Қайднома

Қидирув

У 50 «ЛИМОН»ГА АРЗИЙДИМИ? Ёхуд ЭДЕР МИЛИТАО ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

У 50 «ЛИМОН»ГА АРЗИЙДИМИ? Ёхуд ЭДЕР МИЛИТАО ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

  26.03.2019 03:56
  0
  648
У 50 «ЛИМОН»ГА АРЗИЙДИМИ? Ёхуд ЭДЕР МИЛИТАО ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

«Порту»нинг марказий ҳимоячиси Эдер Милитао мавсум якунида «Реал» таркибидан жой олади. Бразилиялик ҳимоячининг трансфер қиймати борасида томонлар бир тўхтамга келишган - 50 млн. евро. Агар келишув ёзга қолдирилганида, баҳо 50 фоизга қимматлашиб, мадридликлар 75 млн. тўлашларига тўғри келарди.

Милитао «Қироллик клуби» билан 2025 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекади. Ҳозирда 21га тўлган ҳимоячи Европадаги дастлабки тўлиқ мавсумида ўз иқтидорини намойиш этиб улгурди. Фаолиятидаги муҳим саналар қуйидагилар:

19 ёшли Эдер Милитао 2017 йилнинг 14 майида «Сан-Паулу»да ўз дебютини нишонлади. «Крузейро»га 0:1 ҳисобида бой берилган ўйинда дебютант 51 дақиқа тўп суриб, эсда қоларли ҳаракатларни амалга оширишга улгурмади;

2018 йилнинг 7 августида 4 млн. евро эвазига «Порту»га ўтди. «Сан-Паулу» кейинги трансфер қийматининг 10 фоизини оладиган бўлди;

2 сентябрда «Порту» либосида илк марта майдонга тушиб, самарали узатмани амалга оширди. «Порту» «Морейренсе»дан 3:0 ҳисобида устун келди;

Ўша куни Бразилия терма жамоасидан таклиф олди;

14 мартда «Реал» Милитаонинг 50 млн. евролик трансферини эълон қилди.

«Реал»га Милитао Жанубий Америка бўйича фаолият юритадиган Хуни Калафат тавсиясига кўра ўтди. Бу скаут «Сантос»дан харид қилинган Винисиус ва Родриго трансферларининг сабабчиси. Шунингдек, бир қатор бразилиялик футболчиларни кантерага олиб келган. Милитаони «Сан-Паулу»даги давридан кузатиб келарди.

Милитао - универсал ўйинчи

«Реал» ўз сайти орқали Милитао ҳақида қисқа маълумотни эълон қилди. Асосий жиҳатлари:

Универсал, марказий ҳимоячи позициясида ўйнайди. Лекин зарур бўлса, ўнг қанотда ҳам ишончли тўп суради;

Устун жиҳатлари - тезлик билан ўйинни «ўқий олиш», тўғри позицияни танлаш;

«Иккинчи қават»да самарали. Ҳар бир учрашувда ўртача 4та яккакурашларда ғолиб чиқади. Бу - Португалия чемпионатидаги 9-кўрсаткич;

Қаторасига 5 ой - сентябрь-январь оралиғида чемпионатнинг энг яхши ҳимоячиси бўлди.

Болалар жамоаларида Эдер ярим ҳимоя чизиғида ҳам тўп сурган, ўнг қанот ҳимоячиси сифатида эса илк бора «Сан-Паулу»да майдонга тушганди. «Рожерио Сенидан жамоани қабул қилган Доривал Жуниор баъзи ўйинларда Эдерни ўнг қанотга тушира бошлади. Мен уни телба, деб ўйлагандим. Чунки Эдер ҳеч қачон бу позицияда тўп сурмаганди», - дея хотирлайди футболчининг отаси. Бироқ уринишлар зое кетмади, ўзига ёт амплуада Милитао ажойиб ўйин кўрсатди.

«Ўйлашимча, универсаллик - муҳим хусусият. Болалигимда турли позицияларда ўйнаб кўрганман ва анча тажриба тўплаганман», - дейди Эдер.

Фаолиятининг охирги йилини футболчи 4та - марказий ҳимоячи, ўнг ва чап қанот ҳимоячиси, таянч ярим ҳимоячиси позицияларида ўтказди. Мана шу омил Эдернинг бош­қа марказий ҳимоячиларга нисбатан ҳаракатчан ва тезкорроқ эканлигини исботлайди. Қолаверса, у ўзига топширилган вазифани талаб даражасида уддалаб келмоқда.

Милитао ўнг қанотга тушган кезлари «Порту»нинг услуби ўзгарувчан бўлиб қолади. Айрим лаҳзаларда жамоа 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнайди. Лекин вазият тақозоси билан Эдер керакли паллада ҳимоя квартетининг ўнг қанотига айланади. Яъни, жараёнга тўғри баҳо бериб, ўз вақтида ҳимояга етиб келади. Эътиборлиси, буларнинг барчаси учрашув давомида юз беради.

Милитаонинг ўнг қанотга кўчирилиши жамоа асосий эътиборни ҳимояга қаратиши лозим бўлган ўйинларда кўпроқ самара беради. Сўл қанотда Алекс Теллес ҳужумчиларга фаол кўмаклашади, Эдер эса ҳимояни мустаҳкамлайди. Мазкур манёвр «Рома»га қарши баҳсда иш берди. Ҳар икки учрашувда Милитао шу позицияда ҳаракат қилди ва «Порту» италияликлар тўсиғидан ўта олди. Тўғри, бразилиялик ҳимоячи ҳам баъзан хатоликларга йўл қўяди. Жумладан, римликлар икки марта Эдерни ортда қолдиришди. Бироқ муҳими, «Порту» - чорак финалда!

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи ҳам Милитао­нинг ана шу ноёб хусусиятидан самарали фойдаланиш ниятида. Ўзининг универсаллиги ва майдондаги ҳаракатлари жиҳатидан Эдер Серхио Рамоснинг навқиронлик даврини эслатади. Гарчи тўп узатиш бобида кўрсаткичлари пастроқ бўлса ҳам.

Футбол - хобби, варраклар эса...

Эдернинг отаси - Валдо Милитао ўз вақтида «Коринтианс»да тўп суриб, Бразилия кубогига сазовор бўлган, маълум муддат Ривалдонинг жамоадоши бўлганди. Бироқ профессионал даражада бор-йўғи бир йил ўйнади ва 29 ёшида фаолиятини якунлади. Кейин футбол мактабида мураббийлик қилди, ўғлининг тарбияси билан шуғулланди. Эдер кун бўйи майдондан бери келмайдиган, тунда ҳам тўп билан ухлайдиган болалар сирасидан эмасди. «Болалигида футболни унча хуш кўрмас, кўчада кўп ўйнамасди. Унга велосипедда учиш, варрак учириш кўпроқ ёқарди», дейди отаси. Аммо сал улғайгач, футболга қизиқиб қолди ва ҳудудий мусобақаларда қатнаша бошлади. Ўғлининг тобора кучлироқ иштиёқ билан тўп сураётганига амин бўлган Валдо Эдерни маҳаллий «Камиса 10» жамоаси мураббийи Агнелло Соузага топширди.

Жамоа либосини кийгунга қадар у футболни шунчаки хобби сифатида кўрар ва ўзи 11 ёшда бўла туриб, 14-15 ёшлилар билан тўп сурарди. Лекин ҳаётидаги дастлабки мусобақа - «Кока Кола» кубогида улкан салоҳият соҳиби эканлиги маълум бўлди. Натижада «Сан-Паулу» Милитао 14га тўлганида уни ўз сафига қўшиб олди. Қизиғи, Эдер ҳозир ҳам севимли варракларидан воз кечмаган. Отасининг айтишича, машинасининг юкхонасида доимо варрак бўлади.

Интервьюга тоби йўҚ, таом танламайди

Милитао ортиқча эътиборни хуш кўрмайди. «Сан-Паулу»да умуман интервью бермасди. Бу борада клуб матбуот хизматига мурожаат қилган ҳар қандай журналист рад жавобини оларди. Камерага кўзи тушиши билан Эдер суҳбатлашишни тўхтатарди. Соузанинг таъкидлашича, шогирди болалигидан шундай: «Мен ҳатто кулгили воқеаларни ҳикоя қилишга ҳам тортинаман. Чунки у ҳамма билан суҳбатлашавермайди, фақат ўзига яқин, ишончли кишиларга кўнглини очиши мумкин».

Эдер - вазмин табиатли йигит, майдонда доимо хотиржам ва довюрак. «Бу хислати ўйин пайтида жуда қўл келади. Эътиборини фақат ўйинга қаратгани боис, яккакурашларда енгилгани ёки позициясини йўқотиб қўйганини деярли кўрмайсиз», - дейди мураббий.

Сентябрь ойида илк бор терма жамоага жалб этилган Милитаога матбуот анжуманидан четда қолишнинг иложи йўқ эди. «Тортинчоқ йигитман, ваъз айтишни ёқтирмайман. Шу сабабли мени камера қаршисида кўришга умид қилманг. Вазифам - тўп суриш. Интервью беришдан кўра минг марта майдонга тушиш мен учун осонроқ», - дея огоҳлантирди ҳимоячи журналистларни.

Милитао таом танламайди. «Албатта, хориж иқлимига мослашишда таомнинг аҳамияти катта. Лекин Эдер бу борада ўта ювош йигит, унга гурунч ва ловиядан бошқа егуликнинг кераги йўқ», - дейди катта Милитао.

Тунги базм-у жамшид ва жазо

«Порту»да Эдерни энг яқин дўсти Луизао кутиб турарди. Улар аҳил тенгдошлар бўлиб, «Сан-Паулу»да ёнма-ён тўп суришганди. «Эдер Луизаони акасидек кўради. Улар энг яқин оғайнилар», - дейди Валдо. Луизао ҳозирча асосий таркибда эмас. Февралда у туғилган кунини нишонлаб, Милитаони ҳам таклиф этганди. Улфатлар эрталаб соат 5гача хурсанд­чилик қилишди. «Порту» эса уларни кун тартибига риоя қилмаганликлари учун жазолади. Милитао асосий таркиб ўйинчиси бўлишига қарамасдан, «Тондела»га қарши баҳсда майдонга туширилмади. Қўшимчасига, жаримага тортилди.

«Бу ерда Милитао ҳам, Консейсау ҳам йўқ, фақат «Порту» бор. Қоида ва интизом барчага тааллуқли эканлигини ўйинчилар яхши билишади. Бу ички муаммо. Ўзаро ҳурмат - энг муҳим жиҳат. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим», - деди бош мураббий Сержиу Консейсау.

Кейинги икки учрашувни ҳам Милитао захира ўриндиғида ўтказишга мажбур бўлди, лекин «Рома»га қарши нимчорак финалнинг жавоб учрашувида майдонга тушиб, 103 дақиқа тўп сурди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz