Қайднома

Қидирув

Ана, холос!«Қаршилик билдираман!»

Ана, холос!«Қаршилик билдираман!»

  02.04.2019 07:43
  0
  893
Ана, холос!«Қаршилик билдираман!»

Американинг DC Comics компанияси «Валенсия» устидан судга арз қилди: барчасига «кўршапалаклар» клубнинг 100 йиллик юбилейи сабаб янги логотип тайёрлашгани сабаб бўлди. Гап шундаки, киноижодкорлар ушбу эмблемадаги тасвир фильм қаҳрамони - Бэтменнинг тимсоли билан ўхшашлигини муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши деб топишди. «Валенсия», албатта, барча айбловларни рад этди: клуб логотипидаги кўршапалак Америкадаги одамлар ёввойи қорамоллар ортидан қувиб юришган паллада пайдо бўлганини айтди. Суд ҳам испанлар томонида бўлиб, вазиятни ўнглаш учун икки йилга яқин муддат белгилади. Аммо валенсияликлар хотиржам тарзда ухлаётганларида, бошқа клублар хавф остида қолишмоқда. Уларга ҳам яқин орада суддан даъво мактуби келса, ажабмас. Мисол учун...

 

«Вест Хэм» — Тордан даъво

Шарқий лондонлик йигитлар ўзларини «болғачилар» деб аташади. Аммо бу Торни - афсонавий қаҳрамон, Одиннинг ўғлини қониқтирмаслиги турган гап. Бу йигит ҳар қандай муаммони ўзининг Мьелнир болғаси ёрдамида ҳал қилишга кўниккан. Мабодо, скандинавиялик баҳодир ўз қуролини футбол клуби логотипида кўриб қолса, ғазабланиши аниқ.

«Уиган Атлетик» — Грутдан даъво

Агар «Уиган»дагилар Чемпионшипда «жон» сақлаб қолиш учун курашишаётгани айни пайтдаги энг ёмон ҳолат деб ҳисоблашса, адашишади. Иттифоқо, уларнинг офисига тирик дарахт кириб келиб, «Мен Грутман» дейди. Бу эса машҳур грут тилидан таржима қилганда, «Менинг суратимни логотипингизда ишлатишга нима ҳаққингиз бор?» деган маънони англатади.

Украина футбол федерацияси -

Аквамендан даъво

2017 йили Украина ФФ логотипини ўзгартирди. Гўёки, ушбу ташкилотдагилар Аквамен тўғрисидаги фильм съёмкалари бошланганидан бехабар эдилар. Украина футболи мутасаддилари Денгиз жангчисининг ортидан бутун бошли Адолат лигаси вакиллари келишини унутмасликлари керак. Фақат Бэтмендан бошқа. У ҳозир банд: «Валенсия» билан судлашиш - осон эмас.

Уэльс футбол ассоциацияси -

«Тахтлар ўйини»дан даъво

Яна бир терма жамоа ҳаддини билмади. «Девор»дан ошиб ўтди. «Аждаҳо» сўзи ишлатилганда, кўпчиликнинг кўз ўнгида биринчи навбатда Таргариенлар оиласи вакили Дейнерис гавдаланади. Ёки «Тахтлар ўйини» сериалидаги бошқа бир қаҳрамонни эслашлари турган гап. Аарон Рэмзи ёки Райан Гиггз кабилар бу ҳолатда хаёл кўчасига ҳам киришмайди. Мабодо аждаҳолар бўйича муаллифлик ҳуқуқи талашиладиган бўлса, HBO машҳур сериалнинг тўққизинчи мавсумини ишлашни ҳам ўйлаб қолса, ажабмас.

«Йокерит» — Жокер ва Харли Куинндан даъво

Бу борада балогардон фақат футбол соҳасидагилар эмас. Ҳозирча «Йокерит» КХЛда қатнашиб, мунтазам равишда «плей-офф»га чиқмоқда. Бироқ Жокер ва Харли ўзларининг сиймоларини ушбу жамоа логотипида кўриб қолишса, барчаси ўзгариб кетиши мумкин. Улардан қутулиш эса осон бўлмайди.

«Леванте» — Робиндан даъво

Умуман, Бэтмен мавзуси фақат «Валенсия» билан чекланмайди. Брюс Уэйн Готэмни қўриқлаш билан банд бўлаётган бир паллада «Леванте» ҳам кўршапалак тасвиридан фойдаланишга қарор қилди. Шундай экан, бу ерда вазиятни ўнглаш Робин чекига тушади - содиқ дўст ҳам расмий рўйхатдан ўтказилган «Бэтмен» рамзининг ноқонуний ишлатилгани учун судга мурожаат этиши мумкин.

«Челси» — Қирол Шердан даъво

2005 йили Лондон клуби логотипини ўзгартирди, чунки ер юзидаги энг қудратли жонивор билан жанжаллашишни хоҳламади. Гап Қирол Шер ҳақида бормоқда. Симбалар оиласи ўз сиймосининг машҳур жамоа эмблемасида қўлланишига қатъий қарши чиқиши турган гап эди. Ҳозир «Челси» логосида мутлақо бошқача арслон тасвирини кўриш мумкин - Қиролга унчалик алоқаси йўқдек. Симба - мулойим шерик, аммо барибир, унинг жаҳлини чиқариш тўғри эмас.

«МЮ» — Олов одамдан даъво

Авваллари Сэр Алекс Фергюсоннинг «МЮ»си ўзининг суперўйини билан мухлислари олқишига сазовор бўларди. Ҳозир ҳаммаси ўзгача, боз устига, Олов одам ҳам норози: «Олд Траффорд»дагилар машҳур логотипни футбол клубида ўйлаб топишган, деб ўйлашади. Умуман, «Жаҳаннам ошхонасининг иблиси», яъни Олов одам, алвон шох ва шунга ўхшаш бошқа тасвирларни аллақачон ўзиники қилиб улгурган. Шундай экан, «МЮ»нинг муаммолари фақат яшил майдон билан чекланмайди.

«Блэкберн» — гул дўкони

сотувчисидан даъво

Ҳа, Англияда ҳаддидан ошганлар кўп экан. Бутун дунёдаги барча аёллар атиргуллар савдоси билан шуғулланишади, «Блэкберн» эса ушбу ўсимликни изнсиз олиб, ундан фойдаланди. Бунинг учун гуллар цехида ишлаётган аёлларга пул тўлашмаган. Тартибсизлик.

«Тигрес» — Йўлбарсвойдан даъво

Мексикаликлар ҳам ажабтовур ишлар қилишмоқда. Бу ўринда «Винни-Пух» мультфильмидаги Йўлбарсвой образини ҳам менсимадилар. Умуман, бу позитив кайфиятдаги, ҳаётдан завқ олиб яшовчи образдир. «Тигрес»нинг логотипида эса чала ишланган, хўмрайган, жаҳлдор йўлбарс тасвирланган. Демак, мультқаҳрамонда мексикаликларни судга беришдан ўзга чора қолмайди.

«Сампдория» — Gorillaz гуруҳидан даъво

Судлашиш жараёни фақат машҳур киноқаҳрамонлар иштироки билан чекланмайди. Унда таниқли мусиқачилар ҳам қатнашишлари мумкин. Мисол учун, «Сампдория» клубидагилар ўз логотипларида Gorillaz гуруҳи вакили Стюарт «2D» Потнинг тасвиридан фойдаланишганини билишармикан?

«Лос-Анжелес Гэлакси» — NASAдан даъво

АҚШда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳазиллашиш яхшиликка олиб келмайди. Дэвид Бекхэмнинг собиқ клуби ўз номида «галактика» сўзидан фойдалангани етмаганидек, логотипига ҳам ўзгача юлдузни жойлаштирган. Ваҳоланки, бошқа галатика ва юлдузларни ўрганиш билан NASA шуғулланишини АҚШда ҳамма билади. Мабодо ушбу ташкилот судга мурожаат этса, Американинг энг бой клуби ҳам бу ишда ютиб чиқишда қийналиши турган гап.

«Реал Мадрид» — «Қўлга тушмас Қасоскорлар»дан даъво

«Реал»нинг жорий мавсумдаги муамолари шундоқ ҳам бошидан ошиб ётибди. Шундай экан, ташаббусни ўз қўлига олиб, клуб логотипидан Россия Империяси тожини олиб ташлаши лозим. Акс ҳолда, Данька, Валерка, Ксанка ва лўли Яшка билан ҳисоблашишига тўғри келади. Йўл бўйида эса «мурдалар чалғи ушлаб туради».

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz