Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси

«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси

  29.03.2019 08:49
  0
  474
«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси

Владимир Фёдоров 1955 йилнинг 5 январь куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги оддий оилада туғилган. Отаси Иван Васильевич 1925 йили Днепропетровскда таваллуд топган. 1943 йили фронтга кетди, урушда қатнашди ва уйига бир қўлсиз қайтди. Лекин ногиронлигига қарамай, Иван Васильевич бемалол футбол ўйнарди, йигирма йилдан ортиқ колхоз жамоасида тўп сурди. Шундай экан, ўғлининг кимдан ибрат олиши тайин эди.

Фёдоровнинг онаси ҳақида гапирадиган бўлсак, умрининг катта қисмини «Труд» фабрикасида ишлаш билан ўтказган. У ўғли ҳақида шундай деганди: «Володя мактаб стадионида оқшомга қадар дўстлари билан тўп ортидан югурарди. Баъзан, қишда, қорли ва совуқ кунларда ҳам уни уйга олиб кириш қийин бўларди. Балки шундай чиниқиш сабаб болалигида ҳеч касал бўлмагандир...»

Бўлажак футболчи ўқиган 67-мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчиси Зокир Ҳусанбоев ҳам хотиралари билан ўртоқлашди: «Володя Фёдоров сингари шахснинг ўқитувчиси бўлганимдан ўзимни бахтиёр сезаман. У мактабда ҳам жасурлиги, мустаҳкам иродаси ва оғир-босиқ феъл-атвори билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Тўп билан муомала қилиш техникаси туғма қобилият эди. Владимир муаллимлари, дўстлари, маҳалладаги оғайниларини ҳурмат қиларди. Футбол ўйнаш асносида ўқишни унутмасди, аксарият спортчилардан фарқли равишда, фақат аъло баҳоларга ўқирди...»

Фёдоровнинг футболга кириб келиши шу тариқа қишлоқ майдонларида ясама тўп тепиш билан бошланганди. Футбол ўша кезлари ҳам Ўзбекистонда энг оммабоп спорт турларидан бўлган, умуман, бу ўлкада миллионлар ўйинига узоқ 1912 йили асос солинганди.

Кейинчалик Ўзбекистонда футбол ривожлана бошлади. 1922 йилга келиб, мамлакатда ўнлаб жамоалар шаклланди. Аввалроқ бу ўйинни асосан хориждан келганлар ўйнаган бўлишса, аста-секин маҳаллий аҳоли ҳам сафга қўшилди. XX асрнинг 20-йиллари ўрталарида Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида чемпионатлар ўтказила бошланди, 1927 йилдан эса республика биринчилиги ташкил этилди. Орадан бир йил ўтиб футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Москвада ўтказилган бутуниттифоқ спартакиадасида қатнашиб, фахрли ютуққа эришди: 23та иштирокчи орасида 7-ўринни эгаллади.

1936 йилдан Собиқ иттифоқда футбол бўйича мунтазам чемпионатлар ўтказила бошланди, бир йилдан ке-йин эса иккинчи лиганинг «Г» гуруҳида Тошкентнинг «Динамо» клуби қатнашиб, 8-ўринни эгаллади. Шундан сўнг 1946 йилгача ўзбек футболчилари мамлакат чемпионатида иштирок этишмади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин чемпионат қайта тикланди ва бирданига учта Тошкент жамоалари - «Динамо», «Спартак» ва «ОДО» «Б» тоифасида (Ўрта Осиё минтақаси, иккинчи гуруҳи) қатнашадиган клублар сафига қўшилишди. Мазкур минтақада жами 9та жамоа бўлиб, юқорида номи келтирилган клублардан ташқари: «Динамо» ва «Спартак» (Қозоғистон), «Локомотив» (Туркманистон), «Динамо» (Тожикистон), «Динамо» ва «Спартак» (Қирғизистон) ҳам бўлган. Мазкур гуруҳда ўзбекистонликлар ёмон қатнашишмади: мисол учун, 1946 йили «ОДО» 2-ўринни, 1947 йилда «Динамо» 3-ўринни, 1948 йилда «ОДО» 1-ўринни (олий гуруҳга қўшилган) эгаллашди.

1948 йили мамлакатнинг футбол мутасаддилари Ўрта Осиё жамоаларини олий лигага қўшиш ғоясини илгари суришган бўлсада, якунда бу режа амалга ошмаган. Икки йил ўтиб, мазкур жамоалар «Б» тоифасига қўшилдилар ва ўша йили ўзбекистонликлар 5-ўринни эгаллашди (1951 йили 13-, 1952 йили 16-ўрин билан кифояланишган).

50-йиллар охирларида Собиқ иттифоқ футболи анча ривожланишга эришди. Олий лига учрашувлари телевидение орқали трансляция қилинди, матбуотда эса футболга тааллуқли турли мақолалар чоп этилди. Табиийки, мазкур жараёнда Ўрта Осиё футболи мутасаддилари олий лигага чиқиш илинжида астойдил меҳнат қилишди. Москва олдида турли республикалар жамоаларини олий лигага қўшиш масаласи турарди ва у ердагилар яқин йиллар ичида буни амалга оширишга ваъда беришди.

Айнан ўшанда (1956 йилнинг баҳорида) Ўзбекистонда «Пахтакор» (Тошкент) номли умуммиллий жамоа шакллантирилди, у мамлакат байроқдорига айланиши кўзда тутилганди. Мураббийликка Москвадан тажрибали мутахассис Валентин Бехтенев таклиф этилди ва у «Пахта-кор»да турли клубларда ўйнаётган энг яхши тошкентлик йигитларни тўплади. Тўғри, янги жамоанинг дастлабки иштироки унчалик ўхшамади: мавсум-56да «Пахтакор» «Б» тоифасининг иккинчи даражали жамоалари орасида 13-ўрин билан кифояланди, кейинги йил эса чемпионатни 10-поғонада якунлади. Бироқ келгуси йилларда бу клубнинг спортдаги кўрсаткичлари анча яхшиланди - тошкентликлар бутун бошли икки мавсумда (1958-1959) 4-ўринни олишди.

Табиийки, ўзбекистонлик болакайлар «Пахтакор»га ишқибозлик қилиб, клуб қошидаги болалар-ўсмирлар мактабига киришни орзу қилишди. Улар орасида Володя Фёдоров ҳам бўлган, аммо 7 ёшида отаси олиб борган қишлоқ жамоаси бу борада трамплин вазифасини ўтай олмасди - бевосита Тошкентга кўчиб ўтиш талаб этиларди. Омадни қарангки, 1969 йили Фёдоров Тошкентдаги Г.Титов номидаги спорт интернатига кирди. У ерда И.Тошмуҳаммедов, В.Ятченко, Я.Аронович каби мутахассислар мураббийлик қилишар, айнан улар ҳужум чизиғида ўйнаётган иқтидорли ўспиринга биринчилардан бўлиб эътибор қаратишганди.

1972 йилнинг январида Фёдоров 17 ёшга тўлганди, бир неча ойдан кейин эса уни Ашхободдаги халқаро турнирда қатнашадиган Собиқ иттифоқ ўсмирлар термасига таклиф этишди. Мазкур турнирда қаҳрамонимиз ўзини кўрсатиб, мусобақа тўп-урарларидан бири бўлди. Ёрқин дебют сабаб Фёдоров «Пахтакор»нинг катталар жамоаси асосий таркибига киритилди. Қайд этиш жоизки, тошкентликлар аввалги мавсум биринчи лигага тушиб кетишгани сабаб, мавсум-72да асосий мақсад элитага қайтиш бўлганди. Клуб бюджети шунга кўра тузилди, таркиб тўпланди. Тошкентликларнинг ўша пайтдаги мураббийи Владимир Соловьёв (ушбу мутахассис айнан 1972 йилдан «Пахтакор» бошқарувини қўлга олганди) шундай деганди: «Биз асосий эътиборни ўзини кўрсатишга иштиёқи баланд ёшларга қаратишни маъқул кўрдик. Буни «Пахтакор» келажаги учун қилдик. Ишончим комилки, бир-икки йилдан сўнг Михаил Ан ва Владимир Фёдоров катта футбол безагига айланишади...»

Мураббий томонидан эътироф этилган Михаил Ан Фёдоров билан ажойиб тарзда ярим ҳимоячи - ҳужумчи тандемини ташкил этган, кейинчалик 70-йилларда Собиқ иттифоқнинг энг ёрқин намояндаларидан бири бўлганди. Шундай экан, Ан ҳақида ҳам бирозгина суҳбатлашсак, зиён қилмасди.

Михаил 1952 йилнинг 9 декабрида туғилган, болалик йиллари футбол муҳитида ўтганди. Унинг тўнғич акаси Дмитрий ҳам дастлаб «Пахтакор»да ўйнаган, кейинчалик «Политотдел» клубида фаолият юритганди. Табиийки, Михаил ҳам унинг ортидан эргашди. Ёш бўлишига қарамай, унда етакчилик салоҳияти борлиги яққол сезилар, футбол майдонида масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимасди. Бу ҳақда Р.Акрамов шундай сўзлайди: «Биз Миша Ан билан бирга Свердлов номидаги жамоада тўп сургандик. Болалик даврлариданоқ Миша юксак қобилияти билан бошқалардан ажралиб турарди. Алоҳида вазиятларни эсга олсак. Ўйин пайти Миша тўпни қабул қилиб олгач, дриблинг ёрдамида беш-олти нафар рақибини бирин-кетин алдаб ўтарди. Аммо дарвозага яқинлашганида эса, ҳолсизланиб, кучсиз зарба йўллаб, тўпни дарвозабонга «совға» қиларди. Шундай паллаларда Миша ерга ётиб, аламдан кўз ёш тўкарди. Бундай ҳол бир неча марта такрорланганди. Албатта, унга ўша пайт жисмоний қувват етишмаган, техник маҳорати ҳам сайқалга муҳтож эди. Аммо ундаги энг асосий жиҳат - майдонни ҳис этиш ва ўйинни аввалдан тўғри ривожлантиришни билиши эди. Йиллар ўтиб у ўсишга эришиб, юқори савиядаги футболчига айланди. Унинг феъл-атворини ҳам инобатга олсак, ажойиб мураббий бўлиши турган гап эди».

Г.Титов номидаги спорт интернатига Ан Фёдоровдан бир йил аввал - 1968 йили кирганди. У билан биргаликда яна беш нафар истеъдодли ўйинчилар ҳам ушбу таълим масканида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишган, кейинчалик барчалари футболда ўз номларини қолдиришган. Булар: Виктор Пшеничников («Пахтакор»нинг машҳур дарвозабони Юрий Пшеничниковнинг жияни), Валерий Ортиқов, Александр Бурикин (сўнгги паллада ҳакамликка ўтган), Николай Коломейцев, Виктор Жалилов (ҳозир мураббий). Бўлажак юлдузларни эса хизмат кўрсатган мураббий Евгений Лядин шуғуллантирган. Ушбу мутахассис кейинчалик Ан ҳақида шундай деганди: «Бу йигит келажакда футбол профессори бўлади».

1970 йили Ан «Политотдел» жамоасида ўйнади, «Пахтакор» таркибига эса 1971 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасида қўшилган. Унинг илк бор майдонга чиқиши 1971 йилнинг 23 августига тўғри келган, ўшанда тошкентликлар Тбилисининг «Динамо» клубини қабул қилишганди. Ан иккинчи бўлимда Вячеслав Солохонинг ўрнига тушганди. «Пахтакор» ўшанда 5:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришганди.

Ўша мавсум Ан яна саккизта учрашув ўтказди, уларнинг аксариятида захирадан ўйинга қўшилди. Эсимизда, «Пахтакор» ўшанда олий лигадан тушиб кетиб, кейинги мавсум қуйи дивизионда қатнашишга мажбур бўлганди. В.Соловьёв асосий эътиборни ёшларга қаратганини инобатга олсак, Фёдоров ва Ан асосий таркибнинг етакчиларига айланишлари кутилганди. Ўшанда майдон маркази ва ҳужумда ажойиб футболчилар жамланганди - Михаил Ан, Виктор Варюхин, Биродар Абдураимов, Владимир Фёдоров ҳамда Василис Хадзипанагис. «Пахтакор» рақибларини ишончли тарзда мағлубиятга учратиб, элита йўлланмасини қўлга киритди. Ҳужумдагиларни ўз вақтида қўллай олган ярим ҳимоячилар ёрдамида Биродар Абдураимов рекорд даражада тўп киритди - 33та ўйинда 34та гол. Чемпионатнинг энг яхши тўпурарига самарали узатмаларнинг аксариятини Ан берган, ўзи эса икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилганди. «Пахтакор» ҳақидаги кўплаб солномалар муаллифи В.Сафаров шундай ёзганди: «Мавсум-72да «Пахтакор» ҳужумларининг асосий конструктори Михаил Аннинг ҳақиқатда нималарга қодирлиги кўринган. Ўйин у орқали қуриларди. Ҳимоячилар майдонда айнан уни қидиришар, ҳужумчилар эса Аннинг узатмалари керакли нуқтага етиб боришини билганлари ҳолда, ўз чизиқларида шунга монанд ҳаракатланишарди. Ўшанда «Пахтакор»нинг катта мураббийи Вячеслав Соловьёв Аннинг олдига ҳужумларни якунлаш вазифасини қўймади, бироқ мавсум давомида «бош конструктор» ва шерикларининг ўзаро тушуниб ўйнашлари ўз маҳсулини берди...»

Фёдоровга келсак, у 30та ўйинда 7та гол урди. Ўзининг дастлабки тўпини Пермнинг «Звезда» клубига қарши баҳсда киритди ва ўша гол ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шундан буён бу мақом унга ҳамроҳ бўлди - ҳал қилувчи голлар муаллифи. Зеро, мавсум-72да бундай ҳолат бир неча марта такрорланди: Кутаисининг «Торпедо» клубига қарши Тошкентда кечган баҳсда (1:0), Душанбенинг «Помир»ига қарши (2:1), Куйбишевда ўтган «Крилья Советов»га қарши (1:0) ўйинларда. Оржоникидзенинг «Спартак» жамоаси билан учрашувнинг (3:0) ҳар икки бўлимида Фёдоров биттадан гол урди. Шунингдек, қаҳрамонимиз Караганданинг «Шахтёр» (5:1) ҳамда Запорожьенинг «Металлург» (4:0) клубларига қарши баҳсларда иккита тўп киритди.

Қайд этиш жоизки, Фёдоров ҳал қилувчи голларни халқаро ўйинларда ҳам урган. Мисол учун, ўша мавсум-72да «Пахтакор» Италиянинг «Рома» клуби билан ўртоқлик ўйини ўтказганди. Иккинчи бўлим бошида майдон эгалари ҳисобни очиб, ғалабани сақлаб қолишга жуда яқин келишганди. Аммо финал ҳуштаги чалинишига уч дақиқа қолганда, айнан Фёдоров томонидан урилган гол тошкентликларни мағлубиятдан қутқариб қолганди.

-------------------------------------------

(Давоми газетамизнинг келгуси сешанба сонида)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz