Қайднома

Қидирув

Холмурод Холмуродов: «Бош мақсад – элита йўлланмаси»

Холмурод Холмуродов: «Бош мақсад – элита йўлланмаси»

  26.03.2019 10:30
  0
  476
Холмурод Холмуродов: «Бош мақсад – элита йўлланмаси»

Ўтган мавсум Про-лигада иштирок этган «Сурхон» ва «Динамо» жамоаларининг элитага қўшилишларини кўпчилик сира кутмагани рост. Лекин иккинчи томондан қарасак, мутасадди раҳбарларнинг футболга сармоя киритишга хоҳишманд тадбиркорларга кенг имконият бераётганлари қувонарли ҳол, албатта. Муҳими, қуйи лигада юқорига интиладиган ва йўлланмалар учун курашадиган клублар камаймаса, бас. Умид қиламизки, Про-лигада ҳам рақобат даражаси тобора ошиб боради. Кутилишича, бу йил Суперлига йўлида «Нефтчи», «Машъал» ва «Шўртан» жамоалари ўртасида аёвсиз жанг боради. Хусусан, Ғузорда янги мавсумга ўзгача шайланишмоқда. Яқинда жамоадаги кайфият, Про-лиганинг навбатдаги мавсумига қаратилган тайёргарлик жараёни ва бошқа мавзулар юзасидан «Шўртан» аъзоси Холмурод Холмуродов билан суҳбатлашдик.

 

- Холмурод жамоадаги кайфият қандай? Про-лига мавсумига тараддуд қандай кетмоқда?

- Ҳаммаси жойида, йигитлар кайфияти аъло даражада. Мавсум стартини интиқлик билан кутяпмиз. Чунончи, «Шўртан» олдига аниқ вазифа қўйилган. Мақсадимиз - шу йил якунида Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш. Муҳими, янги бош мураббий Сергей Ковшов билан ишлаш мароқли бўляпти. Биласиз, у вақтида «Пахтакор»да ўйнаган, футболчи сифатида танилган, мураббийликда ҳам катта тажриба тўплаган.

- Лекин жамоада бош мураббий масаласи анча кеч ҳал этилди. Шу ҳолат Ковшовга панд бермасмикан...?

- Тўғри, ўзаро тушунишда бироз қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Лекин ўйлашимча, мураббийнинг ўзгаргани якунда жамоага фақат ижобий таъсир кўрсатади, менимча. Ҳа, Ковшов нисбатан кечроқ иш бошлади, аммо астойдил ҳаракат қилсак, унинг ғоялари ва ўйин услубини тезда илғаб оламиз, менимча. Зеро, ҳали вақт бор, йигитлар машғулотларда катта иштиёқ кўрсатишмоқда. Демакки, бу масалада муаммо туғилмаслиги керак. Масалан, Брендан Рожерс «Лестер» бошқарувини қўлга олганига унча кўп бўлгани йўқ, охирги ўйинларда эса яққол кўриндики, «тулкилар» унинг тактикасига мослашиб улгуришган. Хуллас, стартгача режа асосида ишласак, бир ёқадан бош чиқарсак, кўзлаган ниятимизга етамиз, албатта.

- Холмурод, 2011 йили ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган ва чакки таассурот уйғотмаган футболчилардан бири ҳисобланасиз. Келинг, ўша даврни бир эслаймиз, кичик мундиалдан қандай хотиралар қолган?

- Ўша пайт чиндан ҳам, ажойиб жамоа шаклланган эди, барча футболчилар аҳил-иноқ, бир оиладек бўлиб қолгандик. Қаерга борсак ҳам, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турардик. ЖЧдаги иштирокка келсак, чорак финал биз учун жуда яхши натижа эди, албатта. Ахир бу ишни айнан биз илк марта уддалаганмиз. Ўз ўрнида алоҳида таъкидлашим керак, ўша жамоанинг парвозида мураббийлар штабининг ўрни беқиёс. Муҳит барқарор эди, яъни мураббийлар барчамизни ягона мақсад йўлида бирлаштиришганди. Қисқаси, айнан дўстлик ва ҳамжиҳат ҳаракатланиш эвазига чорак финалгача етиб борганмиз. Аслида ярим финалда ўйнашимизга ҳам ишонганмиз, буни қалбан ҳис қилгандик. Бироқ Уругвай термаси ҳам анойи рақиб эмасди. Менимча, ушбу кучли рақибга ўйин бобида ютқазмаганмиз, фақат жисмоний ҳолатимиз бироз панд берганди. Чунки олдинги ўйинларда анча кўп куч йўқотгандик. Хусусан, Австралия ва АҚШ термаларига қарши кечган баҳсларда. Умуман олганда, юртимизда барча-барча кичик ЖЧдаги иштирокимиздан қониқиш ҳосил қилган бўлса керак.

- Жамоани олға бошлаган Алексей Евстафеевга қандай таъриф берасиз?

- Уни менга таниш мураббийлар орасида энг яхшиларидан бири, деб биламан. Мусобақа давомида болаларга меҳрибон отадек муносабатда бўлгани эсимдан чиқмайди. Муҳими, қаттиққўлликни ҳам, меҳрибонликни ҳам ўрнига қўярди. Менимча, Евстафеевнинг асосий ютуғи - бу шогирдлари билан тил топишиб ишлагани ва ҳар бир масалага чуқур ёндашгани. Яъни бирор ишга юзаки қарамасди. Қисқаси, у инсон сифатида катта ҳурматга лойиқ.

- Ўша жамоадошларингиздан кимлар билан яқин алоқаларни сақлаб қолгансиз?

- Кўплаб йигитлар билан. Дейлик, Сардор Раҳмонов билан «Машъал»да бирга ўйнадик. Шунингдек, Асилжон Мансуров, Нодир Камолов ва Муҳсин Убайдуллаев билан ҳалигача ижтимоий тармоқлар орқали ёзишиб турамиз.

- Собиқ клубингиз «Машъал»нинг ишларига ҳам қизиқсангиз керак...

- «Машъал» юртимизда ўз ўрнига эга жамоалардан биридир. Клуб академиясидан терма жамоаларимизга бир қатор истеъдодлар чиқишган. Бундай жамоани қўйи лигада кўриш аянчли, албатта. Мубораклик мухлисларга тилагим битта - стадионга кўпроқ ташриф буюриб, жамоа ғалабаларидан баҳра олишсин.

Абдулазиз Искандар суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz