Қайднома

Қидирув

РАҚИБЛАР МУХЛИСЛАРИ ТОМОНИДАН ОЛҚИШЛАНГАН ФУТБОЛЧИЛАР

РАҚИБЛАР МУХЛИСЛАРИ ТОМОНИДАН ОЛҚИШЛАНГАН ФУТБОЛЧИЛАР

  29.03.2019 05:36
  0
  797
РАҚИБЛАР МУХЛИСЛАРИ ТОМОНИДАН ОЛҚИШЛАНГАН ФУТБОЛЧИЛАР

«Барселона» етакчиси Лионель Месси Испания Примероси 28-туридан ўрин олган «Бетис»га қарши сафар учрашувида шу қадар қойилмақом ҳаракатладики, ҳаттоки, «Бенито Вильямарин» ҳам уни муносиб олқишлади. Қайсидир жамоа тарафдорларининг рақиб вакили маҳоратини қарсак чалиш асносида очиқ-ойдин тан олишлари унча кўп кузатилмайди, лекин Лео бундай эътирофга сазовор бўлган ягона футболчи эмас. Марҳамат, soccer.ru сайти маълумотлари асосида айнан шундай нодир воқеалар ҳақида тайёрланган мақола билан танишиб чиқиб, қайси ўйинчилар бегона мухлисларни қарсак чалишга мажбур этишганини билиб олишингиз мумкин.

 

Лионель Месси ва «Бетис» фанатлари. Испания чемпионати фаворити - «Барселона» миллий лигаларда кичик танаффус юзага келишидан олдин, аниқроғи, 17 март куни Севильядаги «Бенито Вильямарин» аренасида «чақилмас ёнғоқ» мақомини олган «Бетис»га қарши майдонга тушди ва Каталонияга чиройли ғалаба билан қайтди - 4:1. Бу ўйинда ҳам яна Лионель Месси бош қаҳрамон ролини бажарди. Аргентиналик юлдуз бир-биридан чиройли 3та голга муаллифлик қилди. Тафсилотларга қисқача тўхталиб ўтсак, Лео аввалига жарима нуқтасидан берилган нафис зарбаси билан ҳисобни очди, кейин танаффусга чиқиш арафасида Луис Суаресни «кескир» узатмасидан оқилона фойдаланиб, каталонияликлар устунлигини мустаҳкамлади. Якунда натижага нуқта қўйиш ҳам аргентиналик голеадор чекига тушди: у бу сафар тўпни шунчаки, «Бетис» кипери Пау Лопес устидан оҳиста ташлаб қўйди. Ажойиб йўналиш, бетакрор гол... Леонинг айни шу ҳаракати ва унинг самараси мезбон жамоа мухлислари армияси сабр косасини тўлдирди. Йўқ-йўқ, севилья-ликлар ҳисоб йириклашгач, умид узганча трибуналарни тарк этишмади (тўғри, айрим мухлислар худди шундай йўл тутишгани рост), балки рақиб сафидаги бетакрор ижрочини баралла олқишлашди. Хуллас, «Бенито Вильямарин» трибуналаридан замонавий футболнинг чин даҳосига аталган кучли олқиш садолари янгради. Айрим фанатлар ҳаттоки, аргентиналикнинг фамилиясини жўр оҳангда айтишдан ҳам уялишмади. Муҳими, Лионель ҳам «Бетис» мухлисларининг қўллаб-қувватлашларига бефарқ қарагани йўқ: трибуналарга яқинлашиб, алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Роналдиньо ва «Реал» фанатлари. Бу масала - рақиблардан олқиш олишда «Барселона»нинг яна бир вакили - бразилиялик Роналдиньо алоҳида мақтанишга тўла ҳақли. Зеро, у Каталония клубининг азалий ва абадий рақиби «кошона»си - «Сантьяго Бернабеу»нинг олий эътирофига эришган! 2005 йилнинг ноябрь ойида «Барса» навбатдаги «Эль-класико»ни «душман» ҳудудида нақ 3:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилади. Роналдиньо ўша оқшом 2та гол уришдан ташқари, ақл бовар қилмас даражада яхши ўйнаганди. Хуллас, бразилиялик «афсунгар» Икер Касильясни иккинчи марта ожиз қолдиргач, «Реал» мухлислари ўз ўринларидан турганча энг ашаддий рақиб ўйинчисини чинакамига олқишлашга тушадилар. Бу ҳақиқий иқтидорнинг чиройли тан олиниши эди. Роналдиньо кейинчалик ўша воқеадан алоҳида ғурурланишини кўп бора таъкидлаган. У ўз интервьюларидан бирида шундай деганди: «Билишимча, «Сантьяго Бернабеу» фақат икки буюк футболчини шу тахлит қўллаб-қувватлаган - Роналдиньо ва Диего Марадонани!»

 

Диего Марадона ва «Реал» фанатлари. Ҳа, Роналдиньо бир томондан ҳақ: Диего Армандо ҳам «Сантьяго Бернабеу» мезбонлари олқишига сазовор бўлган. Ўхшаш тарафи, аргентиналик буюк футболчи «Реал» фанатларини «Барселона» формасида маҳлиё қилган худди бразилиялик юлдуз каби. Марадона  мавсум-1982|1983 доирасидаги «Эль-класико»да «Реал» дарвозасига 1тагина гол уради. Лекин қанақа-я! Диего Армандо  рақиб жамоа голкипери ва ҳимоячиларидан осонгина ўтиб кетиб, дарвоза чизиғи устида уларни калака ҳам қилганди. Бундай ажиб томошадан сўнг «Қироллик клуби» фанатлари беихтиёр ўтирган жойларидан қўзғалишади ва аргентиналик шарафига давомли чапак чалишади. Хуллас, улар буюк футбол иқтидорини ажойиб тарзда олқишлагандилар.

 

Икер Касильяс ва «Ливерпуль» фанатлари. Атиги 1 йил олдин кузатилган воқеа. ЧЛ: «Порту» - «Ливерпуль» тўқнашуви. Португалияликлар «плей-офф» раунди доирасидаги илк учрашувни ўз майдонларида ўтказиб, 0:5 ҳисобида ютқазишди, «Энфилд»да эса дуранг натижани сақлаб қолишди - 0:0. Бунда испаниялик фахрий кипер Икер Касильяс-нинг ҳиссаси катта бўлди. Кўпчилик ўша ўйин Икер учун нуфузли турнирдаги охиргиси бўлиб қолишини ўйлади. Хусусан, шовқинли «Энфилд» ҳам «Реал» билан ЧЛда нақ 3 марта ғолиблик нашидасини сурган афсонавий дарвозабондан ўз олқишини дариғ тутмади. Қарангки, тахминлар тахминлигича қолди: испаниялик фахрий ҳамон сафда ва ЧЛда ўз рекордларини мустаҳкамлаш билан овора. Дарвоқе, «Порту» ва «Ливерпуль» клубларини олдинда яна 2та «жанг» кутиб турибди. Қизиқ, «Энфилд» бу сафар ҳам Икерга ҳурмат бажо келтирадими ёки...? Бу вақт ҳукмидаги савол. Ҳозирча эса Касильяснинг Англиядаги илиқ қабулдан бағоят таъсирланиб, айтган сўзларини ёдга оламиз: «Аввало, «Ливерпуль» фанатларига ташаккур изҳор этишим керак: ўйинга келганинглар ва футболчиларга ҳурмат билан қараганинглар учун раҳмат. Биласиз, ЧЛда илк марта иштирок этганим йўқ. Лекин кўп йиллик фаолиятимда бу қадар роҳатланган эмасдим. Шундай афсонавий стадионда ўйнаш ва рақиб жамоа мухлисларидан олқиш эшитиш - таърифи йўқ ҳолат!»

 

Роналдо ва «МЮ» фанатлари. Англиядаги стадионлардан бирида ўтказилган яна бир ўйин. Қизиғи, бунисида ҳам Икер Касильяс қатнашган, фарқли томони эса, инглизлар дарвозабоннинг «Реал»даги жамоадоши Роналдони алоҳида сийлашган. Чунончи, бетакрор «сўйлоқ» «Олд Траффорд»да «МЮ»га қарши кечган баҳсда «хет-трик»ни расмийлаштиргач, ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб беради. Хуллас, Роналдо майдондан чиқар экан, «Орзулар театри»нинг баралла олқишини тинглайди. Ваҳоланки, «МЮ» айнан бразилиялик туфайли ЧЛдан тушиб қолганди. Ҳа, мухлислар гоҳида чин футбол қаҳрамонига шундай эҳтиром кўрсатишади. Зеро, улар фанатларга сеҳрли лаҳзаларни тақдим этишади. Бошқача айтганда, мухлислар гоҳида ўйин моҳияти - натижани четга суриб қўйиб, юксак маҳорат ва ақлни шошириб қўядиган ижродан ўзгача завқланишади. Трибуналарда тик турган ҳолда, қўлларини кўтарганча Роналдони қўллаб-қувватлаган манчестерликлар ўша оқшом шундай туйғуни ҳис қилган бўлсалар, ажабмас. Бу футболга садоқатнинг олий намунасидир.

 

Алессандро Дель Пьеро ва «Реал» фанатлари. Роналдиньо ўзини «Сантьяго Бернабеу» олқишига мушарраф бўлган икки буюк рақиб футболчидан бири сифатида қолишини айтиб, адашганди. Зеро, футбол тарихида шундай марҳаматга лойиқ топилган яна бир юлдуз бор - Алессандро Дель Пьеро. «Ювентус» афсонаси Чемпионлар Лигаси-2008|2009 доирасидаги учрашувда ажойиб муҳит билан тўқнаш келган. Ўшанда «Ювентус» Мадридда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва жамоанинг ҳар икки голи италиялик фахрий ҳужумчи (у 3 кундан сўнг 34 ёшга тўлганди) номига ёзилган. Хуллас, «Юве» вазифани бажаргач, жамоа бош мураббийи Клаудио Раньери «дубль» муаллифини 90-дақиқада захирага олади. Шу онда «Сантьяго Бернабеу» кутилмаганда, Алексни худди «Реал» футболчисидек олқишлайди. Италиялик афсона табиийки, Мадрид жамоатчилиги муносабатидан ҳайратда қолганди: «Бундай улкан стадионда 2та гол уриш ўз-ўзидан ажойиб воқеа саналади. Бироқ ростини айтсам, «мадридчилар»дан илиқ қабул кутган эмасдим. «Реал» мухлислари, менга унутилмас онларни тақдим этганинглар учун катта раҳмат».

 

Криштиану Роналду ва «Ювентус» фанатлари. Туринлар айни пайт Криштиану Роналдуни мутлақо «қонуний» тарзда кўкларга кўтаришмоқда. Боз устига, португалиялик голеадор «Юве»га етарли даражада фойда келтирмоқда. Унинг «Атлетико»га қарши кечган ЧЛ ўйинида 3та гол урганча буюк «камбэк» сабабчиси бўлиб, «кекса синьора»ни турнир чорак финалига олиб чиққанининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат. Лекин Криш бир йилча олдин «Реал» сафида ўйнар ва айнан у «Ювентус»ни ЧЛдан четга сурганди. Тўғрироғи, Роналду Туриндаги баҳсда 2та гол урди. Улардан бири - ҳақиқий шедевр. Туринликлар эса шедеврни қадрлашади ва Роналдуни ҳам алоҳида олқишлашга куч топа олишганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz