Қайднома

Қидирув

Евротур: СЎНГГИ САҲНА СПЕКТАКЛЛАРИ

Евротур: СЎНГГИ САҲНА СПЕКТАКЛЛАРИ

  03.04.2019 04:58
  0
  66
Евротур: СЎНГГИ САҲНА СПЕКТАКЛЛАРИ

Ҳал қилувчи босқичда ҳар бир учрашув финал мақомида бўлиши янгилик эмас. Шу боис, навбатдаги «уик-энд» топ чемпионатлар мухлисларига унутилмас спектаклларни совға қилди.

Англия. «Офсайд»дан олинган очколар

АПЛнинг 32-турини бошлаб берган беллашувда «Фулхэм» Лондонда «Манчестер Сити»га қарши майдонга тушди. Ўйин кутилганидек амалдаги чемпионнинг фаоллиги билан бошланди ва меҳмонлар тезкор гол эвазига олдинга чиқиб олишди. Мезбонлар эса элитани тарк этишлари деярли аниқ бўлганига қарамасдан, вазиятни ўнглашга уриниб кўришди. Аммо бунга эриша олишмади. Боз устига, Серхио Агуэронинг 27-дақиқадаги аниқ зарбасидан сўнг ҳисобдаги фарқ 2тага етди.

Танаффусдан кейин ҳам ташаббус «шаҳарликлар» томонида бўлди, аргентиналик сермаҳсул ҳужумчи эса Лондондаги икки балл эвазига АПЛда яққол етакчи бўлиб олди. Унинг ҳисобидаги голлар 19, самарали узатмалар эса 7тага етди. Лондонликлар навбатдаги чемпионликка интилаётган кучли рақиб дарвозасига йўл топа олишмади.

Шу оқшом Сульшернинг «МЮ»си ўз майдонида еврокубок йўлланмаларидан умидини узмаган «Уотфорд»­ни қабул қилди. Очколар қиймати нечоғли юқори эканлигини турнир жадвалидан билиб олиш қийин эмас - норвегиялик мураббий раҳбарлигида «қизил иблислар» кучли квартетдан жой олиш илинжидалар. Хуллас, «Олд Траффорд»да чинакамига қизиқарли ва муросасиз баҳс кузатилди. Меҳмонлар ҳеч бир жабҳада рақибдан ортда қолмасликка уринишди. Лекин якунда барибир қимматли 3 очкони бой беришди - 1:2. Эътиборли жиҳати, шундай муҳим паллада ҳам ўз виждонига хилоф иш тутмаган Сульшер меҳмонлар дурангга лойиқ эканликларини тан олди. Жамоасига ғалаба келтирган голлардан бири «офсайд»дан урилганига ишора эди бу.

Норвегиялик ёш мураббийнинг италиялик тажрибали касбдоши - Маурицио Сарри эса ҳакамликдаги хатони тан олишни истамади. Унинг жамоаси якшанба оқшомида Кардиффга ташриф буюриб, элитада қолиш учун сўнг­ги имкониятларини сарфлаётган аутсайдерни ғирромлик эвазига маҳв этди. Оқибатда «Кардифф» янада қийинроқ вазиятга тушиб қолди.

«Ливерпуль» - «Тоттенхэм» қарама-қаршилигини чинакам спектакль десак муболаға бўлмайди. «Энфилд»ни тўлдириб ўтирган мухлислар бу оқшомни унутмасликларига шубҳа йўқ. Тенгма-тенг курашлар остида ўтган беллашувда томонлар худди келишиб олгандек навбатма-навбат ҳужумга ўтишди. Фирминонинг бош билан урган голи 70-дақиқага қадар мезбонлар устунлигини таъминлаб турганди. Айни шу паллада Лукас Моура мувозанатни тиклади. Бироқ асосий вақтнинг сўнгги сонияларида Муҳаммад Салоҳнинг бош билан йўллаган зарбасини Уго Льорис бартараф этди. Аммо посбоннинг қўлларини силаб ўтган тўп тасодифан ҳимоячи оёғига урилди ва дарвозадан жой олди. Шу тариқа «Ливерпуль» яна етакчига айланди.

Ҳисобот турининг охирги беллашувида «Арсенал» «Ньюкасл» устидан ишончли (2:0) ғалабага эришган ҳолда 3-ўринга кўтарилиб олди.

 

Испания. Байрамона Барселона дербиси

Примеранинг 29-турида мухлислар Каталония дербисидан баҳраманд бўлишди. Гарчи ҳозир «Эспаньол» испан грандига етарли қаршилик кўрсата олмасада, азалий рақибга осонликча таслим бўлмаслигини исботлади. «Камп-Ноу»даги 100 мингга яқин ишқибозлар дастлабки голга бир соатдан кўпроқ маҳтал бўлишди. Ниҳоят, ҳар гал қандайдир ҳаракати билан мухлисларини мамнун этадиган Месси тўппа-тўғри рақиб дарвозаси рўпарасида жарима зарбасини ишлади ва уни шундай маҳорат билан ижро этдики, ҳатто посбон қимирлашга ҳам улгурмади. Эътиборлиси, тўп ўз йўлида Леога нисбатан қўполлик ишлатган Виктор Санчесга тегиб, йўналишини ўзгартирганди. Маэстронинг ўша зарбаси мавсумдаги 40-голга айланди. Баҳс чемпионнинг кичик устунликдаги ғалабаси билан тугаётган паллада «ўзга сайёралик» Малкомнинг узатмаси эвазига иккинчи голини урди. Ана шу муваффақият аргентиналик тўпурарни муддатидан аввал «Олтин бутса» соҳибига айлантирган бўлса, ажабмас. Унинг Ла Лигадаги голлари 31тага етди.

Пешқадамдан 10 «қадам» ортда қолаётган «Атлетико» ЕЧЛ нимчораги аламидан фориғ бўлган кўринади. Бу турда «матрасчилар» «Алавес» майдонидан йирик (4:0) зафар билан қайтдилар. Ваҳоланки, майдон эгаларидаги мотивация анча кучли эди - ўйиндаги ғалаба уларни етакчи тўртликка олиб чиқарди.

«Реал» эса Зидан раҳбарлигида иккинчи ғалабасини расмийлаштирди. Франциялик мураббий аутсайдерга қарши беллашувда бир қатор ёшларга, жумладан, ўз фарзанди - Люка Зидан ва Браим Диасларга имконият берди. Баҳс эса экспериментал таркибнинг иродали зафари билан якунланди. Тўғри, у осонликча қўлга киритилмади - учинчи голни Карим Бензема 89-дақиқада амалга оширди.

 

Италия. «Наполи» олисламоҚда

«А» сериянинг навбатдаги тури Милан клублари учун омадсиз келди: «Интер» ўз майдонида «Лацио»нинг ягона голига жавоб қайтара олмади ва мазкур омадсизлик таъқибчиларнинг яқинлашиб олишларига имкон яратди. «Наполи» эса ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. «Милан» Генуяда «Сампдория»дан енгилди - 0:1. Тўғри, даст­лабки дақиқада Доннарумма қўпол хатога йўл қўйди, унинг жамоадошлари эса бутун ўйин давомида лоақал мувозанатни тиклашга ҳам эриша олишмади. Роналдусиз майдонга тушаётган «Ювентус» элитадаги ўрнини сақлаб қолишга интилаётган «Эмполи»нинг жиддий қаршилигига дуч келди. Очиғи, аутсайдер мезбонларга қараганда фаолроқ ҳаракатланди. Фақат сўнгги зарбаларига аниқлик етишмади. Туринликлар эса 72-дақиқада Мойзе Киннинг курашга чанқоқлиги эвазига меҳмонлар дарвозасини ишғол этишди.

Иккинчи ўринни ишонч билан эгаллаб турган «Наполи» Римда «Рома»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 4:1. Ўйинни тезкор гол билан бошлаган меҳмонлар ташаббусни ўз қўлларида ушлаган ҳолда фаол тўп суришди. Тўғри, римликлар Пероттининг пенальтидан урган голи эвазига танаффусга қадар мувозанатни тиклашди. Бироқ Мертенс ва Вердининг 5 дақиқа оралиғидаги биттадан голлари ўйин тақдирини ҳал қилди. Юнеснинг аниқ зарбаси эса ҳисобнинг йирик кўриниш олишини таъминлади.

 

Германия. «Дортмунд» яна етакчи

Шанба беллашувларини бошлаб берган «Боруссия Д» «Сигнал-Арена Парк» трибуналарини бутун ўйин давомида ҳаяжонда ушлаб турди. Бир тасаввур қилинг-а, 90 дақиқа суюкли жамоангиздан гол кутсангиз-у, таблодаги «тешиккулчалар» пинагини ҳам бузмаса. Лекин сабр қилсанг, ғўрадан ҳолва битур, дейишгани бежиз эмас: маҳаллий мухлисларнинг шодон ҳайқириқлари янграган пайтда жамоа тўпурари Пако Алькасер жарима зарбаси ёрдамида тўпни дарвозага «михлаб» қўйганди. Орадан 3 дақиқа ўтар-ўтмас, стадион яна ларзага келди, яна шу Алькасер англиялик ноёб иқтидор соҳиби Жейдон Санчонинг узатмасини голга айлантирди.

Шу турга қадар тўплар нисбатига кўра етакчи мақомида келган «Бавария» ўртамиёна «Фрайбург» майдонидан атиги 1 очко билан қайтди - 1:1. Турнир тўпурари Роберт Левандовскининг голи мувозанатни тиклашдан ортиғига ярамади. Оқибатда чемпион яна иккинчи поғонага тушиб қолди. Энди мухлислар 6 апрель санасини сабрсизлик билан кутишлари аниқ. Шу куни «Бавария» «Альянц-Арена»да «Боруссия Д»ни қабул қилади. Ўзаро беллашув чемпионлик тақдирини ҳал қила олмасада, якуний натижага сезиларли таъсир ўтказишига шубҳа йўқ.

Сўнгги босқични шиддатли ўтказаётган «РБ Лейпциг» ўз майдонида «Герта» дарвозасига 5та жавобсиз тўп йўллади ва 3-ўринга чиқиб олди. Шу оқшом «Штутгарт»ни йирик ҳисобда (3:0) енгган «Айнтрахт» эса унинг ўрнини эгаллади.

 

Франция. 14 даҚиҚада 5та гол

Биринчи дивизионнинг кутилмаган натижаси сифатида «Монако»нинг ўз майдонидаги мағлубиятини қайд этишни лозим топдик. Боиси, Леонарду Жардим бош мураббий лавозимига қайтарилганидан кейин князлик клуби 7 учрашувни мағлубиятсиз якунлаганди. Табиийки, аутсайдерлар сафида бораётган «Кан»га қарши баҳсда 3 очко нақддек кўринганди. Бироқ амалда бунинг акси юз берди. Тезкор қарши ҳужум эвазига меҳмонлар 23-дақиқада ҳисобни очган эдилар. Ўйин охиригача шу ҳисоб ўзгармай қолди.

Ҳар қандай босим ва хавотирлардан фориғ бўлган «ПСЖ» бу турда «Тулуза»ни камтарона маҳв этди - 1:0. Тўғри-да, Мбаппедек моҳир мерганга гол уришни тақиқлаб бўлмайди-ку, ахир. Килиан топ-бешликда фақат Мессидан ортда қолмоқда. Унинг жамоаси эса келаси турда муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштирса, ажабмас. Ҳозирда у йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда энг яқин таъқибчисидан 23 очкога илгарилаб кетган.

Дарвоқе, «Лилл»нинг «Нант»га қарши сафар учрашувида мухлислар ўта сермаҳсул дақиқалар гувоҳига айланишди. Яъни, дастлабки 55 дақиқа ичида дахлсиз қолган дарвозаларга 14 дақиқада 5та гол урилди. Қизиғи, аввалига мезбонлар 2 дақиқа ичида 2та гол уриб, мухлисларини қувонтиришди. Меҳмонлар бу меҳмоннавозликка муносиб жавоб қайтаришди - 6 дақиқада 3та гол. Ана сизга спектакль! Айтганча, учрашувда пенальтидан ҳисобни очган мезбонлар вакили Эйссерик жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиши мумкин эди. Аммо у иккинчи 11 метрли жарима зарбасидан унумли фойдалана олмади.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz