Қайднома

Қидирув

ТОПЛАРНИ ТИТРАТГАН ТАДИЧ

ТОПЛАРНИ ТИТРАТГАН ТАДИЧ

  03.04.2019 05:16
  0
  667
ТОПЛАРНИ ТИТРАТГАН ТАДИЧ

«Сантьяго Бернабеу»даги бетакрор иштироки туфайли Душан Тадич бутун Европани ҳайратга солди. Ярим ҳимоячи рақиб ҳимоя қўрғонини шундай осонлик билан доғда қолдирдики, унга қарши «Реал»дек донгдор гранд эмас, Душаннинг юртдошлари - воеводиналик ҳаваскорлар тўп суришаётгандек тасаввур уйғонди. Хуллас, нимчорак финалнинг дастлабки учрашувида 1:2 ҳисобидаги мағлубиятини тан олган «Аякс» Мадридда нуфузли совринннинг амалдаги соҳибини йирик (4:1) ҳисобда маҳв этди ва деярли бой берилган чорак финал йўлланмасини қайтариб олди. Тадич эса аввалига икки марта самарали узатмани, кейин 3-голни амалга ошириш орқали «Аякс»ни кейинги босқичга олиб чиқди. Натижада қитъа грандлари уни қўлга киритиш пайига тушиб қолишди. Хўш, 30 ёшли сермаҳсул ўйинчи нима учун шу пайтгача кўпчилик эътиборидан четда бўлди?

 

Куманнинг ёҚимтойи

Душан асосан жорий мавсумда мухлислар эътиборини қозона бошлади. Чунки у «Аякс»га ўтгунга қадар Рональд Куманнинг таклифига кўра бир неча мавсумни «Саутгемптон»да ўтказганди. Голландиялик мутахассис уни бир пайтлари «Фейноорд»га жалб этишга ҳам уриниб кўрганди. Куман жамоани тарк этгач, Тадичнинг кўрсаткичлари ҳам пасайиб кетди. Шу боис, шартнома муддати якунига етганидан кейин футболчи «Лолалар юрти»га қайтиб, «Гронинген» ва «Твенте»да тўп сурди.

Тадич учун Эредивизия қадрдон уйдек: у ерда футболчи ўзини ўта эркин ҳис этади. «Маҳаллий мураббийлар фақат ҳужумкор фалсафани тан олишади. Улар майдонда доимий ҳукм­ронликка эга бўлиш ва ўз ўйинлари билан барча рақибларни енгишга интилишади». Душан айнан шу фалсафа тарафдори.

Туманли ўлкадан қайтган ярим ҳимоячи фаолиятининг асосий қисми ўтган юртга эҳтиромини яна такрорлади: «Англиядан кўра Голландияда яшаш қулайроқ. У ерда фақат Лондон, бу ерда эса ҳаммаёқ озода, йўллар равон, кўчалар обод. Ажойиб мамлакат». Дарҳақиқат, Тадич «Аякс» тизимига жуда мос тушди, ёши 30да бўлсада, унга бўлган қизиқиш 20 ёшли жамоадошиникидан кам эмас.

Сербларга хос манзара

Душандаги болқонча шижоат ҳатто телеэкранда ҳам яққол сезилиб туради. У доимо рақиб майдончасига шиддат билан кириб боради, йирик ҳисобдаги ғалаба ҳам бу шиддатни пасайтира олмайди. Ҳатто сўнгги дақиқаларда ҳам у юқори суръатда тўп суради. Одатда, унинг тенгдошлари бу ёшда фаолиятни якунлаш хусусида кўпроқ бош қотиришади. Лекин Тадич бундан мустасно. «Реал» шундай кучли босимга тайёр эмасди.

Душаннинг ўтмишига назар солсак, унинг футболдаги тажовузкорлиги сабаблари ойдинлашади. Ярим ҳимоячи аввалига «Воеводина» академиясида таҳсил олиб, 4 йилдан сўнг асосий жамоага ўтди. «Црвена Звезда» ёки «Партизан» сафига ўтиш Тадичнинг хаёлига ҳам келган эмас. Чунки клубнинг ўша даврдаги президенти Ратко Буторович трансфер борасида ягона қоидага амал қилиб, ўз жамоаси аъзоларини Сербия гранд­лари сафига ўтишларига йўл қўймаган, Европанинг бошқа ҳудудларига эса қаршилик қилмаганди.

ТВ ишҚибози

Тадич ҳар қандай суҳбатдошида зукко футболчи сифатида таассурот қолдиради. «Саутгемптон»га ўтган даврида у инглиз тилини маҳаллий аҳолидек пухта эгаллаб улгурганди. Бундан ташқари, испан тилида ҳам бемалол мулоқот қила оларди. «Болалик йилларимда Сербия ТВсида испан тилидаги кўрсатувлар кўп бўларди. Қандайдир фильм ёки шоу дастурини бошидан охиригача эшитиб, томоша қилсанг, маълум вақтдан кейин гаплаша оладиган савияга эга бўласан». Душан барча тилшунослар сирини фош этиб қўйди.

Мадриддаги беллашувда сербиялик ярим ҳимоячи томонидан намойиш этилган Зиданга хос финт ўша кунги ЕЧЛ баҳслариниг энг жозибадор лаҳзаси сифатида эътироф этилди. Нафақат нозиктаъб экспертлар, ҳатто мадридлик мухлислар ҳам чуқур ўйга толишди: «Бундай юксак техникани қаердан олди?» Тадичнинг жавоби барча ишқибозларни буюк футболчилар фаолиятидан олинган ёрқин лавҳалар видеоёзувини томоша қилишга даъват этди: «Зидан мен учун энг суюкли футболчи эди. Унинг ўйинларини қайта-қайта томоша қилганим бу финтни ўзлаштиришда ёрдам берган бўлса, ажабмас».

Статистика алдамайди!

Ҳозир Душан Тадич фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказаётгани хусусида заррача шубҳага ўрин йўқ. Франциянинг нуфузли L~Equipe наш­ри сербиялик ярим ҳимоячининг «Реал»га қарши ўйинини энг юқори баҳога лойиқ топди. Натижада Тадич юксак унвонга эга бўлган 10-футболчига айланди. Унгача бу шарафли мақомга мисол учун, «Байер»га қарши баҳсда «пента-трик»ка эришган ва «Арсенал»га қарши самарали тўп сурган Лионель Месси ва «Реал» дарвозасини бир ўйинда 4 марта ишғол этган Роберт Левандовскилар лойиқ топилгандилар. Тадич ЕЧЛнинг жорий мавсумида ҳозирга қадар 6та гол 4та самарали узатмани амалга оширди. Ундан аввал «Аякс»ни шундай шарафлашга 90-йиллар ўрталарида Яри Литманен муваффақ бўлганди.

Душаннинг умумий натижалари ҳам ҳайратланарли: мавсумдаги 40 учрашувда у 26та гол ва 11та самарали узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйди. У ва Ҳаким Зиеш жуфтлиги нафақат ички мусобақалар, балки халқаро ареналардаги номдор рақибларини ҳам қўрқитиб қўйганлиги факт. «Бавария»дек забардаст гранд­нинг тиз чўктирилишида, «Реал»нинг чорак финалга чиқа олмаганида бу тандемнинг улуши катта бўлди. Эътиборлиси, жамоа ҳам, қаҳрамонимиз ҳам забт этилган довон билан чекланиб қолмоқчи эмас. Албатта, бу ёғига «Аякс»га ҳам осон бўлмайди - «Ювентус» кўпни кўрган, ас жамоа. Доимо юксак маррани кўзлайди. Қолаверса, «Реал»нинг омадсизлиги туринликларни «Аякс»га янада жиддийроқ эътибор қаратишга мажбур этади. Муҳими, Тадич ва унинг ёш жамоадошлари чиройли ва сермазмун ўйин кўрсатишса, бас.

Бу ёқда «Манчестер Сити» ва «Бавария» етакчилигидаги номдорлар Душаннинг кўнглига йўл қидиришмоқда. Сербиялик йигит яна Англияни танлайдими ёки кўплаб ватандошларига паноҳ берган Бундеслига грандига йўл оладими, буниси ҳозирча номаълум.

Россияда ўйнаши

мумкин эди

Душан Тадич Россиядан сиз-у биз ўйлаганчалик олис эмас. Охирги 10 йил давомида уни бу мамлакатнинг икки жамоаси - 2010 йилда ЦСКА, 3 йилдан кейин эса «Динамо» ўз сафига қўшиб олишга уриниб кўрганди. Миш-мишларга кўра, «Динамо» ўшанда «Твенте» шарафини ҳимоя қилаётган сербиялик ярим ҳимоячи учун 13 млн. евро таклиф қилганди. Тадич ҳам 2010 йилда Россия чемпионати хусусида илиқ фикрлар билдирган: «Тез орада РПЛ қитъанинг энг кучли чемпионатларидан бирига айланади! ЦСКАда тўп сурадиган дўстим Зоран Тошичнинг айтишича, бўлажак ЖЧ-2018 турнирига тайёргарлик жараёни ички мусобақага ижобий таъсирини кўрсатади. Авваллари касбдошларим Россияга фақат мўмай даромад илинжида йўл олишарди. Энди чемпионат йил сайин кучайиб бормоқда».

Эҳтимол, Тадич РПЛ мақтовини бироз ошириб юборгандир. Лекин нима бўлганда ҳам, ўшанда футболчи ўзининг шахсий фикрини самимий тарзда изҳор этганди.

Сокин ва салобатли

Душан билан тез-тез мулоқотда бўлиб турадиган кишилар фикрига кўра, футболчи яшил майдонда ўзини қандай тутса, хаётда ҳам шундай. Guardian журналисти Жейкоб Стейнберг Тадичдан интервью олган ва мириқиб суҳбатлашганди. Касбдошимиз ўз ҳаётида Душан каби оптимист кимсага дуч келмаганлигини эътироф этганди. Айтишича, футболчи ўзининг вазмин табиати ва хотиржамлиги билан суҳбатдошини лол қолдиради. Гўёки, бу ёруғ оламда унинг кайфиятини хуфтон қилиши мумкин бўлган нарсанинг ўзи йўқдек. Ҳатто Ғарбий Европа вакиллари унинг исмини нотўғри талаффуз қилишлари ҳам Тадични ранжитмайди. Муҳими, эслаб қолишлари, унутмасликлари. Мадриддаги ёрқин томошадан кейин «Қироллик клуби» мухлислари «Аякс»нинг сербиялик ярим ҳимоячиси номини унинг ўзидан ҳам яхшироқ билиб олишгани аниқ. Қизиқ, бу анъана Италияда ҳам давом этармикан?!

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz