Қайднома

Қидирув

Уйсиз қолган қаҳрамон

Уйсиз қолган қаҳрамон

  25.03.2019 09:48
  0
  547
Уйсиз қолган қаҳрамон

Оле Гуннар Сульшер бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед» мухлисларни хурсанд қилмоқда. «Арсенал» билан бўлган ўйингача «қизил иблислар» эришган натижаларга қаранг. АПЛда 12та мағлубиятсиз ўйин. Улардан 10таси манкунианлар ғалабаси билан якунланди. Бир-биридан чиройли голлар, ҳаяжонли лаҳзалар ва ғаройиб якун - қадрдон «МЮ» ўзига келмоқда. Кўп жиҳатдан бу Сульшернинг хизмати маҳсули. Афтидан, норвегиялик мутахассис келгуси мавсумни ҳам «Юнайтед»да ўтказади. Тўлақонли бош мураббий сифатида, албатта.

Хуллас, иш борасида Сульшерда ҳаммаси жойида. Биргина муаммоси уй билан боғлиқ. Буни қарангки, миллионерлар, муваффақиятга эришган инсонлар, шаҳарнинг камида ярим аҳолисининг суюкли одамига айланганларда ҳам шундай қийинчиликлар учраб тураркан.

Воқеа шундай бўлганди: Уле Гуннар 2011 йили «МЮ»ни (ёшлар жамоаси бош мураббийлигини) тарк этиб, Норвегияга қайтди. Сульшер эндиликда Манчестердаги қимматбаҳо хонадони керак бўлмайди, деб ҳисоблаганди. Айнан ўша уйда оиласи билан бир неча йиллар мобайнида тинч-тотув кун кечирганди - «Манчестер Юнайтед» сафида тўп сурганида ҳам, кейинчалик бутсаларини михга илганидан сўнг клуб тизимида ишлаганида ҳам. Уйнинг нархи - 4 миллион фунт.

Сульшерга хонадонни сотмоқчи бўлишди. Ўхшамади: харидор барибир топилмади. Шу боис уйга ижарачи ахтаришди. Хоҳловчи бир йил аввал топилди - Виржил ван Дейк исмли футболчига Сульшернинг уйи ёқиб қолди ва «Саутгемптон»дан «Ливерпул»га ўтгач, айнан шу ерда яшашни хоҳлади. Хонадон Манчестердан 45 км., Ливерпулдан 50 км. узоқликдаги Чешир графлигида жойлашган. Қисқаси, бир-бирига азалий рақиб бўлган (футболда) шаҳарлар орасида.

Уйининг янги эгаси «Ливерпуль» ўйинчиси экани Сульшерни иккилантирмади. Тўғри-да, ижара ҳақи вақтида тўланади - ван Дейкнинг иши даромадли. Қўшимчасига, тартибли шахс: ҳеч қаерга яширинмайди, уйдан ҳеч нимани олиб чиқиб кетмайди. Ижарачи эмас, орзунинг ўзгинаси.

Аммо хонадон Виржилга топширилганидан бир неча ой ўтиб, Сульшер кутилмаганда Манчестерга қайтди: «МЮ»ни вақтинчалик бошқарадиган бўлди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқсак, бу шаҳарда яна узоқ қоладиган бўлди - уй эса узоқ муддатга топширилган. Айни пайт Сульшер вақтинча Lowry меҳмонхонасида яшаяпти, у ерда 127 кун мобайнида кимсан Жозе Моуриньо кун кечирганди. Оиласини Лондонда қолдирган португалиялик мураббий Манчестердан уй сотиб олмаганди. Сульшерга эса бундай вариант маъқул эмас - у ўз хонадонида яшамоқчи. Бироқ ҳозирча бу масалада муаммо бор.

Яна клубларнинг қарама-қаршилиги футбол майдони билан чекланади, дейишади. Ваҳоланки, «МЮ» устози «Ливерпуль» ҳимоячиси туфайли ўз уйига кўча олмаяпти. Бу муаммо урилмаган голлар ва йўқотилган очколардан ҳам жиддийроқ.

P.S.: Яна бир ўхшаш воқеа: Юрген Клопп «Ливерпул»нинг собиқ бош мураббийи Брендан Рожерсга тегишли уйда яшаяпти. Бир неча ҳафта муқаддам Шимолий ирландиялик мутахассис «Лестер»дан иш топди. «Бренданнинг АПЛга қайтганидан хурсандман - асосийси, у «Эвертон»га ўтмади. Чунки унинг хонадонида ижарада яшайман - шу боис, ноқулай вазиятга тушиб қолишим ҳеч гап эмасди», - деди Юрген ҳамкасбининг қайтишига муносабат билдираркан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz