо»ни йирик ҳисобда енгди (4:1), «Фиорентина» эса «Олд Траффорд» «қурбони» бўлди - 1:3. Олтинчи турда Купер жамоасини Алекс Фергюсон йигитлари кутиб турганди, флоренцияликлар эса умидини бутунлай йўқотган «Бордо»ни ўз майдонларида меҳмон қилишлари керак эди.

Хуллас, «Месталья»даги оғир учрашув 0:0 кўринишидаги дуранг билан якунланди. «Фиорентина» эса биринчи бўлимда ўз дарвозасидан битта тўп ўтказиб юбориб, танаффусдан кейин Энрико Кьеза, Габриэль Батис­тута ва Руи Кошталарнинг ҳаракатлари билан 3та гол урди. Афтидан, ҳаммаси ҳал бўлгандек эди, лекин «Бордо» саноқли дақиқаларда яна иккита тўпни дарвозага жойлаб, «Фиорентина»ни ўзи билан пастга тортиб кетди.

Ички чемпионатда эса «Валенсия» олтинчи ўринда борар, аммо жамоа ўйини барқарор эмасди. Тўғри, дарвоза ва ҳимоя чизиқлари мустаҳкам бўлиб, ўтказиб юборилган тўплар борасида Купер шогирдлари мақтансалар арзирди. Лекин чемпионликка даъвогар икки клуб - «Депортиво» ҳамда «Барселона»га қарши ўйинларда ҳимоя панд берди: 0:2 и 0:3. Устига-устак, ЕЧЛда «Лацио» билан бўладиган беллашув яқинлашиб қолганди.

Таъкидлаш лозимки, «Лацио»га қарши «Месталья»даги учрашув «Валенсия»нинг ЧЛдаги энг ёрқин ўйинларидан бири сифатида тарихда қолди. Свен-Ёран Эрикссоннинг мустаҳкам жамоаси нақ 5та тўп ўтказиб юборди. Тўғри, Симоне Инзаги ва Марсело Саласларнинг голлари римликларга умид берарди, аммо бунинг учун улар ўз майдонларида камида 3:0 ҳисобида ғалабага эришишлари ҳам талаб этилишини яхши биласиз. Умуман олганда, «Лацио»нинг мағлуб этилиши «кўршапалаклар»га янги «қанот» бағишлади. Римга сафар олдидан «Овьедо» ва «Севилья» устидан ғалаба қозонилди. Италия пойтахтида эса «Валенсия» атиги 0:1 ҳисобида енгилди. Албатта, бу мағлубият Купернинг асабини бузмасди. Қизиғи шундаки, ЧЛдаги тўртта ярим финалчининг учтаси Испания клубари эди ва ягона «бегона» жамоа - «Бавария» тақдир ҳукмига кўра, «Реал» билан беллашадиган бўлди. Иккинчи йўлланма учун эса «Барселона» ва «Валенсия» курашиши талаб этиларди. «Барса»га қарши ўйиндан олдин Los Ches Мадриднинг икки клуби - «Атлетико» ва «Райо Вальекано»ни енгди. Ўша пайтлари Купер жамоасини хато нималигини билмайдиган машинага қиёслашгани айни ҳақиқат.

Ниҳоят, «Месталья»да «жанг» вақти келди. Шу куни «Барселона»га дисквалифицияга учраган Луиш Фигунинг етишмагани яққол сезилди. «Валенсия» эса бошланғич дақиқалардаги босим ва тезкор голга умид қилганди, режа амалга ошди. 10-дақиқада Ангуло Мендьетанинг узатмасидан кейин рақиб дарвозасини ишғол қилди. Аммо «Барса»нинг собиқ аъзоси Пеллегрино Зенденнинг зарбасини қайтариш ўрнига, тўпни ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Ҳисоб тенглашгандан сўнг «Барселона» ўйинни ҳам тенглаштирди. Лекин биринчи бўлим тугашига беш дақиқа қолганида яна ўша Ангуло чап қанотдан ҳужум уюштириб, навбатдаги тўпни дарвозага жойлади. «Барса» устози Луи ван Гал ҳолатдан келиб чиқиб, ҳаммани олдинга ундади, аммо «ва-банк» «Валенсия» фойдасига ишлади ҳамда «кўршапалаклар» қарши ҳужумда пенальти ишлаб олишди. Яна ўша Ангуло... Мендьета эса жаримани аниқ амалга оширди - 3:1. Иккинчи бўлимда меҳмонлар тинмай ҳужум қилиб, эвазига тўртинчи голни ҳам ўтказиб юборишди...

«Валенсия» бу қувонч оғушида «Реал Сосьедад»ни 4:0 ҳисобида «янчиб ташлади». Кейин эса Эктор Купер жамоаси ЧЛ ярим финали жавоб ўйини учун Каталония сафарига отланди. «Валенсия» яқиндагина худди шу майдонда 0:3 шаклидаги мағлубиятга учраганди. Аммо ЧЛ ўйинида «Барса» ҳеч нарса қилолмади. Аксинча, ўйиндаги илк гол Мендьета ҳисобига ёзилди. Тўғри, каталонияликлар бир амаллаб 2та гол уришди, бироқ бу ҳеч нарсани ўзгартиролмасди. Шундай қилиб, «Валенсия» тарихда илк марта ЧЛ финалига чиқди. Эътиборлиси, тарихда яна биринчи марта Испаниянинг икки клуби тўқнаш келганди. Зеро «Реал» «Бавария» тўсиғидан ўтганди - 2:0 ва 1:2.

Париж саёҳати ва... мағлубият

Парижга йўл олишдан аввал «Валенсия» Испания чемпионати ўйинларида қатнашди. Вигодаги дурангдан сўнг «кўршапалаклар» бешинчи ўринга тушиб қолишганди, лекин сўнгги турдаги «Сарагоса» устидан қозонилган ғалаба Купер жамоасини фахрли учинчи ўринга олиб чиқди. ЧЛ финалида эса «Валенсия»дан омад юз ўгирди. Жамоа ҳужумлари умуман наф келтирмади, ўчакишгандек, ҳимоя ҳам шу куни ўзига ўхшамади. Биринчи бўлимда Фернандо Морьентес бир амаллаб дарвозага йўл топди. Иккинчи бўлимда Купер ўйинни ўзгартиришга астойдил интилди, аммо 69-дақиқада Стив Макманаман қандайдир фантастик ечимга келиб, тўпга «қайчи усули»да зарба бердию, Канисаресни уялтириб қўйди. Рауль томонидан урилган учинчи гол эса финал масаласини ҳал қилди. Ҳа, алам қиладиган томони шундаки, ғолиб номи доим фахр билан тилга олинаверади, финалчини эса ким ҳам эсларди?..

Шундай қилиб, «Валенсия» Чемпионлар Кубоги ва Испания кубогидан бенасиб қолди. Ёрқин мавсумдан хотира сифатида эса Испания Суперкубоги қўлга киритилди, холос. Хулоса қилиб айтганда, «Валенсия»да ким кўпроқ муваффақиятга эришганини ҳам аниқлаш қийин: Раньерими ёки Купер?! Лекин шуниси аниқки, Купер жамоаси нисбатан қизиқарлироқ кўринади, барибир. Боз устига, унинг даврида «Валенсия» ўсди, ривожланди, тартибни ўрганди, жипслашди. Умид қиламизки, тез орада Ўзбекистон терма жамоасида ҳам бу сифатлар рўй-рост кўринади...

А.АБДУҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz