Қайднома

Қидирув

11 нафар «Янги месси» ёки яна Шомуродов ҳақида...

11 нафар «Янги месси» ёки яна Шомуродов ҳақида...

  03.04.2019 08:23
  0
  667
11 нафар «Янги месси» ёки яна Шомуродов ҳақида...

Элдор Шомуродовнинг ўйинидаги ўсиш барчамизни бирдек тўлқинлантираётгани айни ҳақиқат. Миллий жамоамизнинг бош умиди ва Эктор Купернинг асосий тўпурарига айланган истиқболли футболчимиз China Cupда қандай гўзал гол урди-я, оҳ-оҳ... Ҳамюртимизнинг «Ростов» таркибидаги ўйинларидан илҳомланган россиялик касбдошларимиз эса, уни «Янги Месси» сифатида мақташгача боришди. Бундай эътирофлар ўз йўлига, «Янги фалончи» мақоми истеъдодларга халақит бермаса, бас. Ўзи нафақат Россия, балки бутун жаҳон матбуотида кашфиётларни кимгадир «боғлаш» одат тусига кирган: «Янги Месси», «Янги Роналду», «Янги Буффон» ва ҳоказо. Энди «Янги Месси» ёрлиғини олган 11 нафар йигит билан танишиб чиқсак. Чунончи, улар орасида бизнинг Элдор ҳам бор. Яна бир томони, қуйидаги футболчилар турли мамлакатлар вакилларидир. sport24.ru сайтида берилган мақолада ўзбек футболи тарбияланувчисига шундай таъриф берилган:

Элдор «Ўзбекистон Мессиси» Шомуродов

Нега Месси? Шомуродовнинг ўзи Sport24 сайтига берган интервьюсида Ростовга кўчиб ўтганидан кейингина уни Лионель билан таққослай бошлашганини алоҳида таъкидлади. Умуман олганда, Элдорга Фернандо Торрес ва Дидье Дрогба кўпроқ ёқади.

Ҳозир қаерда? Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош умиди Осиё кубогида ёрқин ўйин кўрсатди (4та учрашувда 4та гол). Айни пайт эса Валерий Карпин қўл остидаги «Ростов»нинг асосий таркибидан муқим жой олишга уринмоқда.

 

Элдор Шомуродов -охирги 6та ўйинда 5та гол!

Миллий жамоамизда Максим Шацких ва Александр Гейнрих ўрнини босадиган муносиб голеадор бош кўтараётган бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда, Элдор Шомуродов Ўзбекистон терма жамоасининг охирги 6та ўйинида 5та гол урди - ажойиб статистика.

1. Ўзбекистон - Уммон - 2:1 (ОК-2019)

8 дақиқа, 1та гол

2. Туркманистон - Ўзбекистон - 0:4

(ОК-2019)

90 дақиқа, 2та гол

3. Япония - Ўзбекистон - 2:1 (ОК-2019)

70 дақиқа, 1та гол

4. Австралия - Ўзбекистон - 0:0,

пен. - 4:2 (ОК-2019)

104 дақиқа

5. Ўзбекистон - Уругвай - 0:3

(China Cup)

64 дақиқа

Хитой - Ўзбекистон - 0:1 (China Cup)

72 дақиқа, 1та гол

Жами: 6та ўйин, 408 дақиқа, 5та гол (ўртача ҳар 81,6 дақиқада 1та гол)

 

Боян «Иккинчи Месси» Кркич

Нега Месси? Ҳаммаси оддий: Кркичнинг футболга кириб келиш тарихи аргентиналик даҳоча йўлини эслатиб юборади. У 9 ёшида «Барса» тизимида пайдо бўлиб, дарҳол бетакрор дриблинг маҳорати билан рақибларини қийнашга тушди. 17 ёшу 19 кунлигида эса Каталония гранди сафида дебют қилиб, бу борада айнан Лео Месси ўрнатган рекордни янгилади. Қарангки, матбуотчилар кейинчалик оламшумул маълумотни аниқлашди: Боян ва Лионелнинг бобокалонлари туғишган ака-ука бўлишган!

Ҳозир қаерда? «Сток Сити» шарафини ҳимоя қилаётган Боян жорий мавсум Чемпионшип доирасидаги 16та ўйинда 1тагина гол урди. Хуллас, у ҳалигача бор иқтидорини кўрсата олгани йўқ. Дарвоқе, Сербия миллий жамоаси таклифидан бош тортиб, испанларга розилик берган Кркич 2008 йили «қизил фурия» учун атиги 22 дақиқа ўйнади ва ҳамон шундай камтарона статистика билан чекланмоқда.

Марио «Германия Мессиси» Гётце

Нега Месси? Германиялик супериқтидорни жаҳонда кўзга кўринган деярли барча мураббийлар айнан Лео билан таққослашган. Дейлик, Йоахим Лёв ва Хосеп Гвардиола каби сермулоҳаза мутахассислар ҳам вақтида Мариони «Янги Месси» бирикмаси ёрдамида таърифлашганди. Тўғри, Германия терма жамоаси бош мураббийи кейинчалик Гётцега баҳо беришда адашганини ошкора тан олди: «Ҳа, Марио ўша мундиал финалида ғалаба голини урди, аммо уни Месси билан қаёсламаслигим керак эди. Бундай мақтовдан кейин йигитча мукаммаллик сари интилишдан шунчаки, тўхтади...».

Ҳозир қаерда? «Бавария»га шов-шувли тарзда ўтганига қарамай, Мюнхенда омадсизликка учрагач, қадрдон клуби - Дортмунд «Боруссия»сига қайтди. Жорий мавсум вақти-вақти билан майдонга тушмоқда (агар соғлом бўлса, албатта), баъзан ҳаттоки, сардорлик ролини бажармоқда.

 

Денис «Россия Мессиси» Давидов

Нега Месси? Мурат Якин даврида «Спартак» сафига ёпирилиб кирган Денис барчани бирдек ҳайратлантирди. Айниқса, Москва клуби соҳиби Леонид Федун қаттиқ таъсирланди: «Қаранг, бизда ҳам «Янги Месси» бўй чўзмоқда. Қойил, Давидов. Денисни мақтайвериб, талтайтириб юбормасак бўлгани».

Ҳозир қаерда? 24 ёшли ҳужумчи «Нижний Новгород»да Дмитрий Черишев бошқарувида фаолиятини қайта изга солмоқчи. У яқинда Россия биринчи дивизионида чиройли гол ҳам урди.

 

Мартин «Норвегия Мессиси» Эдегор

Нега Месси? Норвегиялик ўсмир 15 ёшига қадар нақ 4та энг юқори кўрсаткични янгилашга улгурди - маҳаллий даражада 3та ва халқаро миқёсда 1та рекорд. Халқаро кўрсаткичини эсга олсак, Эдегор 15 ёш 300 кунлигида Болгария термасига қарши кечган учрашувда майдонга тушди - Европа чемпионати саралаши тарихидаги энг ёш иштирокчи.

Ҳозир қаерда? Мартин ҳақида анчадан буён гапиришади, аммо у ҳамон жуда ёш. Хуллас, энди 20 ёшдан ҳатлаган ярим ҳимоячи ўтган ёз ижара келишуви асосида «Витесс» сафига қўшилди ва қисқа вақт ичида Леонид Слуцкий бошқарувидаги жамоанинг чинакам етакчисига айланди. «Реал»да ҳозирча норвегияликка жой йўқ, шунинг учунми, «Аякс» унинг тўлақонли сотиб олиш ҳаракатини бошлаб юборди.

 

Еркебулан «ҚозоҒистон Мессиси»

Саидахмет

Нега Месси? Тушунарлики, техник салоҳияти баланд деярли ҳар бир иқтидорни дарров Месси билан таққослашади. Жумладан, Марказий Осиёда ҳам шундай қараш мавжуд. Қисқаси, Саидахмет «Янги Месси» мақомини журналистлардан олди.

Ҳозир қаерда? 19 ёшида «Уфа» асосий таркибига киролмади ва ҳозирда Болгариянинг «Левски»сида ижара муддатини ўтамоқда. Шунинг баробарида Қозоғистон миллий жамоаси мураббийлари йигитчани мунтазам равишда йиғинларга чақиришмоқда.

 

Эрбол «ҚирҒизистон Мессиси» Атабаев

Нега Месси? 10 ёшли Эрбол 2012 йили «Барселона» мактаби кўригидан ўтиб, 300 нафар иқтидорли бола қатори Испанияга йўл олди. Шу воқеа муносабати билан Бишкекда ҳаттоки, махсус матбуот анжумани ўтказилди. Ҳозирда қирғиз медиаси Атабаевнинг Каталониядаги ҳар бир қадами ҳақида ёзмоқда, гўё.

Ҳозир қаерда? «Қирғиз Мессиси» энди 17 ёшга тўлди ва Каталония ёшлар лигаси тўртинчи гуруҳида иштирок этувчи Хосеп Мария Ген спорт ассоциацияси жамоаси сафида ўйнамоқда. Жорий мавсум клубнинг ишлари сира юришмаяпти, лекин Атабаев 4та гол уришга улгурди.

 

Илзат «Татаристон Мессиси» Ахметов

Нега Месси? Аслида Илзатни бошқа ўлка Мессиси сифатида таърифлаш ҳам мумкин. Чунончи, у миллати бўйича - уйғур, паспорти бўйича — россиялик. Ахметов «Рубин» тарихидаги энг ёш дебютант мақомини олгач, Қозонда уни «Татаристон Мессиси» сифатида мақтай бошлашди.

Ҳозир қаерда? ЦСКА (Москва) етакчиларидан бири, Россия миллий жамоаси аъзоси.

 

Такефуша «Япония Мессиси» Кубо

Нега Месси? Япон вундеркинди 10 ёшида «Барса» скаутлари назарига тушди, якунда у ҳам Каталония гранди тизимида шуғуллана бошлади. Аниқроқ айтсак, Такефуша деярли 5 йил давомида (2015 йилга қадар) клуб кантерасида футбол сирларини ўзлаштирди. У Каталонияда таҳсилни давом эттирарди, агарда УЕФА клуб вояга етмаган футболчилар трансферини қонунга зид тарзда амалга оширганини фош этмаганида...

Ҳозир қаерда? 17 ёшли йигитча «Йокогама Ф. Маринос» клубида бинойидек ўйнамоқда, дейлик, дебют учрашувидаёқ ўз таркибига собиқ «барсачилар» - Андрес Иньеста, Давид Вилья ва Серхи Самперни қўшиб олган «Виссель Кобе» дарвозасини нишонга олди.

Ризо «Эрон Мессиси» Парастеш

Нега Месси? Бу ўринда Сардор Азмунни таърифлаш ҳам мумкин, лекин Парастеш аргентиналикка кўпроқ ўхшайди. Тўғри маънода айтсак, у футболчи эмас, балки Леонинг эгизакидек. Дейлик, Ризо шу ўхшашлик туфайли Эрон полициясига ҳам тушган. Гап шундаки, кўчада у билан бирга суратга тушишни хоҳловчилар тирбандлик ҳосил қилишганди.

Ҳозир қаерда? Ризо ЖЧ-2018 вақти Россияга ташриф буюриб, Эрон ва айнан Аргентина термаларини стадионларда бевосита қўллабувватлади. У шунингдек, Россия полицияси билан ҳам тўқнаш келди. Яна ўша гап - кўчада Парастешнинг атрофида катта оломон йиғилди, Месси «эгизак»и билан суратга тушиш учун, албатта.

 

Муртаз «АфҒонистон Мессиси» Аҳмади

Нега Месси? Лео 2016 йили афғонистонлик 5 ёшли болакайга ўз футболкасини совға сифатида юборди. Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда Муртаз Аҳмадининг ажойиб бир сурати пайдо бўлди. Унда болакайнинг футбол формаси эмас, балки целлофан халтани кийиб олганча тўп ортидан югураётгани акс эттирилганди. «Ясама» футболка орқасига эса ручкада Леонинг ўйинчилик рақами ва фамилияси ёзилганди. Хуллас, Муртазнинг ўша ҳолатини ер юзида миллионлаб киши кўрди, жумладан, Месси ҳам.

Ҳозир қаерда? Болакайнинг отаси ўтган йили декабрда қўшнилар Муртазга ҳасад билан қарай бошлашгани ҳақида гапирди. Кейинчалик унга Толибон гуруҳи томонидан таҳдид солингани маълум қилинди. Месси эса афғонистонлик мухлиси тақдирига асло бефарқ қарамаслиги ва уни ўз ҳимоясига олишини айтди...

Ўткир Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz