Қайднома

Қидирув

Стартнинг акс манзараси ёки Суперлига 2-турига таҳлилий шарҳ

Стартнинг акс манзараси ёки Суперлига 2-турига таҳлилий шарҳ

  01.04.2019 14:40
  0
  584
Стартнинг акс манзараси ёки Суперлига 2-турига таҳлилий шарҳ

Суперлига-2019 қаторасига 5та дуранг натижа билан стартга чиққанди. 2-турда бунинг акс манзараси бўй кўрсатди. 7та ўйиндан 6тасида ғолиб томон аниқланди, фақат 1та беллашувда муроса кўчаси танланди. Сафарда ғалаба нашидасини сурган ягона жамоа - «Пахтакор». 2та турдан сўнг 100 фоизли натижага эга иштирокчи ҳам айнан Шота Арвеладзе дружинасидир. Қолган 13та клуб очко йўқотишга улгурди. Ҳа, «интрига» чакки эмас...

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЭЛГУЖА ГРИГАЛАШВИЛИ

Нега айнан «Қизилқум» вакили? Асос шуки, Элгужа Григалашвили Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳибига қарши баҳсда умумий ҳолат қалтис бўлиб турган паллада жарима нуқтаси (дарвозадан чамаси 30 метр узоқликда)дан мукаммал зарба ижро этиб, тарози палласини Ҳамиджон Актамов жамоаси томон оғдирди. Қолаверса, у шу билан чекланмади: 20 дақиқадан кейин «дубл»ни расмийлаштириб, ҳисобга нуқта қўйди. Умуман, Григалашвили бутун вақт давомида АГМК ҳимоячиларига сира тинчлик бермади.

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- «Қизилқум» легионерлари? Улар ҳақида маълумотга эга эдик. Дейлик, ўртоқлик ўйинларида Смитни кузатгандик, Григалашвилини эса яхши биламиз. Бироқ... Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).  

- Бизда «отнинг калласидек» пул йўқ. Мисол учун, ўтган йил ҳисобидан қолган мукофот пули ҳам бор. Лекин футбол шундай - бугун бизда байрам... Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Тан оламан, мезбонлар ҳақли равишда ғалаба қозонишди. Ҳар ҳолда, майдондаги воқеалар биз ҳали айрим жиҳатлар устида кўп ишлашимиз кераклигини кўрсатиб берди. Бахтиёр Ашурматов («Бухоро» бош мураббийи).

- Ёмғир остида, сирпанчиқ майдонда режадагидек тўп суриш қийин. Муҳими, голдан кейин барчаси ўзгарди. Хуллас, чиройли ҳужум ва ажойиб гол бизга қанот бағишлади. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Иккинчи ўйинки, дарвозабонимиз қўпол хатога йўл қўймоқда. Буни ҳали муҳокама қиламиз, албатта. Мудофаа чизиғи ишончли ўйин намойиш этсагина кўнгил хотиржам бўлади. Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи).   

- Стадионга мухлислар ташрифи ошгани - жорий йилдаги энг катта ютуғимиз. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Огоҳлик қўнғироғи чалинадиган ва ғалаба қозонишимиз шарт бўлган пайт келди аллақачон. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Мағлубият ҳеч ҳам ёқмайди. Айниқса, бундай ҳисобда енгилиш ҳафсалани пир қилади. Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).

 

 

1-КУН: ЛЕГИОНЕРЛАР УЛУШИ КАТТА

2-тур узоқ Никараугадан келган легионер - Смит Медина Ариагнер урган гол билан бошланди. У «Қизилқум» - АГМК учрашувининг 1-дақиқасидаёқ Суҳроб Султонов дарвозасини нишонга олиб, «Ёшлар» СМга йиғилган деярли 8 минг мухлисни оёққа турғизди. Тезкор гол таъсири кучли бўлсада, Миржалол Қосимов жамоаси тезда ўзини ўнглаб, майдонда ташаббусни қўлга олди, бир қатор чиройли ҳужумлар уюштириб, Евгений Черемисинни дам-бадам безовта қилди. Бу фаоллик бўлим охиридагина самара келтилди - Жасур Ҳакимов зарбасидан сўнг тўп Муҳсин Убайдуллаев қўлига тегди ва Азиз Асимов пенальтига ишора қилди. Шу тариқа Дилшод Жўраев АГМКнинг янги мавсумдаги илк голини ўз номига ёздириб қўйди - 1:1. Танаффусдан кейин эса «Қизилқум»нинг яна бир легионери - Элгужа Григалашвили катта саҳнага чиқди. Грузиялик ҳужумчининг қандайдир 20 дақиқа ичида урган 2та голи меҳмонларни мажолсизлантирди. Элгужанинг айниқса, биринчи голи чиройли чиқди - жарима нуқтасидан берилган идеал зарба. Унинг бош билан урган иккинчи голига эса Смит Медина Ариагнер ассистентлик қилди. Хуллас, легионерлар бош ролда!

«Металлург» - «Бухоро» баҳсида ҳам ҳисоб хорижлик футболчи томонидан очилди. Фарқи шуки, Сергей Тумасян ўйин бошида эмас, 34-дақиқадагина ўзини кўрсатди. Россиялик ярим ҳимоячи бу вазиятда фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган Баҳром Абдураҳимовнинг ажойиб узатмасидан кейин рақиб дарвозабони Хуршид Хўжаев олдида олдида ёлғиз қолди ва имкониятни қўлдан чиқармади - 1:0. Иккинчи бўлимда ҳам босимни пасайтирмаган Андрей Шипилов шогирдлари 74-дақиқада ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлашди: бухороликлар жарима майдони ичида мураббийнинг ўғли Андрей Шипиловга нисбатан ўйин қоидасини бузишгач, пенальти белгиланди ва Сервер Жепаров уни голга айлантирди - 2:0. Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, терма жамоамиз собиқ сардорининг ўйинидан кўра, голга атаган «сальто»си анча чиройли чиқди. Яна бир жиҳат: бош ҳакам Темур Тўхтасинов ўйинга «сариқ» тус берди - у нақ 10 нафар футболчини огоҳлантирди. Диққатни тортадиган томони, 10та «сариқ»дан 8таси «Бухоро» вакилларига муносиб кўрилди, қолаверса, улар «қизил»­дан ҳам бебаҳра қолишмади.

2-КУН: МИНИМАЛ МАҲСУЛ

Қарангки, 30 март кунига белгиланган илк учрашувда ҳам тезкор гол кузатилди: 2-дақиқа, Шерзод Ҳакимов, 1:0. Фақат шуниси боки, бу «Сурхон» ва «Динамо» ўртасидаги принципиал ўйиннинг энг ёрқин лаҳзаси бўлиб қолди. Тўғри, термизликлар қолган вақт ичида ҳам ҳисобни ошириш учун яхшигина имкониятлар ҳосил қилишди. Бироқ мезбонларга сўнгги паллаларда аниқлик ва совуққонлик етишмади. Ҳаттоки, пенальти ҳам наф бермади. Бунда Шерзод Каримов дарвозабон Ботирали Эргашевни алдай олмади. Ўз навбатида, «Динамо» ҳам ҳужумлардан самара чиқаролмади. Хуллас, икки дебютант олишувида таркиб нуқтаи назаридан ўтган йилги «Навбаҳор»ни эслатиб юбораётган «Сурхон» устун келди.

 «Локомотив» - «Навбаҳор» ўйинига қизиқиш жуда баланд бўлгани ўз-ўзидан тушунарли. Ҳар ҳолда, бири - амалдаги чемпион, иккинчиси - бронза медали соҳиби. Майдонда шунга яраша кескин ва жонли кураш борди, лекин ўртадаги 3 очко тақдирини Темурхўжа Абдухолиқов томонидан 64-дақиқада урилган ягона гол ҳал қилди. Андрей Каньчельскис шогирдлари анча фаол ҳаракатланиб, ўйин бобида «темирйўлчилар»дан қолишмаган бўлсаларда, айнан мезбонлар яна гол уришга яқин келишди. Аммо Ҳусниддин Ғофуров сўнгги дақиқаларда Ўткир Юсупов билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, дарвозабонни доғда қолдиролмади. Шу тариқа иккинчи кунги иккинчи учрашув ҳам мезбон жамоанинг минимал ҳисобли ғалабаси билан якун топди.

3-КУН: ЯГОНА ДУРАНГ

«Пахтакор» бу сафар «Бунёдкор» майдонида анча қийналди. Чунончи, Вадим Абрамов томонидан янгитдан шакллантирилган жамоа асосан иштиёқ ҳисобига баралла қаршилик кўрсатди ва ҳаттоки, вазиятлардан фойдаланганида ғалабани ўз томонига оғдириши ҳам ҳеч гап эмасди. Тўғри, ўйинга фаол киришган «шерлар» 17-дақиқада ҳисобни очишди. Жалолиддин Машарипов бошлаган ҳужумни Марат Бикмаев давом эттирди ва якунда Достон Ҳамдамов собиқ жамоасини жазолаш баробарида «Пахтакор»даги биринчи голини нишонлади. 35-дақиқага келиб, «қалдирғочлар» бурчак зарбасидан кейин мувозанатни тиклашди - Миржаҳон Мираҳмадов боши билан аниқ зарба йўллади. «Пахтакор»нинг ғалаба голи эса 63-дақиқага тўғри келди. Бу сафар Жалолиддин Машарипов ассистент ролида, охирги нуқтани эса Драган Черан қўйди. Сербиялик ҳужумчи шу билан «Пахтакор»нинг 2-дербини ҳам ўз фойдасига ҳал қилишини таъминлаб, Суперлига тўпурарлари етакчисига айланиб олди.

2-турнинг ягона дуранг натижаси «Водий дербиси»да қайд этилди. Аслида Фарғонада мезбон сифатида ўйнаган «Қўқон-1912» вакиллари ҳам, дебютант - «Андижон» футболчилари ҳам ҳисобни очиш учун бир қатор имкониятларга эга бўлишди, аммо якуний паллада уларга аниқлик етишмади - 0:0.

«Насаф» - «Сўғдиёна» ўйинида эса мухлислар мириқиб голлар кўришди. Қолаверса, жамоалар томонидан ҳужумкор футбол тортиқ этилди. Қайд этилган 4та голдан 3таси «Насаф» вакиллари номига ёзилди - Дилшод Саитов, Бобур Давлатов ва Ислом Кенжабоев. Сергей Лушан жамоасининг ягона жавоб голига эса Никола Милинкович муаллифлик қилди. Айниқса, «Насаф»нинг 3-голи чиройли чиқди. Бунда Ислом Кенжабоев рақиб ҳимоячиларини бирин-кетин ортда қолдириб, индивидуал маҳорати кўз-кўз қилди. Қойилмақом юриш, даҳшатли гол.

 

 

«ҚИЗИЛҚУМ» - АГМК - 3:1 (1:1)

29 март. Навоий. «Ёшлар» спорт мажмуаси.7833 томошабин.

Ҳакамлар: Азиз Асимов, Темур Гайнуллин, Расулжон Фозилов, Илья Ильин.

Голлар: Смит Медина Ариагнер (1), Элгужа Григалашвили (50, 69) - Дилшод Жўраев (44-пен.).

 

«МЕТАЛЛУРГ» - «БУХОРО» - 2:0 (1:0)

29 март. Бекобод. «Марказий» стадиони.

4178 томошабин.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Иброҳим Исмоилов.

Голлар: Сергей Тумасян (34), Сервер Жепаров (74-пен.).

 

«СУРХОН» - «ДИНАМО» - 1:0 (1:0)

30 март. Термиз. «Сурхон» стадиони. 9214 томошабин.

Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Алишер Усмонов, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Равшан Абдувоҳидов.

Гол: Шерзод Ҳакимов (2).

 

 

 «ЛОКОМОТИВ» — «НАВБАҲОР» - 1:0 (0:0)

30 март. Тошкент. «Локомотив» стадиони.

4118 томошабин.

Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Темур Галеев, Александр Сидоров, Элёр Турсунов.

Гол: Темурхўжа Абдухолиқов (64).

 

«БУНЁДКОР» - «ПАХТАКОР» - 1:2 (1:1)

31 март. Тошкент. «Пахтакор» стадиони.

18770 томошабин. 

Ҳакамлар: Равшан Эрматов, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Шавкат Насибуллаев.

Голлар: Достонбек Ҳамдамов (17), Драган Черан (63) - Миржаҳон Мираҳмадов (35).

 

 «ҚЎҚОН-1912» - «АНДИЖОН» - 0:0

31 март. Фарғона. «Истиқлол» стадиони.

6651 томошабин.

 

«НАСАФ» - «СЎҒДИЁНА» - 3:1 (1:1)

31 март. Қарши. «Марказий» стадиони.

11232 томошабин.

Ҳакамлар: Зокир Қодиров, Обид Жумаев, Руслан Самандаров, Шуҳрат Ражабов.

Голлар: Дилшод Саитов (7), Бобур Давлатов (53), Ислом Кенжабоев (79) - Никола Милинкович (33).

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 15  (ўртача: 2,14...)

Томошабин: 61996 (ўртача: 8856...)

Мезбонлар ғалабаси: 5

Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: -

Энг  сермаҳсул ўйинлар: «Қизилқум» - АГМК, «Насаф» - «Сўғдиёна» (4тадан гол)

Огоҳлантириш: 29 (ўртача: 4,14...)

Четлатиш: 1 (0,14...)

Энг «қўпол» ўйин: «Металлург» - «Бухоро» (10та сариқ } 1та қизил карточка)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бунёдкор» - «Пахтакор» (18770)

Пенальти: 3 (2таси самарали)

«Дубль»: 1 (Элгужа Григалашвили, «Қизилқум»)

«Хет-трик»: -

Автогол: -

 

1                     ПАХТАКОР                    2                     2                     0                     0                     5-2                  6

2                     НАСАФ     2                     1                     1                     0                     4-2                  4

3                     ҚИЗИЛҚУМ                    2                     1                     1                     0                     4-2                  4

4                     МЕТАЛЛУРГ                 2                     1                     1                     0                     3-1                  4

5                     СУРХОН   2                     1                     1                     0                     2-1                  4

6                     СЎҒДИЁНА                     2                     1                     0                     1                     3-4                  3

7                     ЛОКОМОТИВ              2                     1                     0                     1                     2-3                  3

8                     АНДИЖОН                     2                     0                     2                     0                     1-1                  2

9                     ҚЎҚОН-1912                    2                     0                     2                     0                     1-1                  2

10                   ДИНАМО 2                     0                     1                     1                     1-2                  1

11                   НАВБАҲОР                   2                     0                     1                     1                     1-2                  1

12                   АГМК          2                     0                     1                     1                     1-3                  1

13                   БУХОРО  2                     0                     1                     1                     0-2                  1

14                   БУНЁДКОР                    2                     0                     0                     2                     2-4                  0

 

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 3та (1та - пен.)

Шерзод Ҳакимов («Сурхон») - 2та

Дилшод Саитов («Насаф») - 2та

Элгужа Григалашвили («Қизилқум») - 2та

 

3-тур

5 апрель (жума)

АНДИЖОН - ЛОКОМОТИВ

ПАХТАКОР - НАСАФ

6 апрель (шанба)

НАВБАҲОР - БУНЁДКОР

ДИНАМО - МЕТАЛЛУРГ

7 апрель (якшанба)

БУХОРО - ҚИЗИЛҚУМ

АГМК - ҚЎҚОН-1912

СЎҒДИЁНА-СУРХОН

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz