Қайднома

Қидирув

ЖАҲОН БЎЙИЧА – КИЛИАН, БИЗДА – ОДИЛ

ЖАҲОН БЎЙИЧА – КИЛИАН, БИЗДА – ОДИЛ

  01.04.2019 05:35
  0
  289
ЖАҲОН БЎЙИЧА – КИЛИАН, БИЗДА – ОДИЛ

Жаҳонга машҳур transfermarkt.de сайти футболчиларнинг трансфер нархларини аниқлаши билан ном қозонган. Тўғри, ҳар доим ҳам ушбу сайтда кўрсатилган нарх футболчининг ҳақиқий баҳосини келтириб чиқармайди. Лекин сайт ходимлари ўйинчиларнинг турли жиҳатларини инобатга олган ҳолда ўз нархларини белгилашади. Шунингдек, сайтда тез-тез футболчиларнинг нархи ўзгариб туради.

Хуллас, сайтда терма жамоалар ўйинчиларининг нархлари белгилаб борилади. Жаҳоннинг кучли лигаларида ҳар бир ўйинчига эътибор қаратилса, футболи унчалик ривожланмаган мамлакатларда асосан халқаро ўйинларда ўйнайдиган футболчиларга нарх белгилашади. Ўзбекистонлик ўйинчилар билан ҳам шундай деса бўлади.

Алоҳида футболчиларни оладиган бўлсак, бугунги кунда «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе энг қиммат бўлиб турибди. Transfermarkt ушбу футболчини 200 миллион еврога баҳолаган. Иккинчи ўриндан ҳам «ПСЖ» футболчиси жой олган - Неймар. Унинг баҳоси 180 миллионга тенг. Ваҳоланки, амалда Неймар 222 миллион еврога сотилиб, жаҳоннинг энг қиммат футболчиси бўлиб турибди. Учинчи ўриндаги Лионель Месси эса 160 миллионга баҳоланган. Кейинги ўринда 150 миллиондан нархланган Муҳаммад Салоҳ, Гарри Кейн, Эден Азар ва Кевин де Брюйнелар боришмоқда. Криштиану Роналду эса 100 миллион еврога баҳоланиб, 16-ўринни эгаллаб турибди.

Клублар борасида олсак, «Барселона» энг қиммати. Бугунги кунда ушбу жамоа сафида ўйнаётган футболчилар 1,18 миллиард еврога баҳоланган. «Манчестер Сити» футболчиларининг нархи эса 1,14 миллиардга тенг. 965,3 миллион еврога баҳоланган «Реал» кучли учликни якунлаб беради.

Терма жамоалар орасида Франция энг қиммат бўлиб турибди. Ҳозирда жаҳон чемпионлари 1,23 миллиард еврога баҳоланишган. Англия 1,06 миллиард бўлса, Германия терма жамоасининг умумий баҳоси 1,02 миллиардга тенг. Бразилия термаси эса 1,01 миллиард еврони ташкил қилмоқда. Қолган жамоалар миллиард­лик маррани забт эта олишмаган. Энг яқин келган жамоа Испаниядир - 881 миллион евро.

Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари 21,45 миллион еврога баҳоланган. Ҳар бир футболчининг ўртача нархи 933 минг еврони ташкил қилади. Терма жамоамиздаги энг қиммат футболчи бу Одил Аҳмедовдир. Айни пайт Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз 6 миллион еврога баҳоланган. Кейинги ўриндаги Жалолиддин Машариповнинг нархи 1,4 миллион.

Позициялар бўйича оладиган бўлсак, ярим ҳимоячиларимизнинг ўртача нархи 1,53 миллион еврони ташкил қилади. Албатта, бунда Одил Аҳмедовнинг ҳиссаси катта. Ҳужумчиларимиз эса ўртача 1,12 миллионга баҳоланишган.

Умумий олиб қараганда, ўртадаги тафовут катта. Агар transfermarkt бегилаган нархда футболчи сотиб олинадиган бўлса, биргина Килиан Мбаппенинг нархига деярли ўнта Ўзбекистон терма жамоасини харид қилса бўлади. Лекин юқоридаги айтганимиздек, бу футболчиларнинг ҳақиқий нархи эмас. Клублар ўртасидаги олди-сотдиларда бу нархлар унчалик роль ўйнамайди.

 

Ўзбекистон терма жамоаси

футболчиларининг нархлари(еврода)

Дарвозабонлар:

Санжар Қувватов                 «Пахтакор»           500 минг

Акбар Тўраев                      АГМК                    300 минг

Жавоҳир Илёсов                 «Локомотив»        300 минг

Ҳимоячилар:

Ислом Тўхтахўжаев             «Локомотив»        800 минг

Даврон Ҳошимов                 «Локомотив»        500 минг

Егор Кримец                        «Пахтакор»           350 минг

Достонбек Турсунов            «Ренофа Ямагучи»         300 минг

Анзур Исмоилов                  «Локомотив»        300 минг

Олег Зотеев                        «Локомотив»        750 минг

Фаррух Сайфиев                 «Пахтакор»           600 минг

Акмал Шораҳмедов             АГМК                    450 минг

Ярим ҳимоячилар:

Одил Аҳмедов                     «Шанхай СИПГ»    6 миллион

Икромжон Алибоев             «Сеул»                  900 минг

Фозил Мусаев                     «Жубило Ивата»   600 минг

Сардор Мирзаев                 «Локомотив»        1,5 миллион

Жавоҳир Сиддиқов              «Пахтакор»           600 минг

Одил Ҳамробеков               «Пахтакор»           600 минг

Отабек Шукуров                  «Шаржа»               500 минг

Жалолиддин Машарипов     «Пахтакор»           1,4 миллион

Достонбек Ҳамдамов          «Пахтакор»           800 минг

Ҳужумчилар:

Темурхўжа Абдухолиқов     «Локомотив»        1,2 миллион

Марат Бикмаев                    «Пахтакор»           1,2 миллион

Элдор Шомуродов              «Ростов»              1 миллион

 

Амплуа бўйича

Позиция                              Умумумий нархи Ўртача

Дарвозабонлар                   1,10 млн.               367 минг

Ҳимоячилар                        4,05 млн.               506 минг

Ярим ҳимоячилар                10,70 млн.             1,53 миллион

Ҳужумчилар                        5,60 млн.               1,12 миллион

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz