Қайднома

Қидирув

ИККИ ЛЕГИОНЕР ҲИКОЯСИ- Шомуродов ва Алибоев…

ИККИ ЛЕГИОНЕР ҲИКОЯСИ- Шомуродов ва Алибоев…

  27.03.2019 02:12
  0
  728
ИККИ ЛЕГИОНЕР ҲИКОЯСИ- Шомуродов ва Алибоев…

Ўтган шанба куни бўлиб ўтган «Пахтакор» - «Локомотив» учрашуви мамлакатимиздаги футбол воқелиги орасида асосий ўринга чиққан бўлсада, мен ўша лаҳзаларда бошқа ўйинларни томоша қилдим. Россия Премьер-лигаси доирасида Қозон шаҳрида ўтган «Рубин» ва «Ростов» жамоалари иштирокидаги ва Жанубий Корея К-лигаси доирасидаги «ФК Сеул» - «Жежу Юнайтед» баҳсини.

Аввало, Россияга тўхталсак. Маълумки, миллий жамоамиз аъзоси Элдор Шомуродов иштирок этатган «Ростов» клуби Россия Премьер-лигаси баҳсларида ўтган йили октябрь ойидан бери ғалаба қозона олмаётганди. Нақ етти турдан иборат дуранглар ва мағлубиятлар серияси бутун Россия футбол жамоатчилиги эътиборини ўзига тортаётганди. Аслида «Ростов» ҳар бир ўйинда анча чиройли футбол намойиш этади, фақатгина ғалабага нималардир етишмай қолаверади. Албатта, бу муваффақиятсизликларда ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг ҳам маълум даражада «ҳиссаси» бўлган. Қайси маънодаки, «Ростов»нинг энг керакли пайтларда тўпни рақиб дарвозасига йўллай олмаслигига асосий айбдорлар олдинги чизиқ вакиллари эканми, демак бу борада Шомуродов ҳам ўз-ўзидан мазкур рўйхатга қўшилиши аниқ. Россияда «Ростов»ни ҳимоявий ўйинда айблашади (ҳаттоки, ўша шанба куни бўлиб ўтган «Рубин»- «Ростов» учрашувидан олдин ҳам унга шарҳ берганлар «Икки автобус тўқнашуви» деб ном қўйишганди. «Автобус» нима эканлигини биласиз - ҳимояга «ётиб олиб» ўйнаш тушунилади). Ўша кетма-кет дуранг ва мағлубиятлар қайд этилган ўйинларнинг бирортасида ҳимоя вакилларига эътироз бўлгани йўқ.

27 октябрда ўз майдонида «Анжи» устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг «Ростов» қайд этган натижаларга эътибор қаратамиз:

13-тур. Краснодар - 2:2

14-тур. Динамо М - 0:0

15-тур. Зенит - 0:2

16-тур. ЦСКА - 0:0

17-тур. Крилья Советов - 0:1

18-тур. Енисей - 1:1

19-тур Арсенал - 0:0

Етти учрашувда 5 дуранг, 2 мағлубият. Натижада турнир жадвалида энг юқори учликда кетаётган Карпин шогирдлари нақд 8-ўринга тушиб кетишганди. Юқоридаги жадвални бежизга келтирмадик. Қайд этилган 5та дурангнинг 3тасида ҳимоя вакиллари гол ўтказишмаган, биттасида 1:1 ҳисоби қайд этилган. Бу хунук кўрсаткич, биринчи навбатда, олдинги чизиқ вакилларига, хусусан, ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга ҳам катта «минус»лар келтираётгани тайин эди. Ана шундай қийин кунларнинг навбатдагиси Карпин ва унинг шогирдларини Қозон шаҳрида кутиб турарди. Еттита муваффақиятсиз учрашувдан кейин яна меҳмонда тўп суриш юки...

Мен Қозондаги баҳсда Элдор Шомуродов асосий таркибда майдонга тушмаслигини олдиндан сезгандим. Ўзи Карпинда шунақа тенденция бор. Олдинги чизиқ вакилларидан ўтган ўйинда асосий таркибда майдонга тушганлар ўзини оқламаса, кейинги бир ёки иккита ўйинда озроқ «дам олишади». Худди айтганимдек бўлди. Бу сафар дастлабки дақиқалардан Сигурдарсон ва Ионов жуфтлиги ҳаракат қила бошлади. Ўтган учрашувларда бир-икки бор асосий таркибда ўйинни бошлаган Элдор Шомуродов ва болгариялик Ивелин Попов бу гал захирада қолишди (айтганча, жамоада яна бир исландиялик маҳоратли ҳужумчи Видар Кьяртанссон ҳам бор эди ва афтидан, у рақобатга дош беролмагач, жамоадан кетадиган кўринади).

Меҳмонда ўйнашига қарамай, биринчи бўлимда ҳам, 2-бўлимнинг бошларида ҳам Карпин шогирдлари худди ўз уйларидагидек ҳаракатланишди. Яна тахмин қилганимдек, ўйиннинг 65-дақиқаларига келиб «Ростов» ёрдамчи мураббийи майдон четида Элдор Шомуродовга нималарнидир тушунтира бошлади. Менинг хаёлимдан ўтаётган фикрлар эса тахминан қуйидагича эди:

Туркманистон ва Уммон дарвозасига индивидуал маҳорати эвазига тўп киритган, айниқса, Япония терма жамоаси ҳимоячилари қуршовини ёриб ўтиб гол урган футболчимиз Россия клублари ҳимоясидан ўтиши керак. Ҳар ҳолда, Россия клубларидаги ҳимоячилар асосан Европа клубларида тўп сурадиган япон ҳимоячиларидан юқори эмас.

Кутилганидек ва ҳар бир ўйинда дуч келаётганимиздек, Карпин яна учта алмаштириш қилди ва уларнинг барчаси олдинги чизиқ вакиллари ҳисобидан: Сигурдарсон ўрнига Шомуродов, Ионов ўрнига Попов, Зайнутдинов ўрнига Зуев тушди.

80-дақиқалар давом этаётганди, ўйин ҳам яна дуранг, яна 0:0 ҳисоби билан якунланадигандек эди. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам якуни бор дегандек, катта саҳнага Элдор Шомуродов чиқди. Унинг икки марта қилган ҳаракати катта самара берди ва ҳисоб - 2:0.

Аввалига ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олган Элдор ўзининг ортидан икки рақиб ҳимоячисини эргаштириб борди ва кутилмаганда товони билан орқага пас берди. Натижада рақиб посбони билан яккама-якка чиқиб борган финляндиялик Роман Ерёменко узоқ кутилган голни уриб, ҳисобни очди. Ўша лаҳзаларда Элдор пас бераётган суратдан кўриниб турибди, у деярли уч рақиб футболчисини ўзига «жалб» қила олган ва орқада бўш зона борлигини сезган. Мен такрорий кадрда алоҳида кузатдим, Элдор орқасига қараб ҳам олгани йўқ, шунга қарамай, тўпни Ерёменкога аниқ ошириб берди. Суратда «тўғри тўртбурчак» билан белгиланган бўш зона Ерёменко голни нишонлаши учун етарли бўлди - яъни орқадан таъқиб қилган уч ҳимоячи етиб келгунича Роман дарвозани нишонга олиб улгурди. Демак, 1:0.

Хурсандчилигидан ўзини қўярга жой топа олмаётган Роман алоҳида Элдорнинг ёнига келди ва пешонасини пешонасига текказиб, пас учун миннатдорчилик билдирди (таъкидлаш жоизки, собиқ «спартакчи» Ерёменко «наркотиклар машмашаси» туфайли деярли икки йил футбол ўйнамади ва бу ўша катта танаффусдан кейин унинг дастлабки голини нишонлаши эди).

Яна озгина ўтиб, «Ростов» иккинчи қарши ҳужумини аъло даражада якунига етказди ва бу гал ҳам асосий «рол»лардан бирини ҳамюртимиз Шомуродов ижро этиб берди. Ўз жарима майдони ташқарисида тўпни қабул қилиб олган Элдор деярли майдоннинг иккинчи ярмини босиб ўтди ва чап қанотдаги Ивелин Поповни қулай вазиятда топди. Болгариялик ҳам, ўз навбатида, Роман Ерёменкога идеал пас оширди ва тўпга ерга туширмасдан зарба берган Роман ўзининг «дубл»ини нишонлади (кўпчилик россияликлар бу голни Ван Бастен услубида киритилди, деб таъкидлашди, ростдан ҳам тузуккина ўткир бурчак бор эди).

2:0 - ниҳоят, «Ростов» аъзолари ва айниқса, бош мураббий Валерий Карпин бу ғалабадан сўнг енгил тин олгани аниқ. Кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг уни танқид қиладиганлар ҳам кўпайганидан кўпайиб бораётганди.

Кузда ўтган биринчи давра ўйинларидан кейин «Ростов»ни Денис Скопинцев ва Аяз Гулиев каби маҳоратли ярим ҳимоячилар тарк этишди. Шунга қарамай, Карпин ўз жамоасига уларнинг ўрнини боса оладиган Ивелин Попов ва Роман Ерёменколарни қўшиб олишнинг уддасидан чиқди. Айни пайт Премьер-лига мусобақа жадвалида 6-ўринга кўтарилган «Ростов» юқоридаги жамоаларни фаол таъқиб қилишда давом этмоқда. Ростовликлар Россия кубогида ҳам муваффақиятли юриш қилаётганларини таъкидлаш зарур. Улар ҳозир ярим финалга қадар етиб келишган ва Москванинг «Локомотив» клубига қарши ўтажак икки ўйинда зафар қучишса, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов учун ҳам еврокубок эшиклари очилиши аниқ. Ҳар ҳолда, икки турнирдан биридаги муваффақиятли иштирок билан Европа Лигаси йўлланмасига эга чиқиш имкониятлари анчагина. Буни Карпин ҳам, бошқалар ҳам бинойидек сезиб туришибди. Энг асосийси, ЕЛда нормал қатнашиш учун жамоанинг кучи ҳам, салоҳияти ҳам етади. Айнан ҳозирги таркиб билан буни бемалол уддаласа бўлади. Кейинги икки баҳсда «Ростов» ғалабага эришиши енгилроқ бўлган рақиблар билан тўқнаш келади: 30 мартда ўзи майдонида «Урал»ни қабул қилса, 7 апрелда сафарда «Уфа» билан ўйнайди.

Футболчиларимизнинг еврокубоклардаги иштирокига ҳам анча вақт бўлди. Адашмасам, охирги марта Одил Аҳмедов уч йилча олдин «Краснодар» таркибида «Боруссия» (Дортмунд) ва «Лилль» (Франция) каби кучли жамоаларга қарши баҳсларда қатнашганди. Шундан буён ҳеч бир футболчимизни еврокубокларда кўрмадик. Узоқ Португалияда тўп сураётган Сардор Рашидовнинг жамоаси «Насьонал» ҳам 3-4 йилдан бери еврокубокларда қатнашмаяпти ва бу йилги мавсумда ҳам йўлланма қўлга киритилиши амримаҳол. Шу боис, барча умидимиз ҳозирча Шомуродовдан.

Энди эътиборимизни Жанубий Корея майдонларига қаратамиз. Бу ерда К-лигада Икром Алибоев, шунингдек, К-2 лигасида яна 4 нафар маҳоратли футболчимиз фаолият юритаётган бўлсада, ҳозирча фақатгина Алибоевда ишлар маромида кетяпти. Униг жамоси - ФК «Сеул» ортда қолган учта турда 2 ғалаба, 1 дуранг билан турнир жадвалининг 2-поғонасига жойлашган ва бу ор­қали ОЧЛ йўлланмаси учун асосий даъвогарлардан бири эканлигини билдириб қўймоқда.

Мен Икром Алибоев қатнашган дастлабки учала ўйин­ни ҳам синчиклаб кузатдим. Аввало, айтиш жоизки, барча уч учрашувда легионеримиз асосий таркибда майдонга тушди ва ғалабаларга муносиб ҳиссасини қўшди.

1-тур. «Поханг Стилерс» - 2:0

2-тур. «Сеонгнам» - 1:0

3-тур. «Жежу Юнайтед» - 0:0

Дастлабки турда ўз майдонида «Поханг Стилерс»ни қабул қилган «Сеул» рақиб дарвозасига иккита тўп киритиб, чемпионатни ғалаба билан бошлади. Мазкур ўйинда иккинчи голнинг урилишида Алибоевнинг хизмати катта бўлди. У ўнг қанот жарима майдонига кириб бораётган шеригини вақтида сеза олди ва унга ажойиб пас узатди. Тўпга тўхтатмасдан зарба берган Хван Хю Су ҳисобни 2:0га етказиб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.

2-турда меҳмонда «Сеонгнам» устидан эришилган ютуқда ҳам Алибоев асосий «фигура»лардан бири бўлди. Ҳаттоки, гол урилган вазиятда ҳужумни бошлаб берган ўйинчи сифатида кадрларда қолди. Бундан ташқари, иккинчи бўлим ўрталарида дарвозабоннинг олдинга чиқиб кетганини кўрди ва майдон марказиданоқ тўпни дарвоза томон йўллади. Эсингизда бўлса, у ўтган йили ОЧЛ доирасида БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби дарвозасини худди шундай тарзда ишғол қилганди. Лекин юқорилатиб берилган зарба бу гал бироз ноаниқ кетди. Ваҳоланки, қарор жуда тўғри эди ва дарвозабон деярли тўпга ета олмаганди.

Фақатгина сўнгги 3-турда ўз майдонида ўртаҳол «Жежу Юнайтед» билан 0:0 қайд этилиши жамоа мухлисларининг кайфиятини анчагина туширгани аниқ. Чунки кўпчилик 2-турда меҳмондаги ўйиндан дуранг олиб келинишини ва 3-турда ўз майдонларидаги ютуқни кутаётганди. Начора, бу - футбол... Тескариси бўлди, ўша режалаштирилган очколар қўлга киритилди, лекин 2-турда меҳмондаги «триумф»дан кейин ҳамма учинчи ғалабани ва албатта, 9 очкони ҳам кутгани рост.

Энди Алибоевнинг шахсан ўзи қандай ҳаракат қилаётгани ҳақида тўхталсак. Яхшики, жамоа бош мураббийи уни асосий таркиб ўйинчиси сифатида кўрмоқда ва ҳозирча барча уч учрашувда дастлабки дақиқалардан майдонга туширди. Шунга қарамай, Икромнинг ўйинида ютуқли тарафлари билан бир қаторда камчиликлар ҳам кўзга ташланяпти.

Мураббийлар Алибоевни асосан ўзи яхши кўрган марказий ярим ҳимояда ўйнатишмоқда. Бироқ у ҳужумларни ташкил қилишда қанчалик фаол ҳаракат қилаётган бўлса, рақиб ҳужумларини қайтаришда маълум камчиликларга йўл қўймоқда. Хусусан, ўша 2-турда «Сеонгнам»га қарши ўйиндаги бир вазиятда майдон марказидаги енгил ҳаракати оқибатида рақиблар ундан тўпни олиб қў­йишди ва «Сеул»нинг 3 ҳимоячисига қарши 4 футболчи билан кириб боришди. Якунда бу вазият рақиб футболчиси дарвозабон билан яккама-якка чиқишгача борди. Яхшики, сўнгги вазиятда «Сеул» посбони тўпни оёқлари билан қайтариб қолди ва шу тариқа ғалаба ҳам сақлаб қолинди. Акс ҳолда, ўйиндан кейинги таҳлилларда барчасига Алибоев айбдор қилиб кўрсатилиши муқаррар эди. Унинг хатолари дастлабки турдаги икки ғалаба «фони»да қолиб кетди.

Шунга қарамай, ўша сафардаги 2-турдаги ғалаба осон қўлга киритилмаганлигини таъкидлаш жоиз. Мағлубиятга учраганига қарамай, «Сеонгнам» европача футбол кўрсатадиган ажойиб жамоа экан. Жуда кўплаб ҳужумлар уюштирди, фақат Алибоев жамоасидаги ҳимоячиларнинг (айниқса, дарвозабоннинг) мардонавор тўп қайтаришлари ФК «Сеул»ни нафақат нохуш ҳисобдан сақлаб қолди, балки уларга ўта қимматли 3 очкони тақдим этди.

Сўнгги 3-турдаги ўзи майдонидаги дуранг ҳақида эса бир нарса дейиш қийин. Жамоа кўплаб ҳужумлардан унумли фойдалана олмаслиги оқибатида ғалабага эриша олмади. Нима ҳам дердик, биз учун ҳозирча Икром Алибоевнинг жамоа асосий таркибидан мустаҳкам ўрин олаётгани муҳимроқ. Жепаров ва Кападзедан кейин ҳеч бир футболчимиз Жанубий Кореянинг кучли жамоалари таркибида муқим ўйнамаётганди. Ҳозирча бизни шуниси ҳам хурсанд қилмоқда. Шунга қарамай, Алибоев ўз хатолари устида янада кўпроқ ишлаши даркор. Зеро, Жанубий Корея­дек мамлакат кетма-кет хатоларни кечирмайди. Гейнрихнинг қисмати бунга яққол мисол...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетааси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz