Қайднома

Қидирув

ИБРОҲИМ БА: «ҚИЗИҒИ, ҲАР ИККИ ЧЕМПИОН ТАРКИБИДА ДЕШАМ БОР»

ИБРОҲИМ БА: «ҚИЗИҒИ, ҲАР ИККИ ЧЕМПИОН ТАРКИБИДА ДЕШАМ БОР»

  03.04.2019 10:18
  0
  562
ИБРОҲИМ БА: «ҚИЗИҒИ, ҲАР ИККИ ЧЕМПИОН ТАРКИБИДА ДЕШАМ БОР»

Чиройли футбол ҳар доим ҳам натижа беравермайди. Буни Бельгия терма жамоаси мисолида келтиришимиз мумкин. Бу ҳақда «Милан»нинг собиқ футболчиси Иброҳим Ба ўзининг интервьюсида маълум қилди.

— ЖЧ-2018 финалида асосий фактор нимадан иборат бўлди?

— Футболчиларнинг жисмоний ҳолати муҳим роль ўйнади. Францияликлар ва хорватияликларнинг йўлларига эътибор қаратсак, хорватлар майдонда кўпроқ бўлишди. Албатта, ўйин биринчи ўринда тактикага асосланади. Нима бўлаётганини ҳис қилиш керак. Дидье Дешам шогирдлари рақибнинг чарчоғидан унумли фойдаланишди. Лекин якунда Поль Погбанинг голи алоҳида аҳамият касб этди.

— Кўплаб экспертларнинг фикрича, Франция мундиалнинг асосий фаворитларидан бири эди. Сиз ҳам шундай фикрдамидингиз?

— Тўғрисини айтсам, йўқ. Австралияга қарши кечган дастлабки учрашувда францияликлар кўнгилдагидек ўйнай олишмаганди. Буни мураббийнинг ўзи ҳам тан олди. Кейин айрим ўзгаришлар кузатилди. Бу эса фойда берди. Жамоа кўпроқ ҳимояланиб, қарши ҳужумда фаол ҳаракатлана бошлади. Айнан шу нарса қўл келди.

— Килиан Мбаппе терма жамоани олтин медалларга етаклади, дейиш мумкинми?

— Менимча, ярим ҳимоя чизиғи ҳал қилувчи ролни ўйнади. Поль Погба ва Н~Голо Канте жуда яхши ҳаракат қилишди. Албатта, бизда юқори савиядаги футболчилар кўп. Улар орасида Мбаппе ҳам бор. Лекин «Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси ўша голни урмаганида, нима бўлишини ҳеч ким билмайди.

— Ярим финалдан сўнг жамоани кўпчилик академик футбол туфайли танқид остига олганди. Бу фикрга қўшиласизми?

— Ким футбол билан шуғулланган бўлса, чўққида ёки қуйида бўлиш нималигини яхши билади. Қайсидир пайт ҳаммасини тўғри бажарасиз, ғалаба қозонасиз, баъзан хато қиласиз ва мағлубиятга учрайсиз. Майдонга тушганингизда, ғалаба қозониш ёки чиройли футбол намойиш қилиш ҳақида ўйлайсиз. Ҳа, Бельгия ажо­йиб ўйин кўрсатди. Лекин биз ҳозир жаҳон чемпиони бўлган Франция ҳақида гаплашяпмиз. Бошқаси муҳим эмас. Бельгия таркибида ажойиб футболчилар бор. Аммо улар охирги марта қачон бирор турнирда ғолиб чиқишган? Баъзан натижа учун ўйинни ўлдиришга тўғри келади.

— Франция чемпион бўла олишини қачон ҳис қилдингиз?

— Хорватия билан биз қийин йўлни босиб ўтдик. Аргентинани ортда қолдирдик. Агар Бенжамен Павар 57-дақиқада гол урмаганида, ҳаммаси бошқача бўларди. Керакли футболчилар ўз жойида бўлиши учун омадингиз келиши керак. Чунки голли вазият исталган пайтда юзага келиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам ҳар бир футболчининг тайёргарлиги муҳим.

— Погба «Манчестер Юнайтед»да мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаган бўлсада, жаҳон чемпионатида ўзининг яхши томонларини кўрсатди.

— Замонавий футболда ёш футболчига осон эмас. Ҳозир ҳаммаси ўзгариб кетди. Биз у жамоадан бунисига ўтиб, яхши пул ишлаб топаётган футболчиларни кўряпмиз. Трансферлар бозори пайтида барча уларнинг баҳоси ҳақида гапиради. Лекин Погба бош­қа. У «Ювентус»да ҳам захирада ўтирмаганди. Кейин «Манчестер Юнайтед» таркибига қўшилди.

— Унинг ўзгариши нима билан боғлиқ?

— Терма жамоада бутун халқ обрўси учун ҳаракат қиласиз. Финалгача етиб бориб, Поль ўзи ва бошқаларни натижага эриша олишларига ишонтирди. Унинг жамоадошларига «Йигитлар, бизнинг вақтимиз келди. Эртага нима бўлишидан қатъи назар, биз бугунги ўйин билан яшашимиз керак», деган сўзларини кўп эшитганмиз.

— Погба билан боғлиқ вазият ўзига хос. Одатда, футболчилар клубда ўзларини кўрсатиб, терма жамоада кутилган ўйинни намойиш қила олишмайди...

— Сизга имкон беришади ва ундан фойдаланасиз. Ўша Павар ва Лукас Эрнандесларни эслаш кифоя: иккисини ҳам Дешам доим чақиравермайди. Лекин улар мундиалда асосий таркибдан жой олишди ва ўзларини кўрсатишди.

— Франция терма жамоаси финалда айтарли қаршиликка дуч келмади, дейиш мумкинми?

— Йўқ. Пенальтида омадимиз келди. Лекин бунинг ҳаммаси Иван Перишичнинг голидан сўнг юз берди. Шунчаки, Хорватия бироз толиққанди.

— Охирги марта Франция терма жамоаси жаҳон чемпионатида 20 йил олдин зафар қучганди. Терма жамоангиз тикланиши учун ҳақиқатан ҳам шунча вақт керак бўлдими?

— 1998 йилги жаҳон чемпионатида мен иштирок этмаганман. Лекин унга қадар аҳил жамоага эга эдик. Бирга ўйнаётганимиздан роҳатланардик. Кейинги 20 йилда ҳам жамоа сафида юқори савиядаги футболчилар тўп суришди. Аммо Россиядаги мундиалда улар бирдамликда ҳаракат қилишди.

— Иккита чемпион жамоанинг ўхшашликлари нимада?

— Агар ЖЧ-1998да ғолиб бўлган жамога эътибор қаратадиган бўлсак, футболчиларнинг аксарияти Франциядан ташқарида тўп сурарди. Улар бир бўлганларида, Англия, Италия ёки Испания чемпионатида ўрганганларини жамоа­дошлари билан бўлишардилар. Бу муҳим фактор. Эътиборли томони, икки жамоада ҳам Дешам бор.

— Сўнгги йилларда франциялик ёш футболчилар қанчалик ўзгарди?

— Омадим бор экан, дейишим мумкин. Сенегалдан 1982 йили келганман ва мактабга борганман. Лекин ўшанда спорт билан шуғулланиш учун имкониятим бўлмаган. Кўчада футбол ўйнардим. Ҳозир ота-оналар фарзандларининг қаерда эканидан хавотирга тушишни исташмайди. Чунки ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги кўчага чиқмайди. Фарқи шунда.

— Сиз айни пайт паст натижаларни қайд этаётган «Болтон Уондерерс» клуби шарафини ҳимоя қилгансиз. Бу жамоанинг иштирокини кузатиб боряпсизми?

— Ҳа. Бу клубга 2002 йили ўтганман. Ўшанда «Болтон» сафида юқори савиядаги футболчилар ўйнарди. Биз Англия кубоги финалигача етиб бориб, ҳал қилувчи ўйинда «Мидлсбро»га имкониятни бой берганмиз.

— Англияда, энг аввало, сизни нима ҳайрон қолдирган?

— Бир нарсадан ажабланардим. Италияда ўйиндан бир кун олдин меҳмонхонага тўпланасиз. Туманли альбионда эса ўйинингиз кундузги соат учга белгиланган бўлса, рақиб ким бўлишидан қатъи назар, бир соат олдин йиғиласиз. Бундан роса ажабланардим. Ке­йин мураббий келади, ҳаммасини тушунтиради, 90 дақиқа ўйнайсиз ва ҳамма уйига кетади.

— Сизнингча, 2019 йили Чемпионлар Лигасида ким зафар қучади?

— Олдинроқ «Ювентус» деган бўлардим. Лекин ҳозир Англия клубларидан бири дейман.

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz