Қайднома

Қидирув

Барчаси евро-2020 ҳақида

Барчаси евро-2020 ҳақида

  28.03.2019 01:02
  0
  575
Барчаси евро-2020 ҳақида

Ўтган ҳафта Европада навбатдаги қитъа биринчилиги саралаш босқичига старт берилди. Айтиш жоиз, «кўҳна қитъа»нинг бўлажак чемпионати ўйинларига 1 ёки 2та эмас, балки 12та (!) мамлакат мезбонлик қилади. Бунақаси бутун футбол тарихида ҳали кузатилмаган. Аслида Евро-2016 ҳам тарих саҳифаларидан алоҳида ўрин олди - турнирнинг финал раундида илк марта қитъанинг 24та жамоаси иштирок этди. Энди эса Европа чемпионати бутун қитъа бўйлаб қулоч ёзади. Аниқроқ айтсак, мусобақанинг финал босқичи учун нақ 12та мамлакатдаги 12та шаҳар танланган. Дарвоқе, бу ғоя УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платинига тегишли. Ҳозирда дисквалификация муддатини ўтаётган франциялик функционер бу ҳақда илк марта Евро-2012нинг ҳал қилувчи ўйини - Киев финали арафасида сўз очганди. Хуллас, Платини илгари сурган вариант кейинчалик кўпчиликка маъқул келди ва ғоя миядан амалга кўчди...

 

Мезбонлик масаласи

Ўша, 2012 йилги қитъа чемпионатини Польша билан бирга ташкиллаштирган Украина бўлажак турнир ўйинларини ҳам қабул қилишга даъвогар эди. Яъни украиналиклар мамлакатдаги 2та стадион - «Олимпийский» (Киев) ва «Донбасс Арена» (Донецк) номидан ариза беришди. Умуман олганда, УЕФА 2014 йилнинг 25 апрелига қадар 19та даъвогар мамлакат, аниқроғи, шаҳар аризасини тасдиқдан ўтказди. Хуллас, овоз бериш жараёнига  шу 19та шаҳар номзоди қўйилди. 2014 йилнинг сентябрида эса Евро-2020 финал босқичи ўйинларини қабул қилувчи стадионлар аниқланди. Овоз бериш жараёни бошланишига қадар Минск, София, Скопье ва Қуддус номзоди рўйхатдан олиб ташланган эди. Аввалига ярим финал ва финал раундлари учун стадион танланди. Ҳал қилувчи баҳсларга атиги 2та даъвогар бор эди - Лондон ва Мюнхен. Бироқ немислар овоз бериш бошланиши арафасида Мюнхен номзодини қайтариб олишди. Натижада Лондон курашсиз ғолиб бўлди. Овоз беришнинг иккинчи босқичида гуруҳ босқичи ва чорак финалнинг 3тадан ўйинига бағрини очадиган шаҳарлар сараланди. Яъни 7та даъвогар орасидан Мюнхен, Боку, Санкт-Петербург ва Рим номзоди маъқулланди, Брюссель, Кардифф ҳамда Будапешт аризаси четга сурилди. Учинчи босқичда бошқа ҳудудлардаги стадионлар танланди. Хусусан, Копенгаген ва Стокгольм ўртасидаги курашда Дания пойтахти устун келди, Бухарест эса Будапештдан кўпроқ овоз олди. Якунда Амстердам, Дублин, Бильбао, Будапешт, Брюссель ва Глазго шаҳарлари ҳам Евро-2020 мезбонлари сифатида эълон қилинди. Ўшанда Глазго (22 балл)дан атиги 1та кам овоз олган Кардифф аламли тарзда қолиб кетган бўлса, Стокгольм 18 балл билан кифояланган эди. Аввалига 13та шаҳар Европа чемпионати ўйинларини қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлсада, кейинчалик мезбонлар рўйхатида мажбурий қисқариш юзага келди. Гап шундаки, Брюсселда стадион қурилиши чўзилиб кетди ва 2017 йили УЕФА Ижроий қўмитаси шаҳарни мезбонлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, гуруҳ босқичининг 3та, шунингдек, 1|8 финал доирасидаги 1та ўйинни ҳам «Уэмбли»га топширди. Демак, Англия пойтахтидаги муҳташам арена энди бўлажак қитъа чемпионатининг нақ 7та ўйинига ўз эшикларини очади.

ўйинлар таҚсимоти

12та стадион 6та жуфтликка бўлинган. Бу тақсимот жамоалар «кучи» (термалари рейтинги баланд 2та мамлакат битта жуфтликка қўйилмаган), географиясига, шунингдек, хавфсизлик масаласига асосланган. Шу тариқа ҳар бир гуруҳга 2тадан шаҳар «бириктирилган».

Евро-2020 гуруҳ босқичи мезбонлари

«А» гуруҳи: Рим (Италия) ва Боку (Озарбайжон)

«B» гуруҳи: Санкт-Петербург (Россия) ва Копенгаген (Дания)

«C» гуруҳи: Амстердам (Голландия) ва Бухарест (Руминия)

«D» гуруҳи: Лондон (Англия) ва Глазго (Шотландия)

«E» гуруҳи: Бильбао (Испания) ва Дублин (Ирландия)

«F» гуруҳи: Мюнхен (Германия) ва Будапешт (Венгрия)

Шу ўринда эътиборга олиш керак, агар Испания ва Ирландия терма жамоалари Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритса, улар 1та гуруҳга тушади. Зеро, шартга мувофиқ, 12та мезбон мамлакат жамоаси Евро-2020 финал раундида камида 2та ўйинни ўз майдонида ўтказиши керак (йўлланмани қўлга киритса, албатта).

 

Қуръа масаласи

Евро-2020 финал раундига шу йил ноябрь ойи охирида қуръа ташланади. Ваҳоланки, ўша вақтга бориб, атиги 20та иштирокчи жамоа аниқ бўлади. Қолган 4та йўлланма тақдирига кейинги йил баҳорига белгиланган «плей-офф» ўйинлари ойдинлик киритади. Шундан келиб чиқиб, қуръа жараёнининг баъзи қоидалари ҳозирдан кўрсатиб қўйилган:

uw  Жамоалар Евро-2020 саралаш босқичи натижалари асосида тузилган рейтингга қараб, саватчаларга бўлинади;

uw  12та мезбон мамлакат жамоаси (йўлланма ютган тақдирда, албатта)нинг «ўз» шаҳрига бириктирилган гуруҳга тушиши таъминланади;

uw  Агар битта гуруҳга мезбонлик қилувчи 2та мамлакат жамоаси ҳам чемпионатга чиқса (мисол учун, Испания ва Ирландия термалари), уларнинг ўзаро ўйини қайси бири майдонида бўлиши қуръа ташлаш воситасида аниқланади.

 

Муҳим саналар

Евро-2020 очилиш маросими ва биринчи ўйин учун Римдаги «Стадио Олимпико» аренаси танланган. Илк учрашув санаси ҳам маълум - 2020 йил 12 июнь. 12 кундан кейин - 24 июнь санасида гуруҳ босқичи якунига етади. 27 июнь куни Лондон ва Амстердамда 1|8 финал раундидан ўрин олган дастлабки 2та баҳс ўтказилади. Умуман, бу босқичнинг барча ўйинлари 4 кунга тақсимланган (2тадан). 3 ва 4 июль - чорак финал саналари. 7 ва 8 июлда эса «Уэмбли» ярим финал ўйинларини қабул қилади. Европанинг янги чемпиони ҳам айнан Лондон фахри ҳисобланган стадионда аниқланади - 12 июль куни.

 

Евро-2020 финал раунди учун

танланган барча стадионлар

 

«Уэмбли» (Лондон, Англия)

Сиғими - 90 000

Ўйинлар сони - 7та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та, 1|2 финал - 2та, финал)

«Альянц Арена» (Мюнхен, Германия)

Сиғими - 75 000

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|4 финал - 1та)

«Стадио Олимпико» (Рим, Италия)

Сиғими - 72 698

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|4 финал - 1та)

«Олимпийский» (Боку, Озарбайжон)

Сиғими - 68 700

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|4 финал - 1та)

«Крестовский» (Санкт-Петербург, Россия)

Сиғими - 68 134

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|4 финал - 1та)

«Йохан Кройфф Арена» (Амстердам, Голландия)

Сиғими - 54 990

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

«Сан Мамес» (Бильбао, Испания)

Сиғими - 53 332

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

«Пушкаш Арена» (Будапешт, Венгрия)

Сиғими - 67 889

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

«Хэмпден Парк» (Глазго, Шотландия)

Сиғими - 52 063

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

«Арена Национала» (Бухарест, Руминия)

Сиғими - 55 600

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

«Авива Стэдиум» (Дублин, Ирландия)

Сиғими - 51 700

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

«Паркен Стэдиум» (Копенгаген, Дания)

Сиғими - 38 065

Ўйинлар сони - 4та (гуруҳ босқичи - 3та, 1|8 финал - 1та)

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz