Қайднома

Қидирув

Имзосиз ўйин

Имзосиз ўйин

  27.03.2019 05:20
  0
  626
Имзосиз ўйин

Анча аввал футболимиз муҳитидаги аросат ва унинг изтиробли оқибатлари хусусида ёзгандик. Афсуски, яна шу мавзуга қайтишга тўғри келяпти. Бунинг сабабини кўпчилик яхши билади. Ҳа, гап Эктор Купер билан боғлиқ. Ҳаммани бир савол ўйлантирмоқда: «ЖЧ-2022 йўлланмаси тақдирини аргентиналик мутахассисга ишонса бўладими?» Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бир гуруҳ мухлислар аргентиналик мутахассисга ишонишмоқда. Айримлар унга ишонишмаса-да, имкон бериш лозимлигини таъкидлашмоқда. Зукко ва тажрибали мухлисларнинг катта гуруҳи эса терма жамоамиз бош мураббийининг фаолиятини қониқарсиз баҳолашмоқда. «Ёшим ўтиб қолди. Футболчиларимизни мундиалда кўришни истайман. Терма жамоамиз ўйинида эса на шиддат бор, на маънили ҳаракат...» - фахрий мухлисларнинг бундай сўзларини эшитиб, юрак зир­қирайди. Тасаллига сўз тополмайди одам...

 

Хўш, шундай вазиятда Эктор Купернинг қайси ишини тасалли сифатида тилга олиш мумкин? Ўтган йилнинг кузидаги учрашувларда кўзга ташланган нурсиз ўйинларни вақт камлиги ва баҳсларнинг ўртоқлик мақомида экани билан изоҳладик. Декабрь ойида бирор назорат учрашуви ташкилланмагач, «Номдор бобо устамон, ниманидир режалаштиряпти, Осиё кубоги-2019да қудратини кўрсатади», деб ўйладик. Ҳатто унга ва футболчиларимизга шеърлар бағишладик. Кўнглини кўтариш учун шундай қилдик-да. Гарчи Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ли Мён Бак қаламига мансуб «Мўъжиза содир бўлмайди» номли китобни ўқиб, кўп хулосалар чиқарган бўлсакда, барибир, мўъжиза кутдик терма жамоамиздан. Купердан кутмасак ҳам бўлмасди аслида...

БААдаги 5та расмий учрашув тарихини қайта эслашнинг ҳожати йўқ. Очиғи, бош жамоамиз ўйинида Купернинг имзоси унча сезилмади. Лекин футболчиларимиз ғалаба учун астойдил интилишди, голлар уришни исташди. Пенальтини амалга оширолмаган Марат Бикмаев аламидан йиғлаб юборди. Ҳолбуки, уни Купер йиғлатди. Хуллас, натижадан қатъий назар, мураббийни қўллаб-қувватладик. Ўйладикки, у Осиё кубоги сабоқларидан тегишли хулоса чиқаради. Уругвай термасига қарши кечган иккинчи баҳс эса кўпчиликни жиддий ташвишга солгани рост. Жамоамиз Темур Кападзе раҳбарлигида бундан жозибалироқ ва мазмунлироқ кўринганди. Хайриятки, икки ўйинни солиштириш имкони йўқ эмас. Эктор Купер штаби узоқ Уругвайда ашаддий мухлислар ва кучли таркибга қарши ёш футболчиларимиз қандай тўп суришганини кўрганмикан?! Шундоққина ёнгинамизда анчайин кучсизланган рақибга қарши ўтказилган нурсиз ва имзосиз баҳсни ўша ўйинга солиштиришдими?! Буниси номаълум, албатта. Маълуми шуки, бир йил ичида терма жамоамиз ўйини яхши томонга силжимабди. Аксинча, баъзи жиҳатлар ортга кетибди.

Тўғри, баъзи мутахассислар ижобий жиҳатларни санаб ташлашлари мумкин. Бироқ ойни этак билан ёпиш имконсиз. Билағон мутахассислар ҳар қанча тиришишмасин, мухлисларга жамоамиз ўйинида ўсиш кузатилаётганини исботлашолмайди. Футболчилар мажбуран ўйнагандек таассурот туғилмоқда ташқи томондан. Шундан келиб чиққан ҳолда, кўнгилдан кечаётган мулоҳазаларни айтмасак бўлмас.

1. Назаримизда, футболчилар яхлит бир жамоа ҳолида мураббийга талпинишмайди. Қайсидир футболчи ор-номус кучи сабаб майдонга тушади. Бу ўз-ўзидан ўйин манзарасини бузади. Аёнки, бирор футболчи ўзидаги бу табиий туйғуни тан олмайди. Юз-хотир қилади, албатта.

2. Эктор Купер таркибни кескин ёшартиришни хоҳламаяпти. Ҳозирги таркиб Самвел Бабаян даврининг узвий давомидир. Бизга қолса, «опорник» сифатида Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробековдан фойдаланардик. Ҳужумчи ортида эса Икром Алибоевга имкон берардик. Захирадан Жавоҳир Сиддиқов, Жасур Яхшибоев, Бобур Абдухолиқов майдонга тушишса, қандай соз бўларди?! Тўғри, айни ҳолатда олимпия терма жамоамиз муҳим расмий ўйинлар билан банд ва ёшларни безовта қилиш ноўрин. Аммо аниқки, шунга имконият туғилган вазиятда ҳам, Эктор Купер бундай йўл тутмайди. Чунки ёшларга тўла ишонолмайди. Ҳатто Каллум Хадсон-Одои ва Жейдон Санчо тажрибаси ҳам унга таъсир ўтказолмайди. Ёшининг кексалиги, феъл-атвори ҳам уни бу ишдан қайтаради.

3. Эктор Купер амалга ошираётган асосий ишлар, бизнингча, футболчилар учун янгилик эмас. Боз устига, у йигитларимизни қандай ўйнатиш йўлини ҳалигача тополмаяпти. Қисқаси, Купер даври, унинг мураббийлик услуби ўтибди, чоғи. Акс ҳолда, футболчилар машғулотлардан ҳайратланишарди. Аросат шундаки, аргентиналик мураббийни исталган пайт истеъфога чиқариш ҳақида ўйлаш - жуда мушкул жараён. У мутасаддиларнинг қарорларига осонгина кўнавермайди. Ваҳоланки, ҳозирнинг ўзида шартномадаги бир муҳим келишувни бажаролмади, яъни Осиё кубогида ғолиб чиқолмади.

Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоҳазани қоғозга тушириш бизга ҳам осон кечмади. Таҳририятдагилар «Мақолани қачон ёзиб тугатасиз?» деб қистовга ҳам олишди. Аммо биз шошмадик. Негаки, қайси мавзуда ёзаётганимизни тушуниб турардик. Осон эмас. Ғалвали мавзу. Энг тинчи - Евро-2020 саралаш ўйинлари ҳақида ёзиш. Ана, Андрей Шевченкога қойил, Криштиану Роналду ҳам унга тан берди. Мураббийнинг имзоси сезилган ўйин ўрнида Португалия ва Украина терма жамоалари ўртасидаги баҳсни кўрсатса бўлади... Йўқ, бундай қилолмаймиз. Ҳақиқий аҳволдан кўз юмолмаймиз. Вазиятни ўнглаш мумкинми? Билмадик. Билганимиз - Эктор Купер бу ишни уддалаши мушкул. «Нима истайсизлар ўзи?» деб ажабланган мураббийнинг руҳияти эса бизга бегона...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz