Қайднома

Қидирув

Ихтиёр Тошпўлатов: «ОРАЛИҚ ТАНАФФУС ФОЙДАМИЗГА ИШЛАДИ»

Ихтиёр Тошпўлатов: «ОРАЛИҚ ТАНАФФУС ФОЙДАМИЗГА ИШЛАДИ»

  01.04.2019 03:13
  0
  118
Ихтиёр Тошпўлатов: «ОРАЛИҚ ТАНАФФУС ФОЙДАМИЗГА ИШЛАДИ»

Жорий мавсум Суперлигага қайтган Самарқанднинг «Динамо» клуби чемпионат бошида таркибига кўплаб иқтидорли футболчиларни жалб этди. Улар орасида Ихтиёр Тошпўлатов ҳам бор. Яқинда маҳоратли ярим ҳимоячидан интервью олиб, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

- «Динамо»нинг Суперлига-2019да қатнашишини кутганмидингиз?

- Очиғи, янги мавсумга «Машъал» жамоаси сафида тараддуд кўраётгандим. «Динамо» элитага қайтганидан сўнг Даврон Файзиев қўнғироқ қилиб, жамоага таклиф қилди. Ушбу мутахассис билан «Сўғдиёна»да бирга ишлаганмиз, у имкониятларимдан яхши хабардор. Шу боис жамоага тезда киришиб кетдим.

- Шундай «совға»га тайёрмидинг­лар?

- Тўғриси, кутмагандик. Оралиқ танаффус бўлгани, албатта, фойдамизга ишламоқда. Суперлигага етарли даражада тайёргарлик кўролмадик. Мана энди, хато ва камчиликларимиз устида ишлаяпмиз. Янги футболчилар билан иложи борича тезроқ чиқишиб кетишга ҳаракат қиляпман. Самарқанд аҳли катта футболни соғингани билиниб турибди. Оддий мисол, таништирув маросимининг ўзига 650дан зиёд мухлис ташриф буюрди. «Насаф» билан ўйинда ҳақиқий аншлаг кузатилди. Ўзимиз ҳам футболдан завқ олиб ўйнадик. Ишқибозлар кўплиги - бизнинг ютуғимиз.

- Ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?

- Ҳужумчи биринчи навбатда кўпроқ гол уриши керак. Мен ҳам жорий мавсум камида 15 марта тўп киритмоқчиман. Жамоамиз ўз олдига юқори ўринларни қўлга киритиб, мазмунли футбол кўрсатиш, стадионга томошабинларни жалб этиш ниятида.

- Япония, Жанубий Корея сингари мамлакатларда футболчиларни ёшлигидан хориж жамоаларига юборишади. Бизнинг ўйинчиларга Европа клубларида тўп суриш учун нима тўс­қинлик қилади?

- Қийин савол. Аста-секин бу борада ҳам олдинга қадам ташланяпти. Қолаверса, Европа ва Осиё футболи ўртасида катта фарқ бор. Менимча, дастлаб ўртамиёна клубларда тажриба орттириб, сўнг кучли жамоалар сафига қўшилиш лозим. Умуман, футболчиларимизнинг топ лигаларда ўзларини кўрсатишларига ишонаман.

- Олимпия терма жамоасининг саралаш баҳсларидаги иштироки ҳақида нима дейсиз?

- Улар мазкур саралашга анчадан буён тайёргарлик кўриб келишаётганди. Таркибда бир қатор ёш ва умидли футболчилар борлиги кўриниб турибди. Шунингдек, сербиялик мураббий Любинко Друлович ҳам қисқа фурсатда йигитларни яхши тайёрлай олган. Улар кўрсатган ўйин менга ёқди, икки баҳсда ҳам рақибларини тўпсиз қолдириб, катта устунликка эга бўлишди. Рақиб қанча кўп тўпсиз югурса, шунча тез толиқади. Бу энг тўғри танланган услубдир. Фақатгина яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш бўйича кўпроқ ишланса, нур устига аъло нур бўлади.

- Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун кураш осон бўлмайди. Нима деб ўйлайсиз, 2020 йил январь ойида бўлиб ўтадига мусобақада вакилларимиз асосий вазифани бажара олишармикан?

- Нима учун шундай бўлмаслиги керак? Шу ёш тоифасидаги аввалги Осиё чемпионатида жамоамиз Япония, Жанубий Корея сингари термаларни мағлуб этиб, чемпион бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Демак, бажариб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz