Қайднома

Қидирув

ФУТБОЛ – МУХЛИСЛАР БИЛАН ГЎЗАЛ

ФУТБОЛ – МУХЛИСЛАР БИЛАН ГЎЗАЛ

  31.03.2019 07:03
  0
  420
ФУТБОЛ – МУХЛИСЛАР БИЛАН ГЎЗАЛ

Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг ўз олдига қўйган асосий вазифалардан бири - мухлисларга манзур бўладиган томошабоп ва қизиқарли, рақобатга бой чемпионат ташкил этиш ҳамда бу орқали стадионларга ишқибозлар ташрифини кўпайтиришдан иборат.

Жумладан, 2018 йилда ҳам бу борада қатор тадбирлар амалга оширилганди.Стадионларда оилавий секторлар ташкил этилди, жамоалар ўз расмий дўконларини ишга туширишди, учрашувлар олдидан элимиз суйган санъаткорлар томонидан турли концерт дастурлари ва акциялар ўтказиш йўлга қўйилди, Рамазон ойи­да томошабинларга бепул ифторликлар тақдим этилди. Натижада 2017 йилги мавсум билан солиштирганда 2018 йилги мавсумда миллий чемпионатимизнинг ҳар бир ўйинига ташриф буюрадиган мухлислар ўртача сони деярли 2 бараварга ошди (ўртача ҳар бир учрашувга келган мухлис сони: 2017 йилда 4386 нафар; 2018 йилда 8050 нафар). ПФЛ мазкур ташаббусни 2019 йилда ҳам давом эттиришни ният қилган. Яқинда старт олган янги мавсумда ички чемпионатимизга бўлган қизиқишни янада орттириш ва стадионларга имкон қадар кўпроқ ишқибозлар келишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган лойиҳалар режаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, ҳар бир клубнинг штат жадвали асосида ишга олинган мухлислар клуби етакчисига янада кўпроқ масъулият ва ваколатлар тақдим этилди. Мухлислар клуби етакчилари олдига қўйиладиган асосий вазифа - ўз севимли жамоаси ихлосманд­ларини янада кўпайтириб, уларни ягона фан-клубга бирлаштириш бўлади. Бу борада етакчиларга клуб ва ПФЛ томонидан амалий кўмак кўрсатилади.

Қолаверса, ўтган мавсум талаб қилинган, аммо ижроси айрим клублар томонидан пайсалга солинган клуб рамзи (маскот) ва мадҳиясини ишлаб чиқиш масаласи ҳам 2019 йилдан эътиборан мажбурий бўлади. Эндиликда (агар клуб рамзи ёки мадҳияси мавжуд бўлмаса) ҳар бир клуб номи, жойлашган шаҳри, клубнинг асосий ранглари, унга мухлислик қиладиган аудиториядан келиб чиққан ҳолда ўз рамзи ҳамда мадҳиясини ишлаб чиқиши лозим. Бу орқали Coca Cola Суперлига-2019 ўйинлари мобайнида ўйиндан олдин, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг стадионда клубнинг ўз мадҳияси янграши таъминланади. Зеро ҳар бир жамоанинг ўз рамзи ва мадҳиясига эга бўлиши - ушбу жамоани қўллаб-қувватловчи мухлисларни янада жипслаштириши жаҳон тажрибасидан маълум. Бу борада клублар қандай иш олиб бораётгани билан навбатма-навбат таништиб борамиз.

Ортда қолган Coca Cola Суперлига 1-тур учрашувлари орасида энг кўп мухлис «Пахтакор» - «Локомотив» ўйинига ташриф буюрди. Тошкент дербисини стадионда бевосита 17550 нафар томошабин кузатиб борди. Клуб матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Назаровнинг таъкидлашича, «Пахтакор» ҳамиша мухлисларга қулайлик яратиш, уларнинг стадионга кўпроқ келишини, жамоасини бевосита стадиондан туриб қўллаб-қувватлашини таъминлашга уринади. Бу йўлда «шерлар» бир қатор лойиҳаларни мунтазам равишда ўтказиб келишади. Жумладан, клуб веб-сайтида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўйиннинг афишалари навбатдаги учрашувдан 5-6 кун аввал берила бошланади. Қолаверса, шаҳар бўйлаб 200-500тага яқин кичик ва катта ҳажмдаги афишалар жойлаштирилади. Шаҳарнинг айрим кўчаларидаги кўзга ташланадиган жойларда ўрнатилган реклама баннерларида ҳам «Пахтакор»нинг навбатдаги уй учрашуви анонслари бериб борилади. Шунингдек, клуб бир қатор ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишламоқда ва талабаларга ўқишдан бўш пайтларда ўйинларга ташриф буюришлари учун бепул чипталар тақдим қилинмоқда.

«Пахтакор» клуби маркетинг хизмати бошлиғи Аваз Муталовнинг айтишича, мавсум-2019да ҳам ўйинлар танаффуси вақтида ютуқли лотерея­лар ўйини ўтказиб борилади. Бундан ташқари, ўйин олдидан ва танаффус вақтида элимиз суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ҳам ташкил этилмоқда. «Пахтакор»нинг расмий дўкони ҳам ҳафта давомида фаолият кўрсатади. Унда жамоа либослари, турли атрибутикалар савдоси мунтазам равишда олиб борилади.

Юқорида таъкидланганидек, ПФЛ барча клублар ўз рамзи, мадҳиясига эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Айрим клублар ушбу жиҳатга бироз масъулиятсиз ёндашаётган бир паллада, «Пахтакор» жамоа маскоти ҳамда мадҳиясини яратиш бўйича барчага ўрнак бўла оладиган тарзда иш олиб бормоқда. Ушбу клубда маскот - «Лео» номли шер анча вақтдан буён мавжуд. Жорий мавсумдаги ўйинларда ҳам ушбу маскот ўйин давомида турли секторларга мурожаат қилиб, ишқибозларни севимли жамоаларини янада қизғин қўллаб-қувватлашга чорламоқда.

Шунингдек, «Пахтакор» жамоаси 2019 йилда ўз ишқибозларига яна бир янги клуб мадҳиясини тақдим этди. Dj Piligrim томонидан куйланган мазкур мадҳия кўпчилика манзур бўлгани бор гап. Умумий қилиб айтганда, «Пахтакор» клуби ўз ишқибозлари сафини кенгайтириш, асл мухлислари сонини орттириш, уларнинг стадионга келишларини таъминлаш борасида мақташга арзигулик тарзда иш олиб бормоқда. Зеро, футбол - мухлислар билан гўзал.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz