Қайднома

Қидирув

Маркус Рашфорд: «Икки ой аввал «МЮ»га кўпчилик ишонмаётганди»

Маркус Рашфорд: «Икки ой аввал «МЮ»га кўпчилик ишонмаётганди»

  27.03.2019 06:58
  0
  821
Маркус Рашфорд: «Икки ой аввал «МЮ»га кўпчилик ишонмаётганди»

У 21 ёшида «МЮ»нинг асосий таркиб футболчисига айланди, Англия термаси аъзоси сифатида Гарет Саутгейт эътирофига сазовор бўлди. Бу форвард ҳақида Оле-Гуннар Сульшер ҳам фақат илиқ фикрлар билдиради. Англия футболининг бугунги кундаги энг иқтидорли ёш ҳужумчиларидан бири Маркус Рашфорд собиқ футболчи Жермейн Женасга интервью бериб, қизиқарли саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

- Сульшер ҳақида гаплашиш ниятим бор эди. Табиийки, у бош мураббийликка тайинланганидан сўнг кўпчиликка манзур бўлган натижаларга эришди. Шахсан ўзингиз «МЮ»нинг ўтмишдаги ёрқин ҳужумчиси, бугунги кунда сизга устозлик қилаётган шахс ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйлашимча, унинг келиши ички муҳитни тубдан ўзгартирди. Ҳаттоки, рўйхатга олиш бўлимидаги қиз - Кэтда ҳам ўзгаришлар сезилди. Сульшернинг ҳозирги пайтда қайтиши ажойиб бўлди. Ўйинимиз яхшиланди, бундан ҳам юқорироқ савияда ўйнай олишимизга ишонаман. Айни пайт барча футболчилар буни жуда яхши тушуниб туришибди. Оле клубдаги қисқа мураббийлик фаолиятида кўп иш қилишга улгурди. Ҳамон Чемпионлар Лигасида қатнашяпмиз, ваҳоланки, икки ой аввал бундай бўлишига ҳеч ким ишонмаганди. Шундай экан, муваффақиятни давом эттириб, янада юксакроқ натижалар қайд этиш асносида келгуси мавсумга ўзгача кайфиятда кириб бориш ниятимиз бор.

- Мунтазам равишда омма эътиборида бўлиб турганингизни сезасизми? Баъзи пайтларда ўнг ва чап қанотда тўп сурдингиз, шундай пайтларда гол уролмаганингизда одамлар ҳали ёш эканлигингизни унутиб, танқид қилишди. Жорий мавсумда эса голларингиз ҳам кўпайиб қолди. Бундай хурсандмисиз?

- Албатта, қувонарли ҳол. Авваллари, тахминан 16-17 ёшимда голларнинг бу қадар ёқимли бўлишини тушунмаганман. Қанотларда, ҳужумчи ортида ўйнаганимда, муайян вазифаларга таяниш кузатилмайди. Асосий жамоа сафига қўшилишдан аввал ҳаммасини ҳисоб-китоб қилганман. Сўнгги икки йилда ўз устимда ишларканман, бутун диққат-эътиборим ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоамга фойда келтиришга қаратилганди. Умуман олганда, қанотларда ўйнаганда бироз қийналаман. Ҳозир ҳам, ўйинга киришишдан олдин энг муҳими жамоа манфаати эканини тушуниб тураман. Бугунги «МЮ»нинг ўйини ҳужумкорлик ва уюштирилаётган ҳужумлардан имкон қадар кўпроқ наф чиқаришга асосланган.

- Англия Премьер-лигаси ҳақидаги мақсадлар ҳақида гапираркансиз, чемпионатда сиз ҳавас қиладиган ҳужумчилар борми?

- Менимча, энг серқирра марказий ҳужумчи - бу Серхио Агуэро. Дам олиш кунлари ҳам ҳар қандай рақиб дарвозасини уч-тўрт марта ишғол қилиши мумкин. Бу форвардлар учун жуда муҳим жиҳат. Ўйинингиз унчалик яхши чиқмаслиги мумкин, аммо голлар ураверасиз. Бу кўникмалар маҳсулидир. Шунингдек, Гарри Кейн ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдираман. Унинг хатти-ҳаракатлари, тўғри жой танлаши ақлли футболчи эканидан далолат. Қолаверса, Пьер-Эмерик Обамеянгнинг ўйини ҳам ёқади.

- «МЮ» тўғрисида нима дейсиз? Болалигингиздан шу клубни қўллаб-қувватлагансиз, унинг таркибида тўп сургансиз, ҳозир ҳам ўйнаяпсиз. Авваллари кимларни ўзингиз учун қаҳрамон деб билгансиз?

- Райан Гиггз, Никки Батт, Пол Скоулз, Гари Нэвилл - улар «МЮ»га бефарқ бўлмаган ҳар кимнинг эътирофига сабаб бўлишган. «Юнайтед» академиясидаги ҳар бир футболчи улардан ибрат олишга интилади. Менинг пайтимда эса Уэйн Руни, Криштиану Роналду, Рууд ван Нистелрой сингарилар ажойиб ўйинлари билан кўнгиллардан жой олишган.

- Сиздаги энг яхши жиҳатлардан бири - оғир-босиқлигингиз. Ўз ишингизни бажарасиз, нималарга қодирлигингизни фақат яшил майдонда исботлашга уринасиз. Ижтимоий тармоқларга унчалик қизиқмайсиз. Умуман, қандайдир хоббиларингиз борми?

- Имкон қадар ҳақиқатгўй бўлишга интиламан, чунки айни пайт рўй бераётган кўплаб воқеалар футболга тааллуқли бўлмасада, ўйинимизга таъсир ўтказиши мумкин. Шулардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Ижтимоий тармоқлардан холи бўлганингизда кўпроқ вақтингизни оилангиз, дўстларингиз даврасида ўтказиш имкони туғилади. Ҳордиқ чиқарасиз, бутун дунё бўйлаб саёҳат уюштирасиз. Тўғри, ижтимоий тармоқларни ёмон кўраман деёлмайман, аммо бунинг ким учундир асосий йўналиш сифатида танланишини маъқулламайман. Кўпчилик интернетдаги саҳифалардан қандайдир манфаат борлиги учун фойдаланишади. Бунинг ҳам ўзига яраша устунликлари бор, айниқса, ёш авлод вакиллари учун. Қандайдир ижобий маълумотларни ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали тарқатиш имкони бор экан, нега энди ундан фойдаланмаслик керак?

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz