Қайднома

Қидирув

Қайта алангаланган футбол соғинчи

Қайта алангаланган футбол соғинчи

  03.04.2019 02:42
  0
  783
Қайта алангаланган футбол соғинчи

Югуришга старт берилиши билан бирдан тўхташ сигнали янграса, енгил атлетикачи қай аҳволга тушади? Унинг онгу-шуурини не ўй-хаёллар чулғайди? Ғалати-а, тўғрими? Суперлига 1-туридан кейинги танаффус сабаб, футболимиз шинавандаларида шундай руҳий тўлғоқ кузатилди. Гарчи миллий ва олимпия терма жамоаларимиз иштирокида бир неча баҳс ўтказилган бўлсада, эндигина ёқилган оловнинг ловуллаб ёнишига имкон берилмагани мухлисларни бироз довдиратиб қўйди қайсидир маънода. Бу ҳолат тезлик учун газ берилган автомашинанинг тўсатдан тормозланишини эслатади...

Миллий чемпионатнинг ўрни бош­қа-да, барибир. Дейлик, наманганлик мухлислар «Навбаҳор» ўйинларини қай даражада соғинишганини тасаввур қилиш қийин эмас. Енгил автоуловларда пойтахт томон иккинчи бора йўл олган лочин мухлислар шижоати фикримизнинг яққол далили. Еврофутболнинг завқли томошаси ҳам лочинларча парвозни тўхтатолмайди. Миллий чемпионат соғинчи, севимли жамоани қўллаб-қувватлаш иштиёқи баридан устун! Хуллас, баҳор ёмғирлари сўндираёзган футбол олови Суперлига 2-туридан яна қайта алангаланди.

Очиғи, «Металлург» ва «Сурхон»нинг ғалабаси бизни у қадар ажаблантирмади. Бири «Пахтакор», иккинчиси «Навбаҳор»нинг собиқ футболчилари ҳисобига таркибини кучайтирган бу жамоалар ҳали ўз майдонида унча-мунча рақибга имконият қолдирмаслиги аниқ. Аммо АГМКнинг мағлубияти кишини бироз ўйга толдиради. Дастлабки турда «Бухоро»ни енголмаган жамоа бу сафар тенг кучли рақибдан енгилди. Бундай вазиятда ҳамма нарсани мураббийнинг ўйинга муносабати ҳал қилади. Демак, АГМК бой берган 5 очко кўп жиҳатдан Миржалол Қосимов танлаган услубга алоқадор. Майли, «Қизил­қум»нинг омадини берсин. Лекин потенциали юқори мураббийнинг жамоасидаги ҳолат ташвишланарли, барибир. Фақат муросасиз баҳсларгина Суперлига обрўсини оширади ахир. Балки икки тур орасидаги узоқ муддат жамоадаги маромни издан чиқаргандир. Ҳар ҳолда, танаффусга ҳар қайси клуб ўзича ва турлича ёндашади. Ўйлаймизки, Миржалол Қосимов ўзининг ёрқин мураббийлик тарихига соя тушишини истамайди. Унинг раҳбарлигида миллий жамоамиз даҳшатли «Озоди»да Эрон термасини енгиб, Карлуш Кейрушни гангитгани, «Бунёдкор» эса япон ва корейс клубларини эсанкиратгани ҳамон ёдимизда. Ҳозир аксарият мухлисларни АГМКнинг «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»га қарши учрашувлари эмас, балки Миржалол Қосимовнинг Шота Арвеладзе, Андрей Канчельскис ҳамда Вадим Абрамов билан қандай рақобатлашиши кўпроқ қизиқтиради. Ўзбекнинг Миржалоли шуни унутмаса, бас.

Таъкидлаш жоиз, Миржалол Қосимовдан фарқли ўлароқ, унинг тилга олинган ҳамкасблари мухлисларда илиқ таассурот уйғотишмоқда. Шота Арвеладзе, ниҳоят, «Пахтакор» таркибида ротация жараёнини ҳам бошлади. Бошланғич таркибда Шерзод Аъзамов ўрнини Владимир Козак эгаллаши олқишга сазовор. Кучли икки таркибга эга жамоада бундай ротациянинг аҳамияти катта, албатта. Кўпчилик Владимир Козак, Акром Комилов ва Сардор Собирхўжаев захира ўриндиғида «занглаб» кетишларидан хавотирланаётганди. Хайрият, Козак ва Собирхўжаев майдонга тушишди. Навбат энди Комиловга. Қандайдир сабабларни кутиб ўтирмай, бу йигитларга имкон беравериш керак. Зеро, имконлар ижобий маънодаги ички рақобатни таъминлайди. Умуман олганда, «Пахтакор» «қалдирғочлар»га қарши учрашувни ўзига хос таркибда якунлади. Хусусан, Жавоҳир Сиддиқовнинг айнан Марат Бикмаев ўрнига тушгани мухлислар учун айни муддао бўлди.

Кези келганда айтиш керакки, мухлислар «шерлар»нинг «қалдир­ғочлар» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонишларини тахмин қилишаётганди. Сир эмас, «Бунёдкор»нинг мавсум аввалидаги аҳволи шундай тахмин-мулоҳазаларга замин ҳозирлади. Ҳатто жамоани Вадим Абрамовдек мураббий бошқараётгани  ҳам бу каби қарашларни нари суролмади. Вадим Карленович эса 31 март оқшомидаги ўйинда «Мен борман ва ҳали кучимни кўрсатаман!» деди ёш жамоаси билан. Агар «Пахтакор»нинг иккинчи голи урилган маҳал Мурод Зуҳуров ўзгачароқ позиция танлаганида, воқеалар қандай ривожланишини ҳеч ким айтолмасди. Нима бўлганда ҳам, янгиланган «Бунёдкор»нинг ўйини мухлисларга ёқди. Миржаҳон Мираҳмадов, Нурулло Тўхтасинов, Хуршид Ғиё­сов, Дилшод Аҳмадалиев каби йигитларда тезкор қарши ҳужумга ўтиш сезими сайқалланаётганлиги қувонарли ҳол, албатта.

Такрор таъкидлаймиз, «Навбаҳор» ҳам худди «Бунёдкор» каби кучли рақиб билан муносиб беллашди. Тўғри, урилган голнинг ҳисобга олинмагани лочин мухлисларнинг очиқ ярасига туз сепди, гўё. Бироқ бир жиҳат, яъни жамоа келажагига умид ва ишонч уларга куч бағишламоқда. Наманганликлар айниқса, Азиз Турғунбоев - Остон Ўрунов - Аббос Ғуломовдан иборат трио тантанасини сабр билан кутишмоқда. Ишончимиз комилки, бу ёруғ кунлар яқин...

Муҳаммад Вали, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz